Конституция: Давлат бюджетининг шакллантирилиши ҳамда ижро этилиши устидан жамоатчилик назорати амалга оширилиши ҳуқуқий кафолатланди
Мамлакатимизда амалга оширилган конституциявий ислоҳотлар ўз мазмун-моҳияти билан “инсон – жамият – давлат” деган тамойилни конституциявий қоида сифатида муҳрлашга, халқпарвар давлат барпо этишга, инсон ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоясини кучайтиришга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Янгиланган Конституция жамиятимиз ҳаётининг барча йўналишларини комплекс тартибга солиш ҳамда мамлакатимизни демократик ривожлантириш йўлида энг муҳим ҳуқуқий пойдевор бўлиб хизмат қилади. Конституцияга киритилган янги нормалар барча соҳаларни тараққий эттиришга, шу жумладан, давлат ҳокимиятининг янада самарали ташкил қилинишига ёрдам беради.
Янги таҳрирдаги Конституцияга 27 та янги модда киритилиб, моддалар сони 128 тадан 155 тага ошди. Конституциямизнинг амалдаги 275 та нормаси 434 тага кўпайди, яъни амалдаги Конституция 65 фоизга янгиланди.
Ўзбекистонда сўнгги йилларга қадар давлат бюджети очиқлиги ва унинг устидан жамоатчилик назоратини ўрнатиш ҳақида гап-сўз бўлиши ҳам мумкин эмас эди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев амалга оширган ислоҳотлар натижасида бюджет очиқлигини таъминлашга қаратилган амалий ишлар қилинди. Бир қатор ҳужжатлар қабул қилинди. Фуқаролар нафақат давлат бюджети устидан назорат ўрнатмоқда, балки маблағларни сарфлашда ҳам иштирок этмоқда.
Янгиланган Конституциянинг 148-моддасида Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджетини шакллантириш ҳамда ижро этиш тартиб-таомиллари очиқлик ва шаффофлик принциплари асосида амалга оширилиши, шунингдек фуқаролар ва фуқаролик жамияти институтлари Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг шакллантирилиши ҳамда ижро этилиши устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириши каби янги норма билан ҳуқуқий мустаҳкамланди.
Конституцияга киритилаётган ушбу модда одамлар бюджет қандай шаклланиши, қандай сарфланиши устидан назорат ўрната олишларига хизмат қилади. Бу нимаси билан муҳим?
Кўпчилик одамларда давлат ёки маҳаллий бюджетлар қандай шаклланиши ҳақида умумий тасаввур ҳам йўқ. “Давлатнинг пули” деб аталадиган ушбу маблағлар аслида халқнинг ўзи тўлаган солиқлар эвазига йиғилган пуллардир. Табиийки, халқ ўз пули қандай ва қаерга сарфланаётгани устидан назорат қилишга ҳаққи бор. Киритилган ушбу модда айнан мана шу ҳуқуқни кафолатлайди.
Маҳаллада мавжуд бўлган муаммоларни ҳал этиш бўйича айрим мурожаатларга тегишли мансабдор шахслар томонидан “режага киритилди, молиялаштириш бўлса бажарамиз” деган жавоблар берилиши ҳеч кимга сир эмас. Ушбу жавобларни олган фуқаролар маҳалладаги муаммолар ечимини йиллаб кутиб турарди. Шундай ҳолатларни кескин равишда олдини олиш мақсадида янги таҳрирдаги Конституциямизга бюджетга оид алоҳида янги модда киритилди.
Энг аввало, давлат бюджетини шакллантириш ҳамда ижро этиш тартиб-таомиллари очиқлик ва шаффофлик принциплари асосида амалга оширилиши белгиланди. Хусусан, Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетлари, солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишлари лойиҳалари, Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетлари ижроси тўғрисидаги ҳисоботлар, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасининг хулосаларини жойлаштиришни назарда тутувчи “Очиқ бюджет” ахборот портали ишга туширилди.
Очиқ бюджет – бу фуқароларнинг турли даражадаги бюджетлар тўғрисида тушунишлари учун мавжуд бўлган маълумотларни шакллантиришга қаратилган давлат сиёсати.
Алоҳида қайд этиш жоизки, фуқароларнинг бюджет жараёнида иштирок этиш тартиби ҳам пайдо бўлди. Яъни ташаббусли бюджет – аҳолининг ташаббусларини ҳисобга олган ҳолда бюджет маблағларининг муайян бир қисмини сарфлаш бўйича уларнинг бевосита иштирокида қарорлар қабул қилиш ҳамда қабул қилинган қарорларнинг амалга оширилишини кузатиш амалиёти жорий этилди.
Ушбу амалиёт орқали аҳоли ўзини қийнаётган муаммолар, шу жумладан маҳалладаги муаммолар (йўллар, болалар майдончалар ва ҳ.к.) бюджетга киритиш ва уларни тезлик билан ҳал қилиш имкони яратилди.
