Давлат ҳокимиятининг тақсимланиши
Давлат ҳокимиятининг тақсимланиши – давлат ҳокимиятини ташкил этиш. Қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимиятининг ўзаро муносабати.
Давлат ҳокимияти тизими ҳар қандай демократик жамиятнинг асоси ҳисобланади. Унинг тўғри ташкил этилиши фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатлаш, қонун устуворлигини таъминлаш ҳамда ҳокимиятнинг бир қўлда тўпланиб кетишининг олдини олишда муҳим аҳамиятга эга. Шу мақсадда, демократик давлатларда ҳокимиятни тақсимлаш принципи амал қилади. Бу принципга кўра, давлат ҳокимияти қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимиятларига бўлинади ҳамда улар ўзаро ҳамкорликда, лекин мустақил фаолият юритади.
Ҳокимиятни тақсимлаш принципи: назарий асослар
Ҳокимиятни тақсимлаш ғояси қадимдан мавжуд бўлиб, уни энг мукаммал шаклда француз файласуфи Шарл Луи Монтеске (1689–1755) ўзининг машҳур “Қонунлар руҳи тўғрисида” асарида ишлаб чиққан. У ҳокимиятнинг уч тармоғи қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимиятлари бир-биридан мустақил бўлиши кераклигини таъкидлаган. Монтескенинг фикрича, агар ҳокимиятнинг барча ваколати бир қўлда жамланса, бу деспотизмга, яъни зулмга олиб келади. Шунинг учун ҳокимият тармоқлари бир-бирини мувозанатлаштириб туриши, “тормоз ва мувозанат” тизими орқали бошқарувда адолатни таъминлаши зарур.
Ушбу ғоя кейинчалик АҚШ Конституциясида (1787 йил) ўз аксини топди ва бутун дунё демократик давлатларининг сиёсий-ҳуқуқий тизимига асос бўлди. Ўзбекистон ҳам мустақилликка эришгач, шу принципни ўз Конституциясида мустаҳкамлаб, уни давлат бошқаруви тизимининг асосий тамойилларидан бирига айлантирди.
Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 11-моддасида аниқ белгиланган:
“Давлат ҳокимияти тизими – қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимиятининг ўзаро ҳамкорликда, тизимлилик асосида ишлашига асосланади.”
Бу норма Ўзбекистонда ҳокимият бўлиниши тамойили конституциявий даражада мустаҳкамланганини билдиради. Ҳар бир тармоқнинг ўзига хос ваколатлари, жавобгарликлари ҳамда улар ўртасидаги мувозанатни таъминловчи механизмлар белгиланган.
Ўзбекистонда қонун чиқарувчи ҳокимият Олий Мажлисга тегишлидир. У икки палатадан иборат:
Қонунчилик палатаси – халқ томонидан сайланади, қонунлар лойиҳасини ишлаб чиқади, муҳокама қилади ва қабул қилади;
Сенат – ҳудудлардан сайланган ва Президент томонидан тайинланган аъзолардан ташкил топади, қонунларни тасдиқлайди ҳамда халқаро шартномаларни ратификация қилади.
Янги таҳрирдаги Конституциянинг 98-моддасида Олий Мажлиснинг асосий ваколатлари санаб ўтилган. Жумладан, қонунлар қабул қилиш, давлат бюджетини тасдиқлаш, ҳукумат ҳисоботини эшитиш, халқаро шартномаларни маъқуллаш, референдум ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилиш шулар жумласидандир.
Қонун чиқарувчи ҳокимият ижро ва суд ҳокимиятидан мустақил бўлиши билан бирга, улар устидан назорат вазифасини ҳам бажаради. Масалан, Олий Мажлис Бош вазир номзодини тасдиқлайди, ҳукумат фаолиятини эшитади ва зарур ҳолларда ишончсизлик вотуми эълон қилиши мумкин.
