Ўзбекистон Конституцияси – адолат ва қонунийлик асоси

Озод ҲУСАНОВ,

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги

Давлат сиёсати ва бошқаруви академияси профессори,

юридик фанлар доктори

Аннотация: мақолада қонунийлик ва адолат принципларининг аҳамияти, конституция­вий асослари, адолатнинг амалга ошишида қонунийликнинг ўрни кўрсатилган. Шунингдек, Конституциянинг биринчи моддасида давлатнинг ҳуқуқий, ижтимоий деб белгиланиши ва шундай хусусиятдаги давлатларда қонунийлик ва адолат принципларининг амалга ­ошишига таъсир қилувчи омиллар, Конституциядаги қонунийлик, адолатга боғлиқ нормалар ­хусусида фикр юритилган.

Калит сўзлар: янги таҳрирдаги Конституция, қонунийлик, адолат, куч ва қонун, ҳуқуқ ва эркинликлар, ҳуқуқ ва эркинликлар кафолатлари, қонун, қонунга қўйиладиган талаблар, ҳуқуқий давлат, ижтимоий давлат.

Ўзбекистон мустақиллигининг маҳсули бўлган 1992 йил 8 декабрда қабул қилинган Конституция мустақилликнинг ҳуқуқий асоси бўлиши билан бирга, келажагимиз йўналишини ҳам белгилаб берган ҳужжат эди [1]. Шу асосда фаолият юритган мамлакатимиз ўттиз йилдан кўпроқ вақт ичида салмоқли ишларни амалга оширди. “Биз Конституциямизда муҳрлаб қўйилган ҳуқуқий демократик давлат ва адолатли фуқаролик жамиятини қуриш ғоясига содиқ қолган ҳолда,

кенг кўламли ишларни амалга оширдик ва бу борада катта тажриба орттирдик” [2], деб Президентимиз ушбу жараёнга баҳо берган. Чунки бу сўзлар вазиятни тўғри ва холисона баҳолаган.

Мустақил Ўзбекистон тарихида 2017 йиллардан бошлаб, янги хусусиятлар асосида ривожланиш босқичи бошланди. Жумладан, Ўзбекистонда сўз эркинлигини таъминлашга, тадбиркорлик ва хусусий бизнесни ривожлантиришга, халқ билан мулоқотни кучайтиришга, жаҳондаги давлатлар, биринчи ўринда, қўшни давлатлар билан самарали алоқаларни ўрнатишга бўлган интилиш, камбағалликнинг эътироф этилиши ва қисқартирилишига қаратилган тадбирлар белгиланиши, давлат органларининг халққа хизмат қилишининг асосий принцип сифатида белгиланиши, инсон ҳуқуқларига тааллуқли халқаро ҳужжат қоидаларини Ўзбекистон Конституциясига янада кўп киритиш зарурияти Конституцияга жиддий ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш эҳтиёжини юзага келтирди. Яна стратегик ҳужжатларимизда қадрини улуғлаш асосий мақсад инсон ­ қилиб белгилангани, бунинг учун давлатнинг масъулиятини янада кучайтириш кераклиги ҳам Конституцияга ўзгартириш киритишни тақозо этди. Айтиш мумкинки, янги таҳрирдаги Конституцияга киритилган қўшимчаларнинг мутлақ кўпчилиги инсон манфаатига тааллуқли бўлди.

Конституциядаги инсон ҳуқуқ ва эркинликларини кенгайтириш, кафолатлашни кучайтиришга қаратилган қўшимча, ўзгаришларгина эмас, Конституцияда адолат ва қонунийлик принципларининг кучайтирилганлиги ҳам инсон манфаатларини юқори даражада кўтаришга қаратилганлигини кўриш мумкин.

Энг қадимги даврларда ҳам ­дунёдаги кучли давлатчиликка, юқори даражага адолат ва қонунийлик принципларини қўллаш орқали эришганлар.

