Инсон ҳуқуқларини таъминлаш — бош мақсадимиз

Мустақил демократик йўлдан дадил одимлаётган Ўзбекистоннинг энг улуғ мақсади, аввало, халқимиз манфаатлари кўзланган ислоҳотларни амалга оширишга қаратилгани билан эътиборлидир. Бу жиҳатлар Конституциямизда ҳам мустаҳкамлаб қўйилган. Жумладан, Бош Қомусимизнинг II боб 13 моддасида “Ўзбекистон Республикасида демократия умуминсоний принципларга асосланади, уларга кўра инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланади.

Демократик ҳуқуқ ва эркинликлар Конституция ва Қонунлар билан ҳимоя қилинади” дейилган.

Юртимизда инсон ҳуқуқ ва эркинлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишларга ҳамоҳанг тарзда фаолият юритаётган Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ҳам шу каби эзгу ишларни амалга оширишга камарбасталик қилмоқда. Жорий йил 31 октябрь куни Марказ ташкил этилганлигига 18 йил тўлади. Ўтган давр мобайнида мазкур Марказ ўз олдидаги ўта долзарб саналган миллий ҳаракат режасини тузиш, Конституциямиз, қонунлар ва инсон ҳуқуқлари соҳасидаги умумеътироф этилган халқаро ҳуқуқ меъёрлари қоидаларини амалга ошириш стратегиясини ишлаб чиқиш, инсон ҳуқуқлари соҳасида Ўзбекистон Республикасининг халқаро ва миллий ташкилотлар билан ҳамкорлигини ривожлантириш, мамлакатимизда инсон ҳуқуқларига риоя этилиши ва бу ҳуқуқларнинг муҳофаза қилиниши юзасидан миллий маърузалар тайёрлаш, давлат ҳокимияти ва бошқарув органларига, шунингдек, инсон ҳуқуқлари бўйича жамоат бирлашмаларига маслаҳатлар бериш, инсон ҳуқуқларини рағбатлантириш ва муҳофаза қилишнинг турли жиҳатлари юзасидан тадқиқотлар ўтказиш каби вазифаларни муваффақиятли адо этиб келмоқда.

Чу муносабат билан Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори, юридик фанлари доктори, профессор Акмал Саидов “Туркистон-пресс” НАА мухбирига қуйидагиларни сўзлаб берди.

— Аввало, шуни қайд этишни истардимки, юртимиз мустақилликка эришгандан сўнг ҳар бир соҳада туб ислоҳотлар жараёни бошланди, — дейди Акмал Саидов. — Айниқса, инсон ҳуқуқларини таъминлаш борасида 1948 йил 10 декабрда қабул қилинган Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг Ўзбекистон парламенти томонидан тасдиқланганлиги истиқлолнинг илк йилларида қабул қилинган муҳим халқаро ҳуқуқий ҳужжат бўлди.

Ўзбекистонда қисқа тарихий муддат ичида миллий давлатчиликни шакллантиришнинг ҳуқуқий асослари яратилди. Мамлакатимиз барча ривожланган ҳуқуқий давлатлардаги каби уч ҳокимиятга, яъни қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимиятига тақсимланди. Халқ фаровонлиги йўлида кучли ҳуқуқий давлатдан фуқаролик жамияти сари илдам қадам қўйиш мақсадида эркин бозор муносабатларига асосланган кучли иқтисодиёт барпо этилди. Чу тариқа, юртимиз халқаро ҳуқуқнинг тўлақонли ва тенг ҳуқуқли субъектига айланди. Албатта, буларнинг барчасига Президентимиз Ислом Каримовнинг жонкуярлиги, ташаббускорлиги ва раҳнамолиги эвазига эришилди.

Инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини муҳофаза қилишнинг таъсирли воситасини барпо этиш, халқаро ташкилотлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликни кенгайтириш, давлат муассасалари ходимлари ва аҳолининг инсон ҳуқуқлари бўйича маданиятини ошириш мақсадида БМТнинг Инсон ҳуқуқлари ва бошқарув тизимини демократиялашни қўллаб-қувватлаш дастурига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1996 йил 31 октябрдаги Фармони билан Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази тузилди. Фармонда Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказнинг мақсад ва асосий вазифалари аниқ белгилаб қўйилди.

