Конституция – давлатнинг асосий қонуни

Конституция ва унинг аҳамияти. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг тузилиши.

Конституция – давлатнинг олий юридик кучга эга асосий қонунидир. Конституция шахснинг конституциявий ҳуқуқ, эркинликлари ва бурчлари, давлат ҳокимияти органлари тизими, давлат ҳокимиятини ташкил этиш билан боғлиқ ҳамда шахс, жамият ва давлат ўртасидаги муносабатларни тартибга солади.

Конституция нормалари олий юридик кучга эга бўлиши билан бирга, улар тўғридан-тўғри амал қилади. Бошқача қилиб айтганда, унинг нормаларини ҳаётга татбиқ қилиш учун қўшимча махсус қонунлар ёки қонун ости ҳужжатлар қабул қилиш шарт эмас. Шу боис Конституциянинг 15-моддасида “Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси мамлакатнинг бутун ҳудудида олий юридик кучга эга, тўғридан-тўғри амал қилади ва ягона ташкил этади”, – деган норма белгиланган.

Конституциянинг тўғридан-тўғри амал қилиши – давлат органлари, уларнинг мансабдор шахслари, шу жумладан, судлар томонидан Конституция нормаларини ҳуқуқни қўллаш амалиётида бевосита қўллаган ҳолда қарорлар қабул қилиш, фуқароларнинг Конституция нормаларидан тўғридан-тўғри фойдаланиши ва риоя этишини кўзда тутади. Фуқаролар эса кундалик ҳаётда Конституцияда белгиланган нормаларга мурожаат қилган ҳолда ўз ҳуқуқ ва эркинликларини амалга оширади. Масалан, Ўзбекистон Конституциясининг 47-моддасига асосан суднинг қарорисиз уй-жойдан маҳрум этишга йўл қўйилмайди. Мазкур ҳуқуқ бузилса, фуқаро ушбу моддада мустаҳкамланган конституциявий нормага таянган ҳолда ўз ҳуқуқини тиклашни талаб этиши мумкин.

Конституциянинг хусусиятлари орқали унинг юридик табиати очилади. Хусусиятлар умумий, яъни умуман Конституцияга тегишли ёки алоҳида, яъни айрим мамлакатларнинг Конституцияларига тегишли бўлиши мумкин. Конституциялар маълум тараққиёт маҳсули, маълум мамлакатда яшаётган халқнинг онги, дунёқараши маҳсулидир. Унда тарихий тараққиёт тажрибаси, миллий қадриятлар, халқнинг маънавий ва ахлоқий турмуш тарзи, албатта, акс этади, бу ҳар бир мамлакат конституцияларида умумийлик билан бирга, ўзига хос хусусиятлар бўлишини тақозо этади.

