Давлат хизмати, очиқлик ва қонун устуворлиги: Конституция асосида коррупцияга қарши курашнинг миллий модели

Ўзбекистон Республикасининг Янгиланган Конституцияси мамлакатда ҳуқуқ устуворлиги, давлат хизматининг шаффофлиги ва жамият олдида ҳисобдорликни таъминлашга қаратилган коррупцияга қарши миллий сиёсатнинг энг муҳим ҳуқуқий негизи ҳисобланади. Конституцияда ифода этилган демократия, очиқлик, адолат ва қонунийлик тамойиллари коррупцияга қарши курашнинг концептуал ва институционал пойдеворини белгилаб беради.

Ўзбекистон Республикасининг Янги таҳрирдаги Конституцияси давлат хизмати, очиқлик ва қонун устуворлиги каби тамойилларни мустаҳкамлайди. Муқаддимада «инсонпарвар демократик давлатни, очиқ ва адолатли жамиятни барпо этиш» назарда тутилган. Конституциянинг 2-моддасида «Давлат халқ иродасини ифода этган ҳолда унинг манфаатларига хизмат қилади» дейилади, бу давлатнинг аҳоли манфаатига хизмат қилиш ва жамият олдида масъулиятли эканини таъкидлайди. Шунингдек, 14-моддада давлатнинг фаолияти қонунийлик ва ижтимоий адолат принципларига асосланганлиги қайд этилган. Конституциянинг 15-моддаси қонун ва конституциянинг олий ҳуқуқий кучга эга эканлиги белгиланган бўлса, 16-модда эса қонун нормаларининг конституцияга зид бўлмаслиги шарт қиларади.


Конституцияда биринчи марта очиқлик ва ҳисобдорлик принциплари алоҳида устувор йўналиш сифатида ҳуқуқий мустаҳкамланди. Давлат бюджети очиқлиги, ижро ҳокимияти фаолиятида шаффофлик ва коррупцияга қарши чоралар кўриш мажбурияти конституциявий даражада белгилаб қўйилиши – коррупцияни бартараф этишда ҳуқуқий кафолатларнининг янги босқичига қадам қўйилганини англатади.давлат бюджетини шакллантириш «очиқлик ва шаффофлик принциплари асосида» амалга оширилиши, давлат органларинингдек халқ олдида ҳисобдорлиги, ижро ҳокимияти фаолиятида очиқлик ва коррупцияга қарши чоралар кўриши давлатнинг асосий вазифаси этиб белгилаб қўйилган (115-модда, 10-банд). Шу билан бирга, янги таҳрирдаги Конституция давлат хизмати тизимини замонавий, масъулиятли ва самарали институт сифатида шакллантиришга йўналтирилган бўлиб, коррупция хавфларини камайтириш учун ҳуқуқий, ташкилий ва маъмурий механизмларнинг мустаҳкамланишига хизмат қилади.


Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2025 йил 5 март кунидаги Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши йиғилишидаги нутқида “Ислоҳотлар йўлидаги энг катта тўсиқ ва ғов — бу коррупциядир. Буни дунё тажрибаси ҳам тўлиқ тасдиқлайди. Коррупция оқибатида жаҳон иқтисодиёти йилига 3 триллион доллар зарар кўраётгани бу глобал хавф эканидан далолат. Коррупция шундай ёвуз иллатки, у халқнинг давлатга, Конституция ва қонунларга ишончига путур етказади, барқарор ривожланиш ва хавфсизлик учун жиддий таҳдидга айланади”, дея алоҳида таъкидлаб ўтдилар.


“Ўзбекистон – 2030” стратегияси мамлакатнинг узоқ муддатли барқарор тараққиётини таъминлашга қаратилган концептуал дастур бўлиб, унда инсон манфаатлари, давлат бошқаруви самарадорлиги ва қонун устуворлигини кучайтириш устувор йўналиш сифатида белгиланган. Ушбу стратегия нафақат иқтисодий ва ижтимоий соҳаларни қамраб олади, балки давлат бошқарувида шаффофлик, ҳисобдорлик ва адолат тамойилларини мустаҳкамлаш орқали коррупцияга қарши тизимли курашни ҳам назарда тутади.


