Конституция – Янги Ўзбекистон тараққиётининг ҳуқуқий кафолати

Давлатимиз раҳбарининг 2025 йил 21 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси куни байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги фармойишига биноан юртимиз бўйлаб “Конституция – инсон қадри, эркинлик, тенглик ва адолат гарови!” деган бош ғояни ўзида мужассам этган байрам тадбирлар давом этмоқда.

Тошкент давлат юридик университетида 8 декабрь – Конституция қабул қилинган кун муносабати билан “Конституция – Янги Ўзбекистон тараққиётининг ҳуқуқий кафолати” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция ўтказилди.

Олий Мажлис Сенати, Қонунчилик палатаси, Конституциявий суд, Адлия вазирлиги, Давлат сиёсати ва бошқаруви академияси, Одил судлов академияси ҳамда бошқа олий таълим муассасаларининг вакиллари, шунингдек, ТДЮУ профессор-ўқитувчилари, Венгрия, Финландия, Болгария, Ҳиндистон, Корея ҳамда Буюк Британиякаби давлатлар етакчи ҳуқуқшунос олимлари иштирок этган тадбирда Конституциянинг ўзига хос жиҳатлари ҳақида фикр алмашилди.

Адлия вазири ўринбосари М.Аллакулиев, Тошкент давлат юридик университети ректори Б.Хўжаев, Қонунчилик палатаси қўмитаси раиси У.Шерматов, Коституциявий суд раисининг ўринбосари А.Ғафуров ва бошқалар Конституцияда давлат қурилишининг янги стратегик мақсади –ижтимоий давлат қуриш эканлиги белгилаб қўйилганини таъкидлади. Ижтимоий адолат ва бирдамлик принциплари, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишнинг мутлақо янги механизмларини назарда тутувчи конституциявий асослар мустаҳкамланган.

Маҳиндра университети профессори Прабҳприт Синх (Ҳиндистон) Ўзбекистон Конституциясида демократик тамойиллар устуворлиги унинг умуминсоний қадриятлар акс этган халқаро ҳужжатларга мослигини кўрсатишини қайд этди. Ўзбекистон ва Ҳиндистон Бош қомусларида ўхшашликлар бор, яъни уларда сўз эркинлиги, эътиқод эркинлиги кафолатлари акс этган.

Тадбирда янги таҳрирдаги Конституция – Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси доирасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг сиёсий-ҳуқуқий асосларини яратгани эътироф этилди. Давлат ва жамият қурилишини янада ривожлантиришнинг устувор йўналишлари белгилангани амалда мамлакатимиз ривожида муҳим ўрин тутмоқда.

Конституцияда иқтисодий, ижтимоий, маданий-маънавий ҳаётимизнинг турли соҳаларида олиб борилаётган ислоҳотларни изчил давом эттириш бўйича стратегик мақсадлар ўз ифодасини топган.

Тадбир давомида янгиланган Конституция мазмун-моҳияти ва “Ўзбекистон - 2030” стратегиясининг асосий устувор йўналишлари доирасида белгиланган туб ислоҳотлар ҳақида миллий ва хорижий олимларнинг маърузалари тингланди.

Тадбир якунида маърузалар ва муҳокамалар асносида билдирилган таклифлар умумлаштирилиб, тегишли вазифалар белгиланди.

Н.Абдураимова, ЎзА


Қизиқарли маълумотлар
Ҳиндистон Конституцияси АҚШ Конституциясидан фарқли ўлароқ дунёдаги энг катта ва мураккаб Конституция ҳисобланади