Маълумки, Ташаббусли бюджет лойиҳалари бутун дунё бўйича кенг тарқалган бўлиб, жаҳонда 7000 дан ортиқ шаҳарларда қўлланилиб келинмоқда.
Бугунги кунда мамлакатимизда амалга оширилаётган “Очиқ бюджет” давлат сиёсати, бюджет устидан жамоатчилик назоратини самарали амалга ошириш ва бу борада тўлиқ ахборот олиш учун кенг имкониятлар яратмоқда. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 22 августдаги “Бюджет маълумотларининг очиқлигини ва бюджет жараёнида фуқароларнинг фаол иштирокини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига кўра, Давлат бюджетига оид ахборотларни жойлаштиришни назарда тутувчи “Очиқ бюджет” портали ишга туширилди. 2019 йилдан бошлаб бюджет маблағларини тақсимлашда фуқаролар иштирокининг туман ва шаҳарлар бюджетлари қўшимча манбаларининг камида 10 фоизини жамоатчилик фикри асосида шакллантирилган тадбирларга йўналтиришни назарда тутадиган механизм жорий этилди.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 13 апрелдаги “Бюджет жараёнида фуқароларнинг фаол иштирокини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, 2021 йил 1 июлдан бошлаб жамоатчилик фикри асосида шакллантирилган тадбирларни молиялаштиришга ажратиладиган туман (шаҳар)лар бюджетлари қўшимча маблағларининг энг кам миқдорини 10 фоиздан 30 фоизга ошириш белгиланди.
Фуқаролар “Очиқ бюджет“ ахборот порталида таклифларни киритиш ва овоз бериш орқали ўзларининг фикрига кўра, маҳаллий бюджетлар маблағларининг қўшимча манбалари ҳисобидан молиялаштиришга йўналтириш керак бўлган тадбирларни аниқлайдилар. Мазкур механизм фуқароларни давлат молиясини бошқаришга жалб қилишда амалий инструмент ҳамда энг қуйи бўғинда ”Очиқ бюджет” портали орқали илгари сурилган ғояларни амалга оширишда муҳим ҳисобланади. Жамоатчилик фикри асосида шакллантирилган тадбирларни амалга ошириш бюджет тўғрисидаги маълумотларга нафақат миллий даражада, балки маҳаллий даражада ҳам талаб юқори эканлигини кўрсатади.
Таклифларни қолдириш учун жамоатчилик фикри асосида шакллантириладиган бюджет лойиҳаси ташаббускори “Очиқ бюджет” порталида (openbudget.uz) рўйхатдан ўтказилади.
Ташаббусли бюджетлаштириш ёки partisipator бюджетлаштириш – бу аҳолининг бюджет маблағларининг аниқ қисмларини сарфлаш мақсадида ташаббусларни илгари суриши орқали маҳаллий бошқарувда тўғридан-тўғри иштирок этишидир.
Ташаббусли бюджетлаштириш – бу маҳаллий аҳамиятдаги масалаларни бюджетни жамоатчилик фикри асосида шакллантиришга асосланган ҳолда бюджет маблағларини сарфлаш объектларини аниқлаш ва танлашда, шунингдек танланган лойиҳаларнинг амалга оширилишини бевосита фуқаролар иштирокида назорат қилиш орқали ҳал қилишнинг турли-туман амалиётлари жамламасидир.
Ташаббусли бюджетлаштириш – ҳудудий жамоатчиликнинг, фуқаролик жамияти институтларининг ва айрим фуқароларнинг ўз аҳоли пунктларини ривожлантириш йўлларини белгилашдаги иштироки миқёсининг ўсишининг глобал тенденциянинг бир қисми ҳисобланади. Ҳар бир мамлакатда фуқароларни жалб этиш турли йўллар билан амалга оширилади, аммо ҳамма жойда асосий мақсад фуқароларнинг бюджет маблағларини сарфлаш бўйича қарор қабул қилиш жараёнида фаол иштирок этишидир. Бу, айниқса, қабул қилинаётган қарорлар бевосита ҳудудий жамоатчиликларга алоқа бўлганида муҳимдир.
Бундан ташқари, ташаббусли бюджетлаштириш лойиҳалари бюджет харажатлари рўйхатига фуқароларни ўйлантираётган долзарб муаммоларни ҳал этишга қаратилган аниқ лойиҳаларни тезкор киритиш имконини беради. Фуқаролар муаммоларини бюджет ва бошқарув жараёни доирасида ҳал қилишнинг анъанавий йўли уч йилдан кам бўлмаган муддатни талаб этса, ташаббусли бюджетлаштиришда бу жараён деярли икки баробарга қисқаради.
Вояга етган барча Ўзбекистон фуқаролари ўзларининг аҳоли пунктларини ободонлаштириш ва бошқа масалаларни ҳал қилишга қаратилган бюджетни жамоатчилик фикри асосида шакллантириладиган лойиҳаларни илгари суриш ҳуқуқига эга.