Стратегиянинг 89-мақсади — “Коррупциявий омилларни бартараф этиш тизимининг самарадорлигини ошириш, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш ишларини жадал давом эттириш” — мамлакатда амалга оширилаётган ҳуқуқий ислоҳотлар тизимида фундаментал аҳамият касб этади. Бу мақсад миллий тараққиётнинг барча соҳаларида ҳалоллик, очиқлик ва қонун устуворлигини таъминлашни стратегик вазифа сифатида белгилайди.
Мақсаднинг илмий-қонуншунослик жиҳатдан аҳамияти шундаки, у коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги давлат сиёсати ва жиноят-ҳуқуқий тизимнинг энг устувор йўналишларини белгилаб берувчи методологик асос бўлиб хизмат қилади. Хусусан, унда белгиланган вазифалар —
“Transparency International” ташкилоти томонидан эълон қилинадиган Коррупцияни қабул қилиш индексида (CPI) камида 50 поғонага кўтарилиш;
давлат харидларида шаффофликни таъминлаш ва тўғридан-тўғри шартномалар орқали маблағларни талон-торож қилиш ҳолатларини икки баробарга камайтириш;
барча норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни “коррупциядан холи қонунчилик” тамойили асосида ишлаб чиқиш —ҳам илмий-тадқиқот нуқтаи назаридан, ҳам ҳуқуқий амалиётда тадқиқ этиш учун муҳим манба ҳисобланади.


Сўнгги йилларда коррупцияга қарши ислоҳотлар доирасида ҳуқуқий базани такомиллаштиришга катта эътибор қаратилган. 2017 йилда қабул қилинган “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонун коррупция тушунчасини аниқлаб, жиноят ва ҳуқуқбузарликлар билан мувофиқликни белгилайди. Шу билан бирга, ишни мувофиқлаштирувчи қатор Президент фармон ва қарорлари қабул қилинди: 2017 йилда Президент фармони билан ислоҳот дастури тасдиқланиб, амалга ошириш чоралари белгиланди; 2019 ва 2020 йилларда коррупция тизимини янада такомиллаштириш бўйича янги фармонлари қабул қилинди. 2020 йил 29 июнда Президент қарорлари билан махсус коррупцияга қарши курашувчи орган – Коррупцияга қарши курашиш агентлиги таъсис этилди.


Янги Ўзбекистонда коррупцияга қарши давлат сиёсати устувор мавзулардан бири ҳисобланади. Президент Ш.Мирзиёевнинг 2023–2025 йиллардаги чиқишларида коррупцияга қарши кураш юқори даражада муҳимлиги алоҳида таъкидланаётгани кузатилади. Хусусан, барча давлат идораларида комплаенс-чиқиш ва рақамли тортиш тизимлари жорий этилган, давлат харидлари тўлиқ рақамлаштирилган эканлиги алоҳида қайд этилди.


Сўнгги йилларда коррупцияга оид жиноятлар ва қонуний жазолаш жараёни аниқ рақамлар билан акс эттирилмоқда. Хусусан, 2024 йилда мамлакат бўйича судлар томонидан 4 649 та жиноят иши бўйича жами 7 354 нафар шахс коррупцияга оид қилмишлар учун жавобгарликка тортилган ва шу фаолият оқибатида давлат манфаатларига 2,812 трлн сўм миқдорида зарар етказилганлиги маълум қилинди. Ушбу жараёнларда ишга жойлаштириш, банк кредитлари ажратиш ёки бюджет маблағларини тақсимлаш каби ишлар билан боғлиқ жиноятлар аниқланганлиги қайд этилган (масалан, ишга жойлаштириш билан боғлиқ 123 та, кредитлар билан боғлиқ 292 та, бюджет билан боғлиқ 640 та ҳолат).


Умуман олганда, коррупциянинг ижтимоий хавфлилиги шундаки, у:
Фуқароларнинг тенг ҳуқуқлилик принципини бузади;
Мансаб ёки хизмат мавқеидан фойдаланиб содир этилади;
Ғаразгўйлик мақсадида моддий ёки номоддий фойда олиш мақсадида содир этилади;
Давлат ва жамият ҳаётининг муҳим соҳаларига зиён етказади.


Юқоридаги таҳлиллар асосида тавсия қилинади:
Хулоса қилиб айтганда, умумий мақсад – коррупция сабабли келиб чиқиши мумкин бўлган салбий оқибатларни олдини олишга қаратилган ислоҳотлардир. Булар ҳуқуқий, институтционал ва амалий чора-тадбирлар бирдамлигида натижали амалга оширилади. Қонун устуворлиги ва очиқликни таъминлаш борасидаги конституциявий кафолатлардан келиб чиққан ҳолда, коррупцияга қарши кураш давлат сиёсати барча соҳаларга қамровли қилиб олиб борилиши керак.


Гўзалхон Нурмуҳаммедова,
Жамоат хавфсизлиги университети доценти

Қизиқарли маълумотлар
Бразилия Федератив Республикасининг конституциясида "Ҳиндулар тўғрисида" деб номланган махсус боб (VII боб) мавжуд бўлиб, ушбу боб Бразилияда яшаб келган туб аҳолига тақдим этилган алоҳида устунлик ва имтиёзларга бағишланган.