Ўзбекистон Конституциясида инсон ва давлат манфаати
Хусанов Озод Тиллабоевич
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги
Давлат сиёсати ва бошқаруви академияси
профессори, юридик фанлар доктори
Аннотация: Мазкур мақолада инсон ва давлат манфаатларининг нисбати устида фикр юритилади. Конституция давлатнинг асосий қонуни сифатида вужудга келиб, давлат ҳокимиятини қонун доирасида чеклар экан, давлат ва инсон манфаати ўртасида мутаносибликни (тенгликни) ўрнатишни назарда тутган. Жамият ривожланиши ва XX асрда инсон манфаати устувор бўлиши ҳақидаги таълимотлар вужудга кела бошлади ва бу таълимот (ғоялар) айниқса БМТни ташкил топиши, у томонидан қабул қилинган ҳужжатларда ўз ўрни топа бошлади.
Ўзбекистоннинг 1992 йил 8 декабрда қабул қилинган Конституциясида ҳам шу масалага эътибор берилди. 2023 йилда қабул қилинган янги таҳрирдаги Конституцияда бир масала — инсон манфаатларини устуворлигини таъминлаш бўлди. Шу мақсадда инсон ҳуқуқлари янада кенгайтирилди, кафолатлар кучайтирилди. Шу масала мақолани асосини ташкил этади.
Калит сўзлар: Конституция. Инсон ва давлат манфаати. Инсон ҳуқуқларини кенгайиши. Давлат масъулияти. Инсон ҳуқуқлари кафолатлари. Шахсий, Сиёсий, Иқтисодий, Ижтимоий, Маданий, Экологик ҳуқуқлар. Миллий институтлар.
Дастлабки конституциялар — жумладан АҚШнинг 1787 йилги конституциясида асосий масала ҳокимият масаласини тўғри ташкил қилиш натижасида давлат (ҳокимият) билан инсон манфаатлари ўртасида мутаносибликни ўрнатиш эди. Шу мақсадда у конституциянинг бош ғояси ҳокимият бўлиниши принципи асосида ҳокимият тизимини (қонун чиқарувчи, ижро этувчи, суд ҳокимияти) ташкил этиш бўлган. Конституцияда инсон ҳуқуқлари масаласи кўзда тутилмаган. Бу тез орада инсон ҳуқуқларини конституциявий асосда ўрнатмай туриб, давлат ва инсон манфаатларида мутаносибликни ўрнатиб бўлмаслигини кўрсатди. Шунинг учун АҚШ конституциясига дастлабки тўрт йил давомида инон ҳуқуқларига тааллуқли ўнта қўшимча киритилди.
ХХ асрда қабул қилинган Конституцияларда инсон ҳуқуқларига жиддий эътибор берилиб кўплаб нормалар бағишланди. 1917 йилдан ва II жаҳон урушидан сўнг жаҳон сиёсий ҳамжамиятида катта ўзгаришлар бўлиб, коммунистик ғояга асосланган социалистик тузум вужудга келди. У тузум ишчи, деҳқон, меҳнаткашларнинг манфаатларини ҳимоя қилишни даъво қилиб чиқди. Собиқ Совет иттифоқи ва унинг таркибидаги Республикалар, жумладан, Ўзбекистон конституцияларида инсон ҳуқуқларига катта ўрин берилди.
Лекин эътиборли жиҳати шунда эдики, уларнинг конституциялардаги инсон ҳуқуқларига ёндашув — ҳуқуқларни белгилаш, синфий характерда эди.
Бу бир жамиятнинг ўзида инсонларни тоифаларга бўлиш, кимгадир ҳуқуқ, имтиёз бериш, кимнидир ҳуқуқ ва эркинликларидан маҳрум қилиш ёки чеклаш руҳида эди. Бир мамлакатда турли шахслар ҳуқуқи турлича белгиланар эди. 70-йиллардан бошлаб ҳуқуқ ва эркинликларни синфий мансубликка қараб белгилаш барҳам топа бошлади, кишиларни ишчи, деҳқон, меҳнаткаш деган тушунчаларга бўлиш бекор бўлиб умумхалқ деган тушунчалар пайдо бўлди.
Лекин конституцияларда инсон ва давлат манфаатини белгилашда, давлат манфаати устувор бўлиб қолаверди. Фуқароларга конституцияда берилган айрим ҳуқуқлардан фақат
Социалистик тузимни мустаҳкамлашда фойдаланиш кераклиги Конституциянинг ўзида белгилаб қўйилди. Масалан СССРнинг 1977 йилги Конституцияси 56-моддасида фуқароларга “сўз, матбуот, йиғилишлар, митинглар, кўчаларда намойишлар қилиб юриш” эркинликлари берилиб, бу ҳуқуқлардан фақат социалистик тузумни мустаҳкамлаш ва ривожлантириш учун фойдаланилиши ёзиб қўйилган эди. Умуман Конституцияда социалистик тузумни устуворлиги, социалистик мулкни устуворлиги аниқ белгиланган эди.
