Оила ва никоҳ тушунчаларининг илмий-фалсафий, ижтимоий-ҳуқуқий талқини

Рустамова Нилуфар Рустамовна Тошкент шаҳар Чилонзор тумани 2-сонли ФҲДЁ мудираси

Янги Ўзбекистон Конституциясининг “Оила, болалар ва ёшлар” деб номланган ХИВ-боби 76-моддасида ифодаланишича: ”Оила жамиятнинг асосий бўғинидир ҳамда у жамият ва давлат муҳофазасидадир” [1]. Ушбу норма мазмун-моҳиятидан англашиладики, оила институти фалсафий-ҳуқуқий, ижтимоий-биологик ва маънавий-аҳлоқий категориядир. Бу дегани, халқимизнинг оилага тааллуқли миллий анъана ва қадриятлари ҳамда оиланинг тўлақонли ривожланиши учун давлат ижтимоий, иқтисодий, ҳуқуқий ва бошқа зарур шарт-шароитларни яратиб беради. Оила билан боғлиқ қоидаларга қиёсий-таҳлилий назар шундан далолат берадики, Янги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, Фуқаролик ва Оила кодекслари, шунингдек бошқа тегишли норматив ҳужжатларимизнинг халқпарварлигига, уларнинг миллий қадриятларимиз ва анъаналаримиз билан уйғунлигига амин бўламиз.

Оила серқирра ва мазмунига кўра кенг қамровли институт ҳисобланиб, ёш авлод таълим-тарбиясида, уларни соғлом, тўлақонли ва ҳар томонлама камол топтириш борасида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар жараёнида муҳим ўрин тутади. Шу боис, оила азалдан жамият ижтимоий-маънавий, қолаверса иқтисодий, маърифий, аҳлоқий, ҳаттоки, сиёсий ҳаётида муҳим аҳамиятга молик бўлган муқаддас маскан сифатида эътироф этилади.

Тарихдан маълумки, давлат билан оила, уларнинг вужудга келиши ва бошқариш механизми ижтимоий-ҳуқуқий тусга эга. Оиланинг юзага келиш асоси сифатида никоҳ - никоҳланувчи тарафларга эр ва хотин мақомини бериш орқали улар зиммасига ҳуқуқ ва мажбуриятлар, жавобгарлик (бурч, вазифа, масъулият) юклашни юридик жиҳатдан расмийлаштириш жараёни ҳисобланади. Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 3-бобида никоҳ, никоҳ тузиш тартиби, унинг ихтиёрийлиги, никоҳ ёши каби ҳуқуқий жиҳатлари тўла-тўкис ёритиб берилган [2]. Айнан никоҳ қайд этилганидан эътиборан оилавий муносабатларни назорат қилиш, муаммоларни ҳал қилиш, назоратга олиш ҳуқуқий жиҳатдан бошқариш давлат зиммасида бўлади. Зеро, ҳар қандай жамият, давлатнинг ижтимоий таназзули оиланинг бузилиши, барбод бўлиши каби иллатлар билан бевосита боғлиқ. Шунинг учун никоҳ муносабатлари, ёлғиз яшовчилар ва оилавий муаммоларни ўрганиш жамият ижтимоий таркибини ижобий ривожланишига хизмат қилади. Бу йўналишда бевосита фаолият олиб бораётган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси, Хотин-қизларнинг жамиятдаги ролини ошириш, гендер тенглик ва оила масалалари бўйича республика комиссияси, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Оила ва хотин-қизлар қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ҳузуридаги Оила ва хотин-қизлар илмий текшириш институти ҳамда маҳаллаларнинг ролини алоҳида қайд этиш жоиз.

Таъкидлаш керакки, ҳар бир оила ўзига хос турмуш тарзига эга бўлиб, турмуш оиланинг кундалик ҳаёти ҳисобланади. Оила ғоят серқирра ва мураккаб ижтимоий-ҳуқуқий иттифоқ. уюшмадир. Унда қувончлар ҳам, ташвишлар ҳам мужассам. Агар оила аъзолари аҳил, ҳамжиҳат, одоб-аҳлоқли, номусли, ўз қадр-қимматини сақлайдиган, саранжом-саришта, тежамкор бўлса, бундай хонадонда турмуш ширин ва мароқли ўтади.

