Эрон ОАВ: Ўзбекистонда Конституция қабул қилинганининг 31 йиллиги кенг нишонланмоқда

Эроннинг етакчи газеталаридан бири бўлмиш "Iran News" электрон нашрида "Ўзбекистон Республикасида Конституция қабул қилинганининг 31 йиллиги кенг нишонланмоқда" сарлавҳали мақола эълон қилинди.

Мақолада ёзилишича, Ўзбекистон ўз мустақиллигини эълон қилган санадан эътиборан дунё саҳнида янги, суверен давлат қарор топган бўлса, биринчи Конституция қабул қилиниши баробарида бу мамлакат мустақиллигининг ўз ҳуқуқий тамал тоши ўрнатилди.

"Ўзбекистон халқи томонидан Конституцияни янгилаш борасида келиб тушган 200 мингдан ортиқ таклифлар ва замон талабини инобатга олган ҳолда 2022 йил май ойида Ўзбекистон парламентида конституциявий комиссия тузилиб, ҳужжатни янгилаш жараёни бошланди, - дейилади нашрда. 2023 йил 30 апрель куни Ўзбекистон "Конституция тўғрисида"ги конституциявий қонунни қабул қилиш бўйича умумхалқ референдуми ўтказилди. Референдумда сайловчиларнинг 84,5 фоизи иштирок этган бўлиб, улардан 90,2 фоизи конституциявий қонунни қабул қилишни ёқлаб овоз берди ва "Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида"ги конституциявий қонун 2023 йил 1 майдан кучга кирди".

Таъкидланишича, янгиланган Конституция Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлидаги ҳуқуқий асосларни янада мустаҳкамлади. Хусусан, Конституцияда давлат қурилишининг янги стратегик мақсади — ижтимоий давлат қуриш эканлиги белгилаб берилди. Ижтимоий адолат ва бирдамлик принциплари жорий этилди. Инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишнинг мутлақо янги механизмларини назарда тутувчи конституциявий асослар янада мустаҳкамланди.

Аввалги Конституцияда "давлат – жамият – инсон" тамойили устувор тамойил сифатида белгиланган эди. Янгиланган Конституцияда эса Ўзбекистонда инсон манфаатлари устуворлигини ўзида ифода этадиган "инсон – жамият – давлат" принципи мустаҳкамланди.

Мақола хулосасида, бугунги кунда Ўзбекистон ўзининг янги қомусига таянган ҳолда демократик ўзгаришлар, кенг имкониятлар ва амалий ишлар мамлакатига айланиб бораётганига урғу берилади.

Қизиқарли маълумотлар
Буюк Британия ва Шимолий Ирландия Бирлашган Қироллиги давлатининг конситуцияси 300га яқин қонун ҳужжатларидан иборатдир, яъни бу давлатда ягона конституция ҳужжати мавжуд эмас.