“Шахсий дахлсизликни таъминлашнинг суд-ҳуқуқ кафолатларини мустаҳкамлаш соҳасидаги долзарб вазифалар: Ўзбекистон тажрибаси” мавзусида халқаро конференция

Конференциянинг мақсади – қийноқларни қўллашнинг олдини олиш бўйича муваффақиятли амалиётлар асосида жиноят-процессуал ва жиноят-ижроия қонунчилигини янада такомиллаштиришдан иборат.

2018 йил 26 октябрь куни “Шахсий дахлсизликни таъминлашнинг суд-ҳуқуқ кафолатларини мустаҳкамлаш соҳасидаги долзарб вазифалар: Ўзбекистон тажрибаси” мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтди.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори, Ф.Эберт номидаги жамғарманинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ва БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси конференция ташкилотчилари бўлдилар.

Конференциянинг мақсади – қийноқларни қўллашнинг олдини олиш бўйича муваффақиятли амалиётлар асосида жиноят-процессуал ва жиноят-ижроия қонунчилигини янада такомиллаштиришдан иборат.

Конференция ишида Қийноқларга қарши бутунжаҳон ташкилоти, Қийноқларга қарши Дания институти (Дания), Юристлар халқаро ассоциациясининг Инсон ҳуқуқлари бўйича институти (Буюк Британия) вакиллари, ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзолари, ҳуқуқни ҳимоя қилувчи ва суд органлари, фуқаролик жамияти институтлари, юридик илмий жамоатчилик, таълим муассасалари ва ОАВ вакиллари иштирок этишди.

Тадбир давомида иштирокчилар қийноққа қарши кураш бўйича халқаро стандартларнинг миллий қонунчиликка имплементация қилинишини, суд- тергов жараёнида ва жазони ижро этиш муассасаларида қийноқлардан ҳоли бўлиш ҳуқуқини таъминлаш, қийноқлар қўлланганини самарали тергов қилиш бўйича халқаро стандартларга ўқитиш масалаларини муҳокама қилдилар.

Конференция иштирокчилари ҳуқуқий давлатнинг муҳим кўрсаткичи бўлиб давлат сиёсатидаги устувор йўналишни аниқлашга имкон берувчи эркинлик ва шахсий дахлсизликнинг ҳимоя қилиш даражаси ҳисобланишини таъкидлаб ўтишди.

Ўзбекистон Республикаси инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасидаги халқаро мажбуриятларини ташкиллаштиришни такомиллаштириш бўйича изчил ва босқичма-босқич, жумладан, қийноқларнинг олдини олиш учун зарур ташкилий ва ҳуқуқий шарт-шароитларни яратишга қаратилган чора-тадбирларни амалга оширмоқда.

Ўзбекистон Республикасининг 1995 йил 31 августда БМТнинг Қийноқларга қарши конвенциясига қўшилиши давлатнинг инсон ҳуқуқлари ва эркинликларининг умумэътироф этилган қадриятларига бўлган интилишларини яна бир бор тасдиқлади. Қамоқда сақланаётган шахсларнинг ҳуқуқларига риоя қилиш бўйича бир қатор халқаро стандартларни тан олиш, давлат жазони ижро этиш тизимини халқаро стандартларга мувофиқлаштириш масалаларига эътиборини янада кучайтирди.

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини амалга ошириш доирасида юртимизда маҳкумлар ва ҳибсхоналарда сақлаб турилган шахсларнинг ҳуқуқларини таъминлашга қаратилган Ўзбекистон Республикаси жиноят-ижро тизимини ислоҳ қилиш ва либераллаштириш бўйича чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

“Суд-тергов фаолиятида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатларини кучайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 2017 йил 30 ноябрдаги Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони суд-ҳуқуқ соҳасини ислоҳ қилишда муҳим ҳодиса бўлди. Фармонга кўра Ўзбекистонда жиноят процесси иштирокчилари ёки уларнинг яқин қариндошларига нисбатан қийноққа солиш, психологик ва жисмоний тазйиқ ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёхуд қадр-қимматни камситувчи муомала турларини кўллаш, жиноят иши доирасида ноқонуний йўл билан олинган ҳар қандай аудио ва видео ёзув ҳамда бошқа материаллардан далил сифатида фойдаланиш қатъиян ман қилинган.

2018 йил 4 апрелда қабул қилинган “Суд-тергов фаолиятида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатларини кучайтириш бўйича чора-тадбирлар қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига кўра қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаганлик учун масъулият кучайтирилди.

Жиноят кодексида қийноққа солиш маъмурий қамоққа олинган шахсга, шунингдек гумон қилинувчига, айбланувчига, судланувчига, маҳкумга, гувоҳга, жабрланувчига, жиноят процессининг бошқа иштирокчисига ёхуд уларнинг яқин қариндошларига улардан ёки бошқа учинчи шахсдан бирор-бир ахборот олиш, жиноят содир этганлигига иқрорлик кўрсатуви олиш мақсадида, уларни содир этилган қилмиш учун ўзбошимчалик билан жазолаш ёхуд бирор-бир ҳаракатни содир этишга мажбурлаш мақсадида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органнинг ёки бошқа давлат органининг ходими томонидан ёхуд унинг далолатчилигида ёки хабардорлигида ёхуд индамай берган розилиги билан бошқа шахслар томонидан қўрқитиш, уриш, дўппослаш, қийнаш, азоб бериш йўли билан ёки қонунга хилоф бошқа ҳаракатлар воситасида содир этилган қонунга хилоф руҳий, психологик, жисмоний босим ўтказиш ёки бошқача тарзда босим ўтказиш деб белгиланди.

Қийноқ ва бошқа жиноятлар тўғрисидаги даъволарни тезда ва холисона текшириш учун Президентимизнинг Халқ қабулхоналари тизими, Президент ва Бош вазирнинг виртуал қабулхоналари, ҳуқуқ-тартибот органлари ва бошқа давлат ташкилотларининг виртуал қабулхоналари. фуқароларнинг шикоятларини ўз вақтида ва самарали кўриб чиқишини кузатиб борувчи Президентнинг Фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашни назорат қилиш ва мувофиқлаштириш хизмати яратилди.

Ушбу чора-тадбирлар Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро мажбуриятларни бажараётганини тасдиқлайди ҳамда мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш ва қабул қилинган халқаро мажбуриятларни бажаришда барқарор анъаналар яратиш имконини беради.

Қизиқарли маълумотлар
Буюк Британия ва Шимолий Ирландия Бирлашган Қироллиги давлатининг конситуцияси 300га яқин қонун ҳужжатларидан иборатдир, яъни бу давлатда ягона конституция ҳужжати мавжуд эмас.