Янги таҳрирдаги Конституция инсон ҳуқуқлари кафолати ва фуқаролик жамияти ривожига хизмат қилади

Янги таҳрирдаги Конституциямиз қабул қилинганлигига икки йил бўлди. Икки йил олдин 30 апрель куни янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси референдумда умумхалқ овоз бериш орқали қабул қилинган эди. Ўтган қисқа вақтда асосий Қонунимизнинг нормалари ҳаётимиздаги туб ўзгариш ва жадал тараққиётнинг ишончли ҳуқуқий асоси сифатида намоён бўлди.

Ушбу ҳуқуқий ҳужжатда инсон ҳуқуқларига оид нормаларнинг уч баравардан ортиққа оширилганлиги ҳамда инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш давлатнинг олий мақсади сифатида белгиланиши инсон манфаатларини олий даражада кафолатлашга хизмат қилмоқда. Айниқса, ижтимоий давлат принципларига оид нормаларни кучайтирувчи, хусусан, сифатли таълим ва тиббий хизмат кўрсатиш, ижтимоий эҳтиёжманд қатламни қўллаб-қувватлаш, муносиб меҳнат шароити ва адолатли иш ҳақи тизимини яратиш, ишсизликдан ҳимояланиш, уй-жойга эга бўлишга қаратилган қоидалар билан янада такомиллаштирилиши билан боғлиқдир.
Шу билан бирга, эркин бозор механизмларини жорий қилиш, соғлом рақобат ва хусусий мулк дахлсизлигини таъминлаш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш бўйича янги қоидалар мустаҳкамланди.

Конституцияда барчанинг – бир томондан давлат ва унинг органлари тизими, иккинчи томондан инсон, фуқаро ва жамиятнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари аниқ ва лўнда қилиб, ҳамма учун тушунарли тарзда баён этилганлиги Ўзбекистоннинг янада барқарор бўлишига ва ҳар қандай таҳдидларга қарши тура олиш қобилиятини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.

Халқчил давлат ва демократик тамойилларга асосланган эркин фуқаролик жамиятини барпо этиш йўлида амалга оширилган ишлар халқаро даражада кенг эътироф этилмоқда. Мамлакатимизнинг халқаро даражадаги имижи ва обрўси юксалмоқда. Хусусан, мамлакатимиз Барқарор ривожланиш мақсадлари индексида 166 та мамлакат орасида 69-ўринни, Инсон камолоти индексида 191 та мамлакат орасида 101-ўринни, Ҳуқуқ устуворлиги индексида 167 та мамлакат орасида 78-ўринни эгаллади.

Мазкур кўрсаткичлар мамлакатимизда сўнгги йилларда Президентимиз раҳбарлигида олиб борилган туб демократик ислоҳотлар натижасидир. Президентимиз томонидан миллати, тили ва динидан қатъи назар, юртимизда яшаётган ҳар бир фуқаронинг, бутун халқимизнинг фаровонлигини таъминлашга хизмат қиладиган “Янги Ўзбекистон – халқчил ва инсонпарвар давлат” ғоясини амалга ошириш эзгу мақсад сифатида белгиланди. Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясининг қабул қилиниши эса ушбу ислоҳотларни сифатли таъминлашга замин яратди.

Жорий йилнинг 5-9 апрель кунлари мамлакатимизда нуфузли халқаро тадбир – Парламентлараро Иттифоқнинг 150-юбилей Ассамблеяси бўлиб ўтди. Ушбу тадбир ўз аҳамиятига кўра жаҳон парламентлари ҳамжамияти ва мамлакатимиз ривожи учун алоҳида ўринга эга бўлди. Анжуманда дунёнинг 180 дан ортиқ мамлакати, 15 та кузатувчи давлат ҳамда 25 дан ортиқ халқаро ва парламентлараро ташкилотдан 2000 га яқин делегатлар иштирок этди.

