Одил судловни амалга оширишнинг конституциявий асослари

1992 йил 8 декабрда қабул қилинган мамлакатимиз Конституцияси мустқилликнинг ўтган йигирма тўрт йиллик тарихий даврида амалга оширилган демократик, либерал ва инсонпарвар ислоҳотларнинг ҳамда уларнинг қонунчилик асосларини яратишнинг маёғи ва бош ҳуқуқий асоси, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилишнинг кафолати бўлиб хизмат қилмоқда.

Демократик ҳуқуқий давлатнинг муҳим таркибий қисми бўлган суд-ҳуқуқ тизимини чуқур ислоҳ этиш ва инсон ҳуқуқларини таъминлаш давлат сиёсатининг устувор йўналиши сифатида белгиланиб, унинг қонунчилик асослари ҳам Конституциямиз тамойиллари ва қоидалари асосида тубдан қайта кўриб чиқилиб, ижтимоий адолат ва қонунийлик принципи, инсонпарварлик ғояларига таянган ҳолда ишлаб чиқилди.

Шу ўринда мамлакатимизда амалга оширилган ва бугун янада жадал давом этаётган пухта ўйланган, режали ва одилона ҳуқуқий сиёсат натижасида Конституцияда белгиланган суд-ҳуқуқ тизимига, инсон ҳуқуқ ва эркинликларига оид нормаларнинг алоҳида қонун ҳужжатларида мустаҳкамлаш орқали ривожланаётганлиги ҳамда амалиётда самарали қўлланилаётганлиги хусусида тўхталиб ўтсак.

Конституциямизда суд алоҳида ҳокимият, суд ҳокимияти қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимиятлардан, сиёсий партиялардан, бошқа жамоат бирлашмаларидан мустақил ҳолда иш юритади, судьялар мустақилдирлар, улар фақат қонунга бўйсунадилар, судьяларнинг одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолиятига бирон-бир тарзда аралашишга йўл қўйилмайди. Ҳар бир шахсга ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат органлари, мансабдор шахслар, жамоат бирлашмаларининг ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқи кафолатланади, деб қатъий белгилаб қўйилди.

Мазкур конституциявий нормалар мазмунига мувофиқ суднинг мустақиллигини таъминлаш, уни инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя этишга хизмат қиладиган том маьнодаги мустақил давлат институтига айлантиришга қаратилган кенг кўламли ташкилий-ҳуқуқий чора-тадбирлар амалга оширилди. Жумладан, суд тизими бутунлай ижро этувчи ҳокимият органларининг назорати ва таъсири остидан чиқарилди. Судларнинг ваколатлари изчил кенгайтирилиб, айни пайтда ўзига хос бўлмаган вазифалардан озод этилди, жумалдан судлар жиноят ишини қўзғатиш, жиноят иши бўйича айблов хулосаларини эълон қилиш ваколатларидан соқит қилинди. Дастлабки тергов устидан суд назорати кучайтирилиб, прокуратура органларининг суд жараёнига аралашувини жиддий чеклаш бўйича қонунчилик нормаларига зарур ўзгартишлар киритилди.

Судларда ишларни кўриб чиқишнинг қатъий муддатлари белгиланди, кассация ва назорат инстанциялари ислоҳ қилинди, ишларни қайта кўриб чиқишнинг апелляция тартиби жорий этилди. Мазкур тартиб биринчи инстанция судлари томонидан йўл қўйилган ҳатоларни ўз вақтида тузатиш, суд фаолиятида сансалорликка йўл қўймасликнинг муҳим кафолатига айланди.

Шунингдек, жиноят ва фуқаролик ишларини малакали асосда кўриб чиқиш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини тўла ва ҳар томонлама ҳимоя қилиш бўйича фаолияти самарадорлигини ошириш мақсадида умумий юрисдикция судларининг ихтисослашуви амалга оширилди, фуқаролик ва жиноят ишлари бўйича судлар тузилди. Шунингдек Ўзбекистон Республикаси Олий суди фуқаролик, жиноий, иқтисодий ва маъмурий суд ишларини юритиш соҳасида суд ҳокимиятининг олий органи этиб белгиланди.

Амнистия актини қўллаш тўлалигича судлар ваколатига ўтказилди. Шу ўринда амнистия акти ҳамма давлатларда ҳам қабул қилинмаслигига ёки айрим давлатларда 10 ёки 20 йилда бир марта қабул қилинишига ёҳуд амнистия актининг фақат маълум тоифа шахсларгагина нисбатан қўлланилишини эътиборга олсак, мамлакатимизда нақадар инсонпарвар сиёсат амалга ошираётганлигини кўришимиз мумкин.

Суд тизимини малакали, етук кадрлар билан таъминлашда судьялик лавозимига кадрларни танлаш ва тавсия этиш бўйича замонавий демократик тамойилларга асосланган ҳуқуқий механизми яратилди, яъни мустақил Судьялар олий кенгаши ташкил этилиб, ушбу соҳадаги ваколатларни амалга ошириш унга юклатилди.

Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, Конституцияда белгиланган суд-ҳуқуқ тизимига оид қоидалар алоҳида қонун ҳужжатларида йилдан-йилга инсон ҳуқуқлари устуворлиги тамойилининг бош омил эканлигидан келиб чиқиб ривожланмоқда.

Энг муҳими мустақил Ўзбекистон Конституцияси мамлакатимизда суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ этиш ҳамда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш билан боғлиқ ислоҳотлар маёғи, уларнинг қонунчилик асосларини яратиш ва такомиллаштиришнинг бошланғич нуқтаси ва асоси бўлиб ҳизмат қилмоқда.

М.Бобожонов

Қизиқарли маълумотлар
Бразилия Федератив Республикасининг конституциясида "Ҳиндулар тўғрисида" деб номланган махсус боб (VII боб) мавжуд бўлиб, ушбу боб Бразилияда яшаб келган туб аҳолига тақдим этилган алоҳида устунлик ва имтиёзларга бағишланган.