Тошкент шаҳрининг мамлакатимиз пойтахти сифатидаги конституциявий ҳуқуқий мақоми

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 6-моддасида “Ўзбекистон Республикасининг пойтахти - Тошкент шаҳри” дея тариф берилган. Ушбу модда Тошкент шаҳрини мамлакатимизнинг пойтахти сифатидаги ҳуқуқий мақомини мустаҳкамлаб беради.

Мустақилликнинг 26-йили мобайнида бутун мамлакатнинг ҳамда пойтахт Тошкентнинг киёфаси таниб бўлмас даражада ўзгарди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев 2016 йилнинг 24 ноябрь куни Тошкент шаҳри сайловчилари билан учрашувида мамлакатимиз биринчи Президенти томонидан Тошкентни Ватанимизнинг юраги ва олтин остонаси деб таърифлаганлари, у кишининг “Тошкент тимсолида Ўзбекистонни, Ўзбекистон тимсолида Тошкентни кўрамиз” деган сўзларига эътибор қаратар эканлар, “Тошкент – Шарқ дарвозаси”, “Тошкент – тинчлик ва дўстлик шаҳри”, деган таърифлар ёнига кейинги йилларда “Тошкент – Ислом маданияти пойтахти”, “Тошкент – яшаш учун энг қулай шаҳар” деган эътирофлар қўшилганини ҳамда буни наинки халқимиз, айни вақтда дунё аҳли ҳам тан олмоқда дея таъкиблаб ўтдилар(1).

Дарҳақиқат, мустақил давлат пойтахти азим Тошкент мамлакатда олиб борилаётган туб сиёсий ва иқтисодий ислоҳотларнинг маркази бўлиб қолди.

Мустақиллик йилларида пойтахтимизнинг ҳар жабҳада юртимиз маркази сифатидаги ўрнини мустаҳкамлашга қаратилган улкан ишлар амалга оширилди. Жумладан, Халқаро савдо кўргазма мажмуаси (1998 йил) қуриб битказилди. У "Интерконтиненталь" меҳмонхонаси (1998 йил) ва бир йил кейин қурилган Ўзбекистон Ташқи Иқтисодий фаолият Миллий банки, халқаро Бизнес маркази ҳамда "Тошкент плаза" савдо марказидан ташкил топган. Бу меъморий ансамбль Ўзбекистон пойтахтининг
замонавий дикқатга сазовор жойларидан бири бўлиб колди. Унинг шимол томонига ҳозирги замон талабларига жавоб берувчи Болалар боғи ва "Аквапарк" (1995 йил) жойлашган. Шоҳ кўчада 1997 йил теннис кортлари ва усти ёпиқ сув ҳавзалари бўлган ноёб спорт мажмуаси пайдо бўлди. У ерда нуфузли халқаро ва республика мусобақалари ўтказилади. Шоҳ кўча узра баландлиги 375 метрлик телеминора бўй чўзган. Унда томоша майдончалари ва ресторан мавжуд(2).

Замонавий кўприклар ва йўллар, транспорт катнайдиган остки ва устки иншоотлар эстакадалар ҳамда қулай ўтиш йўлаклари ишга туширилди. Яқин йилларда барпо этилган, шаҳарнинг кўркига кўрк қўшиб турган “Пойтахт” бизнес маркази, "Ўзбекистон" халқаро анжуманлар саройи, Ўзбекистон давлат консерваторияси, Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон миллий кутубхонаси, Ўзбекистон МТРК Медиа маркази ва кўплаб муҳташам мехмонхоналар фаолият юритмоқда.

Қурилган иншоотлар сиёсий ва иқтисодий, ижтимоий соҳани ривожлантиришда нафақат мамлакатимиз учун, балки қўшни давлатлар ҳамда хорижий давлатлар учун ҳам марказ вазифасини ўтамоқда.

Кўп давлатларда, одатда, давлат ҳокимияти ва олий органлари, марказий ташкилотлари, хорижий давалатлар элчихоналари мамлакат пойтахтида жойлашган. Шу қаторда, Ўзбекистоннинг иқтисодий, тарихий ва маданий маркази ҳисобланган Тошкент шаҳрида ҳам Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис палаталари, Ўзбекистон Республикаси Президенти қароргоҳи, Вазирлар Маҳкамаси, вазирликлар, қўмиталар суд ҳокимиятининг юқори органлари, турли соҳадаги давлат ва нодавлат ташкилотлар марказлари, шунингдек, кўплаб халқаро ташкилотларнинг ваколатхоналари мавжуд.