Ассамблея иштирокчилари кейинги йилларда Ўзбекистонда амалга оширилган конституциявий ислоҳотларга юксак баҳо бердилар. Хусусан, инсон қадрини улуғлаш, аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, камбағалликни қисқартириш ва гендер тенгликни таъминлаш масаласида эришилган ютуқлар намуна сифатида кўрсатилди.
Янги таҳрирдаги Конституциямизда инсон ҳуқуқларига оид муҳим янгиликлар сифатида қуйидагиларни алоҳида кўрсатиш зарур:
Биринчидан, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси мамлакатнинг бутун ҳудудида олий юридик кучга эга, тўғридан-тўғри амал қилувчи ва ягона ҳуқуқий маконнинг асосини ташкил этувчим ҳужжат эканлиги белгиланди (15-модда). Инсон ҳуқуқ ва эркинликлари бевосита амал қилиши, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари қонунларининг, давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, уларнинг мансабдор шахслари фаолиятининг моҳияти ва мазмунини белгилаши алоҳида кўрсатилди.

Иккинчидан, давлат томонидан инсонга нисбатан қўлланиладиган ҳуқуқий таъсир чоралари мутаносиблик принципига асосланиши ва қонунларда назарда тутилган мақсадларга эришиш учун етарли бўлиши кераклиги белгиланди. Зеро, қонуннинг асосий мақсади инсон, унинг ҳуқуқ ва эркинликларини рўёбга чиқариш ва ҳимоя қилишдан иборатдир. Яъни, қонунлар кимгадир ортиқча мажбурият ёки харажат юклаши мумкин эмас. Аксинча, қонунлар воситасида жамият ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солинади, инсонлар ҳаёти барқарорлаштирилади ва бир маромда кетиши таъминланади.

Ушбу қоида фуқароларнинг давлат идоралари билан бўлаётган муносабатларида юзага келадиган қатор муаммоларни ҳал этиб, ўз вазифаларини инсон ҳуқуқларига риоя қилган ҳолда амалга ошириш имкониятини кенгайтиради. Мазкур норма қонунлар ва бошқа қонун ҳужжатларида ҳам белгиланган, мансабдор шахслар қарорлари ва фаолиятида қўлланилган ҳуқуқий таъсир чоралари кўзланган қонуний мақсадга эришиш учун мос ва етарли бўлиши ҳамда манфаатдор шахсларга имкон қадар қийинчилик туғдирмаслиги, инсонларга моддий ва маънавий зиён етказилмаслигининг олдини олишга хизмат қилади.

Шу билан бирга, инсон билан давлат органларининг ўзаро муносабатларида юзага келадиган қонунчиликдаги барча зиддиятлар ва ноаниқликлар инсон фойдасига талқин этилиши белгилаб қўйилди (20-модда). Давлат ва инсон ўртасида муносабатларни тартибга солувчи қонунчиликдаги ноаниқликлар турли тушунмовчиликларга, инсон ва фуқароларнинг ортиқча оворагарчилигига олиб келади.

Масалан, Солиқ кодексининг ўзида муайян бир масала юзасидан турлича норма белгиланган бўлиши ёки тадбиркорликка оид битта қонунда бошқа норма, иккинчи қонунда бошқача норма белгиланган бўлиши мумкин. Бундай номувофиқликни, табиийки, солиқ органи давлат фойдасига, фуқаро эса ўз фойдасига талқин қилинишини хоҳлайди. Конституцияга киритилган норма эса шундай номувофиқликлар давлат эмас, инсон фойдасига ҳал этилишини таъминлайди. Ушбу принципнинг Конституция даражасида мустаҳкамланиши инсон манфаатлари устунлиги асосида “инсон – жамият – давлат” тамойилини амалга оширишга хизмат қилади.

