Излаш натижалари
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси ва Сенати ўз ваколатларига киритилган масалалар юзасидан қарорлар қабул қилади. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қарорлари Қонунчилик палатаси депутатлари ёки Сенат аъзолари умумий сонининг кўпчилик овози билан қабул қилинади, ушбу Конституцияда назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно. |
Ваколат муддати тугагач, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси ва Сенати тегишинча янги чақириқ Қонунчилик палатаси ва Сенати иш бошлагунига қадар ўз фаолиятини давом эттириб туради. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг биринчи мажлислари тегишинча Қонунчилик палатасига сайловдан кейин икки ойдан кечиктирмай ва Сенат таркиб топганидан кейин бир ойдан кечиктирмай Марказий сайлов комиссияси томонидан чақирилади. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси мажлислари сессиялар даврида ўтказилади. Сессиялар, қоида тариқасида, сентябрнинг биринчи иш кунидан бошлаб келгуси йилнинг июнь ойи охирги иш кунига қадар ўтказилади. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати мажлислари заруратга қараб, лекин йилига камида уч марта ўтказилади. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг мажлислари, агар улар ишида барча депутатлар, сенаторлар умумий сонининг ярмидан кўпи иштирок этаётган бўлса, ваколатли ҳисобланади. Конституциявий қонунларни қабул қилишда барча депутатлар, сенаторлар умумий сонининг камида учдан икки қисми иштирок этиши шарт. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси ва Сенати мажлисларида, шунингдек уларнинг органлари мажлисларида Ўзбекистон Республикаси Президенти, Бош вазир, Вазирлар Маҳкамасининг аъзолари, Конституциявий суд, Олий суд, Судьялар олий кенгаши раислари, Бош прокурор, Марказий банк бошқарувининг раиси иштирок этишлари мумкин. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси ва унинг органлари мажлисларида Сенат Раиси, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати ва унинг органлари мажлисларида Қонунчилик палатаси Спикери иштирок этиши мумкин. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси ва Сенати алоҳида-алоҳида мажлис ўтказадилар. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлислари Ўзбекистон Республикаси Президенти қасамёд қилганда, Ўзбекистон Республикаси Президенти мамлакат ижтимоий-иқтисодий ҳаётининг, ички ва ташқи сиёсатининг энг муҳим масалалари юзасидан нутқ сўзлаганда, чет давлатларнинг раҳбарлари нутқ сўзлаганда ўтказилади. Палаталарнинг келишувига биноан қўшма мажлислар бошқа масалалар юзасидан ҳам ўтказилиши мумкин. |
Фарзандлар ота-онасининг насл-насаби ва фуқаролик ҳолатидан қатъи назар, қонун олдида тенгдирлар. Боланинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш ҳамда ҳимоя қилиш, унинг жисмоний, ақлий ва маданий жиҳатдан тўлақонли ривожланиши учун энг яхши шарт-шароитларни яратиш давлатнинг мажбуриятидир. Оналик, оталик ва болалик давлат томонидан муҳофаза қилинади. Давлат ва жамият болаларда ҳамда ёшларда миллий ва умуминсоний қадриятларга содиқликни, мамлакатидан ҳамда халқнинг бой маданий меросидан фахрланишни, ватанпарварлик ва Ватанга бўлган меҳр-муҳаббат туйғуларини шакллантириш тўғрисида ғамхўрлик қилади. |
