Конституция - демократик ислоҳотлар таянчи

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 20 июндаги “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг йигирма беш йиллигини нишонлашга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Ф-4969-сонли фармойишининг ижросини таъминлаш мақсадида Навоий вилоят адлия бошқармасининг ташаббуси билан 2017 йилнинг 27 октябрь куни Навоий давлат педагогика институтида “Конституция- демократик ислоҳотлар таянчи” мавзусида илмий-амалий конференция ташкил этилди.

Ушбу, ташкил этилган илмий-амалий конференцияда Адлия вазирлиги ҳузуридаги Юристлар малакасини ошириш маркази маркази профессор-ўқитувчилари, вилоят адлия бошқармаси бошлиғи, вилоят ҳокими ўринбосарлари, суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар раҳбарлари, Навоий давлат педагогика институти ректори ҳамда талабалари, шунингдек телевединия ва матбуот ходимлари, жами 200 дан ортиқ тингловчилар иштирок этишди.

Мазкур учрашувда Навоий вилоят адлия бошқармаси бошлиғи Ш.Баҳронов сўзга чиқиб, Конституциямизнинг қабул қилинганлигига йигирма беш йиллиги муносабати билан барча йиғилганлирни табриклаб, ҳозирда ушбу байрамни кенг нишонлаш бўйича жойларда кўплаб учрашувлар ташкил қилинаётганлигини, яқиндагина “Ёшлар марказида” “Конститутсия ва ёшлар” мавзусида вилоятдаги ёшлар билан ушрашув ташкил қилинганлигини, бугунги илмий-амалий конференция бош қомусимизнинг яратилиш тарихи, унга киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар ҳақида бўлибгина қолмасдан, балки конституциямизнинг жамиятдаги муҳим ўрни ва демократик ислоҳотларнинг таянчи эканлиги ҳақида кенг ва атрофлича фикр ва мулоҳазалар юритилишини айтиб ўтди.

Тадбирда Навоий вилоят ҳокимининг ёшлар масалалари бўйича ўринбосари Ф.Солиев иштирок этиб, мамлакатимиз истиқлолга эришилгач, ижтимоий йўналтирилган бозор иқтисодиётига эга демократик ҳуқуқий давлат қуриш ва кучли фуқаролик жамиятини шакллантириш хаётимизнинг барча жабҳаларида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг асосий максади этиб белгиланганлигини, бундан 25 йил аввал қабул қилинган мамлакатимиз Конституцияси мухим вазифаларни хаётга татбиқ этишда ва олдимизга қўйган мақсад сари оғишмай боришда мустаҳкам асос бўлиб хизмат қилаётганлигини билдирди.

Бундан ташқари, тадбирда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Юристлар малакасини ошириш маркази директорининг ўқув-услубий ва илмий ишлар бўйича биринчи ўринбосари, юридик фанлар доктори Х.Маматов “Конституция – инсон ҳуқуқ ва эркинликлари кафолати” мавзусида, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги юристлар малакасини ошириш маркази кафедра мудири, юридик фанлар доктори Б.Тошев “Ўзбекистон Конституцияси – миллий давлатчилигимиз ва ҳуқуқ тизимининг манбаи” мавзусида, Фуқаролик ишлари бўйича Навоий вилоят суди раиси Н.Файзиев “Конституция ва суд-ҳуқуқ ислоҳотлари” мавзусида, Навоий давлат педагогика институти ректори Б.Данияров “Конституциянинг ҳаётий ўрни” мавзусида, Навоий давлат педагогика институти катта ўқитувчиси О.Эшдавлатов “Конституция – тараққиётимиз ва фаровонлигимизнинг муҳим ҳуқуқий асоси” мавзуларида маърузалар қилишди.

Шунингдек, мазкур илмий-амалий конференцияда “Конституция- демократик ислоҳотлар таянчи” номли тўплам ҳам чоп этилди.

Учрашув давомида тадбир иштирокчилари ўзларини қизиқтирган саволларга маърузачилардан атрофлича жавоблар олишди.

Қизиқарли маълумотлар
АҚШ Конституцияси дунёдаги энг кичик ва энг ўзгармас Конституция ҳисобланади.