Конституциянинг ягона манбаи ва муаллифи халқдир
8 декабрь – Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинган кун
Ҳар бир халқнинг тарихида унинг тақдирини белгилаб берадиган муҳим ҳужжатлар бўлади. Ўзбекистон халқи учун бундай ҳужжат бу Конституциядир. Зеро, Конституция нафақат давлатнинг Бош қонуни, балки бутун жамиятнинг маънавий пойдевори, инсон қадри ва ҳуқуқларининг ишончли кафолати сифатида эътироф этилади. Шу боис Ўзбекистон Республикаси Президентининг Конституция куни байрамига тайёргарлик кўриш ва уни юксак савияда ташкил этиш ҳақидаги фармойишида ҳам асосий мақсад халқимизни Конституцияда мужассам бўлган эзгу қадриятлар атрофида бирлаштиришдир. “Конституция – инсон қадри, эркинлик, тенглик ва адолат гарови!” деган бош ғоя айнан шу бирлик, шу юксак масъулиятнинг ифодасидир.
Бугун Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган конституциявий ислоҳотларнинг марказида айнан инсон туради. “Аввал инсон, кейин давлат ва жамият” деган тамойил инсон қадр-қиммати, ҳуқуқ ва эркинликларини энг олий қадрият сифатида мустаҳкамлаб бермоқда. Бу жараёнда халқнинг сиёсий фаоллиги, фуқаролик позицияси ва давлат қурилишидаги иштироки тобора ортиб, Конституциянинг асл моҳияти яъни унинг ягона манбаи ва муаллифи халқ эканлиги яна бир бор намоён бўлмоқда.
Дарҳақиқат, Конституция халқ иродасидан қувват олади, халқнинг орзу-интилишларини ҳуқуқий меъёрлар шаклида акс эттиради. Шу маънода у нафақат тарихий ҳужжат, балки замон билан ҳамнафас яшайдиган, жамият тараққиёти билан бирга такомиллашиб борадиган тирик қонундир. Ўзбекистон халқининг сиёсий маданияти, тафаккури ва онгидаги юксалиш эса ушбу қонун қадрини янада улуғламоқда.
Конституциянинг халқ иродасига таянувчи ушбу моҳияти, аввало, унинг яратилиш тарихида яққол намоён бўлади. Мустақилликнинг илк йилларида, давлат мустаҳкам ҳуқуқий асос яратиш зарурати туғилган пайтда Ўзбекистон халқи ўз келажагини ўзи белгилашга бел боғлади. Шу тариқа яратилган Конституция янги тарихий босқичга ўтаётган халқнинг бунёдкор тафаккурини, адолат ва тараққиётга бўлган қатъий интилишини ўзида мужассам этди.
Бугун эса ушбу жараён янада кенг миқёсда, замон талаблари асосида давом этмоқда. Конституциявий ислоҳотлар халқнинг давлат бошқарувидаги ўрни ва таъсирини кучайтиришга қаратилган эзгу мақсаднинг ифодасидир. Сўнгги йилларда фуқароларнинг фикри, таклифи ва ташаббуслари қонун ижодкорлиги жараёнининг ажралмас бўлагига айланди. “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак”, деган ёндашув Конституциянинг амалий руҳига чуқур сингмоқда.
Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 33 йиллиги арафасида Президент фармойишида белгиланган бундай кенг кўламли маънавий-маърифий тадбирлар ҳам бежиз эмас. Уларнинг мақсади Конституция қоидаларини ҳаётга татбиқ этиш билан бирга, ҳар бир фуқаронинг конституциявий онгини юксалтириш, унда давлат тақдирига дахлдорлик туйғусини мустаҳкамлашдир. Зеро, Конституция фақат бир ҳужжат эмас, у халқнинг ўз кучига бўлган ишончи, келажакни мустақил белгилашга қодир эканининг рамзи.
Халқнинг Конституция яратилишидаги ўрни фақат тарихий факт сифатида эмас, балки бугунги сиёсий ҳаётимизнинг амалий ҳақиқатига айланган. Референдумлар, кенг жамоатчилик муҳокамалари, очиқ эшитувлар ва ташаббусли қонунчилик жараёнлари буларнинг барчаси Конституциянинг ягона манбаи ва муаллифи халқ эканининг исботидир. Фан, таълим, ижтимоий ҳимоя, экология, маҳаллий бошқарув каби соҳаларда конституциявий кафолатларнинг кенгайтирилиши ҳам ана шу халқ иродасининг ҳуқуқий ифодаси сифатида намоён бўлмоқда.
Шу ўринда яна бир ҳақиқатни алоҳида таъкидлаш керак, Конституция жамиятнинг ҳар бир аъзоси учун тенг имконият ва адолат тамойилларига асосланган мустаҳкам пойдевор яратади. Унда белгиланган “инсон қадри юқори бош тамойил” бугунги ислоҳотларнинг асосий мезонига айланган. Бу эса фуқароларнинг эркин яшаши, ўз фикрини эркин билдириш, ҳалол меҳнат қилиш, таълим олиш ва муносиб турмуш кечириш ҳуқуқларини таъминлашга қаратилган кенг кўламли ўзгаришларга туртки бермоқда.
Янги Ўзбекистонда ислоҳотлар жадаллик билан ривожланар экан, аслида биз ўзимизни ўзгартиряпмиз тафаккуримиз, дунёқарашимиз, келажакка бўлган муносабатимиз янги босқичга кўтарилмоқда. Халқ иштироки, халқ овози, халқнинг давлат бошқарувидаги ўрни кучайгани сайин асосий қонунимиз янада ҳаётий, янада мазмунли бўлиб бормоқда. Зеро, халқнинг фикри тингланадиган, таклифи инобатга олинадиган, ҳар бир фуқароси ўзини давлатнинг тенг ҳуқуқли бунёдкори сифатида ҳис қиладиган жамият – ҳақиқий фуқаролик, демократик жамиятдир.
Бугун Конституциямизнинг ҳар бир банди, нормаси халқ фаровонлиги, адолат, эркинлик ва тенглик учун хизмат қилмоқда. У бизни бирлаштиради, йўл кўрсатади, эртанги кунга ишонч бағишлайди. Шунинг учун ҳам Конституцияни чуқур англаш, унга ҳурмат билан қараш ва унинг устуворлигини ҳаётимизда мустаҳкамлаш ҳар биримизнинг фуқаролик бурчимиз.
Халқ яратган Конституция – халқнинг энг буюк ютуғи. Уни асраш, ривожлантириш ва ҳаётга татбиқ этиш эса келажакка бўлган масъулиятимиздир. Чунки халқ иродасидан куч олган қонун адолатли жамиятнинг энг мустаҳкам таянчи.
Баҳодиржон Шермуҳаммадов,Фарғона давлат университети ректори.
ЎзА