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати мутлақ ваколатлари қуйидагилардан иборат: 1) Ўзбекистон Республикаси Президентининг тақдимига биноан Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судини, Олий судини, Судьялар олий кенгашини, республика коррупцияга қарши курашиш органининг раҳбарини ва республика монополияга қарши органининг раҳбарини сайлаш; 2) Ўзбекистон Республикаси Президентининг тақдимига биноан Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ва Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси раиси лавозимларига номзодларни кўриб чиқиш ҳамда маъқуллаш; 3) Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан таклиф этилган Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати раиси лавозимига номзод юзасидан маслаҳатлашувлар ўтказиш; 4) Ўзбекистон Республикаси Президентининг тақдимига биноан Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги ва халқаро ташкилотлар ҳузуридаги дипломатик ҳамда бошқа ваколатхоналари раҳбарларини тайинлаш ва уларни лавозимидан озод этиш; 5) Ўзбекистон Республикаси Президентининг тақдимига биноан Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқарувининг раисини тайинлаш ва уни лавозимидан озод этиш; 6) Ўзбекистон Республикаси Президентининг вазирликларни ва бошқа республика ижро этувчи ҳокимият органларини тузиш ҳамда тугатиш тўғрисидаги фармонларини тасдиқлаш; 7) Ўзбекистон Республикаси Президентининг тақдимига биноан амнистия тўғрисидаги ҳужжатларни қабул қилиш; 8) Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг, Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқаруви раисининг ҳисоботларини эшитиш; 9) Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги ва халқаро ташкилотлар ҳузуридаги дипломатик ҳамда бошқа ваколатхоналари раҳбарларининг ўз фаолияти масалалари бўйича ҳисоботларини эшитиш; 10) давлат органларининг мансабдор шахсларига парламент сўровини юбориш ва парламент назоратининг бошқа шаклларини амалга ошириш; 11) маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органларига ўз фаолиятини амалга оширишда кўмаклашиш; 12) маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органларининг қарорларини, улар қонунчилик нормаларига мувофиқ бўлмаган тақдирда, бекор қилиш; 13) Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати Раисини ва унинг ўринбосарларини, қўмиталарнинг раислари ва уларнинг ўринбосарларини сайлаш; 14) Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг тақдимига биноан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати аъзосини дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум этиш тўғрисидаги масалаларни ҳал этиш; 15) ўз фаолиятини ташкил этиш ва палатанинг ички тартиб-қоидалари билан боғлиқ масалалар юзасидан қарорлар қабул қилиш; 16) сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ҳаёт соҳасидаги у ёки бу масалалар юзасидан, шунингдек давлат ички ва ташқи сиёсати масалалари юзасидан қарорлар қабул қилиш; 17) Қонунчилик палатаси тарқатиб юборилган даврда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг қонунларни қабул қилишга доир ваколатларини бажариш, бундан Конституция ва конституциявий қонунлар мустасно; 18) ушбу Конституция ва қонунларда назарда тутилган бошқа ваколатларни амалга ошириш. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати ўзини ўзи тарқатиб юбориш тўғрисида сенаторлар умумий сонининг камида учдан икки қисмидан иборат кўпчилик овози билан қарор қабул қилиши мумкин. |
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси мутлақ ваколатлари қуйидагилардан иборат: 1) Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг ижро этилиши устидан назоратни амалга ошириш; 2) Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасининг ҳисоботини кўриб чиқиш; 3) Ўзбекистон Республикаси Президентининг тақдимига биноан Ўзбекистон Республикаси Бош вазири номзодини кўриб чиқиш ва маъқуллаш; 4) Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг мамлакатни ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан ривожлантиришнинг долзарб масалалари юзасидан, шунингдек Вазирлар Маҳкамаси аъзоларининг ўз фаолияти масалалари юзасидан ҳисоботларини эшитиш; 5) Ўзбекистон Республикаси Президентининг тақдимига биноан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси аъзолигига номзодларни кўриб чиқиш ва маъқуллаш; 6) Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг мамлакат ижтимоий-иқтисодий ҳаётининг энг