Ўзбек оиласининг ташқаридан сезилмайдиган ўзига хос ички қонун-қоидалари, аҳлоқий мезонлари борки, бунда урф-одатлар ва анъаналар алоҳида ўрин тутади. Жумладан, “урф-одатлар ва анъаналар – тарихан шаклланган ва авлоддан-авлодга ўтиб борадиган, кўпчилик томонидан қабул қилинган ва доимо такрорланиб турадиган ҳатти-ҳаракат, ҳулқ-атвор нормалари ва кўникмаларидир” [3]. Масалан, тонгда барвақт туриш, юз-қўл ювилмасдан саломлашмаслик, аёлларнинг нонушта ҳозирлашлари, қизлар ва келинларнинг ҳовли ва кўча супуришлари каби бир қатор фазилатлар бисёр. Буни устига ўзбек оилалари болажон. Ҳазрати Мухаммад пайғамбаримиз ўз ҳадиси шарифларида марҳамат қилиб айтибдиларки, “мен қиёматда ўз умматларининг кўп бўлиши билан севинишни истайман”.
Ваҳоланки, оилавий муносабатлар мустақил ҳодиса бўлиб, унинг ички ишларига ҳеч ким беҳуда аралашишга ҳақли эмас. Шу сабабли оила муқаддас ва дахлсиз ҳисобланади. Илмий-назарий тилда айтганда, оила ўзига хос муҳитни шакллантирган кичик бир давлатдир. Чунончи, оила жамият ичида, унинг ташқарисида эмас, унинг таркибидадир. Оилавий муносабатлар жамиятдаги мавжуд ижтимоий, иқтисодий ва маънавий-аҳлоқий муносабатлар билан белгиланади ва унинг бевосита ёхуд билвосита таъсири остида шаклланиб ривожланиб боради. Демоқчимизки, айнан жамият ҳаёти, руҳияти оиланинг ижобий ёки салбий жиҳатларига боғлиқ бўлади. Шунга кўра ҳар бир жамият ўзига хос ва мос оила турини танлайди ва бағрида этиштиради.

Жамиятнинг ташкил топишида, унинг давомийлигини таъминлашда оила ижтимоий-демографик манба ҳисобланади. Инсоннинг дунёга келиши, янги авлоднинг пайдо бўлиши, авлодлар алмашинуви асосан оилада содир бўлади. Фарзанд туғилиб, камолга этиб шахс сифатида шакллангунига қадар лозим бўлган барча таълим-тарбия оила муҳитида берилади. Инсоннинг ота-онаси, қариндошлари, қариялар, атроф-муҳит ва табиатга бўлган муносабатлари дастлаб оилада бошланади. Шу билан бирга, оила урф-одатларни авлоддан авлодга этказиш воситаси ҳам ҳисобланади [4].

Оиланинг вужудга келишида унинг юридик факт сифатида эътироф этилганлиги ва жамият ижтимоий ҳаётидаги аҳамияти нуқтаи-назаридан никоҳнинг ҳуқуқий жиҳатларига алоҳида эътибор берилади. Қонунда белгиланишича, никоҳ тузиш ихтиёрий бўлиб, бўлажак эр-хотин ўз розилигини эркин ифода этиш қобилиятига эга бўлиши керак. Демак, зўрлаш, алдаш, адашиш, пўписа қилиш ва бошқа ноқонуний ҳаракатларга йўл қўйилмайди. Акс ҳолда, никоҳнинг ҳақиқий эмаслигига олиб келиши мумкин. Никоҳ муносабатларини ўрнатишга доир асл ички ҳоҳишга таянмаган ироданинг ташқи ифодаси ўзи ҳеч қандай вазиятда никоҳдан ўтишга ҳуқуқий жиҳатдан розилик сифатида қабул қилинмайди.

Никоҳ фақат никоҳ ёшига этган, балоғат ёшига этган шахслар ўртасида тузилиши мумкин. Узрли сабаблар бўлганида, алоҳида ҳолларда никоҳга киришни хоҳловчиларнинг илтимосига кўра никоҳ давлат рўйхатидан ўтказиладиган жойдаги туман, шаҳар ҳокими никоҳ ёшини кўпи билан бир йилга камайтириши мумкин. Никоҳ ёшини камайтириш учун узрли сабабларнинг рўйҳати кодексда келтирилмаган бўлсада, аксарият ҳолларда, бу ҳомиладорлик ёки фарзанднинг туғилиши билан боғлиқдир.

