Конституция ва инсон ҳуқуқлари
Озод Тиллабоевич Хусанов Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси профессори, юридик фанлар доктори
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 17 октябрдаги “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси куни байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги Ф-53-сон фармойишида “Конституция — эркин ва фаровон ҳаёт гарови!” деган ҳаётий шиорнинг моҳияти ва аҳамиятини, янги таҳрирдаги Конституция асосида инсон ҳуқуқ ва эркинликлари соҳасида мутлақо янги босқичга ўтилганлигини очиб бериш вазифаси белгиланган [1]. Шу боисдан ушбу мақолани айнан шу мавзуга бағишлаймиз.
Айтиш жоизки, инсоният тарихи ихтироларга бой. Шу ихтиролар натижасида хаёт ривожланиб, яшаш учун имкониятлар кенгайиб боради. Хар қандай ихтиролар у табиат қонуни бўлсин, жамият қонуни бўлсин, ёки турмуш тарзини енгиллаштирадиган бўлсин ё тасодиф туфайли ёки зарурият туфайли вужудга келади. Ихтироларни, янгиликларни вужудга келишига инсон ақл-заковати, турмуш тарзи, онги таъсир қилади.
Инсоният тарихида инсонларни ақл-заковати махсули сифатида ихтиро қилинган ва тараққиётга катта хисса қўшган ихтиролардан бири Конституциядир. У дастлаб алохида бир мақсад, вазифани бажариш учун вужудга келган бўлса, кейинчалик унинг вазифалари кенгайиб борди.
Конституция дастлаб АҚШда вужудга келганида унинг тўғридан-тўғри вазифаси хокимият бўлиниши принципини ўрнатиш билан, давлат хокимиятининг чеклаш, тартибга солиш бўлиб, шу орқали инсоннинг эркинлигини таъминлаш бўлган. АҚШ Конституцияси тўртта масалани яъни: қонун чиқарувчи хокимият, ижро хокимияти, суд хокимияти, федерация ва унинг субъектларининг ваколатларини белгилаб қўйган. Унда инсон ҳуқуқлари, жамиятнинг бошқа институтларини мустахкамлаш каби масалалар кўзда тутилмаган. Фақат инсон ҳуқуқларига тааллуқли “Конгресс инсон ҳуқуқларига зид қонун қабул қилиши мумкин эмас” деган қоида мавжуд бўлган. Кейинчалик АҚШ Конституциясига киритилган ўзгариш ва қўшимчалар инсон ҳуқуқларига тааллуқли бўлди [2] ва Конституция фақат ҳокимиятни ташкил қилиш ва фаолиятига тегишли хужжатдан инсон ҳуқуқларини белгиловчи хужжатга айлана борди. Натижада хокимият билан инсон манфаати ўртасида мутаносиблик вужудга келди.
Кейинги Конституциялар, ҳокимият ва инсон муносабатида инсон манфаатларини устиворлигини таъминлаш йўлидан борди. Буни Конституцияларда дастлаб, биринчи навбатда инсон ҳуқуқларига тааллуқли масалалар ҳал қилинганида ҳам кўриш мумкин. Жумладан Германия Федерацияси Конституциясининг 1-бўлими “Асосий ҳуқуқлар” деб аталиб, унинг 1-моддасида “Инсон қадри дахилсиздир. Уни хурмат қилиш ва химоя қилиш хар қандай давлат хокимиятининг бурчидир” деб белгиланган [3].
Шунингдек кейинги қабул қилинаётган Конституцияларда инсон масаласи Конституцияларнинг дастлабки бобларида берилмоқда.
Лекин хамма Конституцияларда ҳам инсон ҳуқуқлари Конституцияда устивор масала бўлиб хисобланса ҳам, инсон ҳуқуқларини давлат манфаатларига хизмат қилдириш холлари учраб туради. Жумладан Собиқ иттифоқ давридаги Конституцияларда ҳам инсон ҳуқуқлари кенг белгиланган бўлсада улардан давлат манфаати йўлида фойдаланиш кўрсатиб қўйилган эди. Масалан СССР Конституциясида фуқароларга митинглар, намойишлар ўтказиш ҳуқуқи берилиб, бу хуқуқдан фақат социалистик тузумни риожлантириш учун фойдаланиш мумкунлиги белгилаб қўйилган эди. (СССР Конституциясининг 50-моддаси) [4]. Ҳудди шундай қоида ЎзССР Конституциясида ҳам бўлган.
1991 йилдаги Ўзбекистоннинг мустақиллиги ўз Конституциясини мустақил қабул қилиш имкониятини берди. Конституция лоихасини тайёрлашда демократик хорижий мамлакатлар Конституцияларини, халқаро ҳуқуқ нормаларини ўрганиш, тахлил қилиш натижасида бўлажак Конституциямизда инсон ҳуқуқлари бош масала қилиб олинди.
