Конституциямизда мулкдорларга ерни, мулкни эркин тасарруф этиш ҳуқуқи берилган

Ҳуқуқ ва эркинликларимиз ўз ифодасини топган Конституциямизнинг бир неча моддасида ҳар бир шахснинг мулкдор бўлишга ҳақлилиги, хусусий мулк бошқа мулк шакллари каби дахлсиз ва давлат ҳимоясида экани, мулкдор мулкига ўз хоҳишича эгалик қилиши, ундан фойдаланиши ва уни тасарруф этиши белгилаб қўйилган.

Сурхондарё вилоятида ҳам Бош қомусимизда мустаҳкамлаб қўйилган ушбу ҳуқуқлардан кенг фойдаланётган фермерлар ерга, мулкка эгалик қилиб, юрт ободлиги, аҳоли фаровонлиги ва дастурхонимиз тўкинлигини таъминлашга муносиб ҳисса қўшмоқда.

Вилоятда 9 минг 346 фермер хўжалиги фаолият юритиб, пахта, бошоқли дон, узум, полиз ва мева-сабзавот маҳсулотлари етиштирмоқда, чорва парваришлаётир. Балиқчилик, асаларичилик, қуёнчилик каби тармоқларда ҳам фермерлар юқори натижаларга эришмоқда.

Шўрчи туманидаги “Жўраева Ойсултон” боғдорчилик фермер хўжалиги ташкил этилганига ўн йилдан ошди. Уч гектар майдонда мева етиштирган тажрибали фермер боғдаги кўп йиллик мевали дарахтлар ўрнига олча, олма, нок, ўрик каби серҳосил дарахт кўчатлари қадаб, парвариш қилмоқда.

– Конституциямизда мулкдорларга ерни, мулкни эркин тасарруф этиш ҳуқуқи берилгани ютуқларимиз омили бўлаётир, – дейди О.Жўраева. – Биз ҳосилдорликни янада ошириш мақсадида боғимизни турли мевали дарахт кўчатлари билан бойитдик. Кейинги йилдан боғимиз ҳосилга киради. Етиштирилган меванинг бир қисмини аҳолига арзон нархларда сотамиз. Бозордан ортган қисмини экспорт қиламиз. Келгусида интенсив боғ барпо этиш ва мевани қайта ишлашни йўлга қўйишни режалаштирганмиз.

Мамлакатимизда фермерларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари ишончли ҳимоя қилинаётгани кўп тармоқли фермер хўжаликлари сафи кенгайишига хизмат қилмоқда.

– Вилоятда кўп тармоқли фермер хўжаликлари сони 2 минг 100 тага етди, – дейди вилоят фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раиси Ш.Бойқулов. – Бош қомусимиз ва Ўзбекистон Республикасининг “Фермер хўжаликлари тўғрисида”ги қонунида белгилаб қўйилган ҳуқуқлар уларнинг турли тармоқларни йўлга қўйишида муҳим аҳамият касб этаётир. Жумладан, фермерлар қишлоқда замонавий, ихчам корхоналар барпо этиб, гўшт-сут маҳсулотларини қайта ишламоқда. Аҳолига сервис ва бошқа хизматлар кўрсатмоқда. Интенсив боғ яратиб, дастурхонимизни сархил мевалар билан таъминламоқда. Балиқчилик, паррандачилик, қуёнчилик ва асаларичилик каби тармоқлар ҳам ривожланаётир. Ўз ҳудудидаги аҳоли, айниқса, хотин-қизлар ва ёшлар бандлигини таъминлаб, уларнинг муносиб турмуш кечиришига кўмаклашмоқда. Маҳсулотининг бир қисмини экспорт қилмоқда. Буларнинг барчаси ер эгаларининг ҳуқуқ ва манфаатлари таъминланаётгани ҳамда мамлакатимизда фермер хўжаликларини қишлоқда етакчи кучга айлантириш борасида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар самарасидир.


Холмўмин Маматрайимов, ЎзА

Қизиқарли маълумотлар
Буюк Британия ва Шимолий Ирландия Бирлашган Қироллиги давлатининг конситуцияси 300га яқин қонун ҳужжатларидан иборатдир, яъни бу давлатда ягона конституция ҳужжати мавжуд эмас.