Конституция – фуқароларнинг эркинликлари, ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари тўлақонли таъминланишига хизмат қилмоқда
Ҳар биримиз Конституциямизнинг мустақил Ўзбекистон давлатчилиги тикланиши ва ривожланишидаги беқиёс ўрни ва аҳамиятини юксак қадрлаймиз.
Дарҳақиқат, Асосий қонунимиз ўзининг тамойиллари ва қоидалари билан мамлакатимиз тақдири, ҳар бир инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликларини белгилашда муҳим ҳужжат ҳисобланади. У тенглик, қонунийликни таъминлаш, инсон ҳуқуқлари мутлақ устуворлигига асосланган замонавий ўзбек давлатчилигининг фундаментал асосларини аниқлаб беради.
Янги таҳрирдаги Конституциямизнинг муқаддимасидан тортиб, якунловчи қоидаларига қадар инсон, унинг фаровонлиги тўғрисида ғамхўрлик ғоялари сингдирилган.
Конституциямизнинг биринчи моддасида Ўзбекистон ижтимоий давлат деб эълон қилинди. Шунингдек, давлатнинг ижтимоий мажбуриятларига оид нормалар қарийб уч бараварга кўпайди.
Жумладан, аҳоли соғлиғини сақлашга оид нормалар 4 баробар кўпайтирилди. Хусусан, Конституциямизнинг 48-моддасида ҳар ким соғлиғини сақлаш ва малакали тиббий хизматдан фойдаланиш ҳуқуқига эга. Бундан ташқари,Ўзбекистон Республикаси фуқаролари тиббий ёрдамнинг кафолатланган ҳажмини қонунда белгиланган тартибда давлат ҳисобидан олишга ҳақлидир, давлат соғлиқни сақлаш тизимини, унинг давлат ва нодавлат шаклларини, тиббий суғуртанинг ҳар хил турларини ривожлантириш, аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталигини таъминлаш чораларини кўради ҳамда давлат жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш, аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш учун шарт-шароитлар яратади, деб мустаҳкамлаб қўйилди.
Ушбу норма аҳоли саломатлиги учун муҳим ижтимоий кўмак ҳисобланади. Қолаверса, фуқаролар соғлиғини ишончли муҳофаза этишнинг кафолатларидир. Фуқаролар зарур пайтларда сифатли тиббий хизмат учун давлатга суяна олиши эса, алоҳида аҳамиятга эга. Чунки, аҳолининг айрим қатламлари пулли асосда ёки хусусий шифохоналар хизматидан фойдаланишга имконияти етмаслиги мумкин. Ана шундай вазиятда давлат фуқароларни кафолатланган тиббий хизмат билан таъминлаш мажбуриятини ўз зиммасига олиши муҳим аҳамият касб этади. Конституциядан ўрин олган ушбу норма айнан мазкур жиҳатларни кўзда тутади.
Ҳар бир мамлакатда сифатли тиббиёт тизими мавжудлиги жуда муҳим аҳамиятга эга. Бу ўз навбатида, аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш борасида соғлом рақобат муҳитини яратади ва фуқароларга кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифати ва самарадорлигини ошириш қулайлигини таъминлашга, хизмат қилади.
Шу билан бир қаторда, мамлакатимизда аҳоли саломатлигини асрашда касалликларнинг олдини олиш ва уларни эрта аниқлашга, касалликларни келтириб чиқарувчи омилларни бартараф этишга алоҳида эътибор қаратилиб, сўнгги йилларда тиббий профилактика, касалликлар скрининги, соғлом турмуш тарзи ва жисмоний фаоллик устуворлик касб этмоқда.
Зеро, соғлом инсонлар сафини кенгайтириш, соғлом жамиятни ташкил этишда спорт билан шуғулланиш ва соғлом турмуш тарзини оммалаштириш муҳим аҳамият касб этади. Тўғри, барча ҳудудларда ҳам бунинг учун етарли шароитлар бор деб айтолмаймиз. Шу сабабли ҳам, спорт билан шуғулланиш ва соғлом турмуш тарзини шакллантириш учун шароитларни яратиш Конституция даражасигача олиб чиқилиб, давлат мажбуриятига айланди. Яъни, давлат жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш, аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш учун шарт-шароитлар яратиши мустаҳкамлаб қўйилди.