Конституциянинг иккинчи бўлими “Инсон ва фуқароларнинг асосий ҳуқуқлари, эркинликари ва бурчлари” деб номаниб унинг 6 та боби инсон ҳуқуқларига бағишланди”. Унда барча фуқароларнинг миллатидан қатий назар қонун олдида тенглиги белгиланди [5].
Ўзбекистонда яшовчи барча миллатларнинги нафақат қонун олдида барча масалаларда тенглиги эълон қилинди. Конституциямизда барча миллатларни хамма сохада тенглиги таъминланганлигига бекорга урғу бераётганимиз йўқ. Чунки айрим энг демократик давлатлар Конституцияларида ҳам шу мамлакатдаги асосий миллат мавқеи юқори қўйилиши холлари мавжуд. Масалан Германия Конституциясининг 3-моддасида “Барча кишилар қонун олдида тенг” деган қоида мавжуд. Лекин унинг бир неча моддаларида тегишли ҳуқуқ немисларгагина тегишлилиги кўрстилган. Конституциянинг 8-моддасида “Барча немислар қуролсиз, аввалдан огохлантирмай тинч йиғилиши мумкин”, 11-модасида “Барча немислар федерациянинг худудида эркин кўчиб юриши мумкин” деган қоидалар мавжуд. 122-моддада “Барча немислар эркин касб, иш жойи, таълим олиши, яшаш жойини эркин танлаш ҳуқуқига эга” деб ёзиб қўйилган. Бундай холатни Ўзбекистон Конституциясида учратмайсиз. Ўзбекистон фуқароси қайси миллатга мансуб бўлмасин барча Конституциявий ҳуқуқлардан бирдек фойдаланади.
Ўзбекистонда 2023 йида янги тахрирда Конституция қабул қилиниши масаласи кўтарилганда, унда инсон ҳуқуқларини янада кенгайтириш, инсон ҳуқуқларини таъминлаш механизмини, инсон ҳуқуқларини таъминлашда давлат маъсулиятини кучайтириш зарурати мавжудлигидан келиб чиқилди.
Буни Конституциянинг қуйидаги янги холатларида кўриш мумкин.
Аввало Конституция Олий юридик кучга эгалиги, тўғридан-тўғри амал қилувчи хужжат эганлиги белгиланди (15-модда). Инсон ҳуқуқ ва эркинликлари бевосита амал қилиши, Инсон ҳуқуқ ва эркинликлари қонунларининг, давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, уларнинг мансабдор шахслари фаолиятининг мохияти ва мазмунини белгилаши;
Давлат томонидан инсонга нисбатан қўлланиладиган ҳуқуқий таъсир чоралари мутаносиблик принципига асосланиши ва қонунларда назарда тутилган мақсадларга эришиш учун етарли бўлиши кераклиги;
Инсон билан давлат органларининг ўзаро муносабатларида юзага келадиган қонунчиликдаги барча зиддиятлар ва ноаниқликлар инсон фойдасига талқин этилиши белгилаб қўйилди (20-модда).
Конституцияда инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари анча кенгайтирилди. Янги ҳуқуқлар ва қоидалар белгиланди. Буни аввалги “Иқтисодий ва ижтимоий ҳуқуқлар” боби, “Иқтисодий, ижтимоий, маданий ва экологик ҳуқуқлар” деб ўзгартирилганида ҳам кўриш мумкин. Аввалги Конституцияда инсон хуқуқлари учун 23 модда ажратилган бўлса, янги тахрирдаги Конституцияда 34 модда мавжуд бўлди (11 та янги модда). Инсон ҳуқуқларига тааллуқли моддалардаги нормалар 37 дан 98 та кўпайди. Бу дегани фақат янги моддалар қўшилиб қолинмай, янги нормалар билан бойитилди [6].
