Конституция – виждон эркинлиги кафолати

Жиззах политехника институтида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 25 йиллигига бағишлаб ўтказилган тадбир шундай номланди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Республика Маънавият ва маърифат маркази, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вакиллари, имом-хатиблар, таълим муассасалари раҳбарларининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосарлари иштирок этган тадбирда Бош қомусимизда ҳамма учун виждон эркинлиги кафолатланиши, ҳар бир инсон хоҳлаган динга эътиқод қилиш ёки ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқига эга экани, диний қарашларни мажбуран сингдиришга йўл қўйилмаслиги белгилангани таъкидланди.

Президентимизнинг БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессияси ва Ислом ҳамкорлик ташкилотининг Фан ва технологиялар бўйича биринчи саммитида сўзлаган нутқларида ҳам диний маърифатнинг умуминсоний маданиятда тутган ўрнига юксак баҳо берилди.

Дарҳақиқат, Конституциямизда мустаҳкамлаб қўйилган виждон эркинлиги ҳар бир фуқарога бирор динга эътиқод қилиш ёки бирорта динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқини кафолатлайди. Аммо дунёнинг ҳозирги глобаллашув жараёни, айниқса, ёшларни «оммавий маданият» ниқоби остида юртимизга кириб келаётган турли ғайриахлоқий, бузғунчи ғоялар таъсиридан асрашни ҳар қачонгидан долзарб вазифа қилиб олдимизга қўймоқда. Шу боис ёшларнинг диний билимини бойитиш, дунёқарашини тўғри шакллантиришнинг аҳамияти тобора ортаётир.

– Вилоятдаги барча умумтаълим мактаблари, олий ва ўрта махсус таълим муассасаларида ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар, жумладан, диний оқимларга қўшилиб қолиш ҳолатларининг олдини олишга қаратилган тарбиявий ишларга алоҳида эътибор қаратилмоқда, – дейди Жиззах вилояти ҳокими ўринбосари Э.Исматов. – Аммо бу йўналишдаги тарбиявий ишлар кўламини фақат таълим муассасалари доирасида чегаралаб бўлмайди. Ёшларнинг дунёқараши, тарбиясини шакллантиришда ота-она, қўни-қўшни, маҳалла-кўйнинг масъулиятини ошириш мақсадида секторлар доирасида маҳаллалар, оилалардаги муҳитни яхшилашга устувор аҳамият берилмоқда.

Тадбир иштирокчилари бугун турли диний экстремистик оқимлар ўзининг бузғунчи ғояларини тарқатишда ахборот-коммуникация технологияларидан кенг фойдаланаётгани, ёшлар онгига таъсир ўтказувчи интернет саҳифалари орқали энг чекка ҳудудларгача етиб бораётганига эътибор қаратди. Бу хатарнинг олдини олиш учун тарғибот-ташвиқот, тарбиявий тадбирларни ташкил этишда чекка ҳудудлардаги ёшларни кенг қамраб олишга қаратилган аниқ таклифлар билдирилди.

Шу мавзудаги тарғибот тадбирлари вилоятнинг барча туман ва шаҳарларида ўтказилмоқда.


Тошқул Бекназаров, ЎзА

Қизиқарли маълумотлар
Буюк Британия ва Шимолий Ирландия Бирлашган Қироллиги давлатининг конситуцияси 300га яқин қонун ҳужжатларидан иборатдир, яъни бу давлатда ягона конституция ҳужжати мавжуд эмас.