Ижро ҳокимияти – давлат сиёсатини амалга оширувчи тармоқ бўлиб, унинг бошида Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамаси туради.
Президент давлат бошлиғИ (Конституциянинг 105-113-моддалари) сифатида ижро ҳокимиятининг асосий йўналишларини белгилайди, Бош вазир номзодини Олий Мажлисга тақдим этади, вилоят ва Тошкент шаҳар ҳокимларини тайинлайди, ҳукумат қарорларини тасдиқлайди ёки бекор қилади.
Вазирлар Маҳкамаси эса ижро ҳокимиятининг олий органи ҳисобланади. Конституциянинг 115-моддасига мувофиқ, у иқтисодиёт, ижтимоий соҳа, молия ва ташқи сиёсатнинг амалий бошқарувини амалга оширади. Вазирлар Маҳкамаси қонунларнинг бажарилишини таъминлайди, давлат дастурларини ишлаб чиқади ва ижро этади.
Ижро ҳокимияти қонун чиқарувчи ҳокимият томонидан назорат қилинади, бироқ ўз фаолиятини мустақил тарзда амалга оширади.
Суд ҳокимияти – адолатни таъминлаш, қонун устуворлигини қарор топтириш ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан шуғулланади. Ўзбекистонда суд ҳокимиятининг мустақиллиги Конституциянинг 130-140-моддаларида кафолатланган:
“Судлар фақат қонунга бўйсунадилар. Ҳеч бир бошқа орган, мансабдор шахс суд фаолиятига аралашишга ҳақли эмас.”
Суд тизими қуйидаги органлардан иборат:
Конституциявий суд,
Олий суд,
Вилоят, Тошкент шаҳар ва туман (шаҳар) судлари,
Ҳарбий судлар.
Конституциявий суд қонунлар ва бошқа норматив ҳужжатларнинг Конституцияга мувофиқлигини текширади, Олий суд эса фуқаролик, жиноий, маъмурий ишлар бўйича якуний инстанция ҳисобланади.
Ҳокимият тармоқлари ўртасидаги ўзаро муносабат
Ўзбекистон Республикасида ҳокимият тармоқлари ўзаро мувозанат ва тормоз тизими асосида ишлайди. Қонун чиқарувчи ҳокимият қонунларни белгилайди, ижро ҳокимияти уларни амалга оширади, суд ҳокимияти эса уларнинг тўғри бажарилишини назорат қилади. Шу билан бирга:
Президент қонун ташаббуси ҳуқуқига эга;
Олий Мажлис ҳукумат устидан сиёсий назоратни амалга оширади;
Судлар эса қонунларга Конституциявий назорат ўрнатади.
Бу тизимнинг мақсади – ҳокимиятнинг бир қўлда жамланишини олдини олиш, давлат бошқарувида мувозанатни сақлаш ва фуқароларнинг ҳуқуқ ҳамда эркинликларини ҳимоя қилишдир.
Хулоса қилиб айтганда, ҳокимиятни тақсимлаш принципи Ўзбекистон давлат бошқарув тизимининг конституциявий пойдеворини ташкил этади. У Шарл Монтеске илгари сурган ғояларга асосланиб, демократик жамият барпо этиш, қонун устуворлигини таъминлаш ва ҳокимиятлар ўртасида мувозанатни сақлашга хизмат қилади.
Бугунги кунда Ўзбекистонда ушбу принцип амалда тобора такомиллашиб бормоқда. Қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимиятларининг ўзаро алоқаси ва ҳамкорлиги давлат бошқарувининг барқарорлигини, фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари ишончли ҳимоя қилинишини таъминламоқда.
Давлат ҳокимияти ташкил этиш ҳақида гап бораркан, Давлат суверенитети тушунчасига алоҳида тўхталиб ўтиш мақсадга мувофиқ. “Суверенитет” атамаси илк бор Францияда (ХВИ аср) вужудга келган. Бу атама лотинча суперареитас (cупра, супериос) сўзидан келиб чиққан бўлиб, аслида “энг олий”, “олий ҳокимият” деган маънони англатади. Суверенитет мустақил давлатнинг умумий ва ажралмас белгиси бўлиб, унинг тўла ҳуқуқлилигини ҳамда ички ва ташқи сиёсатини амалга оширишда бошқа давлатга қарам эмаслигини англатади.
