​Фуқароларнинг бурч ва мажбуриятлари

1. Конституцияда фуқароларнинг қандай бурчлари мавжуд?

Жамият ва давлатда инсонларнинг биргаликда яшаши улар ортасида 'ўзаро ҳуқуқ ва қонуний мажбуриятларнинг мавжудлигини назарда тутади ва улар биргаликда шахснинг ҳуқуқий мақомини ташкил этади. Бу эса, ўз навбатида, ҳар қандай давлатнинг асосий қонунлари ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларида эълон қилинган ҳуқуқларга тегишли мажбуриятлар мос келишини англатади. Яъни, давлатда фуқароларнинг ҳуқуқий ҳолати фақат уларнинг ҳуқуқлари мавжудлиги билангина эмас, балки уларнинг аниқ белгиланган бурчлари мавжудлиги билан ҳам белгиланади. Бурч - ижтимоий ҳаётнинг зарур категориясидир, айниқса, фуқаро ва давлат муносабатларини тўғри ташкил этишда, манфаатлар муштараклигини таъминлашда бурч зарур бўлиб, у давлатга ҳам, фуқароларга ҳам тегишли бўлади. Бурчлар жамият, фуқаролар, давлат манфаатидан келиб чиқиб ҳар бир мамлакат қонунларида фуқароларнинг ҳуқуқлари бузилмаслиги, давлат манфаатларига зиён етмаслиги мақсадида ўрнатилади. Бурч, асосан давлат томонидан белгиланади ва ихтиёрий бажарилишга ҳавола қилинади, аммо бажарилмаганда жавобгарликка сабаб бўлади. Бурчни бажариш барча учун мажбурий бўлсада, лекин айрим бурчлар фуқаронинг ҳуқуқий мақомидан келиб чиқиши мумкун. Масалан, баъзи давлатларда ҳарбий хизматни ўташ бурчи чет давлат фуқароси ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга тааллуқли эмас. Худди шунингдек, қонунда белгиланган солиқлар ва маҳаллий йиғимларни ҳеч қандай даромадга эга бўлмаган шахслар тўламайди. Фуқароларнинг аксарият бурчлари Конституцияда белгиланиб, улар жамият ва давлат ҳаёти учун умумий ва энг зарур, қилиниши мажбурий ёки бажарилиши лозим бўлмаган хатти-ҳаракатлардир. Шунжнг учун улар мазмуни, амал қилиш доираси, аҳамияти нуқтаи назаридан асосий бурчлар деб аталади ва фуқароларнинг «конституциявий бурчи» ёки «асосий бурчи» деганда улар бир маънода ишлатилади ва тушунилади. Шахснинг мажбуриятларини конституциявий-ҳуқуқий тартибга солиш, умуман олганда, бошқа соҳалардан фарқли ўлароқ, икки томонлама ролни ўйнайди. Биринчидан, ҳуқуқнинг барча соҳалари сингари, у конституциявий-ҳуқуқий муносабатлар субъекти сифатидаги шахснинг мажбуриятлари доирасини – шахснинг сайловчи, депутат, турли давлат ва маҳаллий ҳокимият органларининг аъзоси, бошқа кўплаб конституциявий ва ҳуқуқий мақомларнинг эгаси сифатидаги бурчларини белгилайди. Иккинчидан, конституциявий ёки асосий ҳуқуқ ва мажбуриятлар ягона ҳуқуқий тизимнинг ажралмас қисмини ташкил этади. Конституцияларда фуқароларнинг муайян доирадаги ҳуқуқ ва мажбуриятларининг алоҳида бўлимда ажратилиши уларнинг бошқа ҳуқуқ ва мажбуриятлардан фарқи билан эмас, балки асосий қонун нормаларини тизимлаштириш талаби билан изоҳланади. Тан олиш керакки, замонавий конституциялар аввалгидан кўра фуқароларга камроқ масъулият юклайди. Улар кўпроқ ҳуқуқ ва эркинлик тоифаларига урғу берадилар. Шу билан бирга, асосий мажбуриятларни белгиламасдан ҳуқуқларни амалга оширилишини кафолатлаб бўлмаслиги аниқ, чунки уларни амалга ошириш жамиятнинг нормал тарзда ишлашини таъминлайди.

