Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси маъмурий суд ишларини юритишнинг манбаи сифатида

Ўзбекистон эркин бозор иқтисодиёти ва кучли ижтимоий ҳимоялаш тизимига асосланган демократик ҳуқуқий давлат, адолатли фуқаролик жамиятини барпо этиш йўлидан дадил бормоқда. Ўзбекистон Республика-сининг Конституцияси ушбу мақсадлар йўлида муҳим ҳуқуқий замин, жамиятимизда барқарорлик, шунингдек инсон ҳуқуқлари ва эркинликларининг кафолати бўлиб хизмат қилмоқда.

Конституцияда мустаҳкамлаб қўйилган инсон ҳуқуқлари ва эркинлик-ларини таъминлашда, жамиятда қонунийлик ва ҳуқуқ-тартиботни мустаҳкам-лашда ҳамда фуқаролар ўртасида тинчлик ва миллий тотувликни таъминлашга кўмаклашишда, фуқароларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтиришда, қолаверса, қонун ҳужжатларини амалиётда қўллаш самарадорлигини ошириш ва такомиллаштиришда суд ҳокимияти алоҳида ўрин тутади. Шунинг учун ҳам жамиятда суд органларининг нуфузини ошириш, судьяларнинг чинакам мустақиллигини ва фақат қонунларга асосланиб иш юритишини таъминлаш мамлакатимизда ҳуқуқий демократик давлат ва кучли фуқаролик жамиятини қуришдаги муҳим шартлардан бири ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан илгари сурилган Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича ҳаракатлар стратегиясида маъмурий судларни ташкил этишнинг назарда тутилиши ҳам айнан инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи судларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш, судда ишларни кўриш ва ҳал этишнинг сифатини ошириш, пировардида фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтиришни назарда тутади.

Мамлакатимизда маъмурий судларнинг ташкил этилиши Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 110-моддаси биринчи қисмида назарда тутилган Ўзбекистон Республикаси Олий суди фуқаролик, жиноий, иқтисодий ва маъмурий суд ишларини юритиш соҳасида суд ҳокимиятининг олий органи ҳисобланиши билан боғлиқ конституциявий норманинг амалга оширилишини ҳам таъминлайди.

Маълумки, ихтисослашган судлар судга тааллуқли ишларни ўз вақтида, сифатли кўриш ва ҳал этиш, одил судловнинг самарадорлигини оширишдаги муҳим омиллардан биридир.

Ўз навбатида мамлакатимизда маъмурий судларни ташкил этиш зарурати қуйидаги омиллар билан ҳам белгиланади:

жиноят қонунчилиги тобора либераллаштирилиб, айрим қонунбузарлик учун белгиланадиган жазо чоралари босқичма-босқич жиноий юрисдикциядан маъмурий юрисдикцияга ўтказилиши;

судларда кўрилаётган фуқаролик, иқтисодий ва жиноят ишларига қараганда маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларнинг кўпчиликни ташкил этиши;

фуқароларнинг давлат бошқарувига оид ҳуқуқлари ва қонуний манфаат-ларини суд тартибида ҳимоя қилишнинг самарали тизимини яратиш зарурати;

давлат бошқарув органлари, улар мансабдор шахслари фаолиятида қонунийликни мустаҳкамлаш, бу соҳада суд назоратини такомиллаштиришнинг талаб этилаётгани.

Маълумки, Конституциямизнинг 44-моддасига кўра, ҳар бир шахсга ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат органлари, мансаб-дор шахслар, жамоат бирлашмаларининг ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқи кафолатланган. Ўз навбатида мамлакати-мизда маъмурий судларнинг ташкил этилиши асосий қонунимизда мустаҳ-камланган ушбу ҳуқуқларни самарали амалга оширилишини таъминлашга ҳам хизмат қилади.

Ҳаракатлар стратегияси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 21 февралдаги “Ўзбекистон Республикаси суд тизими тузилмасини тубдан такомиллаштириш ва фаолияти самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонининг ижросини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган ва жорий йилнинг 13 апрелида матбуотда эълон қилинган “Судлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига, Ўзбекистон Республика-сининг Фуқаролик процессуал ва Хўжалик процессуал кодексларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 4-моддасида Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекси лойиҳасини 2017 йил 1 сентябргача бўлган муддатда тайёрлаш ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига киритиш назарда тутилди. Бу эса оммавий-ҳуқуқий муносабатлар-дан келиб чиқадиган ҳамда маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни маъмурий судлар томонидан кўриш ҳамда ҳал этиш тартибини назарда тутувчи махсус процессуал қонунчиликнинг қабул қилинишига муҳим туртки бўлди. Мазкур Қонун билан янги таҳрирдаги Фуқаролик процессуал кодексининг ҳамда янги Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексларнинг қабул қилиниши билан оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишларни судда кўриш тартибига оид нормалар Фуқаролик процессуал кодексидан чиқарилиб, янада такомиллаштирилган ҳолатда Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексдан ўрин олади.

Ҳозирги кунда мазкур Кодекс лойиҳаси қизғин муҳокама қилинмоқда, мутахассислар томонидан миллий процессуал қонунчилик ва ривожланган хорижий давлатларнинг бу борадаги қонунчилик тажрибаси чуқур таҳлил қилинмоқда. Дарҳақиқат, таҳлиллар маъмурий ҳуқуқ соҳаси ривожланган кўплаб хорижий давлатларда маъмурий суд ишлари юритиш тўғрисидаги кодекс (маъмурий процессуал кодекс) амал қилишини кўрсатмоқда.