муҳим масалалари бўйича ҳар йилги маърузасини эшитиш; 7) давлат органларининг мансабдор шахсларига парламент сўровини юбориш ва парламент назоратининг бошқа шаклларини амалга ошириш; 8) Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси Спикери ва унинг ўринбосарларини, қўмиталарнинг раислари ва уларнинг ўринбосарларини сайлаш; 9) Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг тақдимига биноан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси депутатини дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум этиш тўғрисидаги масалаларни ҳал этиш; 10) ўз фаолиятини ташкил этиш ва палатанинг ички тартиб-қоидалари билан боғлиқ масалалар юзасидан қарорлар қабул қилиш; 11) сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ҳаёт соҳасидаги у ёки бу масалалар юзасидан, шунингдек давлатнинг ички ва ташқи сиёсати масалалари юзасидан қарорлар қабул қилиш; 12) ушбу Конституция ва қонунларда назарда тутилган бошқа ваколатларни амалга ошириш. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси ўзини ўзи тарқатиб юбориш тўғрисида депутатлар умумий сонининг камида учдан икки қисмидан иборат кўпчилик овози билан қарор қабул қилиши мумкин. |
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг биргаликдаги ваколатлари қуйидагилардан иборат: 1) Ўзбекистон Республикасининг Конституциясини қабул қилиш, унга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш; 2) Ўзбекистон Республикасининг конституциявий қонунларини, қонунларини қабул қилиш, уларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш; 3) халқаро шартномаларни ратификация ва денонсация қилиш; 4) Ўзбекистон Республикасининг референдумини ўтказиш тўғрисида ва уни ўтказиш санасини тайинлаш ҳақида қарор қабул қилиш; 5) Ўзбекистон Республикаси ички ва ташқи сиёсатининг асосий йўналишларини белгилаш ҳамда давлат стратегик дастурларини қабул қилиш; 6) Ўзбекистон Республикаси қонун чиқарувчи, ижро этувчи ҳамда суд ҳокимияти органларининг тизимини ва ваколатларини белгилаш; 7) Ўзбекистон Республикаси таркибига янги давлат тузилмаларини қабул қилиш ва уларнинг Ўзбекистон Республикаси таркибидан чиқиши ҳақидаги қарорларни тасдиқлаш; 8) божхона, валюта ва кредит ишларини қонун йўли билан тартибга солиш; 9) Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг тақдимига биноан Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджетини қабул қилиш, унга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш; 10) Ўзбекистон Республикаси давлат қарзининг энг юқори миқдорини белгилаш; 11) солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни жорий қилиш; 12) Ўзбекистон Республикасининг маъмурий-ҳудудий тузилиши масалаларини қонун йўли билан тартибга солиш, чегараларини ўзгартириш; 13) туманлар, шаҳарлар, вилоятларни ташкил этиш, тугатиш, уларнинг номини ҳамда чегараларини ўзгартириш; 14) давлат мукофотлари ва унвонларини таъсис этиш; 15) Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясини тузиш; 16) Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилини ва унинг ўринбосарини сайлаш; 17) Ўзбекистон Республикаси Президентининг Ўзбекистон Республикасига ҳужум қилинганда ёки тажовуздан бир-бирини мудофаа қилиш юзасидан тузилган шартнома мажбуриятларини бажариш зарурияти туғилганда уруш ҳолати эълон қилиш тўғрисидаги фармонини тасдиқлаш; 18) Ўзбекистон Республикаси Президентининг умумий ёки қисман сафарбарлик эълон қилиш, фавқулодда ҳолат жорий этиш, унинг амал қилишини узайтириш ёки тугатиш тўғрисидаги фармонларини тасдиқлаш; 19) Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тўғрисидаги ҳар йилги миллий маърузани эшитиш; 20) парламент текширувини ўтказиш; 21) ушбу Конституция ва қонунларда назарда тутилган бошқа ваколатларни амалга ошириш. Палаталарнинг биргаликдаги ваколатларига кирадиган масалалар, қоида тариқасида, аввал Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасида, сўнгра Сенатида кўриб чиқилади. |