Конституцияда белгилаб қўйилган ҳар қандай бурч фуқаролар учун бажарилиши шарт бўлган мажбуриятдир. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 59-моддасида: “барча фуқаролар Конституцияда белгилаб қўйилган бурчларини бажарадилар”, деб белгиланган, бу қоида эса конституциявий бурчларнинг бажарилиши шарт эканлигини кўрсатиб, барча бурчларнинг бажарилишини таъминлашга қаратилган умумий ва раҳбарий қоида ҳисобланади. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 60-моддасида эса, бу бурч янада аниқлаштирилган, яъни “фуқаролар Конституция ва қонунларга риоя этишга, бошқа кишиларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари, шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилишга мажбурдирлар”. Конституция ва қонунлар устунлигининг таъминланиши ҳуқуқий давлатнинг муҳим белгиларидан бири бўлиб, у Ўзбекистонда давлат-ҳуқуқий қурилишининг энг асосий принципи ҳамдир, чунки қонунийликни ҳукм суриши –жамиятдаги тартиб ва барқарорликнинг асоси, давлат ҳаётида тинчлик ва осойишталик гаровидир. Шу сабабли, Конституция ва қонунларга риоя этиш мажбурияти ҳуқуқий муносабатларнинг барча субъектлари учун умумий, универсал талаб ҳисобланади. Конституция ва қонунларда фуқаро, жамият ва давлатнинг ўзаро муносабатлари, сиёсий, ижтимоий-иқтисодий, маданий асослари ўз аксини топган бўлади, шу сабабли уларга ҳамма қатъий риоя этиши шарт. Бу ўз навбатида, нафақат Конституция ва қонунларни бузмасликни, балки уларнинг тамойил ва нормаларини реал воқеликка айлантиришни талаб этади. Чунки ҳар қандай ривожланган демократик давлатнинг муҳим шартларидан бири жамиятда инсон ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатланганлиги ҳисобланади. Конституция ва қонунларга риоя қилмаслик эса давлат томонидан белгиланган қоидаларнинг бузилишига, инсон шаъни ва қадр-қимматининг топталишига олиб келишидан ташқари, жавобгарлик масаласига ҳам сабаб бўлади. Шунинг учун кўп мамлакатларнинг Асосий қонуни фуқароларни Конституция ва қонунларга риоя этишга, бошқа инсонларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари, шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилишга мажбур қилади. Қонуннинг ҳаётга изчил татбиқ этилиши, унинг устуворлигини таъминлаш Ўзбекистонда ҳуқуқий давлат барпо этишнинг энг муҳим шартлари ва асосларидан биридир. Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларига риоя қилиш мажбурияти энг умуминсоний мажбуриятлардан бири бўлиб, унинг бажарилиши барча тоифадаги шахсларга юкланади. Конституция талабларининг бажарилиши мамлакатда конституциявий тузум барқарорлигини ва фуқароларда қонунга қатъий итоаткорлик мавжудлигини кўрсатади. Конституциявий нормаларга риоя қилиш талаби барча ҳуқуқ субъектларига, шу жумладан, давлат ҳокимияти органларига, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига, мансабдор шахсларга, фуқаролар ва уларнинг бирлашмаларига, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга қаратилган.