Бундай нормаларнинг Конституция даражасига кўтарилиши аҳоли саломатлигини ишончли муҳофаза этишда муҳим аҳамият касб этади. Янги нормалар орқали тиббиётнинг нодавлат шаклларини ривожлантириш, жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланиш учун шароит яратишишлари янада яхшиланади. Давлат тиббиёт соҳасига оид энг муҳим вазифаларни ўз зиммасига олгани, яъни оналар ва болалар ўлими, юқумли касалликлар таҳдидини бартараф этишда алоҳида аҳамиятга эга бўлади.
Мамлакатимизда соғлиқни сақлаш тизимини янги босқичга олиб чиқишга қаратилган 300 дан ортиқ қонунчилик ҳужжатлари қабул қилиниб, ҳаётга татбиқ этилмоқда. Давлатимиз раҳбарининг бевосита раҳбарлигида амалга оширилаётган чора-тадбирлар натижасида аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш самарадорлигини, сифатини ва қулайлигини ошириш таъминланмоқда, БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадларининг асосий параметрларига эришилмоқда.
Миллий тиббиётимизнинг уч босқичли миллий модели – бирламчи тиббий-санитария ёрдами, шошилинч ва тез тиббий ёрдам ҳамда ихтисослаштирилган тиббий хизмат тармоғи яратилиб, фаолият юритмоқда. Биргина, бирламчи тиббий-санитария ёрдами тизимини тубдан ислоҳ қилингани ва соҳага босқичма-босқич давлат тиббий суғуртаси механизмлари кенг жорий этилиши ҳамда кафолатланган пакет ишлаб чиқилгани тиббиётдаги энг катта тарихий қадамдир.
Бир сўз билан айтганда, Конституция – Янги Ўзбекистоннинг ўз олдига қўйган устувор мақсадларини амалга оширишга, жамиятни янада тараққий эттиришга, фуқароларнинг эркинликлари, ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари тўлақонли таъминланишига хизмат қилмоқда.
Сўнгги бир йил мобайнида тиббий хизмат сифатини оширишга қаратилган 20 дан ортиқ Президент фармони ва қарорлари қабул қилинди.
Жумладан, Президентимизнинг қабул қилинган «Соғлиқни сақлаш соҳасини комплекс ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори соҳада ўтказилаётган ислоҳотлар жараёнида бутунлай янги даврни бошлаб беради.
Яъни, соғлиқни сақлаш раҳбариятининг асосий фаолият йўналишлари белгиланди. Илгаригидан мутлақо фарқ қиладиган янги бошқарув тизими жорий қилинди.
Қарорда белгиланган вазифалардан энг муҳими, тиббиётнинг бирламчи бўғинини юқори даражада самарали ташкил этишдир. Янги жорий этилаётган бошқарув тизимига асосан соғлиқни сақлаш вазирига тизим ва идоравий мансуб ташкилотлар фаолиятига умумий раҳбарлик қилиш, уларнинг ишини самарали ташкил этиш, фан-таълимни ривожлантириш, вазирнинг биринчи ўринбосарига оилавий шифокор пунктлари, оилавий поликлиника, туман, шаҳар кўп тармоқли марказий поликлиника ва шифохоналарида тиббий хизматларни кўрсатиш сифати, уларни жиҳозлаш ҳамда тиббиёт ходимларининг билим ва малакасини ошириш, вазирнинг рақамлаштиришга масъул ўринбосарига тиббиёт соҳасини рақамлаштириш, молиялаштириш, давлат-хусусий шерикликни жорий қилиш ва ривожлантириш, яна бир вазир ўринбосарига республика ихтисослаштирилган тиббиёт ва кўп тармоқли вилоят шифохоналарини ислоҳ қилиш, уларни бирламчи тиббий-санитария муассасалари билан боғлаш юклатилди.