Чингизхон томонидан яратилган дунёдаги ­ энг кучли салтанат қонунчилигида “Адолат – давлатнинг устуни”, “Қонун – хоқоннинг яқин қариндошлари, амалдорлар, саркардалар ва оддий халқ учун бир хил амал қилади”­ деган қоидалар мавжуд бўлган. Чингизхон давлатчилигининг қудрати ва тизимлилигига сабаблардан бири ҳам шунда бўлган. Соҳибқирон Амир Темур ўз салтанатида “Куч адолатда” деган шиорга амал қилган. Бу бутун дунёда умумэътироф этилган, жамиятни ривожлантиришни таъминловчи омил эканлиги дунё давлатларининг ривожланиш тажрибасида ўз ифодасини топган. Куч билан адолат ўртасида узвий алоқа бўлиши, улар бир-бирини тўлдириши давлатшунос олимлар томонидан таъкидланади ва бу амалиётда исботланган. Эътироф этилган қоидага асосан, ­ “Кучга таянмаган адолат ожиз, адолатга таянмаган куч эса золимликдир”. Бу – исботланган ҳақиқат. Замонавий конституцияларда “адолат” сўзини кўплаб учратсак-да, “куч” сўзини ­ учратмаймиз. Лекин бу куч бу тунлай рад этилади дегани эмас. Куч – бу қонун асосида амал қиладиган восита, демак, қонунни, қонунийликни кучнинг синоними, десак бўлади. Қонун ҳам куч каби ўз мақсадига эришишда мажбурловдан фойдаланади. Жаҳонда, давлатчиликда ­“диктатура” деган тушунча бор. У зўрлик, мажбурлаш, ҳукмронлик бўлиб, уни кўпчилик ёқтирмайди. Лекин битта “диктатура”ни, яъни “қонун диктатураси”ни кўпчилик маъқуллайди. Бу диктатура демократия билан ҳам келишади деб ҳисобланади. Чунки қонун мажбурлов хусусиятига эга. Шу хусусият бўлмаса ёки суст бўлса қонун ишламайди, бу эса адолатсизликка олиб келади.

Шунинг учун “адолат” ва “куч”нинг алоқасини, татбиқини кўрганимизда, кучни қонун тимсолида тасаввур қилишимиз, ишлатишимиз тўғри бўлади. Янги таҳрирдаги Конституциямиз шу икки тушунча – “адолат” ва “қонунийлик”ни жамият ҳаётида самарали қўллаш орқали инсон қадрини юксак даражага кўтариш, инсонпарвар-халқпарвар давлат яратишни мақсад қилиб қўйган. Конституциямизнинг муқаддимасида Конституция қабул қилишимиздан мақсад адолат ғоясига содиқ­лигимиз кўрсатилган бўлса, 14-моддада: “Давлат ўз фаолиятини инсон фаровонлигини ва жамиятнинг барқарор ривожланишини таъминлаш мақсадида қонунийлик, ­ижтимоий адолат ва бирдамлик принциплари асосида амалга оширади”, деб белгилаб қўйилди. Демак, “қонунийлик” “адолат” “бирдамлик” – булар давлат ўз фаолиятини амалга оширишда қўллайдиган принциплар бўлиб, уларнинг Конституцияда мустаҳкамланиши ушбу принципларга конституциявийлик бахш этади. Конституциянинг 15-моддасида эса, Конституция ва қонуннинг устуворлиги мустаҳкамлаб қўйилган бўлиб, у қонунийликни таъминлашнинг асосий шарти ҳамдир.

Юқоридаги принципларнинг амалга ошиши ҳаётбахш бўлишида қонун, унинг мазмун-моҳияти, тузилиши, тили муҳим роль ўйнайди. Қонунлар бажарилиши шарт бўлган жамият бўлгани учун ҳаммани ҳам тўла қониқтира олмайди. Қонунни бузиш ҳолатлари барибир бўлиб туради. Бу нарсанинг, имкони борича, кам бўлиши муваффақият гаровидир.