Ўзбекистон – бошқарувнинг республика шаклига эга бўлган суверен, демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлат. Ўзбекистон Республикаси ўзининг миллий-давлат ва маъмурий-ҳудудий тузилишини, давлат ҳокимияти ва бошқарув органларининг тизимини белгилайди, ички ва ташқи сиёсатини амалга оширади. Ўзбекистоннинг давлат чегараси ва ҳудуди дахлсиз ва бўлинмасдир. Ўзбекистон Республикасининг давлат тили ўзбек тилидир.
Конституциянинг 5-моддасида "Ўзбекистон Республикаси қонун билан тасдиқланадиган ўз давлат рамзлари – байроғи, герби ва мадҳиясига эга» деб кўрсатилган.
Суверенитетнинг ҳуқуқий институт сифатида вужудга келиши. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 1-моддаси Ўзбекистон – суверен республика эканлигини эълон қилувчи ва қонуний мустаҳкамловчи муҳим қоидани мустаҳкамлаган.
Мазкур тушунчанинг келиб чиқиш тарихига қараладиган бўлса, “суверенитет” тушунчаси фанда ХВИИ асрда содир бўлган муҳим тарихий воқеликлар таъсирида шаклланган. Европада ўрта асрлардан кейинги даврда давлат қурилишининг ривожланиши, давлат ҳокимияти билан жамиятнинг диний қатлами ва Рим католик черкови ўртасидаги ўзаро муносабатлар кескин ўзгарди ва миллий давлатчиликка таянадиган миллий мафкуранинг вужудга келишига замин яратди. Бундай ҳолатларни сўнгги ўрта асрларда Европанинг қатор давлатларида, жумладан, Испанияда ва Англияда кузатиш мумкин эди.
“Суверенитет” сўзининг этимологик мазмуни французча “соверанитé” сўзидан келиб чиқиб, унинг ўзаги лотинча “супрематис”, ёки “супрема потестас”, яъни олий ҳокимият тушунчасини билдиради.
“Суверенитет” тушунчасини фанга олиб келган Ж.Боден уни қонундан устун бўлган олий ва эркин фуқаролар бўйсунадиган ҳокимият (сумма ин cивес эт субдитос легибусқуе солута потестас) деб таърифлаган, яъни уни бирор бир юқори турувчи ҳокимият, бирорта қонун, ҳеч қандай муддат билан чеклаши мумкин эмас, ҳокимият ажралмас, ўзгармас ва муддатсиздир. Бундай ҳокимият ҳар қандай давлатнинг зурурий белгиси ва муҳим асоси ҳисобланади.
Суверенитет замонавий талқинда – фуқаролар устидан олий, мутлоқ ва муддатсиз амал қиладиган ҳокимиятдир.
Суверенитет тушунчаси. Суверенитет давлатга хос тушунча бўлиб, у билан бирга вужудга келади. Суверенитет тарихий ҳодисадир. Суверенитет мазмунини ижтимоий-сиёсий ва ҳуқуқий муносабатлар ташкил қилади. Ушбу муносабатлар суверенитетнинг сиёсат ва ҳуқуқ билан мустаҳкам боғлиқлиги ва бир-бирига тегишлилигини намоён қилади, чунки буларнинг ўзаро муносабатлари ҳам сиёсатнинг ҳам ҳуқуқнинг моҳиятини ташкил этади. Сиёсий ва ҳуқуқий муносабатларнинг ҳам бирлиги, ҳам қарама қаршилиги бир категорияда мужассам этилгани, суверенитетнинг сиёсий-ҳуқуқий табиатини ҳосил қилади.
