Инсон қадри тушунчаси Конституцияда марказий ўринга кўтарилди
Муносабат
2023 йил 30 апрель куни умумхалқ референдуми орқали қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг янги таҳрирдаги Конституцияси мамлакат ҳаётида туб бурилиш ясади. Янги таҳрир – бу фақат сўз ёки бандлар алмашуви эмас, балки ижтимоий шартнома, янги давлат сиёсати модели ва инсон қадри устувор бўлган фалсафий ёндашув ифодасидир.
Агар 1992 йилги Конституция мамлакат мустақиллигининг ҳуқуқий асосини белгилаган бўлса, янги таҳрирдаги асосий Қонун – бу демократик, кучли фуқаролик жамияти ва адолатли, ижтимоий давлат сари йўлни белгилайдиган қонунлар юксаклиги пойдеворидир. Хусусан, инсон қадри тушунчаси Конституцияда марказий ўринга кўтарилди. Чунки, олдинлари Конституцияда инсон ҳуқуқлари умумий равишда кафолатланган, лекин “инсон қадри” тушунчаси очиқ ифодаланмаган эди.
Юқоридаги фикрлардан келиб чиқиб айтиш мумкинки, янги таҳрирдаги Конституция билан Ўзбекистонда янги ижтимоий-сиёсий муҳит шаклланди, давлат ўзига улкан ижтимоий-иқтисодий мажбуриятларни олди. Инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишнинг мутлақо янги механизмлари татбиқ этилди. Давлат ҳокимиятини ташкил этишнинг самарали янги модели жорий қилинди.
Биргина мисол, Конституциямизда муайян меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинганлиги ёки қилинмаганлигидан қатъи назар, Бош қомусимиз қоидаларининг тўғридан-тўғри амал қилишини таъминлаш орқали демократия, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини кафолатлаш механизмлари мустаҳкамланди. Қолаверса, Инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига оид аниқ нормалар сони уч баробардан зиёдга кўпайди. Фуқароларнинг шахсий ҳуқуқлари кенг кўламли масалаларни қамраб олган нормалар билан янада мустаҳкамланди.
Парламентнинг демократик қиёфаси тубдан ўзгарди. Жумладан, парламент палаталарининг ваколатлари қайта кўриб чиқилди. Унга кўра, Қонунчилик палатаси ва Сенатнинг ваколатлари сезиларли даражада кенгайиб, икки палата ишидаги такрорланишлар бартараф этилиб, ҳар бирининг масъулият соҳаси аниқ белгилаб қўйилди.
Хусусан, Қонунчилик палатасининг мутлақ ваколатлари амалдаги 5 тадан 12 тага, Сенатда эса 14 тадан 18 тага кўпайди. Ҳукуматни шакллантириш ва унинг фаолиятини назорат қилиш, давлат бюджети ижросига оид масалалар Қонунчилик палатасининг ваколатига, ҳудудлар манфаати ва уларни ривожлантириш, янги вазирликлар ташкил қилиш тўғрисидаги фармонларни тасдиқлаш масалалари эса Сенат ваколатлари доирасига тааллуқли эканлиги мустаҳкамланганлиги шулар жумласидандир.
Ижтимоий давлат йўналишидаги яна бир энг муҳим ташаббус бу – таълим ва фанга устувор муносабатнинг шаклланганлигидир. Буни мактабгача таълим мажбурий ва бепул экани конституциявий нормага айланганлигида ҳам кўриш мумкин. Қолаверса, илмий тараққиёт, академик эркинлик ва педагогнинг ҳуқуқлари алоҳида моддаларда акс этди. Бу таълим соҳасидаги ислоҳотларни мустаҳкам қонуний асосга кўтарди.
Шу билан бирга, илк бор келажак авлодлар манфаати, экологик хавфсизлик, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш конституциявий кафолатга эга бўлди. Эндиликда, давлат ҳар бир фуқаронинг соғлом муҳитда яшаш ҳуқуқини тан олади ва ҳимоя қилади. Умуман олганда, янги таҳрирдаги Конституциямизда фуқароларнинг ҳаёт сифати, ҳуқуқлари ва келажакдаги имкониятларини аниқ кафолатлайдиган бу каби ижобий ўзгаришларга юзлаб мисоллар келтириш мумкин.
Қисқа қилиб айтганда, янги таҳрирдаги Конституция бу – халқ иродасини, ижтимоий талабларни ва инсон қадрини ўз ичига олган мукаммал ҳужжат деб айтиш мумкин. У давлатни фуқароларга яқинлаштириб, жамият фаоллашуви ва адолатли бошқарувга йўл очади. Чунки, унинг асосида фақат қонун эмас, балки инсон ҳаёти, қадри ва фаровонлиги турибди.
Мавлуда АДҲАМЖОНОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг
Экология ва атроф-муҳитни
муҳофаза қилиш масалалари қўмитаси аъзоси.
ЎзА