Қонунларнинг тўлиқ ва ихтиёрий бажарилиши кўп жиҳатдан у қандай бўлишида, қандай талабларга жавоб беришидадир. Бу хусусида давлат ва ҳуқуқ назариясида кўплаб фикрлар, кўрсатмалар бор. Улар орасида француз философи ва ҳуқуқшуноси Шарль Луи де ­Монтескьёнинг қуйидаги фикри диққатга сазовор: “Сиёсий ва фуқаролик қонунлари мамлакатнинг физик хусусиятлари – совуқ, иссиқ ёки мўътадил иқлимига, тупроқ сифатига, унинг ҳолатига, ҳажмига; у ерда яшовчи халқлар – деҳқонлар, овчилар ёки чўпонларнинг турмуш­тарзига; давлат қурилмаси ­ имкон берадиган эркинлик даражасига; халқнинг динига, аҳоли сонига, бойлигига, савдо-сотиқ, ахлоқ ва урф-одатлар мойиллигига мос келиши керак” [3]. Қонунларга қўйиладиган ушбу талаблар ҳозир ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаган.

Юқоридаги талабларга жавоб берадиган қонунларгина жамиятнинг ривожланишига ижобий таъсир қилади, амалда бўлади ва адолат таъминланади. Янги таҳрирдаги Конституциянинг кўплаб нормалари ­ қонунийликни, адолатни таъминловчи раҳбарий қоидалардан иборат [4]. Конституциямизнинг 1-моддасида, Ўзбекистон давлат тавсифини кенгайтириб, ҳуқуқий, ижтимоий давлат эканлигимиз белгиланган экан, бу қонунийлик ва адолат билан боғлиқ ҳодиса, борлиқ сифатида қаралади.

2022 йил 20 июнда мамлакатимиз Президенти Конституциявий комиссия аъзолари билан учрашувда ҳуқуқий давлатга қуйидагича таъриф беради:

“Ҳуқуқий давлат – инсониятнинг минг йиллар мобайнидаги машаққатли меҳнати эвазига шаклланган тараққиёт ғояси ва буюк кашфиётидир. Фақат ҳуқуқий давлат шароитидагина инсоннинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қимматини тўлиқ таъминлаш, том маънода халқпарвар бошқарув тизимини шакллантириш мумкин.

Ҳуқуқий давлат – демократик тамойиллар асосида қабул қилинган қонунлар олдида барча тенг ва ҳисобдор бўлган, ҳеч ким қонундан устун турмайдиган давлатдир” [5].

Демак, ҳуқуқий давлат:

- тараққиёт ғояси ва кишилар меҳнати эвази натижасида вужудга келган кашфиёт;

- фақат ҳуқуқий давлатдагина инсоннинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати тўла таъминланади;

- фақат ҳуқуқий давлатдагина қонун олдида барча тенг ва ҳисобдор бўлади, ҳеч ким ва ҳеч нима қонундан юқори ­турмайди – булар қонунийлик бўлиб, кучга таянади ва адолатни рўёбга чиқаради. Ҳуқуқий давлатдаги мажбурийлик, интизом, куч (қонун) асосида рўёбга чиқсагина, ижтимоий давлатда адолатнинг намоён бўлишига шарт-шароитлар вужудга келади.

Ижтимоий давлатда, Президентнинг айтишича, “ижтимоий давлат” тушунчаси, “инсон қадри” тушунчаси билан чамбарчас боғлиқдир. Ушбу ғоянинг туб негизида ҳам, аввало, инсон қадрини улуғлаш, инсонга хизмат қилишдек олийжаноб мақсад мужассамдир. Маълумки, ижтимоий давлат ҳар бир инсон учун ижтимоий тенглик ва адолат принциплари асосида муносиб яшаш шароитларини яратиб беради. У – ижтимоий тафовутни камайтириш, муҳтожларга ёрдам бериш бўйича самарали сиёсат олиб борадиган давлат моделидир. Бир сўз билан айтганда, ижтимоий давлатда ҳеч ким эътибордан четда қолмайди, ўз муаммолари билан ёлғиз қолмайди. Буларнинг барчаси адолатни рўёбга чиқаришдир.