Суверенитет давлат ҳокимиятининг алоҳида хусусияти бўлиш билан бир пайтда, давлатнинг муҳим белгиси ҳам ҳисобланади. Ўзбекистонда давлат ҳокимиятини ташкил этишнинг энг муҳим Конституциявий тамойилларидан бири давлат суверенитети принципи ҳисобланади.
Суверен давлат ички ва ташқи сиёсий фаолиятида ўзининг мустақил ва олий давлат ҳокимиятига эга бўлади. Шунинг учун, биз суверенитет ҳақида гапирганимизда ва уни давлат ҳокимияти билан боғлаганимизда, давлат ҳокимиятини фақат бир маънода - олий ҳокимият сифатида кўрамиз.
Суверенитет, аввало, давлат томонидан унинг ички функциясини амалга оширишда намоён бўлади. У, айниқса, давлатнинг суверен ҳуқуқларида бевосита кўзга ташланади. Жамиятда ҳуқуқий тартиб ўрнатиш, мансабдор шахсларга, жамоат бирлашмаларига ва фуқароларга ҳуқуқлар берилиши ҳамда мажбуриятлар юклатилиши – буларнинг ҳаммаси давлат ҳокимиятининг бошқа ҳокимиятлардан юқори эканлигини билдиради. Фақат давлат ҳокимиятигина нуфузли таъсир ўтказишга, зарур бўлганда эса жамият ҳаётининг ҳамма томонларига таъсир кўрсатишга қодир. Бу унинг кенг қамровли эканлигини, чиндан ҳам мустақиллигини кўрсатади.
Мамлакат ичкарисидаги давлат ҳокимиятининг суверенитети унинг ташқарисидаги мустақиллиги билан чамбарчас боғлиқ. Давлат суверенитети уни халқаро муносабатларда ҳам мустақил эканлигини билдириб, бунда давлат халқаро ҳуқуқнинг тўла ҳуқуқли субъекти сифатида майдонга чиқади. Ўзбекистоннинг ташқи сиёсати унинг Конституциясида белгилаб қўйилганидек, давлатларнинг суверен тенглигига ва халқаро ҳуқуқнинг умумеътироф этган бошқа қоидалари ва нормаларига асосланади. Давлатларнинг суверен тенглиги принципи халқаро ҳуқуқнинг умум тан олинган принципларидан бири сифатида БМТ Уставида ҳам мустаҳкамланган.
Халқ ҳокимиятчилиги. Маълумки, ҳар қандай Конституция конституциявий тузумнинг асосий шартларидан бири бўлмиш халқ ҳокимиятчилиги принципини мустаҳкамлаб беради. Илк бор юнон шаҳар-давлатида пайдо бўлган “демократия” атамаси бутун дунёга тарқалган ва сиёсий луғатдан мустаҳкам ўрин олган. Жаҳондаги демократик давлатларнинг конституциялари “бутун ҳокимият халққа тегишли” ёки “бутун ҳокимият халқ томонидан амалга оширилади” деган тушунчани ўзида мужассамлаштирган.
Ўзбекистон - демократик давлат. Бу халқ ҳокимияти амал қилишини билдиради. Давлат сиёсий ҳокимиятини амалга оширар экан, халқдан ваколат олади. Конституциянинг “Халқ ҳокимиятчилиги” бобида “Халқ давлат ҳокимиятининг бирдан-бир манбаидир”, - деб белгиланган (7-модда).
Конституция истиқлол йилларида эришган барча ютуқ ва марраларимизнинг мустаҳкам ҳуқуқий пойдевори бўлиб келаётир. Айнан Конституциямизга таяниб, Президентимиз бошчилигида мамлакатимизда аввалига Ҳаракатлар стратегияси, кейинчалик Тараққиёт стратегияси қабул қилинди ва Янги Ўзбекистонни барпо этиш бўйича кенг кўламли конституциявий ислоҳотлар амалга оширилди.