Учинчидан, Конституцияда инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари сезиларли кенгайтирилди. Янги ҳуқуқлар ва эркинликлар белгиланди. Буни аввалги “Иқтисодий ва ижтимоий ҳуқуқлар” боби, “Иқтисодий, ижтимоий, маданий ва экологик ҳуқуқлар” деб ўзгартирилганида ҳам кўриш мумкин. Аввалги Конституциямиз таҳририда инсон ҳуқуқлари учун 23 та модда ажратилган бўлса, янги таҳрирдаги Конституцияда 34 та модда мавжуд бўлди ҳамда 11 та янги модда қўшилди. Инсон ҳуқуқларига тааллуқли моддалардаги нормалар 37 тадан 98 тага кўпайди. Бу дегани фақат янги моддалар қўшилиб қолмай, янги нормалар билан бойитилди.

Умуман олганда, янгиланиш натижасида Бош қомусдаги моддалар сони 128 тадан 155 тага, ундаги нормалар эса 275 тадан 434 тага ошди. Конституциямиз мазмунан 65 фоизга янгиланди.

Тўртинчидан, Конституциямизда фуқароларнинг сиёсий соҳадаги ҳуқуқларни ҳам кенгайтирилди, унга мутлақо янги “Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари давлат хизматига киришда тенг ҳуқуққа эгадирлар” деган қоида киритилди (37-модда). Бу фуқароларнинг давлат бошқарув ишларида иштирокига тенг имконият яратади.
Конституцияга ҳомиладорлиги ёки боласи борлиги сабабли аёлларни ишга қабул қилишни рад этиш, ишдан бўшатиш ва уларнинг иш ҳақини камайтиришни тақиқловчи қоида киритилиши эса аёлларнинг жамиятдаги ўрни муносиб бўлишига қаратилган эътибордир. Бугун аёл-қизларимизни давлат бошқарувида, сиёсатда, ижтимоий соҳанинг барча йўналишларида, қурилиш ва саноатда, тадбиркорликда, қўйингки, барча соҳа ва йўналишларда эркаклар қаторида баравар фаолият олиб бораётганини кўришимиз мумкин.

Жумладан, бугунги кунда хотин-қизларнинг давлат бошқарувидаги улуши 35 фоизга, тадбиркорлик соҳасида 45 фоизга, сиёсий партиялар таркибида эса 49 фоизга етди. Вазир ва вазирга тенглаштирилган лавозимларда хотин-қизлар улуши 2018 йилда қарийб 3 фоизни ташкил этган бўлса, ўтган даврда икки ярим баробар ошиб, 7,7 фоизга етгани эътиборли. Вазирлик ва идоралардаги ходимларнинг 49 фоизи хотин-қизлардир.

Ўтган 2024 йилги сайловлар натижасида Қонунчилик палатасига сайланган депутатларнинг 57 нафарини ёки 38 фоизини аёллар ташкил этгани минтақадаги энг юқори кўрсаткич бўлди. Сенат аъзоларининг қарийб 27 фоизи ёки 16 нафарини, маҳаллий Кенгашларга сайланган депутатларнинг 32,6 фоизини хотин-қизлар ташкил этди. Натижада Миллий парламентлар бўйича халқаро рейтингда парламентдаги хотин-қизлар салмоғи бўйича Ўзбекистон дунёдаги 193 та давлат ўртасида 49-ўриндан 34-ўринга кўтарилди.

Бешинчидан, ҳар кимнинг уй-жойи бўлиш ҳуқуқи, ҳар ким қулай атроф-муҳитга, унинг ҳолати тўғрисида ишончли ахборотга эга бўлиш ҳуқуқи, ўқитувчиларнинг мақоми алоҳида белгиланиши, шаъни, қадр-қиммати ҳимоя қилиниши, уларга алоҳида ғамхўрлик қилиш кераклиги, давлат фуқароларнинг бандлигини таъминлаш, ишсизликдан ҳимоя қилиш, камбағалликни қисқартириш чораларини кўриши конституциявий даражада белгилангани Ўзбекистоннинг халқпарвар давлат эканлигидан далолат беради.