Ўлим жасоси тақиқланади; инсонни шаъни ва қадр-қиймати дахлсиздир, ҳеч нарса уларни камситиш учун асос бўлиши мумкин эмас; ҳеч ким қонунга асосланмаган холда хибисга олиниши, ушлаб турилиши, қамоққа олиниши, қамоқда сақланиши ёки уни озодлиги бошқача тарзда чекланиши мумкин эмас. Шахсни суднинг қарорисиз 48 соатдан ортиқ ушлаб туриш мумкин эмаслиги, уни ушлаш чоғида унга тушинарли тилда унинг ҳуқуқлари ва ушлаб туриш сабаблари тушунтирилиши шартлиги; айбсизлик призумцияси аниқ белгиланганлиги, айбсизликка оид барча шубхалар, уларни бартараф этиш имконияти тугаган бўлса айбланувчи, судланувчи ёки махкумнинг фойдасига ҳал қилиниши; хар ким ўзига ва яқин қариндошларига қарши гувохлик беришга мажбур эмаслиги; агар шахснинг ўз айбини тан олганлиги унга қарши ягона далил бўлса, у айбдор деб топилиши ва жазоланиши мумкин эмаслиги; озодликдан махрум этилган шахслар ўзига нисбатан инсоний муомалада бўлиниши ҳамда инсон шахсига хос бўлган шаъни ва қадр-қиймати хурмат қилиниши ҳуқуқига эгалиги; шахснинг судланганлиги ва бундан келиб чиқадиган ҳуқуқий оқибатлар унинг қариндошлари ҳуқуқларини чеклаш учун асос бўлиши мумкин эмаслиги тўғрисидаги қоидаларни ўрнатилиши инсонпарвар давлат йўлидан бораётганимизни кўрсатади.
Конституциямизда фуқароларнинг сиёсий сохадаги хуқуқларни ҳам кенгайтирилди, унга мутлақо янги “Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари давлат хизматига киришда тенг ҳуқуққа эгадирлар” деган қоида киритилди (37-модда). Бу фуқароларнинг давлат бошқарув ишларида иштирокига тенг имконият яратади.
Конституцияга хомиладорлиги ёки боласи борлиги сабабли аёлларни ишга қабул қилишни рад этиш, ишдан бўшатиш ва уларнинг иш ҳақини камайтиришни тақиқловчи қоидани киритилиши эса, аёлларни жамиятдаги ўрни муносиб бўлишига қаратилган эътибордир.
Ҳар кимни уй-жойи бўлиш ҳуқуқи, ҳар ким қулай атроф-мухитга, унинг холати тўғрисида ишончли ахборотга эга бўлиши ҳуқуқи, ўқитувчиларнинг мақомини алохида белгиланиши, шаъни, қадр-қимматини химоя қилиниши, уларга алохида ғамхўрлик қилиш кераклиги, давлат фуқароларнинг бандлигини таъминлаш, ишсизликдан химоя қилиш, камбағалликни қисқартириш чораларини кўришини Конституцияда қайд қилиниши ва Конституциявий даражада белгиланиши Ўзбекистонни халқпарвар давлат эканлигидан далолат беради.
Янги тахрирдаги Конституциянинг кучли ва таъсирчан жихатларидан яна бири-унда инсон ҳуқуқларининг кафолатларини белгилашга янгича ёндашувдир.
Конституциянинг 54-моддасида “Инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш давлатнинг олий мақсадидир.
Давлат инсон ҳамда фуқарониниг Конституция ва қонунларида мустаҳкамланган ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлайди” – деб мустаҳкамлаб, ўз зиммасига катта, маъсулиятни олди. Бу норма давлатнинг мақсади асосида, маъсулиятини Конституциявий даражада мустаҳкамлади. Бу тарзда маъсулятни мустаҳкамланганлиги барча давлат Конституцияларида учравермайди.
Конституциядаги инсон ҳуқуқларини белгиловчи кўплаб моддаларда шу нормани ижросини таъминлаш давлат зиммасида эканлигини ёзиб қўйилганлиги давлатнинг шу маъсулятидан келиб чиқади.
Давлатнинг маъсуляти-мажбурияти бир неча моддаларда, шу нормани “таъминлаш”, “шарт-шароит яратиш”, “чора кўриш”, “ғамхўрлик қилиш учун шарт-шароит яратиш” каби маъсулияти тўғридан-тўғри Конституция моддаларида кўрсатилган (29, 33, 43, 47, 49, 50, 53, 57-моддалар).
Конституцияда инсон ва фуқароларнинг ҳуқуқлари кафолатлари тизими, фуқароларга ўз ҳуқуқларини химоя қилиш имкониятлари кенгайтирилди.
Жумладан хар ким ўз ҳуқуқ ва эркинликларини қонунда тақиқланмаган барча усуллар билан химоя қилишга ҳақли эканлиги; ҳар ким қонунчилик ва халқаро шартномаларига мувофиқ, агар давлатнинг ҳуқуқий химояга доир барча ички воситаларидан фойдаланиб бўлинган бўлса, инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликларини химоя қилувчи халқаро органларга мурожат қилишига хақли эканлиги белгиланди (55-модда).
Бу мутлақо янги ва ҳуқуқларни ҳимоя қилишининг кучли воситасидир.