Мамлакатнинг қудрати фақат моддий ва иқтисодий бойликлардангина иборат бўлмай, у ўз ичига маънавий ва маданий меросни ҳам қамраб олади. Шу сабабли тарихий, маънавий, маданий, илмий ва табиий меросни асраш Конституция ва қонунларда асосий бурчлардан бири этиб белгиланади ва маданий ҳаётда иштирок этиш ва маданий бойликлардан фойдаланиш конституциявий ҳуқуқи билан бевосита боғлиқдир. Ҳозирги кунда ушбу бурч кўп давлатларнинг қонун ҳужжатларида акс эттирилган, чунки инсон нафақат ўзининг биологик ҳаёти учун зарур бўлган табиий муҳитда, балки унинг ахлоқий ва маънавий ҳаёти учун зарур бўлган маданий муҳитда ҳам яшайди. Шу боис маданий бойликларни муҳофаза қилиш ва улардан эҳтиёткорона фойдаланиш давлат ва унинг органлари, жамоат ташкилотлари ва барча фуқароларнинг устувор вазифаси ҳисобланади. Маданий қадриятлар инсоният тараққиётининг тарихий йўлининг моддийлаштирилгани далили бўлиб, халқларнинг маънавий бойлигини очиб беради ва олдинги авлодларнинг тарихий тажрибаси манбайи ҳисобланади. Маънавий-маданий меросни асраб-авайлаб, келажак авлодларга етказиш ўтган замондаги маданият, қудрат, ақл-заковат меваларини уларга тақдим этиш халққа ўзлигини англашга имкон беради. Ўзбекистон ҳам оламга машҳур тарихий ёдгорликларга бой, маънавий-маданий қадриятлари кучли шаклланган мамлакат ҳисобланади. Ўзбекистоннинг ўтмишда яратилган моддий ва маънавий қадриятлари, обидалари, тарихий-маданий ҳудудлари ҳамда бошқа объектлари жаҳон цивилизацияси ривожланишига ўз ҳиссасини қўшган. Масалан, ЮНEСКО Умумжаҳон маданий мероси рўйхатига Ўзбекистондаги 4 та меъморий мажмуа – Хива, Бухоро, Самарқанд ва Шаҳрисабз шаҳарларининг тарихий марказлари киритилган. ЮНEСКОнинг Инсоният номоддий маданий меросининг репрезентатив рўйхатига эса, мамлакатимиз номоддий маданий меросининг 8 та объекти (Бойсун маданий макони, Шашмақом мумтоз мусиқаси, Катта ашула, Аския санъати, Наврўз, Палов маданияти ва анъаналари, Марғилон ҳунармандчиликни ривожлантириш маркази: адрас ва атлас тикиш, Хоразм рақси – Лазги, киритилган. Шунинг учун уларни сақлаш ва келажакка тақдим қилиш мақсадида Конституциянинг 61-моддасида “фуқаролар Ўзбекистон халқининг тарихий, маънавий, маданий, илмий ва табиий меросини асраб-авайлаши шарт” деган конституциявий бурч белгилаб қўйилган. Конституция нормасидан келиб чиқиб, ҳар бир фуқаро маданий, тарихий, маънавий, маданий, илмий ёдгорликлардан ўзининг турли эҳтиёжларини қондиришда фойдаланар экан, уларга эҳтиёткорона муносабатда бўлиши, уларни сақлаши нафақат конституциявий мажбурият, балки авлодлар олдидаги бурчи эканлигини унутмаслиги керак.

Табиатнинг ҳар бир элементи инсон ҳаёти учун зарур манбадир. Инсонларнинг ва келажак авлодларнинг соғлиғига, ҳаётига табиий муҳит ҳам таъсир қилади, атроф-муҳитнинг соғлом бўлиши эса нафақат давлатнинг зиммасидаги вазифа, балки ҳар бир кишининг бурчидир. Шунинг учун Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 62-моддасида: “Фуқаролар атроф табиий муҳитга эҳтиёткорона муносабатда бўлишга мажбурдирлар”, – деган қоида мустаҳкамланган. Инсониятнинг омон қолиши учун табиатнинг бузилиши, ҳаво, ер ва сувнинг ифлосланишидан каттароқ хавф йўқ. Шу муносабат билан атроф-муҳитни асраш жаҳон ҳамжамияти томонидан нафақат ҳар бир давлат, балки сайёрамиздаги ҳар бир инсон – табиатнинг асосий “истеъмолчиси”нинг бирламчи вазифаси ва бурчи сифатида эътироф этилмоқда. Шу муносабат билан фуқароларнинг асосий бурчларидан бири конституция даражасида белгиланган. Алоҳида таъкидлаш жоизки, Асосий Қонунимизда табиат – жамият тизимидаги ўзаро муносабатларни тартибга солувчи махсус нормалар ҳам белгиланган бўлиб, улар экологик ҳуқуқий муносабатлар пойдеворини ташкил этади. Конституциямизнинг бир нечта моддасида табиатни муҳофаза қилиш, табиий бойликларимиздан оқилона фойдаланиш билан боғлиқ экологик-ҳуқуқий нормалар мустаҳкамланган. Масалан, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 62-моддасида тарихда синалган умумбашарий қадриятлар мужассам бўлиб, унга кўра, фуқаролар атроф табиий муҳитга эҳтиёткорона муносабатда бўлишга мажбурдирлар. Таъкидлаш жоизки, атроф муҳитга эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлиш аждодларимиз учун ҳам ўта аҳамиятли масала ҳисобланган, уни ҳар қандай тажовуздан ҳимоя қилиш қоидаларини эса кўп тарихий-ҳуқуқий манбаларда учратиш мумкин. Ушбу норманинг аҳамияти шу билан белгиланадики, унда атроф табиий муҳит тушунчасининг юридик мазмунидан келиб чиқиб, Конституциянинг ушбу нормаси нафақат фуқароларнинг табиатни муҳофаза қилиш, балки табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш мажбуриятини ҳам назарда тутади. Бундан ташқари, Асосий қонуннинг 66-моддасида, мулкдор мол-мулкдан фойдаланишда атроф-муҳитга зарар етказмаслиги, бошқа шахсларнинг, жамият ва давлатнинг ҳуқуқларини ҳамда қонуний манфаатларини бузмаслиги керак деб белгиланган. 68-моддасида эса ер, ер ости бойликлари, сув, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси ҳамда бошқа табиий ресурслар умуммиллий бойликдир, улардан оқилона фойдаланиш зарур ва улар давлат муҳофазасида эканлиги, шунингдек, ер қонунда назарда тутилган ҳамда ундан оқилона фойдаланишни ва уни умуммиллий бойлик сифатида муҳофаза қилишни таъминловчи шартлар асосида ва тартибда хусусий мулк бўлиши мумкин эканлиги таъкидланган. Ушбу конституциявий норманинг аҳамияти шундаки, у мустақиллигимизнинг моддий асосини ташкил этувчи табиий бойликларнинг халқимиз мулки эканлигии, табиий ресурслардан фақат оқилона фойдаланиш зарурлиги, республикамиз табиати давлат муҳофазасига олинганини, яъни экологик-ҳуқуқий муносабатлар давлат томонидан кафолатланиши каби муҳим тамойилларни мустаҳкамлайди.

