Излаш натижалари

151-модда

Ўзбекистон Республикасининг банк тизими Ўзбекистон Республикаси Марказий банкидан ва банклардан иборатдир.

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки пул-кредит ва валюта сиёсатини ишлаб чиқади ҳамда амалга оширади.

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки мамлакатда банклар фаолиятини тартибга солишни амалга оширади, банк ва тўлов тизимларининг барқарор фаолият кўрсатишини таъминлайди.

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ўз вазифаларини бажаришда мустақилдир.

Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг фаолиятини ташкил этиш тартиби қонун билан белгиланади.

150-модда

Ўзбекистон Республикасининг пул бирлиги сўмдир.

Сўм Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида ягона чекланмаган қонуний тўлов воситасидир.

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Ўзбекистон Республикасининг ҳудудида қонуний тўлов воситалари сифатида пул белгиларини муомалага киритишда ва уларни муомаладан чиқаришда мутлақ ҳуқуққа эгадир.

147-модда

Ўзбекистон Республикаси ўзининг ягона молия, пул ва банк тизимига эга.

109-модда.

Ўзбекистон Республикасининг Президенти:

1) фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларига, Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларига риоя этилишининг, Ўзбекистон Республикаси суверенитети, хавфсизлиги ва ҳудудий яхлитлигининг кафилидир, миллий-давлат тузилиши масалаларига доир қарорларни амалга ошириш юзасидан зарур чора-тадбирлар кўради;

2) мамлакат ичкарисида ва халқаро муносабатларда Ўзбекистон Республикаси номидан иш кўради;

3) музокаралар олиб боради ҳамда Ўзбекистон Республикасининг шартнома ва битимларини имзолайди, республика томонидан тузилган шартномаларга, битимларга ва унинг қабул қилинган мажбуриятларига риоя этилишини таъминлайди;

4) ўз ҳузурида аккредитациядан ўтган дипломатик ҳамда бошқа вакилларнинг ишонч ва чақирув ёрлиқларини қабул қилади;

5) Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги ва халқаро ташкилотлар ҳузуридаги дипломатик ҳамда бошқа ваколатхоналарининг раҳбарларини тайинлаш учун номзодларни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенатига тақдим этади;

6) Ўзбекистон Республикаси халқига ҳамда Олий Мажлисига мамлакат ички ва ташқи сиёсатини амалга оширишнинг энг муҳим масалалари юзасидан мурожаат қилиш ҳуқуқига эга;

7) вазирликларни ва бошқа республика ижро этувчи ҳокимият органларини тузади ҳамда тугатади, шу масалаларга доир фармонларни кейинчалик Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати тасдиғига киритади;

8) Сенат Раиси лавозимига сайлаш учун номзодни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенатига тақдим этади;

9) Ўзбекистон Республикаси Бош вазирини, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси аъзоларини Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси маъқуллаганидан кейин лавозимга тайинлайди ва уларни лавозимидан озод этади;

10) қўмиталар, агентликлар ва бошқа республика давлат органлари раҳбарларини қонунчиликка мувофиқ лавозимга тайинлайди ва лавозимидан озод этади;

11) Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорини, Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси раисини Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати маъқуллаганидан кейин лавозимга тайинлайди ва уларни лавозимидан озод этади;

12) Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати билан маслаҳатлашувлардан кейин Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати раисини лавозимга тайинлайди ва уни лавозимидан озод этади;

13) Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенатига Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди, Ўзбекистон Республикаси Олий суди, Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши таркибларига номзодларни, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқарувининг раиси, республика коррупцияга қарши курашиш органининг раҳбари ва республика монополияга қарши органининг раҳбари лавозимларига номзодларни тақдим этади;

14) Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашининг тақдимига биноан вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари раисларини ва раис ўринбосарларини, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди раисини тайинлайди ва лавозимидан озод этади;

15) вилоятлар ҳокимларини ва Тошкент шаҳар ҳокимини тайинлайди ҳамда лавозимидан озод этади. Конституцияни, қонунларни бузган ёки ҳоким шаъни ва қадр-қимматига доғ туширадиган хатти-ҳаракат содир этган туман ва шаҳар ҳокимларини Ўзбекистон Республикаси Президенти ўз қарори билан лавозимидан озод этишга ҳақли;