Жаҳон миқёсидаги ўзгаришлар, БМТни ташкил топиши (1945 йил), унинг Устави, БМТ томонидан қабул қилинган “Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси”, “Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро Пакт”. “Шу Пактга Факультатив протокол”, “Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт” каби ҳужжатлар конституцияларда инсон ва давлат манфаатларини белгилашда мутаносибликдан, инсон манфаатларини устунлигини таъминлаш давр талаби эканлигини кўрсатди.
Ўзбекистон мустақил давлат бўлиб, 1992 йил 8 декабрда Конституция қабул қилиб инсон ҳуқуқларини белгилашда юқорида қайд қилинган ҳужжатлар қоидаларини эътиборга олди.
2023 йилги янги таҳрирдаги Ўзбекистон Конституциясини ишлаб чиқиш ва қабул қилишда, яна шу халқаро ҳужжатларга эътибор бериб, ундаги муҳим жиҳатлар, қоидалар эътиборга олинди. Натижада давлат ва инсон ўртасидаги муносабатда инсон манфаатларининг устуворлиги таъминланди.
Буларни қуйидаги ҳолатларда кўришимиз мумкин.
Конституция муқаддимасида Конституцияни қабул қилишдан мақсад — инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни ва қадр-қиммати олий қадрият ҳисобланадиган инсонпарвар демократик давлатни, очиқ ва адолатли жамиятни барпо этиш кўзда тутилганлиги ва бу ғоя Конституциянинг 13-моддасида конституциявий норма сифатида мустаҳкамланганлиги инсон, унинг манфаати устувор бўлишини кўрсатади.
Конституциянинг кўплаб нормаларида, инсон манфаати — давлат манфаатларидан устун туриши, давлат, унинг органлари, мансабдор шахслар инсон учун хизмат қилиши белгиланган.
Бу масалага 2016 йилдан алоҳида урғу берилиб, шу қоидани ҳаётий қоидага айлантиришга алоҳида эътибор берилди. Ўзбекистон Конституцияси қабул қилинган куннинг 24 йиллигига бағишланган тантанали йиғилишда мамлакат Президенти “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак”1, деб қатъий кўрсатма берди. Бу давлат ва инсон муносабатидаги мувозанатнинг инсон фойдасига ўзгаришини билдиради.
Бу ғояни фаолиятимиз мезонига айланиб бораётганлиги, Президентимиз Олий Мажлисга 2017 йил 22 декабрдаги Мурожаатномасида алоҳида таъкидлади2. Бу ҳаётбахш ғоя фақат таъкидлаш, эътироф этиш билан чекланмай, уни реал воқеликка айлантириш учун кўплаб чора-тадбирлар белгиланди ва ишлар қилинди. Бу масала алоҳида мавзу. Конституциянинг
2-моддасидаги “Давлат халқ иродасини ифода этиб, унинг манфаатларига хизмат қилади. Давлат органлари ва мансабдор шахслар жамият ва фуқаролар олдида масъулдирлар”,
54-моддадаги “Инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш давлатнинг олий мақсадидир.
Давлат инсон ҳамда фуқаронинг Конституция ва қонунларда мустаҳкамланган ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлайди”, — деган қоидалар, давлатни инсон олдидаги конституциявий мажбурияти бўлиб, бу инсон ва давлат муносабатида инсон манфаатини устуворлигини таъминлайди.
Булар Конституциядаги инсон манфаатларининг устуворлигини таъминловчи умумий, раҳбарий қоидалар бўлса, Конституциянинг кўплаб моддаларида инсон манфаатларини таъминловчи аниқ қоидалар ҳам мавжуд.
Янги таҳрирдаги Конституцияда аввалги Конституцияда учрамаган мутлақо янги қоидалар киритилдики, улар инсон ва давлат муносабатида мутлақо янги ҳолатларни, аниқроғи, бу муносабатда инсон манфаати устуворлигини таъминлайди.
Конституциянинг 20-моддаси, учинчи қисми “Инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликлари бевосита амал қилади. Инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликлари қонунларнинг, давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, уларнинг мансабдор шахслари фаолиятининг моҳияти ва мазмунини белгилайди” — деган нормадан иборат. Бу дегани инсон манфаатларининг устуворлигидир. Ҳар қандай қонунлар мазмун-моҳияти инсон манфаатидан келиб чиқиши ва унга хизмат қилишини кўрсатади.