1996 йил 13 ноябрдаги “Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази фаолиятини ташкил этиш масалалари тўғрисида”ги Вазирлар Маҳкамасининг қарори Миллий марказ фаолиятининг ташкилий-ҳуқуқий асоси ҳисобланади. Ушбу қарор орқали Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази тўғрисидаги Низом ва Миллий марказ тузилмаси тасдиқланган.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази давлатга қарашли идоралараро таҳлил, тушунтириш ва мувофиқлаштириш органи ҳисобланади. Яъни, мазкур орган инсон ҳуқуқлари соҳасида давлат бошқарув органлари фаолиятини мувофиқлаштиради, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ишлар миллий режасини ишлаб чиқади, Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари бўйича миллий маърузаларини тайёрлайди, давлат хизматчилари учун эса инсон ҳуқуқлари муҳофазаси соҳасида ахборот базасини яратади, уларни ўқитади, маслаҳатлар беради, ташвиқот ишларини олиб боради. Чундан келиб чиқиб айтиш мумкинки, Марказнинг асосий мақсади бу устувор вазифаларни ҳар томонлама ҳал этиш йўли билан Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Миллий фаолият дастурини, ҳуқуқ ва эркинликларни ҳимоя этишнинг кўп жиҳатли тизимини ишлаб чиқиш ва ҳаётга татбиқ этишдан иборат.

Чу ўринда, Миллий марказнинг халқаро ҳамкорлигига ҳам тўхталиб ўтиш жоиз. Хусусан, БМТнинг Ўзбекистондаги Тараққиёт Дастури, ЭХҲТнинг Ўзбекистондаги Лойиҳалар Координатори, Халқаро меҳнат ташкилоти, Ўзбекистондаги Эвропа Иттифоқи делегацияси, ЮНЕСКО, ЮНИСЕФ, Хорижий мамлакатларнинг мамлакатимиздаги элчихоналари, қатор халқаро жамғармаларнинг ваколатхоналари билан самарали ҳамкорлик ўрнатилган. Халқаро шериклар билан ҳамкорликда республикамизда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини янада мустаҳкамлаш, ҳимоя қилиш ва рағбатлантиришга йўналтирилган турли лойиҳалар амалга оширилади.

Ҳозирда Марказнинг Ахборот-ҳуқуқ бўлими ҳузурида Марказий Осиёда ягона ихтисослаштирилган Инсон ҳуқуқлари бўйича оммавий кутубхона фаолият юритади. Мазкур кутубхона ўзбек ва хорижий тилларда нашр этилган китоблар, журналлар ва бошқа адабиётлардан иборат бўлиб, 5 мингдан зиёд номдаги инсон ҳуқуқларига доир китоб фондига эга. Марказ томонидан инсон ҳуқуқлари бўйича 150 дан зиёд тўпламлар, китоблар ва бошқа адабиётлар давлат тилида кўп минг ададда чоп этилди.

Ўзбекистонда Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтларнинг шаклланиши мамлакатни ислоҳ қилиш ва модернизациялаш жараёнлари доирасида давлат ва жамиятнинг барча соҳаларида демократик ислоҳотлар ўтказиш амалга оширилди. Жумладан, давлатимиз раҳбарининг 2008 йил 1 майдаги “Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганлигининг 60 йиллигига бағишланган тадбирлар дастури тўғрисида”ги Фармони Ўзбекистонда Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтларнинг ҳуқуқий мақомини мустаҳкамлаш йўлида яна бир муҳим қадам бўлди, дейиш мумкин. Президентимиз Фармонида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизимини ташкилий-ҳуқуқий жиҳатдан янада такомиллаштириш, шунингдек, инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, моддий-техникавий базани мустаҳкамлаш, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ва бошқа миллий институтлар бўлинмаларининг самарали ишлаши учун зарур бўлган шароитларни яратиш бўйича комплекс чора-тадбирларни қабул қилиш кўзда тутилган.

Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар фаолиятини қўллаб-қувватлаш тўғрисида қабул қилинган меъёрий ҳужжатлар, халқаро стандартларга мувофиқлаштириш мақсадларида миллий институтларнинг қонунчилик асосларини такомиллаштириш Ўзбекистоннинг демократик ўзгаришларга содиқлигини яна бир карра намойиш қилмокда.