Янги таҳрирдаги Конституцияда адолат ва қонунийликни таъминловчи, рўёбга чиқарувчи восита – ҳуқуқий давлат, ижтимоий давлатни белгилаш билан чекланмай, Конституциянинг кўплаб моддаларида қонунийлик ва адолатни рўёбга чиқарувчи нормалар ҳам белгилаб қўйилди.

Янги тахрирдаги Конституцияда ҳам сақланиб қолган, “давлат органлари ва мансабдор шахслар жамият ва фуқаролар олдида масъулдирлар” деган норма белгиланар экан, бу қонунийлик ва адолатни рўёбга чиқарувчи кучли қоидадир (2-модда).

Конституциянинг 15-моддаси бешинчи қисмидаги: “Давлат ва унинг органлари, бошқа ташкилотлар, мансабдор шахслар, фуқаролик жамияти институтлари ҳамда фуқаролар Конституция ва қоидаларга мувофиқ иш юритадилар”, деган норма қонунийликнинг “олтин” қоидасидир. Бунда қонунийлик ўз таъсирини фақат давлат органларига эмас, барча фуқаролик жамияти институтлари, жамоат бирлашмалари, фуқароларга ҳам ўтказиши кўрсатилган.

Қонунийлик ва адолат ­ принципини характерловчи кўплаб нормаларни Конституциянинг инсон ҳуқуқлари ва бурчлари бўлимидаги нормаларда ҳам учратиш мумкин.

19-модда иккинчи қисмида барчанинг кимлигидан қатъи назар қонун олдида тенглиги, учинчи қисмидаги имтиёз фақат қонунга мувофиқ белгиланиши ва ижтимоий адолат принципларига мос бўлиши шарт, деган қоидалар ­“қонунийлик” ва “адолат”нинг Конституциявий асосидир. Конституциядаги инсон ҳуқуқлари дахлсизлиги ҳамда улардан суд қарорисиз маҳрум этиш ёки чеклаш мумкин эмаслиги; инсон ҳуқуқ ва эркинликлари бевосита амал қилиши; давлат органлари томонидан инсонга нисбатан қўлланиладиган ҳуқуқий таъсир чоралари мутаносиблик принципига асосланиши ва қонунларда назарда тутилган мақсадларга эришиш учун етарли бўлиши кераклиги; инсон билан давлат органларининг ўзаро муносабатида юзага келадиган қонунчиликдаги барча зиддиятлар ва ноаниқликлар инсон фойдасига талқин этилиши ҳақидаги (20-модда); ҳар бир инсон ўз шахсини эркин камол топшириш ҳуқуқига эга. Ҳеч кимга унинг розилигисиз қонунчиликда белгиланмаган мажбурият юклатилиши мумкин эмас, инсон ўз ҳуқуқ ва эркинликларини амалга оширишда бошқа шахсларнинг ҳуқуқлари ва эркинликлари ва қонуний манфаатларига путур етказмаслиги шарт – деган қоидалар (21-модда) қонунийлик ва адолат тантанасини таъминловчи қоидалар.

Конституциядаги Ўзбекистон фуқаролиги, унга қандай асосларда эга бўлганликдан қатъи назар, ҳамма учун тенг (22-модда), Ўзбекистон ўз ҳудудида ҳам, унинг ташқарисида ҳам ўз фуқароларини ҳимоя қилади ва ҳомийлик кўрсатади, Ўзбекистон фуқароси ташқарига мажбурий чиқариб юборилиши мумкин эмас, деган қоидалар (23-модда) адолат ғоясининг амалда намоён бўлишидир. Инсон ва фуқароларнинг шахсий, сиёсий, ­иқтисодий, ижтимоий, маданий ва экологик ҳуқуқларини белгиловчи ҳар бир модда адолат принципининг ҳаётбахш руҳи асосида тегишли қоидалар билан суғорилган ва уларнинг ҳеч бирида адолатдан чекиниш, четга чиқиш йўқ.