Конституциянинг 20-моддаси бешинчи қисми, давлат ва инсон муносабатларида инсон манфаатлари устуворлигини янада аниқроқ кўрсатувчи қоидадан иборат. Унга асосан, “Инсон билан давлат органларининг ўзаро муносабатларида юзага келадиган барча зиддиятлар ва ноаниқликлар инсон фойдасига талқин қилинади”.
Инсон манфаатларини устуворлигини Конституциянинг 21-моддаси, биринчи қисмидаги қоида ҳам кўрсатади. Унга асосан — “Ҳеч кимга унинг розилигисиз қонунчиликда белгиланмаган мажбурият юклатилиши мумкин эмас”.
Янги таҳрирдаги Конституцияда инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг кафолатлари ҳам кенгайтирилди ва кучайтирилди.
Аввалги Конституцияда инсон ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатлари 4 та нормадан иборат 4 та моддада белгиланган бўлса, янги таҳрирдаги Конституцияда кафолатлар 14 та нормадан иборат 5 та моддада мустаҳкамлаб қўйилди.
Конституциявий кафолатлар сифатида янгитдан қуйидаги қоидалар белгиланди:
− Ҳар ким ўз ҳуқуқ ва эркинликларини қонунда тақиқланмаган барча усуллар билан ҳимоя қилишга ҳақлилиги;
− Ҳар кимга бузилган ҳуқуқ ва эркинликларини тиклаш учун унинг иши қонунда белгиланган муддатларда ваколатли, мустақил ҳамда холис суд томонидан кўриб чиқилиши ҳуқуқи кафолатланиши;
− Ҳар ким Ўзбекистон қонунчилигига ва халқаро шартномаларга мувофиқ, агар давлатнинг ҳуқуқий ҳимояга доир барча ички воситаларидан фойдаланиб бўлган бўлса, инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилувчи халқаро органларга мурожаат қилишга ҳақлилиги;
− Ҳар ким давлат органларининг ёки уларнинг мансабдор шахсларининг қонунга хилоф қарорлари, ҳаракатлари ёки ҳаракатсизлиги туфайли етказилган зарарнинг ўрни давлат томонидан қопланиши ҳуқуқига эгалиги.
Аввалги Конституцияда фақат судга мурожаат қилиш ҳуқуқи мавжудлигига эътибор берсак, янги таҳрирдаги Конституцияда кафолатлар сон жиҳатдан ҳам, сифат жиҳатдан ҳам анча кенгайтирилди ва кучайтирилди.
Бундан ташқари янги таҳрирдаги Конституцияда, инсон ҳуқуқларини ҳимоясида миллий институтларни ўрни алоҳида кўрсатилдики, бу ҳам кафолатларни кучайтирилганлигини кўрсатади. Шунингдек ижтимоий ҳимояга муҳтож кишиларни давлат ва жамият ҳаётида тўлақонли иштирокини таъминловчи, уларга турли шароит яратувчи қоидалар ҳам Конституцияда ўз ифодасини топди.
Аввалги Конституцияда фақат “Хотин-қизлар ва эркаклар тенг ҳуқуққа эга” — деган қоида мавжуд бўлган бўлса, янги таҳрирдаги Конституцияда “Давлат хотин-қизлар ва эркакларга жамият ҳамда давлат ишларини бошқаришда, шу жамият ва давлат ҳаётининг бошқа соҳаларида тенг ҳуқуқ ва имкониятларни таъминлайди” — деган кенг маъноли норма пайдо бўлди.
Инсон ва фуқароларнинг ҳуқуқлари ҳамда эркинликларини таъминловчи, рўёбга чиқарувчи кафолатлар фақатгина Конституциянинг инсон ҳуқуқлари кафолатлари бўлимида эмас, Конституциянинг бошқа боб ва моддаларида ҳам мавжуд. Конституциянинг 108-моддасида Ўзбекистон Президентининг қасамёди матни берилган бўлиб, унда Президент фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларига кафолат беришга қасамёд қилади. Бу энг кучли кафолатдир.
Бундан ташқари, Конституциянинг 133-моддасида, Конституция нормалари билан белгиланган тартибда фуқаролар ўз конституциявий ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун Конституциявий судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эгалиги белгилаб қўйилиб, ҳуқуқ ва эркинликларнинг конституциявий кафолати янада кучайтирилди.
1. Ш.Мирзиёев. Миллий тараққиёт йўлимизни катъият билан давом эттириб, янги босқичга кўтарамиз. Т., “Ўзбекистон”, 2019 йил, 1-том, 116-бет.
2. Ш.Мирзиёев. Халқимизнинг розилиги бизнинг фаолиятимизга берилган энг олий баҳодир. Т., “Ўзбекистон”, 2018 йил, 2-том, 72-73-бетлар.