Конституцияларнинг хусусиятлари унинг ҳуқуқ тизимидаги алоҳида ўрни, ижтимоий муносабатларни конституциявий тартибга солиш механизмида акс этади. Бу хусусиятларга қуйидагиларни киритиш мумкин.
1. Конституция махсус субъектлар томонидан алоҳида тартибда қабул қилинади (легитимлик). Конституциялар одатда халқ номидан ёки унинг вакиллари номидан қабул қилинади. Конституция бевосита халқ номидан референдум орқали ёки алоҳида, махсус, фақат шу мақсадда ташкил қилинадиган орган ёки
қонунчилик органи – парламент томонидан қабул қилинади.
2. Ўзининг туб моҳияти ва фалсафаси, мақсади ва ғояларига кўра янги ҳужжатдир. Конституция нормалари таъсис этувчи кучга эга. Конституция конституциявий тузум асосларини белгилайди, булар шахснинг ҳуқуқий ҳолати асослари, конституциявий тузум асослари, унинг принциплари бўлиб, шундай нормалар бошқа юридик нормаларни ёки муносабатларни келтириб чиқаради. Жумладан, Ўзбекистон Конституциясида белгиланган “халқ давлат ҳокимиятининг бирдан бир манбайидир” деган қоида давлат ҳокимиятининг вужудга келиши учун асос, таъсис характерига эга. Худди шунингдек, “ҳокимиятнинг бўлиниши принципи” мустаҳкамланган
11-моддада ҳамда “инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати олий қадрият” эканлиги белгиланган 13-модданинг қоидаларида ҳам таъсис этувчи хусусиятни яққол кўрса бўлади.
3. Конституциянинг тартибга солиш доираси кенг ва хилма-хилдир. Конституциянинг тартибга солувчи предмети доирасининг кенглиги унинг юридик хусусиятларидан бири сифатида кўрсатилади. Бошқа турли қонунлар алоҳида бир ижтимоий муносабатни тартибга солса (масалан, меҳнат ҳуқуқи – меҳнат муносабатларини, молия ҳуқуқи – молия муносабатларини), Конституциявий ҳуқуқ тартибга соладиган муносабатлар доираси турлича. Масалан, у шахс ҳуқуқий ҳолатини ҳам, ҳокимиятни ташкил этиш ва ҳокимият фаолиятини ҳам, сиёсий, иқтисодий муносабатларни ҳам тартибга солади.
4. Олий юридик кучга эга, алоҳида тартибда қабул қилинади ва муҳофазаланади.
Конституциянинг олий юридик кучга эгалиги, устуворлиги унинг муҳим хусусиятидир. Юқорида тилга олинган 4 та хусусиятнинг ўзи ҳам Конституциянинг олийлигини кўрсатади. Конституция барча қонунлардан юқори туради, унинг нормаларига бошқа қонунлар зид бўлмаслиги керак. Конституциянинг олийлиги, устунлиги уни қабул қилиш ва унга ўзгартириш киритиш алоҳида тартибда ўрнатилганлигида ҳам кўринади. Бошқа қонунлар оддий кўпчилик овоз билан қабул қилинса, Конституция мутлақ кўпчилик овоз билан қабул қилинади ва ўзгартириш киритилади.
Конституцияни ҳимоялаш, муҳофаза қилишнинг алоҳида тартиби, механизми ўрнатилади. Бунинг учун ҳокимият тизимида махсус органлар тузилади. Масалан, Конституциявий суд. Унинг асосий вазифаларидан бири Конституцияни муҳофаза қилиш ҳисобланади.
5. Ҳуқуқ тизими пойдевори ҳисобланади. Ҳар бир Конституция алоҳида мамлакатда вужудга келади. Унинг вужудга келиш шароитлари ҳар хил бўлиши мумкин. Миллий қадриятлар, халқ ўтмиши, маданияти, тили ҳам конституцияларда акс этади. Шунинг учун ҳар бир мамлакатнинг конституцияси юқоридаги юридик хусусиятларга зид бўлмаган ҳолда, махсус хусусиятларнинг бўлишини ҳам тақозо этади. Бу хусусиятлар мавжуд масалаларнинг моҳиятини бузмаган ҳолда турлича белгиланишда, талқин қилинишда кўринади.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг қабул қилиниши. Ўзбекистонда янги Конституция ишлаб чиқиш ғояси мустақиллик эълон қилингунча, ҳали иттифоқ мавжуд вақтдаёқ вужудга келган эди. Шу даврдаёқ янги Конституцияни қабул қилиш учун маълум сабаблар, янги ижтимоий муносабатлар вужудга кела бошлаган эди. Жумладан, Ўзбекистонда президентлик институти вужудга келди, сайлов тизими ўзгартирилиб, муқобил сайловлар ўтказила бошланди, марказ билан Республика муносабатида янги ҳолатлар вужудга келди, коммунистик партия ҳукмронлигига барҳам берилди.

Мустақиллик учун қўйилган шахдам қадам сифатида эътироф этиладиган, 1990-йил 20-июнда қабул қилинган Мустақиллик декларацияси янги Конституция яратиш учун ҳам асос бўлди. Декларация қабул қилинган Олий Кенгаш сессиясида шу ҳужжат принциплари асосида янги Конституция ишлаб чиқиш зарур, деган хулосага келинди. Ўзбекистон Республикаси биринчи Президенти И. Каримов бошчилигида 64 кишидан иборат Конституция лойиҳасини тайёрлаш учун комиссия тузилди.

1991-йил Конституция лойиҳасини тайёрловчи комиссиянинг биринчи мажлиси ўтказилиб, комиссия аъзолари ва етакчи мутахассислардан ташкил топган, 32 кишидан иборат ишчи гуруҳ тузилди. Унинг вазифаси сифатида лойиҳа тайёрлаш бўйича барча ишларни мувофиқлаштириш белгиланиб, Конституция бўлимларини тайёрлаш учун 6 та кичик гуруҳ ташкил қилинди. Уларнинг ҳар бирига Конституциянинг муқаддимасини, конституциявий тузум асосларини, фуқароларнинг ҳуқуқи, эркинликлари, бурчлари, фуқаро ва жамият, давлат тузилиши, давлат ҳокимияти тизими бўлимларини тайёрлаш юкланди. Кичик гуруҳлар таркибига 50 нафар олим, илмий ходимлар, мутахассислар жалб этилди.

