Ўзбекистон конституциясининг жамият ҳаётидаги ўрни ва аҳамяти Қоҳирадаги муҳокама
Мамлакатимизнинг Қоҳирадаги элчихонасида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 23 йиллигига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди.
Унда Миср Араб Республикасида бўлиб турган Ўзбекистон фуқаролари, ушбу мамлакатдаги ал-Азҳар, Айн Чамс университетлари ва бошқа олий ўқув юртларининг талабалари, Миср консерваторияси ўқитувчилари ҳамда Қоҳира радио қўмитаси ходимлари иштирок этдилар.
Давра суҳбати иштирокчилари Президент Ислом Каримов раҳнамолигида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинишининг тарихи ҳамда республикамиз Асосий қонунининг жамиятимиз ҳаётида тутган ўрни ва аҳамияти билан яқиндан танишдилар.
Чу билан бирга, кейинги йиллар давомида кенг кўламли ижтимоий-сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг ҳаётга тадбиқ этилиши натижасида қўлга киритилган муваффақиятлар, мамлакатимизда ҳукм сураётган тинчлик ва барқарорлик ҳақидаги атрофлича маълумотлар ҳам тадбир қатнашчиларининг эътиборига ҳавола қилинди.
Давра суҳбатида қайд этилганидек, Ўзбекистон Республикасининг Конституциясида инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланиши белгиланган, унда жамиятда тинчлик ва ҳамжиҳатлик барқарорлиги учун мустаҳкам замин мавжуддир. Асосий қонунимиз мамлакатимизда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, фуқаролик жамияти асосларини шакллантириш ва ривожлантириш, жамият ҳаётининг барча соҳаларини изчил либераллаштириш ва модернизация қилиш ҳамда “кучли давлатдан -- кучли фуқаролик жамияти сари” тамойилини амалга тадбиқ этишда мустаҳкам ҳуқуқий асос сифатида хизмат қилмоқда.
Тадбирда сўзга чиққанлар эътироф этишганидек, Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси мамлакат ижтимоий тараққиётининг мустаҳкам таянчи ва ҳуқуқий кафолати ҳисобланади.
Манба: “Жаҳон” ахборот агентлиги