2021 йилда эксперимент тариқасида бошланган “Ташаббусли бюджет” икки йил ичида йирик лойиҳага айланди. Илк маротаба ўтказилган “Ташаббусли бюджет” дастурида 2021 йилда 1149499 та овоз берилган бўлса, 2022 йилнинг 1-мавсумида 6718133 та, 2-мавсуми учун 7823439 та овоз тўпланди. 2022 йилги биринчи мавсумда 69700 та, иккинчи мавсумда еса 61000 та таклиф тушди. Лойиҳа оммалашиб, ташаббусли бюджетдаги ташаббуслар Ўзбекистондаги маҳаллаларнинг 98 фоизини қамраб олди.
2023 йил 1-мавсумда жамоатчилик фикри асосида, овоз бериш жараёни натижалари бўйича ўтказилган мазкур лойиҳада жами 33 680 та ташаббус учун 16 млн.дан ортиқ овоз берилди. Овоз бериш жараёни якунларига кўра, 1 666 та лойиҳа ғолиб деб топилди. 2023 йилда жамоатчилик фикри асосида шакллантириладиган лойиҳаларни молиялаштириш учун Давлат бюджетидан 8 трлн. сўм, шундан “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари учун 4 трлн.сўм йўналтирилади.
Президент топшириғи билан “Ташаббусли бюджет” жараёнларининг 2023 йил 1-мавсумида иштирок этиб, ҳар бири 2 мингдан ортиқ овоз тўплаган, лекин ғолиб деб топилмаган 1 309 та лойиҳани амалга ошириш учун қўшимча 1,3 трлн. сўм маблағ ажратилади. Бунда, қўшимча 1 182 та маҳалла бўйича 4,3 млн. нафар фуқаро овоз берган лойиҳалар амалиётга татбиқ этилади.
“Ташаббусли бюджет” лойиҳасининг 2023 йилдаги 2-мавсумида жами 1187 та лойиҳа ғолиб деб топилиб, уларни амалга ошириш учун 1,4 трлн. сўмдан ортиқ маблағлар йўналтирилди. Қайд этиш жоизки, “Open budjet” портали орқали 33 489 та ташаббус учун учун 16,2 миллион овоз берилган.
Эътироф этиш жоизки, ушбу жараёнларда фуқароларимиз фаол бўлиб, амалда ҳам одамлар шахсий манфаатлар учун эмас, ички йўлларни таъмирлаш, мактаблар таъмири, ичимлик суви каби жамият манфаати учун муҳим таклифларни қолдирди. Ташаббуслари кўп овоз йиғиб, ғолиб чиққан маҳаллалар байрамлар уюштира бошлади. Чунки энди улар маҳалласидаги муаммолар ҳал бўлиши учун ҳокимиятнинг “мана бу йил, мана кейинги йил” деган ваъдалари бажарилишини кутиб ўтириши шарт эмасди. Бу билан ушбу лойиҳа одамларни бирлаштирганига гувоҳ бўлдик.
“Ўзбекистон – 2030 стратегияси”га мувофиқ, “Маҳалланинг маблағларини аҳолининг овозига кўра, инфратузилма лойиҳаларига йўналтириш амалиётини жорий қилиб, маҳаллалардаги муаммоларни ҳал этиш учун ажратиладиган маблағлар миқдорини камида 3 баробар кўпайтириш. Аҳоли ташаббуси билан инфратузилмани яхшилашга ажратиладиган маблағларни 24 триллион сўмга етказиш” вазифалари белгиланган. Мазкур вазифаларнинг бажарилиши ташаббусли бюджетлаштириш жараёнини молиялаштиришни кенгайтириш ва ҳуқуқий жиҳатдан кафолатлаш заруратини кўрсатмоқда.
Янги таҳрирдаги Конституцияда белгиланган мазкур нормалар юқорида қайд этилган ишларнинг мантиқий давоми сифатида давлат бюджетини шакллантириш, уни даромад ва харажат қисмларини белгилаш, ижросини таъминлашда фуқаролар ва фуқаролик жамияти институтларини жалб қилиш, уларга бу жараёнда кенг ва фаол қатнашиш, жамоатчилик назоратини амалга ошириш учун тегишли ташкилий ва ҳуқуқий шарт-шароитлар ва кафолатлар яратади.
Давлат бюджетидан мақсадли фойдаланишни таъминлаш аҳолига тиббий хизматлар кўрсатиш, таълим олиш имкониятларини кенгайтириш, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламларига зарур ёрдам кўрсатиш, уй-жой билан таъминлаш, тадбиркорлик ва умуман, давлат ва жамиятни ҳаётининг бошқа барча соҳаларида самарадорликни таъминлашга хизмат қилади. Энг асосийси, Янги Ўзбекистон тараққиёти учун мустаҳкам ҳуқуқий пойдевор яратиш мақсадида амалга оширилган Конституцион ислоҳотлар халқ фаровонлиги ва инсон қадри учун хизмат қилади.
Жаҳонгир Урмонов,
Жамоат хавфсизлиги университети
кафедра бошлиғи,
Жавоҳирбек Жалолиддинов,
1-курс талабаси.