Шунингдек, ҳомиладор аёлнинг комплекс кузатуви ягона маълумотлар базасини яратиш, перинатал ва скрининг марказлари ҳамда бирламчи тиббий-санитария муассасаларидаги оналар ва болалар саломатлигига масъул тузилмалар томонидан ягона маълумотлар базасига зарур маълумотларни киритиш, ҳомиладор аёлларнинг тиббий картасини юритиш ва шаклланган маълумотларга асосан ҳомиладор аёлларга зарур маслаҳатларни бериш йўлга қўйилди.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Аёллар орасида онкологик касалликларни назорат қилиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Қарорга кўра, тиббиётнинг бирламчи бўғинида 30-65 ёшдаги аёлларнинг электрон базаси (рўйхати) шакллантирилади, уларни тиббий кўрикка таклиф қилиш тизими яратилади.
Ҳар йили 30-50 ёшдаги аёлларда бачадон бўйни саратони скрининги одам папилломаси вирусини полимераза занжирли реакция текшируви усули орқали аниқлаш ҳамда суюқлик цитологияси усулида текшириш йўли билан амалга оширилади. 30-65 ёшдаги аёллар ҳар 2 йилда бир маротаба тиббиёт ходимлари томонидан бирламчи саралашдан ўтказилади.
Скрининг натижасида онкологик касалликка чалинганлиги аниқланган беморларни ташхислаш ва даволаш билан боғлиқ харажатлар бюджет ҳисобидан молиялаштирилади.
Мамлакатимизда аҳоли соғлиғини сақлашга оид олиб борилаётган ушбу ислоҳотлар, ўз-ўзидан соғлом рақобатни оширади. Ўз навбатида, аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматнинг ҳам сифати, ҳам самарадорлиги ошади.
Шу ўринда алоҳида таъкидлаб ўтиш жоизки, ҳозир Ўзбекистон тиббиётида кенг кўламли трансформация жараёнлари давом этмоқда. Аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифатини жаҳон стандартлари даражасига олиб чиқиш – энг асосий талаблардан бири. Бунинг учун эса, биринчи навбатда, халқаро тажрибани чуқур ўрганиш ва амалиётга самарали татбиқ этиш талаб этилади.
Ана шу эҳтиёждан келиб чиқиб, Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорига кўра, Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан туркиялик мутахассислар гуруҳи жалб этилди. Ҳозир хорижлик экспертлар юртимиз вакиллари билан ҳамкорликда барча бўғиндаги тиббиёт муассасаларида ўрганишлар олиб бормоқда. Туркиялик мутахассислар еттита йўналиш – бирламчи тиббий-санитария ёрдамини такомиллаштириш, тиббий суғурта тизимини жорий этиш ва тизимни рақамлаштириш, шифохоналарда тиббий хизматлар самарадорлигини ошириш, тиббий хизматларни режалаштириш, фармацевтикани ривожлантириш ва дори воситалари таъминоти, тиббий асбоб-ускуналар самарадорлигини ошириш, шошилинч ва тез тиббий ёрдамни ривожлантириш бўйича иш олиб бормоқда.
Бугунги кунда, тиббиёт муассасалари фаолиятига замонавий технологиялар жорий этиб борилмоқда. Ҳозирда тиббиёт муассасалари электрон поликлиника ахборот тизимига уланган. Тиббиёт соҳасида олиб борилаётган рақамлаштириш сиёсати биринчи навбатда аҳолига қулайликлар яратиш билан бирга, соҳада қоғозбозлик, бюрократия ва коррупцияни кескин қисқартиришга, тиббий хизмат сифатини тубдан яхшилашга, натижада мамлакатимиз тиббиётини жаҳон стандартлари даражасига олиб чиқишга хизмат қилмоқда.
Умида Юлдошбекова,
Ўзбекистон Республикаси
Конституциявий судининг эксперти