​Инсон ва фуқароларнинг иқтисодий ва ижтимоий ҳуқуқлари

Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига алоҳида “Иқтисодий, ижтимоий, маданий ва экологик ҳуқуқлар” боби киритилган. Мазкур ИХ бобда инсон ва фуқаронинг иқтисодий, ижтимоий, маданий ва экологик ҳуқуқларининг юридик табиати, мулк ҳуқуқи, меҳнат ҳуқуқи, ишсизликдан қонунда белгиланган тартибда ҳимояланиш ҳуқуқи, соғлиқни сақлаш ҳуқуқи, малакали тиббий хизматдан фойдаланиш ҳуқуқи, ижтимоий таъминот ҳуқуқи, уй-жойли бўлиш ҳуқуқи, таълим олиш ҳуқуқи, қулай атроф-муҳитга, унинг ҳолати тўғрисидаги ишончли ахборотга эга бўлиш ҳуқуқи, илмий, техникавий ва бадиий ижод эркинлиги мустаҳкамлаб қўйилган.

Иқтисодий ҳуқуқлар – иқтисодий соҳадаги инсон фаолиятини юридик жиҳатдан белгиловчи ҳуқуқларнинг мажмуидир.
Конституцияда белгиланган мулк ҳуқуқи, банк операцияларининг, омонатларнинг ва ҳисобварақларнинг сир тутилиши кафолати ҳуқуқи, мерос ҳуқуқи (41-модда), ҳар бир шахснинг меҳнат қилиш соҳасидаги ҳуқуқ ва эркинликлари (42–44-моддалар) иқтисодий ҳуқуқлар ҳисобланади.
Ижтимоий ҳуқуқлар дейилганда, инсонларнинг давлатдан муайян ёрдам олишларига имкон берувчи ижтимоий таъминот ва ижтимоий ёрдам олиш, муносиб турмуш тарзини кечиришга имкон берувчи ҳуқуқларнинг йиғиндиси тушунилади.

Конституцияда белгиланган ишсизликдан ҳимояланиш ҳуқуқи (43-модда), касбий ва қайта тайёргарликдан ўтиш ҳуқуқи (43-модда), дам олиш ҳуқуқи (45-модда), ижтимоий таъминот олиш ҳуқуқи (46-модда), уй-жой билан таъминланиш ҳуқуқи (47-модда), соғлиқни сақлаш ва малакали тиббий ёрдам олиш ҳуқуқи (48-модда), таълим олиш ҳуқуқи (50-модда), ўқитувчининг ижтимоий ҳимояда бўлиш ҳуқуқи (52-модда) ижтимоий ҳуқуқлар ҳисобланади.

Маълумот учун: Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 41-моддасида мулк ҳуқуқининг кафолати белгиланган бўлиб, ушбу нормага кўра, ҳар бир шахс мулкдор бўлишга ҳақли.

Мулкчилик муносабатлари моддий неъматлар (товарлар) ишлаб чиқариш ва моддий бойликларни тақсимлаш хусусидаги иқтисодий муносабатлардир.

Бу муҳим! Мулкни эгаллаш ҳуқуқи деб, мулкни қўлда ёки унга нисбатан ўз ҳуқуқларини амалга оширишга имкон берувчи бирон жойда сақлаб туришга айтилади. Мулкни қонунга мувофиқ равишда ўз қўлида ёки ўз эрки-иродаси таъсири остида сақлаб турган шахс мулкни эгаллаш ҳуқуқига эга.

Мулкдан фойдаланиш ҳуқуқи деб, мулкнинг фойдали хусусиятларини олишга, мулкдан иқтисодий маънода фойдаланишга айтилади. Мулкдан қонунга мувофиқ равишда фойдаланувчи шахс шу мулкдан фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлади.

Мулк эгаси тасарруф этиш ҳуқуқига биноан мулк юзасидан хилма-хил битимлар, шартномалар, чунончи, ашёни сотиш, ҳадя қилиш, ижарага бериш тўғрисидаги шартномаларни туза олади.

Конституциянинг 42-моддасида шахснинг меҳнат қилиш соҳасидаги ҳуқуқ ва эркинликлари ва уни амалга оширишга оид қуйидаги нормалар белгиланди:
биринчидан, “муносиб меҳнат” деганда, адолатли иш ҳақи тўланадиган иш жойлари, етарли меҳнат шароитлари ва ишончли ижтимоий ҳимоя кўзда тутилади. Шунингдек, ҳар ким хавфсизлик ва гигиена талабларига жавоб берадиган, қулай меҳнат шароитларида ишлаш ҳуқуқига эга.

иккинчидан, инсон меҳнати учун ҳеч қандай камситишларсиз ҳамда меҳнатга ҳақ тўлашнинг белгиланган энг кам миқдоридан кам бўлмаган тарзда адолатли ҳақ олиш ҳуқуқига эга, деган норма назарда тутилган. Шу мақсадда норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори белгиланади.

Пенсиялар, нафақалар, ижтимоий ёрдам бошқа турларининг миқдори расман белгилаб қўйилган тирикчилик учун зарур энг кам миқдордан оз бўлиши мумкин эмас (46-модда).

Маълумот учун: Ёшга доир пенсия суғурта қилинган ходимларга умумий асосларда: эркаклар олтмиш ёшга тўлган бўлиб, умумий меҳнат стажи йигирма беш йилдан кам бўлмаган тақдирда, аёллар эллик беш ёшга тўлган бўлиб, умумий меҳнат стажи йигирма йилдан кам бўлмаган тақдирда тайинланади.

Қизиқарли маълумотлар
Буюк Британия ва Шимолий Ирландия Бирлашган Қироллиги давлатининг конситуцияси 300га яқин қонун ҳужжатларидан иборатдир, яъни бу давлатда ягона конституция ҳужжати мавжуд эмас.