Янги таҳрирдаги Конституцияда адолат билан боғлиқ, уни таъминловчи шартлар янада кучайтирилди. Жумладан: аввал фақат яшаш ҳуқуқи белгиланган бўлса, эндиликда, шу ҳуқуқни тўла таъминловчи, “Ўлим жазоси тақиқланади” деган қоида киритилди (25-модда). Конституцияга инсоннинг қадр-қиммати, дахлсизлиги, қийноққа солиниши мумкин эмаслиги (26 ­модда), Эркинлик ва шахсий ҳуқуқни таъминловчи (27-модда); Шахснинг судда иши кўрилаётганда уни ҳар томонлама ­ҳимоялашга қаратилган қоидалар киритилди (28-модда); ҳар кимга малакали юридик ёрдам олиш ҳуқуқи; қонунда назарда тутилган ҳолларда ёрдам давлат ҳисобидан кўрсатилиши ва бҳаввал процессуал қонунчиликда кўзда тутилган кўплаб қоидалар янги таҳрирдаги Конституцияда ўз ифодасини топди (29-модда). Конституцияда ҳеч ким эълон қилинмаган қонун асосида ҳукм қилиниши, мол-мулкидан маҳрум қилиниши мумкин эмаслиги, бир жиноят учун такроран ҳукм қилиниши мумкин эмаслиги белгиланди (30-модда). Конституцияга киритилган қўшимчалар инсонларни шахсий ҳаёт дахлсизлиги, шахсий ва оилавий сирга эга бўлиши, шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш, ёзишма, сўзлашувлар сир сақланиши (31-модда), сўз, фикрлаш эркинлиги, ахборот олиш эркинлиги (33-модда), ўз ҳуқуқига оид ҳужжатлар билан танишиш ҳуқуқига эга эканлиги (34-модда) Конституциявий даражада белгиландики, бу оқибат натижасида инсон қадри, шаънини юқори даражага кўтариб, инсонпарвар ­ давлат талабига ва адолат принципига тўла мос келади.

Янги таҳрирдаги Конституцияда адолат принципи мустаҳкамланишини ­Конституциянинг “Сиёсий ҳуқуқлар” бобида ҳам кўриш мумкин. Конституциянинг 37-моддасидаги: “Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари давлат хизматига киришда тенг ҳуқуққа эга”, деган қоида айнан адолатнинг тантанасидир. Бу норма барча фуқароларга давлат хизматига киришда тенг имконият яратмоқда. Юқорида қайд қилинганидек, адолат ижтимоий давлатда тўла намоён бўлади. Бу ижтимоий давлатда фуқароларнинг ижтимоий, иқтисодий, маданий ва экологик ҳуқуқларининг кўпайиши, кенгайишида яққол намоён бўлади.

Мазкур ҳуқуқларни таъминлашда давлат иштирокининг кўрсатиб қўйилиши эса, адолатни рўёбга чиқарувчи кучли омилдир.

Меҳнат ҳуқуқи белгиланар экан, эркин касб танлаш имкониятининг берилиши, меҳнатга адолатли ҳақ олиш, ишсизликдан ҳимояланиш, меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори муносиб турмуш учун етарли бўлиши керак деган қоидалар, ҳомиладор аёлларни ва ёш болали аёлларни ишга қабул қилишни рад этишнинг тақиқланиши адолат принципидан келиб чиқади (42-модда).

