“Political Events”: Ўзбекистонда 2023 йилги референдум конституциявий ислоҳотларни қўллаб-қувватлади

Ҳиндистонда чоп этиладиган “Political Events” таҳлилий журналининг навбатдаги сонида Ўзбекистонда 30 апрель куни бўлиб ўтган конституциявий референдум якунларига бағишланган мақола эълон қилинди

“Ушбу воқеа Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан қонун устуворлиги ва ижтимоий давлат тузилмаси билан бир қаторда инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва шаънини муносиб таъминлаш йўлида амалга оширилаётган ислоҳотлар мутлақ қўллаб-қувватланаётганини намойиш этди, - деб қайд этган мақола муаллифи. - Шунингдек, янги Асосий қонунда гендер тенглиги, иқтисодий ўсиш ва фаровонлик масалаларига урғу берилган. Кўпчилик ўзбекистонликлар, айниқса, аёллар ва ёшлар бу ўзгаришларни тез ўзгариб бораётган мамлакатда узоқ вақтдан бери кутилган қадам сифатида баҳоламоқда”.

Янги Конституцияда Ўзбекистон “суверен, демократик, ҳуқуқий ва ижтимоий давлат” деб эълон қилинган, ушбу принципиал қоидаларни ўзгартириб бўлмаслиги қатъий таъкидланган. Конституцияда белгиланган мақсадларга эришиш учун давлат камбағалликни қисқартириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва ишсизликдан ҳимоя қилиш бўйича қатор янги мажбуриятларни олган ва шу орқали давлатнинг ижтимоий мажбуриятлари ўтган даврга нисбатан қарийб уч баробар ошган, деб сўз юритилган нашрда.

Муаллиф янгиланган Конституция халқпарвар давлат қуриш мақсадида кучли парламент, ихчам ва масъулиятли ҳукумат, мустақил ва адолатли суд тизимини шакллантиришга қаратилгани, Президентнинг айрим ваколатлари парламентга ўтказилгани, Олий Мажлиснинг қуйи ва юқори палаталарининг ваколатлари сезиларли даражада кенгайтирилгани ва бошқа муҳим ўзгартишларнинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини батафсил баён қилган.
“Президент Шавкат Мирзиёев томонидан амалга оширилган маъмурий ислоҳотлар давлат раҳбарига мамлакатнинг ичида ҳам, хорижда ҳам катта муваффақиятлар келтирди”, деб алоҳида урғуланган.

Мақола “Таъкидлаш жоизки, Президент Шавкат Мирзиёев томонидан инсон ҳуқуқлари ва қадр-қимматини ҳурмат қилишга кўрсатилаётган қизиқиш ортгани туфайли унинг ташаббуслари билан 2018-2022 йилларда БМТ Бош Ассамблеясининг 6 та муҳим махсус резолюцияси қабул қилинди. Ушбу ҳужжатлар Марказий Осиё минтақасида тинчлик, барқарорлик ва изчил тараққиётни таъминлаш; “Жаҳолатга қарши маърифат” тамойилини жорий этиш асосида бағрикенгликни ўрнатиш, инсон ҳуқуқларини камситилишига йўл қўймаслик ва ҳурмат қилиш; Оролбўйи ҳудудини экологик инновациялар ва технологиялар зонасига айлантириш; Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш; Барқарор ривожланиш мақсадларига (БРМ) эришишни тезлаштиришда парламентларнинг ролини кучайтириш каби долзарб масалаларга қаратилган”, деган фикрлар билан якунланган.

Қизиқарли маълумотлар
Бразилия Федератив Республикасининг конституциясида "Ҳиндулар тўғрисида" деб номланган махсус боб (VII боб) мавжуд бўлиб, ушбу боб Бразилияда яшаб келган туб аҳолига тақдим этилган алоҳида устунлик ва имтиёзларга бағишланган.