Янги таҳрирдаги Конституция – ирқий камситишга барҳам бериш кафолати
Янги таҳрирдаги Конституция мамлакатимизнинг яқин ва узоқ истиқболдаги барқарор тараққиёти, халқимиз фаровон ҳаётининг мустаҳкам ҳуқуқий асоси ва ишончли кафолатидир. Бош қомусимизда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишнинг механизмларини назарда тутувчи конституциявий асослар мустаҳкамланган.
Жумладан, янги таҳрирдаги Конституциямизнинг 19-моддасига “Ўзбекистон Республикасида инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликлари халқаро ҳуқуқнинг умумеътироф этилган нормаларига биноан ҳамда ушбу Конституцияга мувофиқ эътироф этилади ва кафолатланади Ўзбекистон Республикасида барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, эътиқоди, ижтимоий келиб чиқиши, ижтимоий мавқеидан қатъи назар, қонун олдида тенгдирлар” деган инсонпарвар норма мустаҳкамланган.
1965 йил 21 декабрда қабул қилинган ва 1969 йил 4 январда кучга кирган “Ирқий камситишнинг барча шаклларини тугатиш тўғрисида”ги Халқаро конвенция инсоният тарихидаги энг муҳим ҳуқуқий ҳужжатлардан биридир. Ўзбекистон Республикаси мазкур Конвенцияни ратификация қилган ва 2025 йил 28 октябрда кучга кирган.
Ушбу конвенциянинг мақсади ирқ, тери ранги, насаб, миллий ёки этник келиб чиқишга асосланган ҳар қандай камситишни бартараф этиш, миллатлараро тенглик ва бағрикенгликни мустаҳкамлашдир. Хусусан, Конвенциянинг 6-моддаси “Иштирокчи давлатлар ҳар бир одамга ушбу Конвенцияни бузиб инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликларига, шунингдек ҳуқуқларига қасд қилинганда ирқий камситишнинг ҳар қандай ҳаракатлари содир этилган ҳолда ваколатли миллий судлар ва бошқа давлат институтлари орқали самарали ҳимояни ҳамда ҳимоя воситаларини, шунингдек шу судларга бундай камситиш оқибатида етказилган ҳар қандай зарар учун адолатли ва тенг ундириш ёки қондириш тўғрисида даъво қилиш ҳуқуқларини таъминлайди” деб белгиланганлиги инсон ҳуқуқларини ҳимоялашнинг асосий механизмларини назарда тутиб, ирқий камситиш учраган ҳар бир шахснинг ҳуқуқларини ҳимоялашнинг ҳуқуқий асосларини белгилаб беради.
Демак, мазкур норма 3 та ҳуқуқий кафолатни белгилайди:
1. Ирқий камситишдан жабрланган шахс судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга эканлигини;
2. Суд ва давлат органлари орқали ҳимоя қилинишини;
3. Ҳуқуқни тиклаш чоралари кафолатланишини.
Халқаро стандартлар кўра ҳар бир ҳуқуқи бузилган шахсга бериладиган ҳуқуқий кафолатлар иштирокчи давлатлар томонидан миллий ҳуқуқ тизимига жорий қилиш мажбурият ҳисобланади.
Янги таҳрирдаги Конституциямизнинг 55-моддаси эса ҳар кимга бузилган ҳуқуқ ва эркинликларини тиклаш учун унинг иши қонунда белгиланган муддатларда ваколатли, мустақил ҳамда холис суд томонидан кўриб чиқилиши ҳуқуқини кафолатлайди.
Янги таҳрирдаги Конституция олий юридик кучга эга эканлигидан келиб чиқиб, давлат органлари ва ташкилотлари, шу жумладан, суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятида тўғридан-тўғри ва сўзсиз қўлланилади.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясига киритилган нормаларнинг ҳаётга қатъий ҳамда изчил татбиқ этилиши, хусусан, судлар томонидан ана шу конституциявий қоидаларнинг тўғридан-тўғри қўлланиши юртимиз ва халқимиз тарихида инсон ҳуқуқлари, эркинликлари, қонуний манфаатлари ва қадр-қимматини улуғлаш борасида янги даврни бошлаб беради.
Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, “Инсон қадри биз учун қандайдир мавҳум, баландпарвоз тушунча эмас. Инсон қадри деганда, биз, аввало, ҳар бир фуқаронинг тинч ва хавфсиз ҳаёт кечиришини, унинг фундаментал ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашни назарда тутамиз”.
Хулоса қилиб айтганда, бугун Конституциямизнинг нормаларида асосий эътибор инсон, жамият ва давлатнинг барқарор ривожланишини таъминлашга қаратилганини ишонч билан таъкидлаш мумкин. Янги Ўзбекистон ўзининг ирқий камситишга барҳам бериш соҳасидаги халқаро мажбуриятларига қатъий содиқлигини намоён этмоқда.
Фахриддин Мадиев,
Одил судлов академияси доцент в.б.