Бинобарин, мамлакатимиз Конституциясида фуқаролик, жиноий ва иқтисодий суд ишларини юритиш билан бир қаторда маъмурий суд ишларини юритиш алоҳида соҳага ажратилганлиги, қолаверса, маъмурий процесс бошқа суд ишларини юритишда ўзига хос бўлган жиҳатлари билан алоҳида ажралиб туриши Маъмурий суд ишлари юритиш тўғрисидаги кодексни қабул қилинишини тақозо этади. Судда маъмурий ишларни юритишнинг фуқаролик процессидан ажратиб турадиган муҳим жиҳати - унда бир тарафда албатта мансабдор шахс (давлат бошқаруви органи) қатнашишидир. Фуқаролик-процессуал муносабатларда эса ҳар иккала томонда ҳам ўз манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадини кўзловчи фуқаролар-мулкдорлар иштирок этиши мумкин. Маъмурий суд ишларини юритишда мансабдор шахслар хусусий шахс сифатида эмас, балки ўзи фаолият кўрсатаётган идора, ташкилотнинг вакили сифатида иштирок этади. Шикоятчи низолашаётган хатти-ҳаракат ҳам ушбу шахс томонидан ўз хизмат вазифасини бажаришга қаратилган хатти-ҳаракат сифатида талқин этилади. Бир сўз билан айтганда, маъмурий суд ишларини юритиш ўзида бир тарафда фуқаро, иккинчи тарафда эса мансабдор шахс (ижро ҳокимияти органи) ўртасидаги маъмурий-ҳуқуқий низоларни ҳал этишнинг махсус процессуал тартибини белгилайди.

Судда маъмурий процесс давлат бошқаруви соҳасида одил судловни амалга оширишнинг муҳим усули ва воситаси сифатида намоён бўлади.

Таъкидлаш жоизки, мамлакатимиз Конституцияси ишлаб чиқилаётган Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексининг асосий манбаи бўлиб хизмат қилади. Бинобарин, Асосий қонунимизда мустаҳкамлаб қўйилган суд ишларии юритишнинг муҳим конституциявий принциплари, яъни судья-ларнинг мустақил эканлиги ва фақат қонунга бўйсуниши, Судьяларнинг одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолиятига бирон-бир тарзда аралашишга йўл қўйилмаслиги ва бундай аралашиш қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлиши, ҳамма судларда ишлар очиқ кўрилиши, суд ҳокимияти чиқарган ҳужжатлар барча давлат органлари, жамоат бирлашмалари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, мансабдор шахслар ва фуқаролар учун мажбурий эканлиги, Ўзбекистон Республикасида суд ишларини юритиш ўзбек тилида, қорақалпоқ тилида ёки муайян жойдаги кўпчилик аҳоли сўзлашадиган тилда олиб борилиши, суд ишлари олиб борилаётган тилни билмайдиган судда қатнашувчи шахсларнинг таржимон орқали иш материаллари билан тўла танишиш ва суд ишларида иштирок этиш ҳуқуқи ҳамда судда она тилида сўзлаш ҳуқуқи таъминланиши, ҳимояланиш ҳуқуқи билан таъминланиш ва суд ишини юритишнинг ҳар қандай босқичида малакали юридик ёрдам олиш ҳуқуқининг кафолатланиши каби принциплар Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексида ҳам ўз ифодасини топиши лозим.

Юқоридаги конституциявий принципларнинг мазкур Кодексда ўз ифодасини топиши маъмурий судларда фуқаро ёки тадбиркорнинг давлат органи билан ўзаро тортишиш имкониятига эга бўлишини кафолатлайди.

Хулоса ўрнида, шуни таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Конституциясида мустаҳкамлаб қўйилган инсон ҳуқуқ ва эркинликларини судлар томонидан самарали тарзда ҳимоя қилинишини таъминлашда, ишларни ихтисослашган маъмурий судлар томонидан тўғри ва ўз вақтида ҳимоя қилинишини таъминлашда қабул қилинажак Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекс муҳим ўрин тутади. Маъмурий одил судловни амалга оширишнинг муҳим кафолати сифатида мазкур Кодекснинг қабул қилиниши фуқароларнинг оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини суд тартибида ҳимоя қилишнинг самарали тизимини яратиш, тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини суд орқали ишончли ҳимоя қилиниши таъминлашга ҳамда давлат бошқаруви органларининг фуқаролар ва ташкилотларга дахлдор бўлган хатти-ҳаракатлари (қарорлари)нинг қонунийлиги устидан суд назоратини амалга оширишга хизмат қилади.


М.М.МАМАСИДДИҚОВ,

юридик фанлар доктори, профессор

Қизиқарли маълумотлар
Гарчи Япония Конституциясининг 9-моддасига биноан, Япония келажакда уруш олиб бориш ҳуқуқидан ҳамда қуруқлик, денгиз ва ҳаво ҳарбий кучлар тузиш ҳуқуқидан абадий вос кечган бўлсада, бугунги кунда Япония ҳарбий ҳаражатлари бўйича дунёда 5-ўринда туради ($ 58, 97 млрд).