16) республика ижро этувчи ҳокимият органларининг ва ҳокимларнинг ҳужжатларини тўхтатади, бекор қилади; Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси мажлисларида раислик қилишга ҳақли;

17) Ўзбекистон Республикасининг қонунларини имзолайди ва эълон қилади; қонунни ўз эътирозлари билан такроран муҳокама қилиш ва овозга қўйиш учун Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига қайтаришга ҳақли;

18) Ўзбекистон Республикасига ҳужум қилинганда ёки тажовуздан бир-бирини мудофаа қилиш юзасидан тузилган шартнома мажбуриятларини бажариш зарурияти туғилганда уруш ҳолати, умумий ёки қисман сафарбарлик эълон қилади ва қабул қилган қарорини уч кун ичида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг тасдиғига киритади;

19) алоҳида ҳолларда (реал ташқи хавф, оммавий тартибсизликлар, йирик ҳалокат, табиий офат, эпидемиялар) фуқароларнинг хавфсизлигини таъминлашни кўзлаб, Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида ёки унинг айрим жойларида фавқулодда ҳолат жорий этади ва қабул қилган қарорини уч кун ичида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг палаталари тасдиғига киритади. Фавқулодда ҳолат жорий этиш шартлари ва тартиби қонун билан белгиланади;

20) Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг Олий Бош қўмондони ҳисобланади, Қуролли Кучларнинг олий қўмондонларини тайинлайди ва лавозимидан озод этади, олий ҳарбий унвонлар беради;

21) Ўзбекистон Республикасининг орденлари, медаллари ва ёрлиғи билан мукофотлайди, Ўзбекистон Республикасининг малакавий ва фахрий унвонларини беради;

22) Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигига ва сиёсий бошпана беришга оид масалаларни ҳал этади;

23) амнистия тўғрисидаги ҳужжатларни қабул қилиш ҳақида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенатига тақдимномалар киритади ва Ўзбекистон Республикасининг судлари томонидан ҳукм қилинган шахсларни афв этади;

24) Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгашини тузади ва унга бошчилик қилади, ўз ваколатлари амалга оширилишини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясини, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги маслаҳат-кенгаш органларини ва бошқа органларни шакллантиради;

25) ушбу Конституция ва қонунларда назарда тутилган бошқа ваколатларни амалга оширади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти ўз ваколатларини бажаришни давлат органларига ёки мансабдор шахсларга топширишга ҳақли эмас.

96-модда.

Ваколат муддати тугагач, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси ва Сенати тегишинча янги чақириқ Қонунчилик палатаси ва Сенати иш бошлагунига қадар ўз фаолиятини давом эттириб туради.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг биринчи мажлислари тегишинча Қонунчилик палатасига сайловдан кейин икки ойдан кечиктирмай ва Сенат таркиб топганидан кейин бир ойдан кечиктирмай Марказий сайлов комиссияси томонидан чақирилади.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси мажлислари сессиялар даврида ўтказилади. Сессиялар, қоида тариқасида, сентябрнинг биринчи иш кунидан бошлаб келгуси йилнинг июнь ойи охирги иш кунига қадар ўтказилади.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати мажлислари заруратга қараб, лекин йилига камида уч марта ўтказилади.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг мажлислари, агар улар ишида барча депутатлар, сенаторлар умумий сонининг ярмидан кўпи иштирок этаётган бўлса, ваколатли ҳисобланади.

Конституциявий қонунларни қабул қилишда барча депутатлар, сенаторлар умумий сонининг камида учдан икки қисми иштирок этиши шарт.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси ва Сенати мажлисларида, шунингдек уларнинг органлари мажлисларида Ўзбекистон Республикаси Президенти, Бош вазир, Вазирлар Маҳкамасининг аъзолари, Конституциявий суд, Олий суд, Судьялар олий кенгаши раислари, Бош прокурор, Марказий банк бошқарувининг раиси иштирок этишлари мумкин. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси ва унинг органлари мажлисларида Сенат Раиси, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати ва унинг органлари мажлисларида Қонунчилик палатаси Спикери иштирок этиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси ва Сенати алоҳида-алоҳида мажлис ўтказадилар.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлислари Ўзбекистон Республикаси Президенти қасамёд қилганда, Ўзбекистон Республикаси Президенти мамлакат ижтимоий-иқтисодий ҳаётининг, ички ва ташқи сиёсатининг энг муҳим масалалари юзасидан нутқ сўзлаганда, чет давлатларнинг раҳбарлари нутқ сўзлаганда ўтказилади. Палаталарнинг келишувига биноан қўшма мажлислар бошқа масалалар юзасидан ҳам ўтказилиши мумкин.