Давлат зиммасидаги мажбуриятларнинг ошганлигини Конституциямизнинг мазмунини таҳлил қилганимизда яққол кўриш мумкин. Масалан, Конституциямизнинг 20 та жойида давлат муайян мажбуриятни амалга ошириши бўйича “таъминлайди” деб белгиланган, 17 маротаба “шароит яратади”, деб белгиланган, 16 маротаба “кафолатлайди” ёки “кафолатланади”, деб белгиланган. Шунингдек, 3 маротаба давлат масъулиятини кучайтириш нуқтаи назаридан “кўмаклашади” деган иборалар қўлланилган.

Олтинчидан, давлатимизнинг ижтимоий давлат эканлиги белгиланиб, давлатнинг аҳолини қўллаб-қувватлашга қаратилган ижтимоий мажбуриятлари мустаҳкамланди. Хусусан, меҳнатга лаёқатсизлар, ёлғиз кексалар, ногиронлиги бўлган шахслар, аҳолининг эҳтиёжманд қисми, хотин-қизлар ҳуқуқи алоҳида ҳимояланиши белгиланди.
Фуқароларнинг таълим олишга оид ҳуқуқлари кенгайтирилди. Хусусан, давлат узлуксиз таълим тизими, унинг ҳар хил турлари ва шакллари, давлат ва нодавлат таълим ташкилотлари ривожланишини таъминлайди, деб белгиланди. Таълим ташкилотларида алоҳида таълим эҳтиёжларига эга бўлган болалар учун инклюзив таълим-тарбия таъминланиши белгиланди.

Бугунги кунда давлат мактабгача таълим ташкилотлари сони 6 минг 915 тага ва нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари сони 31 минг 140 тага (864 та хусусий, 28 минг 739 та оилавий ва давлат-хусусий шериклик асосидаги 1 минг 537 та нодавлат) етказилди (ушбу рақамлар ошиб бормоқда). Натижада 2 миллион 320 минг 269 нафар ёки 76 фоиз болалар мактабгача таълим билан қамраб олинди. Шунингдек, конституциявий норма ижроси юзасидан мамлакатимизда 420 та умумтаълим мактабларининг 950 та инклюзив синфларида 1 минг 845 нафар ўқувчи таълим олмоқда.

Сўнгги йилларда соғлиқни сақлаш тизимига ажратилаётган маблағлар 6 карра оширилди. Ушбу маблағлар 2017 йилда 5,9 трлн. сўмни ташкил этган бўлса, 2024 йилда 33,5 трлн. сўмга етди, 2025 йилда эса 41 трлн. сўм ажратилди. Ҳозирги кунда аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш учун 4 000 дан зиёд тиббиёт муассасаси фаолият юритмоқда.

Еттинчидан, Конституциямизда инсон ва фуқароларнинг ҳуқуқлари кафолатлари тизими, фуқароларга ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш имкониятлари кенгайтирилди. Хусусан, ҳар ким ўз ҳуқуқ ва эркинликларини қонунда тақиқланмаган барча усуллар билан ҳимоя қилишга ҳақли эканлиги белгиланди. Ҳар ким қонунчилик ва халқаро шартномаларга мувофиқ, агар давлатнинг ҳуқуқий ҳимояга доир барча ички воситаларидан фойдаланиб бўлинган бўлса, инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилувчи халқаро органларга мурожаат қилишига ҳақли эканлиги ўз ифодасини топди.

Бундан ташқари, Конституциянинг 133-моддасида фуқаролар агар суд орқали ҳимоя қилишнинг бошқа барча воситаларидан фойдаланиб бўлинган бўлса, судда кўриб чиқилиши тугалланган муайян ишда суд томонидан ўзига нисбатан қўлланилган қонуннинг Конституцияга мувофиқлиги тўғрисидаги шикоят билан Конституциявий судга мурожаат қилишга ҳақли эканлиги белгиланди. Мазкур қоида фуқаролар ҳуқуқи кафолатларини кучайтириши билан бирга, Конституциявий суд фаолиятини кучайтиришга хам қаратилди.