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Оила кодекси 15-моддасига мувофиқ Ўзбекистонда никоҳ ёши эркаклар ва аёлларлар учун ўн саккиз ёш этиб белгиланган. Никоҳдан ўтиш учун ариза топширилаётганда, никоҳдан ўтмоқчи бўлган шахсларнинг ёши белгиланган, уларнинг шахсини тасдиқлайдиган ҳужжати талаб этилади. Аммо, айрим жойларда мазкур шартни бузиб, никоҳларнинг қайд қилиниши ачинарли ҳолдир. Амалдаги қонунчиликка мувофиқ, лоақал биттаси рўйхатга олинган бошқа никохда турган шахслар ўртасида никоҳнинг тузилишига ҳам йўл қўйилмайди. Кўпгина мамлакатларнинг қонунчилиги бир никоҳлик қоидасидан келиб чиқади. Бундай таъқиқнинг келиб чиқиши ҳудуддаги мавжуд диний анъаналар ва маданият билан боғликдир.

Бугунги кунда ислом динига эътиқод этган ва миллий тарихий анъналарга эга, авваллари кўп хотинлиликка йўл қўядиган мамлакатимиз аҳолиси ҳам бир никоҳлик қоидасига бўйсунган. Оммавий ахборот воситаларида бир неча марта мазкур муаммо муҳокама қилинди, қонунчилигига зид бўлган кўп хотинлик ҳақида меъёрий-ҳуқуқий хужжатлар қабул қилиш ҳақида сўз борди, кўп хотинлиликни қонунийлаштириш тарафдорлари пайдо бўлди. Айримлар, ҳаттоки, мазкур таъқиқни жуда фавқулодда вазиятларда, масалан, оилада хотиннинг касаллиги ёки фарзанднинг бўлмаслиги, яъни фарзанд кўрмаган ҳолларда бекор қилиш мумкин деб ҳисоблайди. Мамлакатимизда кўп хотинлиликка оид масала бир пайтлар дарҳақиқат мавжуд бўлганлиги ва у миллий урф-одатлар ҳамда турли динлар билан боғлиқ бўлгани боис унга жуда мулоҳазали ёндашиш лозим.

Насл-насаб шажараси бўйича тўғри туташган қариндошлар ўртасида, туғишган ва ўгай ака-укалар билан опа-сингиллар ўртасида, шунингдек фарзандликка олувчилар билан фарзандликка олинганлар ўртасида ҳам никоҳнинг тузилишига йўл қўйилмайди. Бироқ, бунда фарзандликка олувчилар билан фарзандликка олинганлар ўртасида никоҳ биологик мулоҳазалар эмас, балки ижтимоий алоқалар туфайли таъқиқланади. Фарзандликка олиш ота-оналик каби муносабатларни юзага келтиришни мақсад қилиб қўйган. Шунинг учун фарзандликка олувчилар билан фарзандликка олинганлар ўртасидаги никоҳ аҳлоқий ва ҳуқуқий таъқиқ остида ҳисобланади.

Лоақал биттасининг руҳияти бузилиши (руҳий касаллиги ёки ақли заифлиги) сабабли суд томонидан муомалага лаёқациз деб топилган шахслар ўртасида ҳам никоҳнинг тузилишига рухсат этилмайди. Мазкур таъқиқ тасодифий эмас. Албатта, у бир неча шартлар билан асосланган, улардан бири бундай никоҳда туғилган фарзандлар ҳақида ғамхўрликни назарда тутади. Чунки руҳий касалликнинг насл бўйича ўтиш эҳтимоли жуда каттадир.

Сохта никоҳнинг тузилишига йўл қўйилмайди. Сохта никоҳ деб шахснинг оила қуриш ниятисиз, бирор бир манфаатни ёки ғаразли мақсадни кўзлаб тузган никоҳиги айтилади. Соҳта никоҳ тузувчи эр-хотин доимо маълум бир мақсадни кўзлайдилар. Соҳталик ҳар икки томонлама ёки фақат бир томонлама бўлиши мумкин. Агар эр ҳам хотин ҳам соҳта никоҳ тузиш ниятида бўлса, никоҳни соҳталигини исботлаб бериш жуда қийин. Сохта никоҳни ҳисобли никоҳдан фарқлаш зарур, бундай никоҳни ҳақиқий эмас деб топиш мумкин эмас, уни фақат тугатиш мумкин.