Ўтган қисқа даврда жамиятимизнинг сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий, маданий-маърифий манзараси бутунлай ўзгарди. Эркинлик ва очиқлик, қонун устуворлиги, жаҳон ҳамжамияти билан ўзаро манфаатли ҳамкорлик давлатимиз сиёсатининг асосий йўналишига айланди. Конституцияда муҳрлаб қўйилган ҳуқуқий демократик давлат ва эркин фуқаролик жамиятини қуриш ғоясига содиқ қолиб, шу йўлда кенг кўламли улкан ишлар амалга оширилди, катта тажриба тўпланди. “Халқ давлат ҳокимиятининг бирдан-бир манбаидир” деган конституциявий қоидадан келиб чиқиб, халқ билан доимий мулоқот ўрнатилди, давлат идоралари раҳбарлари фуқаролар олдида ҳисобот берадиган самарали тизим йўлга қўйилди. Давлат органлари фаолиятида очиқлик ва ошкоралик тобора кенгайиб бормоқда. Сенатор ва депутатлар, вазир ва ҳокимлар, барча мансабдор шахслар қуйи бўғинга, маҳалла даражасига тушиб, аҳоли билан бевосита учрашиб, уларнинг муаммоларини жойида ҳал этмоқда.
Демократик жамият ҳисобланувчи Ўзбекистонда ҳокимият халққа тегишли. Ана шу ҳокимият самарали ишлаши, ундан барча манфаатдор бўлиши учун у тўғри ташкил қилиниши керак. Халқ ҳокимиятини тўғри ва самарали ташкил қилиш воситаларидан энг самаралиси ва синовдан ўтгани ҳокимиятни давлат ҳокимияти орқали амалга оширишдир. Чунки давлат узоқ йиллар давомида ҳокимиятни амалга ошириш билан шуғулланади ва катта тажриба тўплаган. Бу фаолиятни яхшироқ амалга ошириш мақсадида давлат фаолияти, тузилиши такомиллаштириб борилади.
Инсоният тажрибаси демократиянинг икки асосий шаклини ишлаб чиққан: тўғридан-тўғри, яъни бевосита демократия ҳамда вакиллик демократияси – органлар, аввало вакиллик ва бошқа сайлаб қўйиладиган органлар орқали амалга ошириладиган демократия, яъни сайлов демократияси. Демократиянинг мазкур шаклларини бир-бирига асло қарши қўймаслик лозим, чунки бу иккала шакл ўзига хос аҳамиятга эга ва ўзаро узвий боғлиқдир.
Тўғридан-тўғри демократия – инсоннинг давлат ишларини ҳал қилишда яширин овоз бериш орқали ёки бошқа шаклда бевосита иштирок этиши. Вакиллик демократияси деб инсоннинг давлат ишларини ҳал этишда ўзи сайлаган вакиллари, яъни депутатлар ёки бошқа сайлаб қўйиладиган лавозимлар орқали иштирок этишига айтилади.
Бевосита демократия – (асосий қарорлар фуқаролар томонидан референдум, йиғин каби ташкилий-ҳуқуқий шаклларда қабул қилинади) ва билвосита демократия (қарорлар сайлаб қўйиладиган муассасалар – парламент ёки бошқа органлар томонидан қабул қилинади) фарқланади. Демократия институтлари ҳуқуқий давлатда тўла ривожланади.
Дарҳақиқат, демократияни фуқароларнинг сайловларда тўғридан-тўғри ўзлари хоҳлаган ва муносиб деб топган номзодларига ёки сиёсий партияларга овоз беришларида кўришимиз мумкин.
