Янги таҳрирдаги Конституция: инсон ҳуқуқлари ва эркинликларининг муҳим кафолати
“Инсоннинг Конституция ва қонунларда мустаҳкамлаб қўйилган ҳуқуқ ва эркинликлари дахлсиздир ҳамда улардан суд қарорисиз маҳрум этишга ёки уларни чеклаб қўйишга ҳеч ким ҳақли эмас. Давлат органлари томонидан инсонга нисбатан қўлланиладиган ҳуқуқий таъсир чоралари мутаносиблик принципига асосланиши ва қонунларда назарда тутилган мақсадларга эришиш учун етарли бўлиши керак. Инсон билан давлат органларининг ўзаро муносабатларида юзага келадиган қонунчиликдаги барча зиддиятлар ва ноаниқликлар инсон фойдасига талқин этилади”.
Ўзбекистон Республикаси
Конституциясининг 20-моддасидан.
2023 йил 30 апрель куни умумхалқ овоз бериш орқали қабул қилинган янги таҳрирдаги Конституциямиз муқаддимасида инсон ҳуқуқ ва эркинликлари, миллий ва умуминсоний қадриятлар ва давлат суверенитети принциплари тўлиқ ёритиб берилган.
Асосий қонунимиз билан танишган ҳар бир киши халқимизнинг қадриятлари, хоҳиш-иродаси, орзу-умидларини англаб етади.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясида шахсий дахлсизлик ҳуқуқлари ва эркинликларга доир талаблар белгиланган. Хусусан, Конституциямизнинг 26-моддасида “Инсоннинг шаъни ва қадр-қиммати дахлсиздир. Ҳеч нарса уларни камситиш учун асос бўлиши мумкин эмас. Ҳеч ким қийноққа солиниши, зўравонликка, бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки инсон қадр-қимматини камситувчи муомалага ёхуд жазога дучор этилиши мумкин эмас. Ҳеч кимда унинг розилигисиз тиббий ва илмий тажрибалар ўтказилиши мумкин эмас” деб ёзилиши инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини кафолатлайди. Бу албатта, Ўзбекистоннинг ягона халқи - жинси, ирқи, миллати, тили, дини, эътиқоди, ижтимоий келиб чиқишидан қатъи назар, бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга эканлигини англатади.
Янги таҳрирдаги Конституциямизда инсон ҳуқуқ ва эркинликлари кафолати сезиларли даражада кучайтирилди. Хусусан, Ўзбекистонда ўлим жазоси тўлиқ тақиқланди.
Конституциямиз мамлакатда ҳар бир шахснинг эркинлик ва шахсий дахлсизлик ҳуқуқилардан фойдаланиш бўйича энг муҳим ва асосий қоидаларни белгилаб беради. Шахс дахлсизлиги ва шахсий ҳаёт дахлсизлиги ҳуқуқи Конституциямизда мустаҳкамлаб қўйилган. Бу икки тушунча мазмунини кўпчилик бир хил деб ўйласада моҳиятан бир-биридан тубдан фарқ қилади. Булар шахснинг бевосита ўзига тегишли бўлган энг муҳим мутлақ ҳуқуқлари бўлгани боис уларнинг фарқланишини билиш лозим.
Шахс дахлсизлиги - Шахснинг дахлсизликка бўлган ҳуқуқи унинг эркинликда бўлиши билан ифодаланади. Шахснинг озодлиги чекланиши ёки ундан маҳрум қилиниши учун қонуний асос бўлиши керак. Масалан, жиноий ишга жалб қилиниши, ижтимоий хавфли қилмишни содир этишда гумонланиши каби ҳолатлар мавжуд бўлиши керак.
Озодликнинг чеклаш деганда фақат қамоқда сақлаш тушунилмаслиги керак. Масалан, шахснинг эркига хилоф равишда уни бирон бинога қамаб қўйиш, мажбурий психиатрия муассасаларига жойлаштириш ҳам озодликдан чеклаш ҳисобланади.
Конституциянинг 7-боби шахсий ҳуқуқ ва эркинликлар деб номланиб, бир қатор шахсий ҳуқуқ ва эркинликларга оид нормалар белгиланган. Жумладан, Конституциянинг 25-моддасида яшаш ҳуқуқи ҳар бир инсоннинг ажралмас ҳуқуқи эканлиги, у қонун билан муҳофаза қилиниши ҳамда инсон ҳаётига суиқасд қилиш энг оғир жиноят эканлиги белгилаб қўйилган.