Фуқароларнинг бандлигини таъминлаш, ишсизликдан ҳимоя қилиш, камбағалликни қисқартириш бўйича чоралар кўриш (43-модда); бола меҳнатининг алоҳида муҳофаза қилиниши (44-модда); пенсия, нафақалар миқдорининг расман белгиланган энг кам харажатлар миқдоридан кам бўлмаслигининг белгиланиши (46-модда); аҳолининг эҳтиёжманд тоифаларини уй-жой билан таъминлашнинг жорий қилиниши (47-модда); бепул умумий ўрта таълим ва бошланғич профессионал таълим олишнинг давлат томонидан кафолатланиши (50-модда) тўғридан-тўғри адолат принципининг тантанасидир. Адолат принципи Конституциянинг умумий принциплари, шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларига тааллуқли қоидаларгагина сингдирилмай, инсон ҳамда фуқаронинг ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатлари нормаларда ҳам ўз ифодасини топган.

Энг аввало, 54-моддада: “Инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш давлатнинг олий мақсадидир” деган қоида жамиятда адолат принципини таъминланишнинг энг кучли асосидир.

Адолатни давлат таъминлайди, чунки бу унинг фаолиятининг қонунийлик каби асосий принципидир. Янги Конституция адолатга эришиш учун фуқароларни ўзига ҳам имконият беради. Буни Конституциядаги: “Ҳар ким ўз ҳуқуқ ва эркинликларини қонунда тақиқланмаган барча усуллар билан ҳимоя қилишга ҳақли”, деган қоидада кўришимиз мумкин (55-модда). Бу қоида дунёда эътироф этилган: “Қонун билан тақиқланмаган ҳар қандай нарсани қилиш мумкин” деган қоидага мосдир. Конституциянинг “Инсон ҳамда фуқаронинг ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатлари” бобида кафолатлар тизими сезиларли равишда кенгайди, буни суд билан боғлиқ нормаларда ҳам кўриш мумкин (55-модда). Шу моддадаги адолат принципини рўёбга чиқарувчи битта қоидага алоҳида эътибор бериш керак. Унга асосан, ҳар ким қонунчиликка мувофиқ, агар давлатнинг ҳуқуқий ҳимояга доир барча ички воситаларидан фойдаланиб бўлинган бўлса, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи халқаро ташкилотларга мурожаат қилиши мумкин. Бу адолатга эришишда қўшимча ва таъсирли воситадир. Шунингдек, Конституцияда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишда миллий институтлар иштирокининг мустаҳкамланиши ҳам адолат принципини рўёбга чиқарувчи қўшимча омилдир.

Хулоса сифатида айтиш мумкинки, қонунийлик ва адолат жамият ривожи ёки инқирозига таъсир қилувчи омиллардандир. Адолат – тенглик, эркинлик, қадр-қиммат, ор-номус мезони бўлса, қонунийлик бу адолатни рўёбга чиқарувчи асосий восита, кучдир. Мазкур икки муҳим категориянинг таъминланиши, рўёбга чиқиши адолатли, тўғри, самарали қонунлар қабул қилиш ва давлат бошқарувини тўғри ташкил этишга боғлиқ.

Манба ва адабиётлар рўйхати:

Манба ва адабиётлар рўйхати:

1. Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси. – Тошкент: “Ўзбекистон”. – 1992.

2. Мирзиёев Ш. Конституциявий комиссия аъзолари билан учрашувидаги нутқи.//

“Халқ сўзи”, 2022 йил 20 июнь.

3. Монтескьё Ш.Л. Қонунлар руҳи ҳақида. – Т., 2024.

4. Ўзбекистон Республикаси Конституцияси. – Тошкент: “Ўзбекистон”. – 2023.

5. Мирзиёев Ш. Конституциявий комиссия аъзолари билан учрашувидаги нутқи.//

“Халқ сўзи”, 2022 йил 20 июнь.

Қизиқарли маълумотлар
Гарчи Япония Конституциясининг 9-моддасига биноан, Япония келажакда уруш олиб бориш ҳуқуқидан ҳамда қуруқлик, денгиз ва ҳаво ҳарбий кучлар тузиш ҳуқуқидан абадий вос кечган бўлсада, бугунги кунда Япония ҳарбий ҳаражатлари бўйича дунёда 5-ўринда туради ($ 58, 97 млрд).