Эрамиздан олдинги В асрда яшаган Перикл ҳам демократияни шундай тавсифлаган: “Бу тузум демократия деб аталади. Чунки озчиликнинг эмас, кўпчиликнинг манфаатларига асосланади. Хусусий манфаатлар учун эса қонунларимиз ҳаммага бир хил ҳуқуқ беради”. Шунингдек, яна бир юнон файласуфи Афлотун (Платон) ўзининг илк асарларидан бўлган “Мусоҳабалар”идаёқ демократияга “яхшилар ҳокимияти” дея таъриф берганди: “Бировлар уни демократия дейишади, бошқалар яна нимадир деб аташар – кимнинг кўнгли нимани тусаса, шундай, аслида бу – яхшиларнинг халқнинг ваколати билан бошқарувидир”.
Демократия ўзининг соф кўринишида фуқароларга ўзлари ва мамлакатлари тақдирига доир давлатона қарорлар чиқариш жараёнида тўғридан-тўғри, масалан, референдумлар орқали иштирок этиш имконини беради. Бу бевосита демократия демакдир. Бундай имконият Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 9-моддасида (жамият ва давлат ҳаётининг энг муҳим масалалари референдум орқали ҳал этилиши белгиланган) ва 36-моддаси (фуқаролар давлат ва жамият ҳаётини бошқаришда бевосита ёки ўз вакиллари орқали иштирок этишлари белгиланган) ҳам кўзда тутилган.
Фуқаролар ўз номларидан фаолият юритувчи ва қарор қабул қилувчи вакилларини сайлайди. Бу вакиллик демократияси ёки, бошқача айтганда, билвосита демократия деб аталади. Вакиллик демократиясининг асосида доимий ўтказиладиган, ҳаққоний, ҳалол ва муқобил сайловлар ётади. Бундай сайловларнинг изчил ўтказилиши ҳокимиятни халққа боғлаб туради.
Демократия шароитида ҳукумат ҳокимият бошқарувини халқнинг розилиги билан олади ва мабодо, халқ ҳукуматга ишончини йўқотса, уни тинч, демократик йўл билан алмаштира олади. Зеро, инглиз файласуфи Жон Локк “ҳокимият ҳақида”да ёзганидек, “ҳар бир инсон ўз ҳаётининг ҳакамидир” ва у ўзига беклигидан воз кечиб, ўзининг устидан ҳокимият сайлар экан, унинг фаолиятидан ҳисобдор ва хабардор бўлишга ҳақлидир.
Демократия шундай тузумки, унда инсонни имкон қадар кам бошқарадилар, имкон қадар кам чегаралайдилар, имкон қадар кам безовта қиладилар. Аммо бу инсон кўнглига келган бошбошдоқликни қилаверади, чегарадан чиқаверади дегани эмас, чунки бошқа инсонлар ҳам унинг каби озоддир, улар ҳам эркинлик, ҳаловатни хоҳлайди. Бир инсоннинг ҳаловати бошқа инсонга беҳаловатлик келтирса, бу ҳаловат, эрк чегараланади, ҳар қандай ҳаловат ва эрк фақат бошқанинг эркига хавф солмайдиган даражада бўлмоғи лозим.
Гарчи демократия азалий қадрият бўлса-да, фақат ХХ аср ўрталарига келиб умуминсоний қадрият сифатида эътироф этилди ва бугун – ХХИ асрда умумжаҳон мақомига эга бўлмоқда. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 36-моддасига кўра, “Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари жамият ва давлат ишларини бошқаришда бевосита ҳамда ўз вакиллари орқали иштирок этиш ҳуқуқига эга. Бундай иштирок этиш ўзини ўзи бошқариш, референдумлар ўтказиш ва давлат органларини демократик тарзда шакллантириш, шунингдек давлат органларининг фаолияти устидан жамоатчилик назорати воситасида амалга оширилади.” деб белгиланган.