Никоҳланувчи шахслардан бири таносил касаллиги ёки одамнинг иммунитет танқислиги вируси (ОИВ касаллиги) борлигини иккинчисидан яширганда бундай никоҳ ҳам ҳақиқий ҳисобланмайди. Қонун чиқарувчи қайд этилган касалликлар мавжудлиги ҳақида маълум қилишга алоҳида аҳамият беради. Агар никоҳланувчи шахслардан бири бошқасининг касаллиги ҳақида олдиндан хабардор бўлса, бундай никоҳни ҳақиқий эмас деб топиш мумкин эмас.

Eр-хотиннинг кундалик ҳаёти моҳиятини ташкил қилувчи аксарият муносабатлар ҳуқуқ доирасидан ташқарида ётади. Агар сўзсиз никоҳ-оилавий муносабатларга ҳуқуқ воситасида таъсир этиш мумкин бўлмаса, уларга нафақат оилавий, балки бошқа иҳтиёрий ҳуқуқ соҳаси ёрдамида таъсир ўтказиш мумкин эмаслигини тан олиш керак. Шахсий оилавий муносабатларга фақат ихтилоф юзага келгандагина аралашиш ҳуқуқи мавжуд.

Оилада эр ва хотиннинг тенг ҳуқуқлиги шахснинг ҳуқуқий мавқеини белгиловчи конституциявий қоидалардан келиб чиқади. Бунга кўра ҳар бир эркак ва аёл фуқароларнинг бир ҳил ҳуқуқ ва эркинликка эгалиги ҳамда қонун олдида тенглиги; яшаш ва турар жойларини эркин танлашга эгалиги; ўз фаолиятининг турини ва касбини танлашдаги эркинликлари ифодаланган. Эр ва хотин тенг ҳуқуқ ва мажбуриятларга ҳамда ўзаро муносабатларда ва фарзандлари билан бўлган муносабатларида, никоҳ тузиш, никохда бўлиш ва никоҳни бекор қилиниши каби муносабатларда бир ҳил жавобгарликка эгадирлар.

Eр-хотин ўртасидаги шахсий муносабатлар махсус аҳамиятга эга, улар ўз эгалари билан чамбарчас боглиқ ва улардан ажратилмайди. Айнан шахсий муносабатлар никоҳ асосини ташкил қилади ва эр-хотин ўртасидаги бошқа муносабатларга таъсир кўрсатади. Улар эр-хотин муносабатлари тарзини ва хусусиятини белгилайди.
Eр-хотин оилавий турмуш масалаларини биргаликда ҳал қилиш ҳуқуқига эга. Ўзбекистон Республикаси Оила кодекси 19-моддасида “Eр ва хотин оилада тенг ҳуқуқлардан фойдаланадилар ва улар тенг мажбуриятларга эгадирлар” [5] деб белгиланган. Яъни, бундан эр ва хотин болалар тарбияси ва оилавий турмушнинг бошқа масалаларини биргаликда ҳал қиладилар, деган мазмун-маъно келиб чиқади.

Хулоса қилиб айтганда, никоҳ, оила ва оилавий муносабатлар жамият кесимида қаралганда муқаддас ҳисобланиб, жуда мураккаб ва нозик ижтимоий-ҳуқуқий масалалар қаторидан ҳақли равишда жой олади.

Фойдаланилган адабиётлар:
1. Ўзбекистон Республикаси Конституцияси. Расмий нашр. – Тошкент: “Ўзбекистон” нашриёти, 2023. -Б. 43.
2. Ўзбекистон Республикасининг Оила кодекси: Расмий нашр - - Тошкент.: “Адолат”, 2021. –Б. 8-10.
3. Миллий иститқлол ғояси: асосий тушунчалар, тамойиллар ва атамалар (қисқа изоҳли луғат). Тошкент: Янги аср авлоди. 2002. -Б. 149.
4. Рўзиева Н. Ёшлар тарбиясида ўзбек оилалари урф-одатларининг ўрни // “Баркамол авлод тарбиясининг маънавий-аҳлоқий, ҳуқуқий, экологик, валеологик, акмеологик ва иқтисодий масалалари” Республика илмий-амалий конференция материаллари. -Тошкент: Фалсафа ва ҳуқуқ институти. 2010. -Б. 318.
5. Ўзбекистон Республикасининг Оила кодекси: Расмий нашр - - Тошкент.: “Адолат”, 2021. –Б. 10.

Қизиқарли маълумотлар
Ҳиндистон Конституцияси АҚШ Конституциясидан фарқли ўлароқ дунёдаги энг катта ва мураккаб Конституция ҳисобланади