Конституциямизда фуқаролик жамияти институтларининг эркин фаолият юритиши, давлат ва жамият бошқарувида фаол иштирок этиши учун зарур шароитлар яратилиши белгилаб қўйилди. Шунингдек, фуқароларнинг жамият ва давлат ишларини бошқаришда иштирок этиш ҳуқуқи, фуқаролик институтларининг ҳуқуқ ва эркинликларига риоя қилиш кафолатлари, уларга тенг ҳуқуқий имкониятлар яратиб беришга оид тамойиллар мустаҳкамлаб қўйилган. Бу борада қабул қилинган жами икки юздан ортиқ қонун ҳужжатлари мамлакатимизда фуқаролик жамиятини изчил ривожлантиришда ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда.

Мамлакатимизда нодавлат нотижорат ташкилотлари сон жиҳатдан ҳам ўсиб бормоқда. Ҳозирги кунда Ўзбекистонда 9 минг 600 дан ортиқ нодавлат нотижорат ташкилоти мавжуд ҳамда 30 дан ортиқ халқаро ва хорижий ноҳукумат ташкилотларнинг филиал ва ваколатхоналари фаолият юритмоқда. Бу эса давлат ва жамият ишларини бошқаришда улар билан фаол ҳамкорлик қилишга имконият яратади. Шунингдек, бугунги очиқлик шароитида фуқаролик жамияти институтларининг назорат фаолияти ҳам таъсирчан мазмун касб этмоқда.

Соҳани давлат томонидан қўллаб-қувватлаш мақсадида республика бюджетидан салмоқли маблағлар ажратиш тизими йўлга қўйилди. Хусусан, 2017 йилда нодавлат нотижорат ташкилотларини қўллаб-қувватлаш мақсадида давлат бюджетидан 12 миллиард сўм миқдорида маблағлар ажратилган бўлса, 2023 йилда 268 млрд. 172 миллион сўм ёки 2017 йилга нисбатан 22 баробар кўп маблағ ажратилган. ННТлар томонидан амалга оширилаётган лойиҳаларнинг долзарблигини ва мамлакатда фуқаролик жамиятини ривожлантиришдаги аҳамиятини инобатга олган ҳолда ҳозирда ҳам бу сиёсат давом эттирилмоқда.

Фуқаролик жамиятини шакллантиришнинг асосий мезонларидан бири — бу унинг ҳуқуқий негизини яратишдан иборат бўлганлиги боис, биринчи навбатда янги таҳрирдаги Конституциямизда фуқаролик жамиятининг ҳуқуқий пойдеворини ўрнатишга, унинг асосий қоида ва талабларини ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамловчи ҳуқуқий нормаларнинг ўз ифодасини топишига алоҳида эътибор берилди. Таъкидлаш жоизки, фуқаролик жамияти ҳокимиятнинг оқилоналиги ва одилоналиги, шахс эркинлиги ва фаровонлиги ҳақидаги ғояларнинг ҳуқуқий устунлиги, ҳуқуқ ва қонуннинг бирлиги, давлат ҳокимиятининг турли тармоқлари фаолияти функцияларининг маълум қисмини ўз зиммасига олиш билан муштаракдир.

