Янги таҳрирдаги Конституция – Ўзбекистонда қонун устуворлиги гарови

Тўлиқ ишонч билан айтиш мумкинки, мамлакатимиз эришаётган муваффақиятлар мустақил демократик-ҳуқуқий давлатчиликни шакллантириш ва ривожлантиришнинг ҳуқуқий пойдевори ҳисобланмиш Конституция билан чамбарчас боғлиқ.

Конституция қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар орасида тартибга солинадиган ижтимоий муносабатлар аҳамияти билан ажралиб туради. Ушбу ҳужжатда давлатнинг асосий институтлари, фуқаронинг мақоми, давлат томонидан кафолатланадиган ҳуқуқ ҳамда эркинликлар белгиланади. Шу боис конституциявий нормалар бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва меъёрлар учун асос бўлиб хизмат қилади, қонунлар мазмун-моҳиятига, қонунчиликни тартибга солиш усулларига бевосита таъсир кўрсатади.

2023 йил 30 апрелда бўлиб ўтган референдумда қабул қилинган, янгиланишнинг ташаббускори ва том маънодаги муаллифи халқимиз бўлган Ўзбекистон Республикаси янгиланган Конституцияси “Инсон қадр-қиммати учун”, “Янги Ўзбекистон – ижтимоий давлат” тамойилларига асосланиб амалга оширилган ислоҳот мазмун-моҳиятининг мантиқий давоми сифатида Конституция ва қонун устуворлигини таъминлаш механизмини, мамлакатимизни демократик янгилаш, инсон ҳуқуқи ва эркинлигини ишончли ҳимоя қилишнинг энг муҳим кафолатини сезиларли даражада мустаҳкамлади.

Конституциянинг устунлиги қомусимизда мустаҳкамланган давлат ҳуқуқий тизими бирлиги ва яхлитлигини кафолатловчи мустақил тамойил сифатида амалдаги қонунчиликда конституциявий нормалар моҳияти бузилиши, турлича талқин қилиниши ва қўлланишига йўл қўймасликни назарда тутади. Фақат шу йўл билан ҳар қандай Конституциянинг асосий мақсади – инсон ҳуқуқи ва эркинлигини кафолатлаш, давлат ҳокимияти демократик фаолият юритишини таъминлаш мумкин.
Янгиланган Асосий қонунда инсон ҳуқуқи ва эркинлиги кафолати кучайтирилган. Нормаларда инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни ва қадр-қиммати энг олий қадрият сифатида белгиланган, инсон қадр-қиммати ва шаънининг дахлсиз ҳисобланиши, бузилишига ҳеч нима асос бўла олмаслиги таъкидланган.

Конституция нормаларига мувофиқ, инсон билан давлат идоралари ўртасидаги муносабатда юзага келадиган ҳар қандай зиддият ва ноаниқлик инсон фойдасига талқин этилиши лозим, ҳуқуқий чоралар ҳуқуқий мақсадга эришиш учун етарли ва мутаносиб бўлиши зарур.

Масалан, илк бор ёзишма, телефон суҳбати, почта жўнатмаси, электрон хабар ва бошқа ахборотлар дахлсизлиги ҳуқуқи фақат суд қарори билан чекланиши мумкинлиги белгиланди. Айни ваколат прокуратурадан судга ўтказилиши, шунингдек шахс судлангани асосида қариндошлари ҳуқуқи чекланиши мумкин эмаслиги Конституцияда мустаҳкамланиши шахсий ҳаёт, конституциявий ҳуқуқ ва эркинлик дахлсизлиги таъминланишининг янги принципиал шартларидан биридир.