Фуқароларнинг жамият ва давлат ишларида, шунингдек, қонун лойиҳаларини муҳокама қилишдаги иштироклари норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда бевосита ўз ифодасини топган. Жумладан, “Қонун лойиҳаларининг умумхалқ муҳокамаси тўғрисида”ги Қонунда фуқароларнинг қонун лойиҳаларини муҳокама қилишдаги иштироклари бевосита кўрсатиб ўтилган. Мазкур қонуннинг 7-8-моддаларига кўра, “Қонун лойиҳаларининг умумхалқ муҳокамасида фуқароларнинг иштирок этиши ихтиёрийдир ҳамда фуқароларни қонун лойиҳаларининг умумхалқ муҳокамасида иштирок этишга мажбурлаш тақиқланади. Қонун лойиҳаларининг умумхалқ муҳокамасида иштирок этишда фуқаролар тенг ҳуқуққа эгадирлар”.
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси мамлакат стратегик тараққиётининг йўналишларини, инсоннинг сиёсий ҳуқуқларини халқаро андозалар миқёсида белгилаб беради, халқаро ҳуқуқ устунлигини, ҳокимиятлар тақсимланишини, давлат ҳокимияти органлари ва маҳаллий ўзини-ўзи бошқариш органларининг сайланишини, кўп партиявийликни, мафкуравий плюрализмни ўзида акс эттиради.
Халқ давлат ҳокимиятини Конституция асосида бевосита ёки ўзи сайлаб қўядиган органлари орқали амалга оширади. Халқ ижтимоий ва давлат ишларини бошқаришда, қонунлар қабул қилишда умумхалқ муҳокамаси ва референдумлар орқали конституцияга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, ҳокимиятнинг вакиллик органларини ташкил этиш, мамлакат Президентини сайлаш йўли билан доимий равишда иштирок этиб боради.
Фуқароларнинг шахсий, сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ҳуқуқлари ва эркинликлари ҳамда уларнинг конституциявий кафолатлангани жамиятимизнинг демократик моҳиятини ифодалайди. Шу билан бирга, демократия шахсга имкон қадар кўп эркинлик беради ва шунга яраша катта масъулият ҳам юклайди, у инсонни ўз тақдирининг эгасига айлантиради ҳамда қадр-қимматини кўтаради.
Конституция ва қонуннинг устунлиги. Мамлакатимизда Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларининг устунлиги сўзсиз тан олинади. Конституциянинг бирорта қоидаси Ўзбекистон Республикаси ҳуқуқ ва манфаатларига зарар етказадиган тарзда талқин этилиши мумкин эмас. Бирорта ҳам қонун ёки бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжат Конституция нормалари ва қоидаларига зид келиши мумкин эмас.
Қонунларнинг сифати ва ҳуқуқий тартибга солишнинг самарадорлиги кўп жиҳатдан уларда принципларнинг қандай шакллантирилганлиги ва ёритилганлиги билан боғлиқ. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг ИИИ боби “Конституция ва қонуннинг устунлиги”, – деб номланиб, мазкур боб Конституциямизнинг 1-бўлимида жойлашган.
Конституция ва қонун устунлиги принципи учта жиҳатда кўриб чиқилиши мумкин:
– ҳуқуқ тизимининг принципи сифатида, унинг ижтимоий муносабатларни тартибга солишдаги етакчи ролини англатади;
– давлат принципи сифатида, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар иерархиясида устуворлигини англатади;
– қонунийлик талаби ва ҳуқуқий принцип сифатида.
Конституция ва қонуннинг устунлиги давлат принципи сифатида демократик, ҳуқуқий, ижтимоий давлатнинг конституциявий принципи бўлиб, давлат суверенитетини ҳимоя қилишга, жамоат ҳаётини ташкил этишга, қонунийлик ва ҳуқуқий тартиботни таъминлашга, инсон ва фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишга қаратилган ижтимоий муносабатларни тартибга солишдаги устуворлигини англатади. Конституция ва қонун устунлиги мазмунан бутун давлат ҳудудида тўлиқ ҳокимиятга эга бўлган суверенитетдан келиб чиқади. Демократик ва ҳуқуқий давлатда бу принципнинг белгиланиши ҳуқуқнинг ролини ошириш учун зарур шарт-шароитларни яратади.