Шу билан бирга бундай ҳуқуқнинг чекланишида белгиланган процессуал қоидаларга риоя қилиниши талаб этилади. Акс ҳолда амалга оширилган ҳаракат ноқонуний ҳисобланади. Масалан, шахсни жиноий қилмишни содир этишда айблаётиб, етарли далилларсиз озодликдан маҳрум қилиш қонун бузилиши ҳисобланади. Бундай вазиятда шахс ўз ҳуқуқини тиклаш учун шикоят қилиши ва ҳукмни бекор қилдиришга ҳақли бўлади.
Конституциянинг 27-моддасига қуйидаги нормалар киритилган: “Ҳар ким эркинлик ва шахсий дахлсизлик ҳуқуқига эга. Ҳеч ким қонунга асосланмаган ҳолда ҳибсга олиниши, ушлаб турилиши, қамоққа олиниши, қамоқда сақланиши ёки унинг озодлиги бошқача тарзда чекланиши мумкин эмас. Ҳибсга олишга, қамоққа олишга ва қамоқда сақлашга фақат суднинг қарорига кўра йўл қўйилади. Шахс суднинг қарорисиз 48 соатдан ортиқ муддат ушлаб турилиши мумкин эмас. Шахсни ушлаш чоғида унга тушунарли тилда унинг ҳуқуқлари ва ушлаб турилиши асослари тушунтирилиши шарт”.
Шунингдек, Конституцияда айбланувчи ва судланувчиларга ўзига қарши кўрсатма бермаслик (халқаро эътироф этилган “Миранда қоидаси”), сукут сақлаш ҳуқуқи ҳам берилди. Шу бирлан бирга, қонунчиликда нима учун шахснинг озодликда бўлишини чеклаш ёки маҳрум этиш жазо сифатида киритилганлигининг етарли сабаблари ҳам бор. Биринчи навбатда, бундан шахснинг ижтимоий хавфли қилмишни содир этишига барҳам бериш, етказилиши мумкин бўлган зарарларнинг олдини олиш ва бу одамни ахлоқан тарбиялаш каби мақсад кўзланади.
Шахсий ҳаёт дахлсизлиги - Шахснинг туғилиши билан унда мавжуд бўладиган табиий ҳуқуқларидан бири унинг шахсий ҳаёт дахлсизлиги ҳуқуқидир. Шахснинг бевосита ўзига тегишли бўлган маълумотлари, шахсий ва оилавий сирлари, ёзишмалари унинг шахсий ҳаётини ташкил этади.
Конституциямизда шахснинг шахсий ҳаёт дахлсизлик ҳуқуқлари кафолатланган. Хусусан, Конституциянинг 31-моддасига қуйидаги нормалар киритилган: “Ҳар бир инсон шахсий ҳаётининг дахлсизлиги, шахсий ва оилавий сирга эга бўлиш, ўз шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш ҳуқуқига эга. Ҳар ким ёзишмалари, телефон орқали сўзлашувлари, почта, электрон ва бошқа хабарлари сир сақланиши ҳуқуқига эга. Ушбу ҳуқуқнинг чекланишига фақат қонунга мувофиқ ва суднинг қарорига асосан йўл қўйилади.
Ҳар ким ўз шахсига доир маълумотларнинг ҳимоя қилиниши ҳуқуқига, шунингдек, нотўғри маълумотларнинг тузатилишини, ўзи тўғрисида қонунга хилоф йўл билан тўпланган ёки ҳуқуқий асосларга эга бўлмай қолган маълумотларнинг йўқ қилинишини талаб қилиш ҳуқуқига эга.
Ҳар ким уй-жой дахлсизлиги ҳуқуқига эга. Ҳеч ким уй-жойга унда яшовчи шахсларнинг хоҳишига қарши кириши мумкин эмас. Уй-жойга киришга, шунингдек унда олиб қўйишни ва кўздан кечиришни ўтказишга фақат қонунда назарда тутилган ҳолларда ва тартибда йўл қўйилади. Уй-жойда тинтув ўтказишга фақат қонунга мувофиқ ва суднинг қарорига асосан йўл қўйилади”. Ушбу моддага асосан, шахсий ҳаёт дахлсизлик ҳуқуқининг чекланишига фақат қонунга мувофиқ ва суднинг қарорига асосан йўл қўйилади.
Юқоридагилардан кўриниб турибдики, шахс дахлсизлиги ва шахсий ҳаёт дахлсизлиги ҳуқуқи шаклан бир-бирига ўхшаш туюлсада, аслида мутлақо бошқа-бошқа тушунчалардир.
Шахс дахлсизлиги ҳуқуқи кишининг жисман эркинликда бўлиши имконияти билан изоҳланса, шахсий ҳаёт дахлсизлиги унинг ўзига тегишли бўлган ахборотларга нисбатан ҳимоя ҳуқуқи мавжудлигини англатади.