Шунга асосан, Конституцияда фуқаролик жамияти асосларини мустаҳкамлаш борасида қуйидагилар белгиланди:
илк бор “фуқаролик жамияти институтлари” ибораси киритилиб, жамоат бирлашмалари ва бошқа нодавлат нотижорат ташкилотлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, оммавий ахборот воситалари фуқаролик жамиятининг асосини ташкил этиши белгиланди;
давлат томонидан нодавлат нотижорат ташкилотларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига риоя этилишини таъминлаш, уларга жамият ҳаётида иштирок этиш учун тенг ҳуқуқий имкониятлар яратиш вазифаси мустаҳкамланди;
Вазирлар Маҳкамасига фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш чораларини амалга ошириш вазифаси юклатилди;
фуқаролик жамияти институтларига Ўзбекистон Республикаси бюджетининг шакллантирилиши ва ижро этилиши устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш ваколати берилди.

Жаҳонда демократлаштириш жараёнларининг муваффақияти жамият ҳаётига дахлдор қарор ва дастурларнинг қабул қилинишида, инновацион ташаббуслар, жамоатчилик назорати, шаҳарсозликни ривожлантиришда фуқароларнинг юқори даражадаги иштироки билан белгиланмоқда. Халқаро амалиётда ривожланган мамлакатларнинг тараққиёт стратегияларини ишлаб чиқиш ва жорий қилинишида фуқаролар ташаббусига катта аҳамият берилмоқда. Демократия феноменининг йирик тадқиқотчиларидан бўлган Алексис де Токвиль: “Дунёдаги мамлакатлар орасида энг демократик мамлакат фуқаролари мақсадга етишишида ўзаро маслаҳатлашиш асосида иш кўрадиган ва мазкур жамоавий ҳаракат усулини бошқалардан кўра кўпроқ қўллайдиган мамлакатдир”, деган эди.

Бинобарин, давлатимиз раҳбари “Биз янги Ўзбекистонни халқимиз билан биргаликда барпо этамиз, деган улуғвор мақсадни ўз олдимизга қўйганмиз. Бу борада “Жамият – ислоҳотлар ташаббускори” деган янги ғоя кундалик фаолиятимизга тобора чуқур кириб бормоқда. Ислоҳотларнинг амалий натижадорлигини оширишда, жойларда янги ташаббусларни илгари суришда аҳолимизнинг янада фаолроқ, янада ташаббускор бўлишига эришмоғимиз лозим”лигини алоҳида таъкидлаган эди.

Фуқаролик жамияти институтлари Ўзбекистонда аҳолининг сиёсий ва ижтимоий фаоллигини ошириш, шахс ҳуқуқларини таъминлаш ва ҳимоя қилиш, инсон ҳуқуқлари маданиятини шакллантиришда муҳим омил бўлмоқда. Шу сабабли, фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш ишлари келгусида ҳам давом эттирилади.
Фуқаролик жамиятининг ривожланиши учун жамиятда очиқлик ва ошкоралик таъминланган бўлиши, фуқаролик жамияти институтларининг ахборот олиш кафолатлари таъминланган бўлиши жоиз. Шу сабабли мамлакатимизда сўз ва матбуот эркинлигини, фуқароларнинг ахборот олиш ва уни тарқатиш, ўз фикр ва қарашларини эркин билдириш ҳуқуқини таъминлаш борасидаги механизмлар кучайтирилди.

Хулоса қилиб айтганда, янги таҳрирдаги Конституциямизга киритилган янги норма ва принциплар “Янги Ўзбекистон – халқчил ва инсонпарвар давлат” ғоясини амалга оширишга мустаҳкам асос бўлди. Шу билан бирга, конституциявий ислоҳотлар Ватанимиз тараққиёти, халқимиз фаровонлигини янги босқичга кўтаришга хизмат қилмоқда.

Хушвақт Ҳайитов,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
юридик фанлари доктори, профессор.
ЎзА

Қизиқарли маълумотлар
Бразилия Федератив Республикасининг конституциясида "Ҳиндулар тўғрисида" деб номланган махсус боб (VII боб) мавжуд бўлиб, ушбу боб Бразилияда яшаб келган туб аҳолига тақдим этилган алоҳида устунлик ва имтиёзларга бағишланган.