Комиссия ва ишчи гуруҳига жалб қилинганлар таркиби йирик олимлар, ҳуқуқшунослар, сиёсатшунослар, иқтисодчилар, давлат ва жамият арбобларидан иборат бўлиб, уларнинг олдида масъулиятли, шарафли, шу билан бирга, ўта мураккаб ва қийин вазифа турар эди.

Тўғри, аввал ҳам Ўзбекистон тарихида уч марта Конституция қабул қилинган эди, лекин улар марказда тайёрланган Иттифоқ Конституцияси андозаси асосида ҳеч ўзгаришсиз тайёрланиб, қабул қилинган.

Конституция лойиҳасининг биринчи варианти 1991-йилнинг ноябрида тайёрлаб бўлинди. 1991-йил 31-августда Республикамизда Мустақиллик эълон қилинди. Иттифоқ даврида бошланган ишнинг дастлабки варианти мустақиллик даврида тугалланди. У муқаддима, 6 та бўлим ва 158 та моддадан иборат эди. Ўзбекистоннинг мустақилликка эришиши лойиҳа устида ишлашни янада жонлантириб юборди. Конституцияда сиёсий, иқтисодий мустақиллик ўз аксини топиши керак эди. Шулар асосида лойиҳа такомиллаштирилиб, 1992-йил баҳорида 149-моддадан иборат иккинчи вариант тайёрланди.

1992-йилнинг баҳорида бўлиб ўтган Комиссия йиғилишида Конституция лойиҳасини узил-кесил ишлаб чиқиш учун 25 кишидан иборат янги ишчи гуруҳи тузилиб, унинг олдига қуйидаги вазифалар қўйилди:
– Ўзбекистоннинг демографик ва ижтимоий-сиёсий турмуш тарзи, унинг тараққиёт тажрибасини, турли ижтимоий гуруҳлар маданий-маърифий марказлари ҳамда мулоҳаза ва таклифларини умумлаштириш;
– Конституциявий комиссия аъзоларидан тушган таклифларни кўриб чиқиш ва лойиҳага ўзгартириш киритиш.
Тайёрланган лойиҳа Комиссия қарорига асосан 1992-йил 26-сентябрда оммавий ахборот воситаларида умумхалқ муҳокамасига эълон қилинди.

Умумхалқ муҳокамаси ўтган давр аҳолининг фаоллиги кучайган даврга тўғри келганлиги билан характерланади. Иттифоқнинг тарқалиб кетиши, мустақилликнинг қўлга киритилиши халқнинг фаоллигига ижобий таъсир қилди.

Оммавий ахборот воситаларида, йиғилишларда ҳар хил фикрлар баён қилишга кенг имконият яратилди. Лойиҳа бўйича кўплаб таклифлар тушди. Шулар асосида лойиҳа қайта ишланиб, такомиллашган лойиҳа 1992-йил 21-ноябрда иккинчи марта умумхалқ муҳокамаси учун матбуотда эълон қилинди.

Лойиҳа такомиллаштирилгандан сўнг, Конституциявий комиссия 1992-йил 7-декабрда бўлиб ўтган мажлисда уни кўриб чиқишга Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгаши сессиясига киритиш ҳақида қарор қабул қилди.

1992-йил 8-декабрда Олий Кенгашнинг ХИИ чақириқ ХИ сессияси бўлиб ўтди. Бу сессия тарихий сессия бўлиб, тарихий аҳамиятга эга масалани муҳокама қилди. Сессияда лойиҳага 80 га яқин ўзгартириш, қўшимча, аниқликлар киритилди. Айрим таклифлар асосли тарзда рад этилди.

Лойиҳанинг ҳар бир моддаси, боби, бўлимлари алоҳида-алоҳида муҳокама қилиниб, тегишли асосли таклифлар инобатга олиниб, ўзгартиришлар киритилгандан сўнг, қабул қилиниш учун овозга қўйилди. Депутатлар муқаддима, 6 та бўлим, 26 та боб ва 128 та моддадан иборат Конституцияни қабул қилдилар.