Ўзбекистон Республикасида шахснинг дахлсизлик ҳуқуқини ҳимоя қилиш соҳасидаги муносабатлар Ўзбекистон Республикаси Конституциясидан ташқари 2002 йил 12 декабрда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг “Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида”ги қонуни, 2019 йил 2 июлда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг “Шахсга доир маълумотлар тўғрисида”ги қонуни, шунингдек 1997 йил 1 мартда кучга кирган Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодекси, 1995 йил 1 апрелда кучга кирган Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси ҳамда 1995 йил 1 апрелда кучга кирган Ўзбекистон Республикаси Жиноий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси билан ҳам тартибга солинади.
Ўзбекистон Республикасининг “Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида”ги қонуннинг 13-моддасида шахснинг ахборот борасидаги хавфсизлигига оид нормалар белгиланган. Хусусан: “Шахснинг ахборот борасидаги хавфсизлиги унинг ахборотдан эркин фойдаланиши зарур шароитлари ва кафолатларини яратиш, шахсий ҳаётига тааллуқли сирларини сақлаш, ахборот воситасида қонунга хилоф равишда руҳий таъсир кўрсатилишидан ҳимоя қилиш йўли билан таъминланади.
Жисмоний шахсларга тааллуқли шахсий маълумотлар махфий ахборот тоифасига киради. Жисмоний шахснинг розилигисиз унинг шахсий ҳаётига тааллуқли ахборотни, худди шунингдек шахсий ҳаётига тааллуқли сирини, ёзишмалар, телефондаги сўзлашувлар, почта, телеграф ва бошқа мулоқот сирларини бузувчи ахборотни тўплашга, сақлашга, қайта ишлашга, тарқатишга ва ундан фойдаланишга йўл қўйилмайди.
Жисмоний шахслар тўғрисидаги ахборотдан уларга моддий зарар ва маънавий зиён етказиш, шунингдек уларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари рўёбга чиқарилишига тўсқинлик қилиш мақсадида фойдаланиш тақиқланади.
Фуқаролар тўғрисида ахборот олувчи, бундай ахборотга эгалик қилувчи ҳамда ундан фойдаланувчи юридик ва жисмоний шахслар бу ахборотдан фойдаланиш тартибини бузганлик учун қонунда назарда тутилган тарзда жавобгар бўладилар”.
Мамлакатимизда инсон ҳуқуқларини ва шахс дахилсизлигини ҳимоя қилиш билан шуғулланувчи давлат ташкилотлари тизими шаклланган. Бу тизимда анъанавий судлов ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларидан иборат бўлган судлов органлари билан бир қаторда, инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар ва нодавлат ташкилотларидан иборат бўлган инсон ҳуқуқлари бўйича носудлов органлари ҳам шаклланди.
Инсон ҳуқуқларини, шунингдек, шахснинг дахлсизлик ҳуқуқини Ўзбекистон Республикасининг суд органлари орқали ҳимоя қилиш инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш механизмининг таркибий ва ҳал қилувчи қисмидир. Чунки, суд бузилган инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини тиклаш тизимида энг муҳим восита ҳисобланади. Ҳар бир шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини суд томонидан муҳофаза этилиши, давлат органлари, мансабдор шахслар ва жамоат бирлашмаларининг ноқонуний ҳаракатларидан судга шикоят қилиш ҳуқуқи кафолатланади.
Инсон ҳуқуқларини, шунингдек шахсларнинг дахлсизлик ҳуқуқини ҳимоя қилиш, ушбу ҳуқуқлар бузилганда қонунчиликда жавогарлик мавжудлигини билиш ҳам муҳим ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 100-моддасига асосан, “фуқаро ўзининг шаъни, қадр-қиммати ёки ишчанлик обрўсига путур етказувчи маълумотлар юзасидан, башарти бундай маълумотларни тарқатган шахс уларнинг ҳақиқатга тўғри келишини исботлай олмаса, суд йўли билан раддия талаб қилишга ҳақли. Манфаатдор шахсларнинг талабига кўра фуқаронинг шаъни ва қадр-қимматини унинг вафотидан кейин ҳам ҳимоя қилишга йўл қўйилади”.
Раддия бериш фуқаронинг шаъни, қадр-қиммати ёки ишчанлик обрўсига путур етказувчи маълумотлар оммавий-ахборот воситаларида тарқатилган бўлса, айни шу оммавий-ахборот воситаларида раддия берилиши лозим. Бундай маълумотлар ташкилотдан олинган ҳужжатда учраса, бундай ҳужжат алмаштирилиши ёки чақириб олиниши керак.