Ота-оналар ва уларнинг ўрнини босувчи шахслар ўз фарзандларини вояга етгунига қадар боқиши, уларнинг тарбияси, таълим олиши, соғлом, тўлақонли ва ҳар томонлама камол топиши хусусида ғамхўрлик қилишга мажбурдирлар. Давлат ва жамият етим болаларни ҳамда ота-онасининг васийлигидан маҳрум бўлган болаларни боқишни, тарбиялашни, уларнинг таълим олишини, соғлом, тўлақонли ва ҳар томонлама камол топишини таъминлайди, шу мақсадда хайрия фаолиятини рағбатлантиради. |
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси қонунга мувофиқ сайланадиган бир юз эллик депутатдан иборат. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати ҳудудий вакиллик палатаси бўлиб, Сенат аъзоларидан (сенаторлардан) иборат. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати аъзолари Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, вилоятлар, туманлар ва шаҳарлар давлат ҳокимияти вакиллик органлари депутатларининг тегишли қўшма мажлисларида мазкур депутатлар орасидан яширин овоз бериш йўли билан Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан тенг миқдорда — тўрт кишидан сайланади. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг тўққиз нафар аъзоси фан, санъат, адабиёт, ишлаб чиқариш соҳасида ҳамда давлат ва жамият фаолиятининг бошқа тармоқларида катта амалий тажрибага эга бўлган ҳамда алоҳида хизмат кўрсатган энг обрўли фуқаролар орасидан Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тайинланади. Сайлов куни йигирма беш ёшга тўлган ҳамда камида беш йил Ўзбекистон Республикаси ҳудудида муқим яшаётган Ўзбекистон Республикаси фуқароси Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси депутати, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати аъзоси бўлиши мумкин. Депутатликка номзодларга қўйиладиган талаблар қонун билан белгиланади. Айни бир шахс бир пайтнинг ўзида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси депутати ва Сенати аъзоси бўлиши мумкин эмас. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг депутати бир вақтнинг ўзида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг, вилоятлар, туманлар, шаҳарлар давлат ҳокимияти вакиллик органларининг депутати бўлиши мумкин эмас. |
Ўзбекистон Республикасининг Олий Мажлиси олий давлат вакиллик органи бўлиб, қонун чиқарувчи ҳокимиятни амалга оширади. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси икки палатадан — Қонунчилик палатаси (қуйи палата) ва Сенатдан (юқори палата) иборат. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси ва Сенати ваколат муддати — беш йил. |
Ўзбекистон Республикаси билан Қорақалпоғистон Республикасининг ўзаро муносабатлари Ўзбекистон Республикаси ва Қорақалпоғистон Республикаси ўртасида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси доирасида тузилган шартномалар ҳамда битимлар билан тартибга солинади. Ўзбекистон Республикаси ва Қорақалпоғистон Республикаси ўртасидаги низолар муросага келтирувчи воситалар ёрдамида ҳал этилади. |
Қорақалпоғистон Республикаси Ўзбекистон Республикаси таркибидан Қорақалпоғистон Республикаси халқининг умумий референдуми асосида ажралиб чиқиш ҳуқуқига эга. |
Сиёсий партиялар турли ижтимоий табақа ва гуруҳларнинг сиёсий иродасини ифодалайдилар ва ўзларининг демократик йўл билан сайлаб қўйилган вакиллари орқали давлат ҳокимиятини тузишда иштирок этадилар. Сиёсий партиялар ўз фаолиятининг молиялаштирилиши манбалари ҳақида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига ёки у ваколат берган органга белгиланган тартибда ошкора ҳисоботлар тақдим этадилар. |
