Туркиянинг нуфузли газетасида мамлакатимиз Конституциявий қонуни лойиҳаси бўйича бўлиб ўтган референдум якунларига бағишланган мақола босилиб чиқди

Туркияда нашр этиладиган «Türkiye» газетасида Ўзбекистон Конституциявий қонуни лойиҳаси бўйича бўлиб ўтган референдум якунларига бағишланган “Менинг Конституциям” референдумида Ўзбекистон халқи “Ҳа” деди» сарлавҳали мақола босилиб чиқди.

Сиёсатшунослик доктори, профессор, Анқара инқирозларни ўрганиш ва сиёсий тадқиқотлар марказининг раҳбари Сайфиддин Эрол қаламига мансуб ушбу мақолада жорий йил 30 апрель куни мамлакатимизда бўлиб ўтган референдумда жами сайловчиларнинг 84,54 фоизи иштирок этиб, 65 фоиз янгиланган Конституция 90,21 фоиз овоз билан қабул қилинганига доир тафсилотлар ўз ифодасини топган.

“Шу тариқа Ўзбекистон Конституциясига “дунёвий ва ижтимоий давлат” таърифи киритилди, ўзбек халқининг фаровон келажагини таъминлашга қаратилган эркин бозор иқтисодининг асослари мустаҳкамланди, Президентнинг айрим ваколатларини Парламентга тақдим этиш орқали демократлашув жараёни жадаллаштирилди, интеллектуал мулкдан тортиб инклюзив таълимгача бўлган муҳим ҳуқуқлар кафолатланди. Ушбу конституциявий референдум билан халқ ва давлат ўртасидаги “Ижтимоий келишув” янгиланди ва янада мустаҳкамланди”, деб ёзади газета.

Мазкур мақолада мамлакатимиз Марказий сайлов комиссияси 2023 йил 1 май куни референдумнинг якунланий натижаларини ҳисобга олиб, янги Конституция кучга кирганини маълум қилгани алоҳида қайд этилган.

Унда бундан буён янги Ўзбекистон ўзининг янги Конституциясида ижтимоий давлат сифатида белгиланиб, кучли ижтимоий ҳимоя ва муҳтожларга ғамхўрлик давлат сиёсатининг муҳим йўналишига айлангани, мамлакатимиз ҳуқуқий давлат деб таърифлангани ҳолда инсон ҳуқуқ ва эркинликлари конституциявий даражада кафолатлангани, таълим олиш ҳуқуқи ва имконияти кенгайтирилиб, ўқитувчилар конституциявий мақомга эга бўлгани ҳамда фуқароларнинг олий таълим муассасаларида давлат гранти ҳисобидан ўқиши ҳукуқи конституциявий даражада белгилаб кўйилгани сингари ва бошқа муҳим янгиланишларнинг мазмун-моҳияти туркиялик газетхонларнинг эътиборига ҳавола қилинган.

“Ўзбекистон халқи референдумга бўлган катта эътибори билан “Менинг Конституциям” шиорини ўз қалбига чуқур сингдиргани, тизимга ва референдум жараёнига катта ишонч билдиргани, бардавом тараққиётни танлагани ҳолда сиёсий барқарорлик ва порлоқ келажак учун овоз берганини намоён этди. Мазкур референдум билан ўзбек халқи “Янги Ўзбекистон” ғоясининг ҳуқуқий пойдевори бўлган ҳамда халқ-давлат ҳамжиҳатлигини мустаҳкамлаган Конституциянинг қабул қилинишига баралла қўллаб-қувватлагани ҳолда “Ҳа” деди”, деб ёзади газета.

Қизиқарли маълумотлар
Ҳиндистон Конституцияси АҚШ Конституциясидан фарқли ўлароқ дунёдаги энг катта ва мураккаб Конституция ҳисобланади