Инсон ҳуқуқлари устуворлиги

1. Инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликлари бевосита амал қилиши.

2. Инсон билан давлат органларининг ўзаро муносабатларида юзага келадиган қонунчиликдаги барча зиддиятлар ва ноаниқликлар инсон фойдасига талқин этилиши

Инсон ҳуқуқ ва эркинликларини Конституция ва қонунларда мустаҳкамлаш, халқаро стандартларга мувофиқлигини таъминлаш ҳуқуқий демократик давлатнинг устувор вазифаларидан биридир.

Ҳозирги вақтда Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари бўйича 80 дан ортиқ халқаро ҳужжатларга, жумладан БМТнинг 7 та асосий шартномалари ва 4 та факултатив протоколига қўшилган бўлиб, уларнинг амалга оширилиши юзасидан БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши ва шартномавий қўмиталарига мунтазам равишда миллий маърузаларни тақдим этиб келмоқда.

Янгиланган Конституциямизнинг 19-моддасига “Ўзбекистон Республикасида инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликлари халқаро ҳуқуқнинг умумеътироф этилган нормаларига биноан ҳамда ушбу Конституцияга мувофиқ эътироф этилади ва кафолатланади”, деган инсонпарвар норма мустаҳкамланди.

Конституцияга киритилган ушбу норма инсон ҳуқуқ ва эркинликларини Ўзбекистон Конституцияси ва халқаро ҳужжатларга мувофиқ тан олинишини, хусусан, халқаро ҳужжатларда кўрсатилган умумеътироф этилган нормаларни амалиётда тўғридан-тўғри қўллаш, миллий қонунчилик ҳужжатларига сингдириш ва бошқа механизмлар орқали таъминлашни кўзда тутади. Конституцияга киритилган ушбу норма инсон ҳуқуқ ва эркинликларини Ўзбекистон Конституцияси ва халқаро ҳужжатларга мувофиқ тан олинишини, хусусан, халқаро ҳужжатларда кўрсатилган умумеътироф этилган нормаларни амалиётда тўғридан-тўғри қўллаш, миллий қонунчилик ҳужжатларига сингдириш ва бошқа механизмлар орқали таъминлашни кўзда тутади.

Инсон ҳамда фуқаронинг ҳуқуқ ва эркинликлари халқаро ҳуқуқнинг умумеътироф этилган нормаларига ҳамда Конституцияга мувофиқ эътироф этилиши деярли барча демократик давлатлар конституцияларда белгиланган.

Инсон ҳуқуқлари ҳар бир инсонга тегишли бўлган, унинг яшаш жойи, миллати, жинси, этник келиб чиқиши, танасининг ранги, дини, тили ва бошқа белгиларидан қатъи назар, ажралмас, ўзаро боғлиқ ҳуқуқлари ва эркинликларидир. Инсон ҳуқуқлари қадр-қиммат, адолат, тенглик, ҳурмат ва мустақиллик каби умумий қадриятларга асосланади. Ушбу қадриятлар конституциялар, қонунлар ва халқаро шартномалар билан ҳимоя қилинади.

Янгиланган Асосий қонунимизнинг 20-моддасида “Инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликлари бевосита амал қилади”, деган инсон ҳуқуқларини бевосита амалга оширилишига оид муҳим норма мустаҳкамланди.

Инсоннинг асосий ҳуқуқ ва эркинликларининг бевосита амал қилиши деганда, шахснинг Конституцияга бевосита асосланиб, барча қонуний воситалардан фойдаланган ҳолда уларни ҳимоя қилиш имконияти тушунилади.

Инсон асосий ҳуқуқ ва эркинликларининг бевосита амал қилиши уларни тўлақонли амалга оширишда муҳим аҳамият касб этади. Мазкур норма, бир томондан, шахснинг ҳуқуқий мақомини мустаҳкамлаш, кенгайтириш ва ривожлантиришни ва иккинчидан, шахсни ҳуқуқий ҳимояси механизмини такомиллаштиришни таъминлайди.