Конституцияда инсон ҳуқуқларини химоялашда инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар вазифаси белгиланди. Унга асосан, миллий институтлар инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини химоя қилишнинг мавжуд шакллари хамда воситаларини тўлдиради, фуқаролик жамиятини ривожлантиришга инсон ҳуқуқлари маданиятини юксалтиришга кўмаклашади (56-модда).
Конституцияда мехнатга лаёқатсизлар, ёлғиз кексалар, ногиронлиги бўлган шахслар, ахолининг эҳтиёжманд қисми, хотин-қизлар ҳуқуқи алохида химояланиши белгиланди.
Фуқаро ҳуқуқларини химоялаш фақат шахснинг ҳуқуқий холатига тааллуқли бобларда, моддалардагина эмас, Конституциянинг бошқа моддаларида хам учрайди. Конституциянинг 133-моддасида, фуқаролар, агар суд орқали химоя қилишнинг бошқа барча воситалардан фойдаланиб бўлинган бўлса, судда кўриб чиқилиши тугалланган муаян ишда суд томонидан ўзига нисбатан қўлланилган қонуннинг Конституцияга мувофиқлиги тўғрисидаги шикоят билан Конститутциявий судга мурожат қилишга ҳақли, - деган қоида бунга мисол бўлади. Конституцияга киритилган бу янги қоида, фуқаролар ҳуқуқини кафолатларини кучайтириши билан бирга, Конституциявий суд фаолиятини кучайтиришга хам қаратилди.
Шунингдек, Конситутцияга махсус “Адвокатура” бобининг киритилиши ҳам инсон ҳуқуқларини таъминлаш чораларини кучайтирилганлигини кўрсатади.
Тажрибадан маълумки, инсон ҳуқуқларини Конституцияда белгиланиши масалани бир томони, Конституцияларда у турлича ва хар томонлама белгиланиши, чиройли сўзлар билан ёзиб қўйилиши мумкун. Совет давридаги Конституцияларда хам инсон ҳуқуқлари яхши белгиланган эди. Лекин уларни амал қилиши қониқарсиз эди. Шунинг учун Конституциямизда инсон ҳуқуқларини мукаммал ва кенг белгиланиши билан муаммолар хал бўлмайди. Уларни амал қилишини таъминловчи кучли механизм ва шароитлар бўлиши зарур.
Ўзбекистон Президентининг қуйидаги “Хаммамиз яхши тушунамизки, қонунларни қабул қилиш – бу ишнинг бир қисми холос.
Асосий масала-қонунларнинг мазмун-мохиятини халқимизга ва маъсул ижрочиларга ўз вақтида етказиш, уларнинг ижросини тўғри ташкил этиш хамда қонун талабларига қатъий амал қилишни таъминлашдан иборатдир” деган сўзлари хам буни кўрсатади [7].
Шунинг учун Конституция нормаларини хаётга тадбиқ этишни таъминлашни кўзда тутувчи, Президентнинг 2023 йил 8 майда “Янги тахрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясини амалга ошириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони қабул қилинди [8]. Фармонда Конституция нормаларини, жумладан инсон ҳуқуқларига тегишли нормалари таъминлашнинг кучли механизм ва тадбирлари белгиланди. Конституция нормаларини бажарилиши учун кўплаб иқтисодий имкониятларини яратиш чора-тадбирлари кўрилмоқда. Булар Ўзбекистоннинг “Ижтимоий давлат” хусусиятига мос келади.
Фойдаланилган адабиётлар рўйхати.
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 17 октябрдаги “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси куни байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги Ф-53-сон фармойиши // Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, https://lex.uz/docs/7160383
2. Конституционное право зарубежных стран: учеб. для вузов / под общ. ред. М. В. Баглая. – М.: НОРМА, 2010. – С. 431-438
3. Конституции мира (Сборник конституций государств мира. т. 1) Составители и авторы введения, вступитель ных статей У.Таджиханов и А.Х.Саидов. – Т.: Академия МВД, 1997. – С. 360-342
4. Совет Социалистик Республикалари Иттифоқининг Конституцияси. Т: “Ўзбекистон”, 1977 йил.
5. Ўзбекистон Республикасининг 1992 йил 8 декабрдаги Конституцияси. – Т.: Ўзбекистон, 2021. – 76 б.
6. Ўзбекистон Республикаси Конституцияси (янги таҳрири). – Т.:Yuridik adabiyotlar publish, 2023. – 112 б.
7. Мирзиёев Ш.М. Миллий тараққиёт йўлимизни катьият билан давом эттириб, янги босқичга кўтарамиз. – Т.: Ўзбекистон, 1-жилд, 2017. – Б. 107.
8. Ўзбекистон Президентининг 2023 йил 8 майдаги “Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясини амалга ошириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-67-сон Фармони // Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 10.05.2023 й., 06/23/67/0269-сон.