Конституциявий тузумни зўрлик билан ўзгартиришни мақсад қилиб қўювчи, Ўзбекистоннинг давлат суверенитетига, ҳудудий яхлитлигига ва хавфсизлигига қарши чиқувчи, урушни, ижтимоий, миллий, ирқий ҳамда диний адоватни тарғиб қилувчи, фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқлари ва эркинликларига, аҳолининг соғлиғига, ижтимоий ахлоққа тажовуз қилувчи сиёсий партияларнинг, бошқа нодавлат нотижорат ташкилотларининг, шунингдек миллий ва диний белгиларига кўра сиёсий партияларнинг, ҳарбийлаштирилган бирлашмаларнинг ташкил этилиши ва фаолияти тақиқланади. Махфий жамиятлар ва бирлашмалар ташкил этиш тақиқланади. |
Ўзбекистон Республикасида касаба уюшмалари, сиёсий партиялар, олимларнинг жамиятлари, хотин-қизлар ташкилотлари, фахрийлар, ёшлар ва ногиронлиги бўлган шахслар ташкилотлари, ижодий уюшмалар, оммавий ҳаракатлар ҳамда фуқароларнинг бошқа бирлашмалари жамоат бирлашмалари сифатида эътироф этилади. Жамоат бирлашмаларини тарқатиб юбориш, уларнинг фаолиятини тақиқлаб ёки чеклаб қўйиш фақат суд қарори асосидагина амалга оширилади. |
Давлат қулай инвестициявий ва ишбилармонлик муҳитини таъминлайди. Тадбиркорлар қонунчиликка мувофиқ ҳар қандай фаолиятни амалга оширишга ва ўз фаолияти йўналишларини мустақил равишда танлашга ҳақли. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида иқтисодий макон бирлиги, товарлар, хизматлар, меҳнат ресурслари ва молиявий маблағларнинг эркин ҳаракатланиши кафолатланади. Монопол фаолият қонун билан тартибга солинади ва чекланади. |
Фуқаролар фаровонлигини оширишга қаратилган Ўзбекистон иқтисодиётининг негизини хилма-хил шакллардаги мулк ташкил этади. Давлат бозор муносабатларини ривожлантириш ва ҳалол рақобат учун шарт-шароитлар яратади, истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари устуворлигини ҳисобга олган ҳолда иқтисодий фаолият, тадбиркорлик ва меҳнат қилиш эркинлигини кафолатлайди. Ўзбекистон Республикасида барча мулк шаклларининг тенг ҳуқуқлилиги ва ҳуқуқий жиҳатдан ҳимоя қилиниши таъминланади. Хусусий мулк дахлсиздир. Мулкдор ўз мол-мулкидан қонунда назарда тутилган ҳоллардан ва тартибдан ташқари ҳамда суднинг қарорига асосланмаган ҳолда маҳрум этилиши мумкин эмас. |
Ўзбекистон Республикасини ҳимоя қилиш Ўзбекистон Республикаси ҳар бир фуқаросининг бурчидир. Фуқаролар қонунда белгиланган тартибда ҳарбий ёки муқобил хизматни ўташга мажбурдирлар. |
Ўзбекистон Республикасида ўқитувчининг меҳнати жамият ва давлатни ривожлантириш, соғлом, баркамол авлодни шакллантириш ҳамда тарбиялаш, халқнинг маънавий ва маданий салоҳиятини сақлаш ҳамда бойитишнинг асоси сифатида эътироф этилади. Давлат ўқитувчиларнинг шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш, уларнинг ижтимоий ва моддий фаровонлиги, касбий жиҳатдан ўсиши тўғрисида ғамхўрлик қилади. |
Ҳар ким таълим олиш ҳуқуқига эга. Давлат узлуксиз таълим тизими, унинг ҳар хил турлари ва шакллари, давлат ва нодавлат таълим ташкилотлари ривожланишини таъминлайди. Давлат мактабгача таълим ва тарбияни ривожлантириш учун шарт-шароитлар яратади. Давлат бепул умумий ўрта таълим ва бошланғич профессионал таълим олишни кафолатлайди. Умумий ўрта таълим мажбурийдир. Мактабгача таълим ва тарбия, умумий ўрта таълим давлат назоратидадир. Таълим ташкилотларида алоҳида таълим эҳтиёжларига эга бўлган болалар учун инклюзив таълим ва тарбия таъминланади. |
Ҳар ким қулай атроф-муҳитга, унинг ҳолати тўғрисидаги ишончли ахборотга эга бўлиш ҳуқуқига эга. Давлат фуқароларнинг экологик ҳуқуқларини таъминлаш ва атроф-муҳитга зарарли таъсир кўрсатилишига йўл қўймаслик мақсадида шаҳарсозлик фаолияти соҳасида жамоатчилик назоратини амалга ошириш учун шарт-шароитлар яратади. Шаҳарсозлик ҳужжатларининг лойиҳалари қонунда белгиланган тартибда жамоатчилик муҳокамасидан ўтказилади. Давлат барқарор ривожланиш принципига мувофиқ, атроф-муҳитни яхшилаш, тиклаш ва муҳофаза қилиш, экологик мувозанатни сақлаш бўйича чора-тадбирларни амалга оширади. Давлат Оролбўйи минтақасининг экологик тизимини муҳофаза қилиш ҳамда тиклаш, минтақани ижтимоий ва иқтисодий жиҳатдан ривожлантириш юзасидан чоралар кўради. |