Инсон ҳуқуқларини бевосита амал қилиши принципининг умумқабул қилинган таърифи бўлмасада, асосан инсон ҳуқуқларини амал қилиши алоҳида қонун, қоида қабул қилишга ёки махсус орган тузишга боғлиқ бўлмаслигини назарда тутади.

Шундан келиб чиқиб, ушбу принципни конституциявий норма сифатида белгиланиши қуйидаги имкониятларни яратади: биринчидан, фуқароларимиз учун ўз инсон ҳуқуқларини бевосита ҳимоя қилиш имкониятини беради; иккинчидан, судлар инсон ҳуқуқларини ҳимоясига оид муайян ишларни кўраётганда Конституциядаги инсон ҳуқуқларига оид нормаларни тўғридан-тўғри қўллаш имкониятини яратади; учинчидан, барча даражадаги давлат ташкилотлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва уларнинг мансабдор шахслари ўз фаолиятида инсон ҳуқуларига бевосита амал қилиши қоидасига риоя қилиш шартлигини яна бир бор эслатиб туради.

Ҳуқуқий давлатда барча муносабатлар қонун-қоидалар билан тартибга солиниши лозим. Ҳеч бир муносабат ҳуқуқий ечимсиз қолмаслиги шарт. Аммо, ижтимоий муносабатларнинг доираси жуда кенг бўлиб, давлат ва инсон ўртасидаги айрим муносабатларни тартибга солувчи қонунчилик ҳужжатларида ноаниқликлар бўлиши мумкин. Шундай ҳолатларда қонунчиликдаги ноаниқликлар кимнинг фойдасига, қандай тартибда ҳал этилиши ва талқин этилиши муҳим ҳаётий аҳамият касб этади.

Янгиланган Конституциямизнинг 20-моддасида “Инсон билан давлат органларининг ўзаро муносабатларида юзага келадиган қонунчиликдаги барча зиддиятлар ва ноаниқликлар инсон фойдасига талқин қилинади”, деган инсонпарвар қоида мустаҳкамланди.

Мазкур қоидага ўхшаш нормалар Жиноят-процессуал, Божхона, Солиқ кодекслари, шунингдек “Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги, “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги, “Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида”ги қонунларда ҳам ўз аксини топган бўлиб, амалиётда қонунчиликдаги номувофиқликлар истеъмолчилар, солиқ тўловчилар, тадбиркорлик субъектлари, жиноят процесси иштирокчилари фойдасига талқин этилмоқда.

Эндиликда ушбу қоиданинг Конституцияда мустаҳкамланиши унинг қўлланиш доирасини янада кенгайтирди. Яъни, нафақат жиноят процесси, солиқ ёки тадбиркорлик соҳасида, балки инсон иштирок этиши мумкин бўлган ҳар қандай ижтимоий-ҳуқуқий муносабатларга татбиқ этиш имконини беради.

Давлат ва инсон ўртасида муносабатларни тартибга солувчи қонунчиликдаги ноаниқликлар турли тушунмовчиликларга, инсон ва фуқароларнинг ортиқча оворагарчилигига олиб келади. Масалан, Солиқ кодексининг ўзида муайян бир масала юзасидан турлича норма белгиланган бўлиши ёки тадбиркорликка оид битта қонунда бошқа норма, иккинчи қонунда бошқача норма белгиланган бўлиши мумкин. Бундай номувофиқликни, табиийки, солиқ органи давлат фойдасига, фуқаро эса ўз фойдасига талқин қилинишини хоҳлайди. Конституцияга киритилган норма эса шундай номувофиқликлар давлат эмас, инсон фойдасига ҳал этилади, деган қатъий нормани аниқ-равшан мустаҳкамланди.

Қизиқарли маълумотлар
Буюк Британия ва Шимолий Ирландия Бирлашган Қироллиги давлатининг конситуцияси 300га яқин қонун ҳужжатларидан иборатдир, яъни бу давлатда ягона конституция ҳужжати мавжуд эмас.