Конституция – ҳуқуқий давлат кафолати

Янги Ўзбекистон тараққиётининг бош мақсади – инсон қадри улуғланадиган, адолат устувор бўлган, фуқаролар фаровонлиги таъминланган ҳуқуқий давлат барпо этишдир.

Мустақиллик туфайли халқимиз ўз тақдирига ўзи эгалик қила бошлади ва бу эркинликни мустаҳкамловчи миллий қонунчилик тизими шаклланди. Шу боис Конституция – ҳуқуқий давлат кафолати сифатида жамиятнинг илгарилаб боришида ҳал қилувчи ўрин тутади. Бугун амалиётга жорий этилаётган барча ислоҳотлар марказида инсон манфаати туради.

Янги таҳрирдаги Конституциянинг ишлаб чиқилиши “халқ – қонунларнинг ягона манбаи ва муаллифидир” деган тамойилга таянади. Бош қомусимиз инсон ва фуқароларнинг ҳуқуқ ҳамда эркинликларини энг олий қадрият сифатида белгилаб, уларни ҳимоя қилишнинг аниқ ва самарали кафолатларини мустаҳкамлади.
Инсоннинг туғилганидан бошлаб ҳуқуқларга эгалиги, ҳуқуқ ва эркинликларнинг бевосита амал қилиши, номутаносиб мажбуриятлар юкланмаслиги, судланганликнинг қариндошлар ҳаётига таъсир этмаслиги каби кафолатлар амалиётда муҳим ўрин тутмоқда.

1992 йилдан бери Конституцияга киритилган ўзгартишлар асосан давлат бошқаруви ва жамият қурилишига қаратилган бўлса, янги таҳрирдаги ўзгаришларнинг ярмидан кўпи бевосита инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишга йўналтирилган.

Шунингдек, ўзгаришларнинг 45 фоиздан ортиғи ижтимоий-иқтисодий муносабатларни такомиллаштиришга қаратилгани ҳар бир фуқарога “Бу – менинг Конституциям” дея ишонч билан айтиш имконини беради.

Амалдаги янги Конституциямизда илк бор инсоннинг ўз шахсини эркин ривожлантириш ҳуқуқи ва унинг розилигисиз қонунларда белгиланмаган мажбурият юкланмаслиги қатъий белгилаб қўйилди.

Ҳуқуқ ва эркинликлар фақат қонунга мувофиқ ҳамда жамоат хавфсизлиги, тартиби ва бошқа шахслар манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида зарур даражада чекланиши мумкинлиги қайд этилди. Ижтимоий адолат, тенглик ва аҳолининг эҳтиёжманд қатламларини қўллаб-қувватлаш йўналишларида давлатнинг масъулияти янада кучайтирилди.

Давлат фуқароларни нафақат мамлакат ичида, балки унинг ташқарисида ҳам ҳимоя қилиши, уларни мажбурий чиқариб юбормаслиги, ватандошлар билан алоқаларни ривожлантириши конституциявий норма сифатида белгилаб қўйилди. Бу фуқаролик дахлсизлигининг янада мустаҳкам кафолати саналади.

Шахсий эркинлик ва дахлсизликка оид нормалар ҳам аниқ баён этилди. Ҳибсга олиш фақат суд қарори билан амалга оширилиши, шахс суд қарорисиз 48 соатдан ортиқ ушлаб турилмаслиги, ушлаш пайтида унга ўз ҳуқуқлари тушунтирилиши шартлиги Конституция даражасида мустаҳкамланди. Бу қонун устуворлигини таъминлашда муҳим қадамдир.

Амалдаги Конституциямизнинг янги таҳририда – айбсизлик презумпсияси (айбдор эмаслик тамойили) янада равшан талқин қилинди: шахснинг айби суднинг қонуний кучга кирган ҳукми билан тасдиқланмагунча у айбдор деб ҳисобланмайди.

Шу билан бирга, “Миранда қоидаси”нинг конституциявий даражада мустаҳкамланиши гумон қилинувчининг ўз айбсизлигини исботлашга мажбур эмаслиги ва исталган вақтда сукут сақлаш ҳуқуқидан фойдаланиши мумкинлигини кафолатлайди. Бу нормалар ноқонуний босим, мажбурий кўрсатма олиш каби ҳуқуқбузарликларнинг олдини олади.

Хулоса ўрнида шуни айтиш жоизки, Янги Ўзбекистоннинг қабул қилинган янги Конституцияси ҳар бир фуқаронинг шаъни, қадри ва ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилмоқда. “Конституция – ҳуқуқий давлат кафолати” экани яна бир бор амалда ўз исботини топмоқда. Кенг кўламли ислоҳотлар ҳар биримиздан масъулият, фидойилик ва ҳалол меҳнатни талаб этади.

Акмал Эргашев,
Жиззах вилоят адлия бошқармаси бошлиғи
ЎзА

Қизиқарли маълумотлар
Гарчи Япония Конституциясининг 9-моддасига биноан, Япония келажакда уруш олиб бориш ҳуқуқидан ҳамда қуруқлик, денгиз ва ҳаво ҳарбий кучлар тузиш ҳуқуқидан абадий вос кечган бўлсада, бугунги кунда Япония ҳарбий ҳаражатлари бўйича дунёда 5-ўринда туради ($ 58, 97 млрд).