Янгиланган Конституцияда инсон ҳуқуқи ва эркинлиги сезиларли даражада кенгайтирилган. Экологик ҳуқуқ, эркин ҳаракатланиш, турар ва яшаш жойини эркин танлаш, қулай меҳнат шароитида ишлаш ва адолатли иш ҳақи олиш, давлат хизматига киришда тенглик, уй-жойга нисбатан эгалик қилиш ва маҳрум этилганлик учун компенсация олиш, шахсий маълумотни ҳимоя қилиш, иш ҳақи олиш, танлов асосида давлат ҳисобидан бепул олий маълумот олиш, малакали юридик ёрдам олиш, жумладан қонунда назарда тутилган ҳолларда – давлат ҳисобидан қопланиши, банк амалиёти ва ҳисоб варағи махфийлигини таъминланиши, қонунчилик таклифлари киритиш, гендер тенглик ва бошқа воситалар билан тўлдирилди.

15-модда Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунлари устунлиги сўзсиз тан олиниши, қомус ҳуқуқий маконда Конституциянинг олий юридик кучга эгалиги эълон қилиниши қонунлар ёки бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинганда Конституциянинг принцип ва нормаларига зид бўлмаслиги белгиланди. Шу тариқа асосий қонунимиз ҳар қандай демократик давлат Конституциясига хос, тўғридан-тўғри амал қилувчи ҳужжат хусусиятига эга бўлди.

Конституцияга тўғридан-тўғри амал қилувчи ҳужжат кучи берилиши, конституциявий тартибга солиш соҳаси кўлами кенгайтирилиши ва мустаҳкамланиши дунё конституциявий ривожланишининг устувор йўналишларига мос келиши билан бирга Конституциянинг устунлигини таъминлаш, инсон ҳуқуқи ва эркинлиги ҳамда жамиятдаги ижтимоий барқарорлик кафолатини ишончли ҳимоя қилишнинг асосий гарови сифатида намоён бўлмоқда.

Конституциявий нормаларнинг тўғридан-тўғри, бевосита амал қилиши, устуворлиги таъминланишда кўплаб давлат идоралари иштирок этади. Ҳуқуқий тартибот ҳолати учун назорат органига алоҳида вазифа ва масъулият юкланганади, ҳокимият тармоқларининг қонун чиқарувчи ва ижро этувчи идоралар томонидан Конституция норма ва қоидаларига риоя этилишини таъминлаш функцияси бошқа органлардан фарқли равишда асосий ҳисобланади.

Одил судловнинг асосий принципларидан бири – Конституция устуворлигига мувофиқ, Конституциявий суд фақат қомусга амал қилган ҳолда ишни ташкил этади ва хулоса беради, бутун фаолиятини Конституция устунлигини таъминлашга қаратади.

Фуқароларнинг ҳуқуқи ва эркинлиги, қонуний манфаатини ҳимоя қилишнинг янги механизми, шу билан бирга конституциявий одил судловни янги сифат босқичига олиб чиқишнинг ҳуқуқий асоси – конституциявий даражада конституциявий шикоят институти мустаҳкамланишидир.

Конституциянинг 133-моддасига кўра, фуқаролар ва юридик шахслар суд орқали ҳимоя қилишнинг бошқа барча воситаларидан фойдаланиб бўлинган ҳолатда судда кўриб чиқилиши тугалланган муайян ишда суд томонидан ўзига нисбатан қўлланган қонуннинг Конституцияга мувофиқлиги тўғрисидаги шикоят билан Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судига мурожаат қилишга ҳақли.

Кўрсатиб ўтилган конституциявий норма агар қонун фуқаролар ва юридик шахсларнинг фикрича, уларнинг конституциявий ҳуқуқлари ва эркинликларини бузаётган бўлса, судда кўрилиши тугалланган муайян ишда қўлланилган бўлса қонуннинг Конституцияга мувофиқлигини текшириш тўғрисидаги шикоят билан Конституциявий судга мурожаат этиш ҳуқуқини берилиши, биринчи навбатда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишга, Конституциявий судга муайян ҳужжатнинг Конституцияга мувофиқлиги, унинг Конституцияда мустаҳкамланган инсон ҳуқуқ ва эркинликларига мувофиқлигини кўриб чиқишда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш функциясини ҳам амалга ошириш имконини беришга қаратилган.