Тошкент – қадимий тарихий асосларга эга шаҳардир. Шаҳар 2200 йиллик даврда шаклланиб, ривожланиб тараққий этган. Тошкент тўғрисидаги тарихий маълумотлар юнон олимлари асарларида, хитой манбаларида шаҳар сифатида эътироф этилган. Милодий IV асрларда Тошкент ҳудуди Чоч ва Илоқ давлати ҳудудлари таркибига кирган. Тарихий ёзма манбаларда Чоч, Шош, Шошкент деб юритилган.

Тошкентнинг барча ютуқлари бу Ўзбекистоннинг ҳар томонлама тараққий этганлигининг муносиб кўрсаткичидир. Шуларни инобатга олиб, 2009 йил мамлакатимизда пойтахтимизнинг 2200 йиллиги кенг нишонланди.

Йиллар давомида Тошкентнинг халқаро обрў-эътибори анча ўсди. Бу ерда 40 дан ортик элчихона очилган, бошқа дипломатик миссиялар, кўплаб обрўли халқаро ташкилотларнинг ваколатхоналари фаолият кўрсатади. Тошкент Сиэтл (АҚШ), Марокаш (Марокаш) сингари хориж шаҳарлари билан биродарлашган. Бу ерда Марказий Осиё давлатлари, МДҲ мамлакатлари бошлиқларининг учрашувлари мунтазам ўтиб туради. Турли халкаро симпозиумлар, сьездлар, семинарлар тез-тез ўтказилади. 1998 йил Тошкент шаҳрида ЮНЕСКО Ижроия қўмитасининг 155 сессияси бўлиб ўтди. Сўнгги йилларда Марказий Осиёда барқарорликни сақлаб туришда ва доимий иқтисодий ўсишни таъминлашда Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотининг аҳамияти катта бўлмокда. Тошкентда фаолият кўрсатиб турган ШҲТнинг Минтақавий антитеррор тузилмаси терроризм, диний экстремизм ва айирмачиликка қарши кураш механизмининг самарали бўғини бўлиб қолди.(3)

2007 йилда таълим, фан ва маданият бўйича Халқаро ислом ташкилоти (ISESCO) Тошкентни ислом маданияти пойтахти, деб эълон қилиши мамлакатимизда ислом маданияти ва маънавий қадриятларни тиклаш ҳамда сақлаш юзасидан амалга оширилаётган ишлар натижаларининг халқаро миқёсдаги яна бир эътирофидир(4).

Ўзбекистон пойтахтида темир йўл вокзаллари, халқаро аэропортлар, автовокзаллар ва автостанциялар мавжуд бўлиб, булардан “И.Каримов” номидаги Тошкент халқаро аэропорти муҳим аҳамиятга эга. Бу ердан дунёнинг кўплаб давлатларига рейслар амалга оширилади.

Пойтахтдан муҳим автомобиль йўллари бошланади. Улар орасида энг йириклари Катта Ўзбекистон тракти ва Тошкент ҳалқа йўлидир. Шаҳар аҳолиси ва пойтахт мехмонларига қатор транспортлар: автобуслар, микроавтобуслар, такси ва метро хизмат қилади. Жамоат транспорти парки асосан жаҳоннинг етакчи компаниялари ишлаб чиқарган йўловчи ташишга мўлжалланган замонавий автомобиллардан ташкил топган. Ўрта Осиёда ягона Тошкент метрополитени учта: «Чилонзор», «Ўзбекистон», «Юнусобод» йўналишларини ташкил этади.

Тошкент Ўрта осиёда аҳолиси сони кўп бўлган шаҳарлар қаторига киради. Маъмурий-ҳудудий бўлиниши бўйича 11 та тумандан иборатбўлиб, умумий майдони 334,8 километр квадратни ташкил этади. Ахоли сони эса 2,4 миллиондан ошади.

Хулоса ўрнида айтиш жоизки, Ўзбекистоннинг сиёсий, иқтисодий, маданий маркази ҳисобланган Тошкент Конституцияда ўзининг ҳуқуқий жиҳатдан аҳамиятини намоён қилган. Пойтахт мақомини Конституцияда мустаҳкамланиши Тошкентнинг маъмурий марказ сифатидаги ўрнини белгилаб беради.


Ж.Ниязов

(1) www.tashkent.uz “Тошкент шаҳар хокимлиги” расмий сайти.

(2) www.tashkent.uz “Тошкент шаҳар хокимлиги” расмий сайти.

(3) www.tashkent.uz “Тошкент шаҳар хокимлиги” расмий сайти.

(4) www.uza.uz “Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги” расмий сайти.

Қизиқарли маълумотлар
Ҳиндистон Конституцияси АҚШ Конституциясидан фарқли ўлароқ дунёдаги энг катта ва мураккаб Конституция ҳисобланади