Айни пайтда мамлакатимизда фаолият олиб бораётган инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлардан Олий Мажлис Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман), Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Амалдаги қонунчилик мониторинги институти ҳамда Миллий марказимиз зиммасидаги вазифаларни тўлақонли бажариш йўлида хизмат қилиб келмоқда. Бу ташкилотларнинг ҳаракати, изланишлари ўлароқ, юртимизда инсон ҳуқуқлари муҳофазаси йўлида мустаҳкам қонунчилик тизими барпо этилди. Истиқлол йилларида инсоннинг асосий ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашга доир конституциявий қонунлар, кодекслар ва бошқа қонунлар қабул қилиниб, ҳаётга татбиқ этилмоқда. “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги, “Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикасида ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисида”ги, “Нодавлат нотижорат ташкилотлар фаолиятининг кафолатлари тўғрисида”ги, “Хайрия тўғрисида”ги ва бошқа қонунларнинг қабул қилиниши инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштиришга замин бўлмоқда.

Айни пайтда мамлакатимизда инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг ҳуқуқий асослари яратилиши ва унинг амалда қўлланиши ҳамда кафолатланишини кузатувчи механизмлардан юқорида тилга олиб ўтилган институтлар билан бир қаторда Олий суд ҳузуридаги Суд қонунчилигини демократлаштириш ва либераллаштириш ҳамда суд тизими мустақиллигини таъминлаш бўйича тадқиқот маркази ва Адлия вазирлиги, Бош прокуратура, Ички ишлар вазирлигида инсон ҳуқуқлари бўйича бўлинмалар ва бошқармалар самарали фаолият юритмоқда.

Ўзбекистонда халқаро ҳуқуқнинг умумеътироф этилган принцип ва нормалари устунлиги конституциявий асосда эътироф этилади. Бугунги кунда мамлакатимиз инсон ҳуқуқлари бўйича 70 дан зиёд халқаро ҳужжатлар, хусусан, БМТ томонидан инсон ҳуқуқлари бўйича қабул қилинган 10 та мажбурий халқаро шартномаларни ратификация қилиб, ўзининг халқаро мажбуриятларини мунтазам равишда бажариб келмоқда.

Бу йил “Соғлом бола йили” Давлат дастури ижросини таъминлаш борасида ҳам бир қанча йирик тадбирлар амалга оширилди. Жумладан, жорий йилнинг июль ойида Миллий марказ ва ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ҳамкорлигида давлат органлари фаолиятида болалар манфаатларини таъминлаш, “Соғлом бола йили” Давлат дастурининг бажарилиши самараларига бағишланган семинар ташкил этилди. Чунингдек, октябрь ойи бошида Адлия вазирлиги қошидаги Юристлар малакасини ошириш маркази ва Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети ўқитувчи ва талабалари билан ҳамкорликда учрашув бўлиб ўтди.

Албатта, ишимизнинг асосий қисми фуқаролардан бўладиган мурожаатларни қабул қилиш ва уларни ижобий ҳал этишга қаратилган. Чу маънода Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказининг асосий фаолият йўналишлари ва унинг тузилмаси ҳақида тўхталадиган бўлсак, қуйидаги рақамларга эътиборингизни қаратмоқчиман: биргина Жамоатчилик билан алоқалар бўлимининг ўзига фуқаролар жорий йилнинг ўтган 9 ойи мобайнида сиёсий, ижтимоий-иқтисодий, шахсий ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишга қаратилган 1452 ҳолат бўйича ариза, шикоят ва таклифлардан иборат мурожаатларини билдиришган. Айни кунда 192 та ҳолат бўйича тегишли ҳуқуқий маслаҳат берилди, 117 та ҳолат бўйича эса ҳуқуқларни амалга ошишига бошқа органлар билан ҳамкорлик қилинди, 92 та ҳолат бўйича бузилган ҳуқуқлар тикланди. Чу билан бирга, Марказимизга телефон орқали бўлган кўплаб мурожаатларга ҳуқуқий маслаҳат ҳам бериб борилади.

Бир сўз билан айтганда, Ўзбекистоннинг демократик ўзгаришларга содиқлигини намойиш қилиш, юртимизда кечаётган улкан ўзгаришлар ва янгиланишлар даврида аввало инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва рағбатлантириш бирламчи вазифалардан саналади. Бунда жамиятимизда мавжуд миллий институтлар ичида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказининг ўрни беқиёсдир.



манба: “Туркистон-пресс”

Қизиқарли маълумотлар
Ҳиндистон Конституцияси АҚШ Конституциясидан фарқли ўлароқ дунёдаги энг катта ва мураккаб Конституция ҳисобланади