Cуднинг қоидабузарга нисбатан чиқарган ҳал қилув қарори бажарилмаса, суд қоидабузарга қонунчиликда белгиланган миқдорда ва тартибда ундириладиган жарима солишга ҳақлидир. Жаримани тўлаш қоидабузарни суднинг ҳал қилув қарорида назарда тутилган ҳаракатларни бажариш вазифасидан озод этмайди.
Ўзининг шаъни, қадр-қиммати ёки ишчанлик обрўсига путур етказувчи маълумотлар тарқатилган фуқаро бундай маълумотлар рад этилиши билан бир қаторда, уларни тарқатиш оқибатида етказилган зарарлар ва маънавий зиёнинг ўрнини қоплашни талаб қилишга ҳақлидир.
Бу каби инсон ва фуқароларнинг эркинлик ва шахсий дахлсизликка оид ҳуқуқлари Фуқаролик кодексидан ташқари, жиноят қонунчилиги билан ҳам мустаҳкамланган. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Жиноят процессуал кодексида инсон шаъни ва қадр-қимматини камситадиган, унинг шахсий ҳаётига тааллуқли маълумотлар тарқалиб кетишига олиб келадиган, соғлиғини хавф остига қўядиган, асоссиз равишда унга жисмоний ва маънавий азоб-уқубат етказадиган ҳаракатлар қилиш ёки қарорлар чиқариш тақиқланиши келтириб ўтилган.
Бундан ташқари, Жиноят процессуал кодексига кўра, жиноят ишини юритиш учун масъулиятли барча давлат органлари ва мансабдор шахслар жиноят процессида қатнашаётган фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини муҳофаза қилишлари шарт. Ҳеч ким суд қарорига асосланмаган ҳолда ҳибсга олиниши ёки қамоқда сақланиши мумкин эмас. 2021 йил 28 июлда қабул қилиган Ўзбекистон Республикаси «Судлар тўғрисида»ги қонуннинг 16-моддасида ҳам «Ҳеч ким суд қарорига асосланмаган ҳолда қамоққа олиниши ҳамда қийноққа солиниши, зўравонликка, шафқатсиз ёки инсон қадр-қимматини камситувчи бошқа тарздаги тазйиққа дучор этилиши мумкин эмас» деб белгиланган.
Бунда бирор бир жиноятни содир этишда гумон қилинувчи, айбланувчи ва судланувчи ҳимояланиш ҳуқуқи билан таъминланади. Суд ишларини юритишнинг ҳар қандай босқичида малакали юридик ёрдам олиш ҳуқуқи кафолатланади.
Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 461-моддасига кўра, шахснинг шахсий ёки оилавий сирини ташкил этувчи шахсий ҳаёти тўғрисидаги маълумотларни унинг розилигисиз қонунга хилоф равишда йиғиш ёки тарқатиш базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 бараваридан 40 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Агар шахс бундай қилмиш учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин 1 йил ичида яна шундай қилмиш содир этса, жиноий жавобгарликка тортилади ва Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 1411-моддасига кўра, базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 бараваридан 100 бараваригача миқдорда жарима ёки 300 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.
Агар шахсий ва оилавий сирга оид маълумотлар шахснинг розилигисиз қонунга хилоф равишда олиш, сақлаш ва тарқатиш оқибатида оғир оқибатларга олиб келган бўлса (масалан, шахсий сири тарқатилиши оқибатида шахс ўз жонига қасд қилса), ғаразли ниятларда содир этилган бўлса (шахсий ҳаётга доир маълумотни тарқатишда моддий наф кўришни қасд қилса) ёки хавфли рецидивист томонидан содир этилган бўлса, базавий ҳисоблаш миқдорининг 100 бараваридан 200 бараваригача миқдорда жарима ёки 300 соатдан 360 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки 1 йилдан 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Умуман олганда, ҳар бир фуқаро Конституцияни ва Ўзбекистон Республикасининг қонунларини ўз ҳаётида изчил татбиқ этиши, юқори даражадаги ҳуқуқий онги ва маданиятни ошириши ҳамда шахсий дахлсизлик ҳуқуқи ва эркинликларини билиши бугунги кун талабидир.
Янги таҳрирдаги Конституция нафақат бугунги тинч ва фаровон ҳаётимизни барқарор тараққий этишининг ягона ҳуқуқий кафолати, балки янги Ўзбекистонда яшовчи барча фуқаролар манфаатларини ҳимоя қилувчи асосий ҳужжатдир.
ШЕРБЕК ИСАКУЛОВ,
Ўзбекистон Республикаси
Конституциявий судининг
катта эксперти, 3-даражали
Адлия маслаҳатчиси.
ЎзА