“Наманган ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” АЖда Конституция байрами нишонланди

Наманган вилоятидаги давлат ва жамоат ташкилотлари, таълим муассасаларида Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 25 йиллигига бағишланган маънавий-маърифий тадбирлар бўлиб ўтмоқда.

“Наманган ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” акциядорлик жамиятида корхона касаба уюшма қўмитаси билан ҳамкорликда ташкил этилган шундай тадбирда вилоят энергетика тизимида меҳнат қилаётган ходимлар иштирок этди.

Конституциямиз мамлакатимизда ҳуқуқий демократик давлат ва кучли фуқаролик жамияти барпо этиш, эркин бозор муносабатлари ва хусусий мулк устуворлигига асосланган иқтисодиётни ривожлантириш, халқимизнинг тинч, осойишта ва фаровон ҳаётини таъминлаш ҳамда Ўзбекистоннинг халқаро майдонда муносиб ўрин эгаллашида мустаҳкам ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилаётгани таъкидланди.

– Биринчи Президентимиз Ислом Каримов ташаббуси ва ғоялари асосида яратилган Бош қомусимиз миллий қадриятларимиз ва демократик тамойилларни ўзида мужассам этгани билан дунё тажрибасида ўзига хос ўрин тутади, – дейди вилоят матбуот ва ахборот бошқармаси бошлиғи Зиёвиддин Мансуров. – Масалан, Асосий қонунимизнинг 66-моддасида “Вояга етган, меҳнатга лаёқатли фарзандлар ўз ота-оналари ҳақида ғамхўрлик қилишга мажбурдирлар” ёки 46-моддасида “Хотин-қизлар ва эркаклар тенг ҳуқуқлидирлар”, деб белгиланган. Миллий қадриятларимиз асос қилиб олинган шу каби тамойиллар бошқа давлатларнинг Конституцияси учун ибрат бўла олади.

Тадбирда Конституциямизнинг яратилиш тарихи ва мазмун-моҳиятидан ҳикоя қилувчи видеолавҳа намойиш қилинди. Мутахассисларнинг мавзуга доир маърузалари иштирокчиларнинг ҳуқуқий билимини янада бойитишга хизмат қилди.

Акрамжон Сатторов,

ЎзА

Қизиқарли маълумотлар
АҚШ Конституцияси дунёдаги энг кичик ва энг ўзгармас Конституция ҳисобланади.