95-модда.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати мутлақ ваколатлари қуйидагилардан иборат:

1) Ўзбекистон Республикаси Президентининг тақдимига биноан Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судини, Олий судини, Судьялар олий кенгашини, республика коррупцияга қарши курашиш органининг раҳбарини ва республика монополияга қарши органининг раҳбарини сайлаш;

2) Ўзбекистон Республикаси Президентининг тақдимига биноан Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ва Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси раиси лавозимларига номзодларни кўриб чиқиш ҳамда маъқуллаш;

3) Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан таклиф этилган Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати раиси лавозимига номзод юзасидан маслаҳатлашувлар ўтказиш;

4) Ўзбекистон Республикаси Президентининг тақдимига биноан Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги ва халқаро ташкилотлар ҳузуридаги дипломатик ҳамда бошқа ваколатхоналари раҳбарларини тайинлаш ва уларни лавозимидан озод этиш;

5) Ўзбекистон Республикаси Президентининг тақдимига биноан Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқарувининг раисини тайинлаш ва уни лавозимидан озод этиш;

6) Ўзбекистон Республикаси Президентининг вазирликларни ва бошқа республика ижро этувчи ҳокимият органларини тузиш ҳамда тугатиш тўғрисидаги фармонларини тасдиқлаш;

7) Ўзбекистон Республикаси Президентининг тақдимига биноан амнистия тўғрисидаги ҳужжатларни қабул қилиш;

8) Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг, Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқаруви раисининг ҳисоботларини эшитиш;

9) Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги ва халқаро ташкилотлар ҳузуридаги дипломатик ҳамда бошқа ваколатхоналари раҳбарларининг ўз фаолияти масалалари бўйича ҳисоботларини эшитиш;

10) давлат органларининг мансабдор шахсларига парламент сўровини юбориш ва парламент назоратининг бошқа шаклларини амалга ошириш;

11) маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органларига ўз фаолиятини амалга оширишда кўмаклашиш;

12) маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органларининг қарорларини, улар қонунчилик нормаларига мувофиқ бўлмаган тақдирда, бекор қилиш;

13) Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати Раисини ва унинг ўринбосарларини, қўмиталарнинг раислари ва уларнинг ўринбосарларини сайлаш;

14) Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг тақдимига биноан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати аъзосини дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум этиш тўғрисидаги масалаларни ҳал этиш;

15) ўз фаолиятини ташкил этиш ва палатанинг ички тартиб-қоидалари билан боғлиқ масалалар юзасидан қарорлар қабул қилиш;

16) сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ҳаёт соҳасидаги у ёки бу масалалар юзасидан, шунингдек давлат ички ва ташқи сиёсати масалалари юзасидан қарорлар қабул қилиш;

17) Қонунчилик палатаси тарқатиб юборилган даврда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг қонунларни қабул қилишга доир ваколатларини бажариш, бундан Конституция ва конституциявий қонунлар мустасно;

18) ушбу Конституция ва қонунларда назарда тутилган бошқа ваколатларни амалга ошириш.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати ўзини ўзи тарқатиб юбориш тўғрисида сенаторлар умумий сонининг камида учдан икки қисмидан иборат кўпчилик овози билан қарор қабул қилиши мумкин.

41-модда.

Ҳар бир шахс мулкдор бўлишга ҳақли.

Банк операцияларининг, омонатларнинг ва ҳисобварақларнинг сир тутилиши, шунингдек мерос ҳуқуқи қонун билан кафолатланади.

Қизиқарли маълумотлар
Ҳиндистон Конституцияси АҚШ Конституциясидан фарқли ўлароқ дунёдаги энг катта ва мураккаб Конституция ҳисобланади