Конституциявий шикоят институти ҳар бир инсоннинг ҳуқуқи ва эркинлиги суд томонидан ҳимоя қилиниши, конституциявий одил судловдан фойдаланиш ҳуқуқи кафолатланишига оид конституциявий нормани таъминлаб, қонунларнинг сифати ва самарадорлигини ошириш, конституциявийлигини таъминлаш ҳамда давлат ва жамият ҳаётини янада демократлаштиришнинг ҳуқуқий механизми бўлиб хизмат қилади.

Таъкидлаш керак, шикоятни кўриб чиқишда Конституциявий суд фақат қонуннинг Конституция принципи ва нормаларига мувофиқлигини ўрганади, умумий юрисдикция суди чиқарган ҳужжатларнинг қонунийлиги ва асослилигига баҳо бермайди. Акс ҳолда, бу умумий юрисдикция судларининг мустақиллигининг бузилишига олиб келган бўлар эди. Масалан, Конституциявий қонуннинг 4-моддасига кўра, “Конституциявий суд ўз ваколатларини амалга оширишда бошқа судлар ёки ўзга органларнинг ваколатига кирадиган барча ҳолларда ҳақиқий ҳолатларни аниқлаш ва текширишдан ўзини тияди” деган норма белгиланган.

Конституция устунлигини таъминлашда махсус конституциявий судлов жараёни сифатида, худди шунингдек норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг Конституцияга мувофиқлигини текшириш бўйича иш юритиш доирасида ҳам Конституциявий суд томонидан амалга ошириладиган Конституция нормаларига шарҳ бериш институти алоҳида аҳамиятга эга, чунки ҳуқуқий муносабатларнинг барча субъектлари томонидан конституциявий тузумга оид барча конституциявий принципларини бир хилда тушунмай туриб конституциявий тузум барқарорлигини таъминланиши мумкин эмас. Конституциявий суд томонидан конституция нормаларига шарҳ бериш жараёнида унинг мазмунига нисбатан ўрнатиладиган ягона стандартлари, нафақат, ҳуқуқни қўллаш амалиётининг бир-хиллигини таъминлаш балки бунинг натижасида ҳуқуқ устуворлиги принципини ҳам таъминлайди.

Референдумга чиқарилаётган масалаларнинг Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқлиги тўғрисида хулоса беришга оид ваколатни Конституциявий судга бериш билан боғлиқ янги конституциявий норма Конституциявий суднинг Конституция устунлигини таъминлаш борасидаги фаолиятини янада кенгайтиришга қаратилган.

Назорат институтини янада демократлаштириш, шикоят институтини конституциявий даражада мустаҳкамлаш, судлов ишини такомиллаштириш Конституция устунлигини таъминлаш воситаси сифатида жамият барқарорлиги ва мамлакат тараққиётини таъминлашнинг муҳим шартларидан биридир. Қабул қилинаётган қонунлар ижроси устидан амалга оширилаётган парламент назорати сифатини ошириш, шунингдек давлат раҳбари томонидан Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига риоя этилиши кафили сифатидаги функция амалга оширилиши тўғрисида Конституциявий суд томонидан иш юритиш амалиётини умумлаштириш натижаси юзасидан ҳар йили Олий Мажлис палаталари ва Президентга мамлакатдаги конституциявий қонунийлик ҳолати тўғрисида ахборот тақдим этиб борилади.

Ж.Балкибаева, К.Давлетова,
Ўзбекистон Республикаси
Конституциявий суди судьялари

Қизиқарли маълумотлар
Буюк Британия ва Шимолий Ирландия Бирлашган Қироллиги давлатининг конситуцияси 300га яқин қонун ҳужжатларидан иборатдир, яъни бу давлатда ягона конституция ҳужжати мавжуд эмас.