Конституциявий ривожланиш тажрибаси халқаро аҳамиятга эга. Конституциялар қайси мамлакатда қабул қилинмасин, жаҳон тажрибасидан фойдаланилади. Чунки улар узоқ вақтда қўлга киритилган ва ҳаёт тажрибасидан ўтган, халқлар қайси миллатларга, динга мансуб бўлмасин, кўпчилик манфаатига мос тушувчи тамойиллар, тартиблар, қоидаларга таянади.

Мамлакатимиз мустақиллиги ва тараққиёти, инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг 1992-йилдан 2023-йилгача мустаҳкам кафолати бўлиб келган Конституциямизга жами 16 марта ўзгартириш ва қўшимчалар киритилган эди.

Янги таҳрирдаги Конституция қабул қилиниши

Бугунги кунда ривожланган давлатлар тажрибаси кўрсатяптики, инсонни олий қадрият даражасига олиб чиқишга оид иқтисодий, ижтимоий, сиёсий ислоҳотларни изчил амалга оширишда айнан жамият ва давлатни модернизация қилишнинг конституциявий-ҳуқуқий асосларини ривожлантириш муҳим аҳамиятга эга.

2021-йилги Ўзбекистон Президенти сайлови жараёнида номзодларнинг сайловчилар билан учрашувлари юртимиздаги демократик ислоҳотларнинг ортга қайтмас тус олиши учун конституциявий ислоҳотларни амалга ошириш заруратини кўрсатиб берди.

Шундан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. Мирзиёев 2021-йил 7-декабрда Ўзбекистон Конституцияси қабул қилинганлигининг 29 йиллигига бағишланган табригида Асосий қонунимизни янада такомиллаштиришнинг 9 та йўналишини белгилаб берган эди.

2022-йилнинг 20-май куни Олий Мажлис Сенати Кенгаши ва Қонунчилик Палатаси Кенгашининг қўшма мажлисида Ўзбекистон Конституциясига ўзгартириш киритиш ва ташкилий чора-тадбирларни амалга ошириш юзасидан Конституциявий комиссия тузилди ҳамда унинг фаолиятини тартибга солувчи низом қабул қилинди. Ўша йилнинг 26-майида эса Конституциявий комиссиянинг биринчи йиғилиши ўтказилди.

Конституциявий комиссиянинг ишлаш механизми бўйича қуйидаги босқичларни санаб ўтса бўлади. Жумладан:
биринчи босқич, Конституцияни ўзгартириш бўйича таклифларни қабул қилиш, жамлаш ва таҳлил қилишни ташкиллаштириш;
иккинчи босқич, парламент томонидан ишлаб чиқилган янги таҳрирдаги Конституция лойиҳасини умумхалқ муҳокамасида кўриб чиқиш;
учинчи босқич, умумхалқ муҳокамаси натижасида маромига етказилган Конституцияга ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини референдум ўтказиш йўли билан қабул қилиш.

Бу сафар эса ўзгаришлар кўлами катталиги сабаб ҳужжатнинг янги таҳрири қабул қилинди. Янгиланиш натижасида, бош қомусдаги моддалар сони 128 тадан 155 тага, ундаги нормалар эса 275 тадан 434 тага ошди.

Мамлакатимизда 2023-йил 30-апрель куни ўтказилган референдумда иштирок этган фуқароларнинг 90,21 фоизи янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясини ёқлаб овоз берди. Бу эса унда халқимизнинг янги Ўзбекистонни барпо этиш бўйича орзу-умидлари ва интилишлари ўз аксини топганлигидан далолат бермоқда.

Ўзбекистон Республикасининг 2023-йил 30-апрелдаги референдумда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида”ги Конституциявий Қонуни 1-майдан кучга кирди.

Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Конституцияси 6 бўлим, 27 боб ва 155 та моддадан иборат.

Шу кундан эътиборан бошқа қонунлар ва қонуности ҳужжатларида келтирилган нормалар Конституцияга зид бўлса, Конституция қоидаларига мувофиқ иш юритиш белгиланди.

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси Янги Ўзбекистон стратегиясини амалга оширишнинг сиёсий-ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаб, миллий давлатчилик тараққиётининг тарихий муҳим босқичида давлат ва жамиятни янада ривожлантиришнинг устувор йўналишларини белгилаб берди.

Қизиқарли маълумотлар
АҚШ Конституцияси дунёдаги энг кичик ва энг ўзгармас Конституция ҳисобланади.