Фуқароларнинг асосий бурчларидан бири солиқларни тўлаш. Солиқлар ва йиғимлар ҳар қандай мамлакатда иқтисодиётнинг энг муҳим тартибга солувчи асоси, иқтисодий қудрати, оддий тил билан айтганда, давлат бюджети ҳисобланади ва давлат даромадлари таркибида энг салмоқли ўринни эгаллайди. Бюджетнинг асосий қисмини эса солиқлар ташкил этади. Солиқлар Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги ва давлат ҳокимиятининг маҳаллий органлари томонидан белгиланган, ҳудуднинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишига хизмат қилувчи йиғимлардир. Яъни солиқлар деганда, муайян миқдорда мунтазам ундириладиган, қайтариб берилмайдиган ва беғараз хусусиятга эга бўлган, бюджетга йўналтирилган мажбурий пул тўловлари тушунилади. Бошқа мажбурий тўловлар деганда, Солиқ кодексида белгиланган давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий пул тўловлари, божхона тўловлари, шунингдек, ваколатли органлар ҳамда мансабдор шахслар томонидан юридик аҳамиятга молик ҳаракатларни тўловчиларга нисбатан амалга ошириш учун, шу жумладан, муайян ҳуқуқларни ёки лицензиялар ва бошқа рухсат берувчи ҳужжатларни бериш учун тўланиши лозим бўлган йиғимлар, давлат божи тушунилади. Ўз навбатида, давлатлар жамият ва барча фуқароларнинг манфаатларини кўзлаб, уларни таъминлаш ва стратегик муаммоларни ҳал этиш мақсадида Асосий қонунда фуқароларнинг солиқ ва йиғимларни тўлаш мажбуриятини белгилаб қўяди. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 63-моддасига кўра, фуқаролар қонун билан белгиланган солиқлар ва йиғимларни тўлаши шарт. Ўз навбатида, солиқ ва йиғимлар адолатли бўлиши ҳамда фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқларини амалга оширишига тўсқинлик қилмаслиги керак. Солиқлар ва йиғимларни жорий этишда ёки уларни оширишда солиқ тўловчиларнинг иқтисодий аҳволи ва мулкий манфаатлари адолатли тарзда эътиборга олиниши ва муҳофаза этилиши зарур. Шу билан бирга, давлат ҳам фуқаролар учун ортиқча ва оғир бўлган солиқлар ёки бошқа йиғимларни жорий этмаслик бўйича кафолат бериши, бу кафолат эса қонун билан мустаҳкамланиши керак, бу эса ўз навбатида, барча солиқ тўловчиларнинг қонун олдида тенглигини таъминлашга, ижтимоий адолат принципининг қарор топишига, солиқларни йиғиш даражасининг ошишига, тадбиркорлик фаолиятини янада қўллаб-қувватлашга хизмат қилади. Солиқ тўловчи қонун ҳужжатларига мувофиқ солиқ тўлашга мажбур бўлган шахс бўлиб, у солиқ тўловчи ташкилот ёки оддий шахс бўлиши мумкин. Ҳар бир солиқ тўловчига ягона код – солиқ тўловчининг идентификация рақами (СТИР) берилади. Ушбу код туфайли Давлат солиқ қўмитасида солиқ тўловчи ва унинг мажбуриятлари ҳақидаги барча маълумотлар мавжуд бўлади. Солиқ билан боғлиқ бўлган ҳуқуқий муносабатлар Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодекси орқали тартибга солинади. У мамлакатдаги солиқ тизимининг асосларини белгилайди.

Конституциявий мажбуриятлардан яна бири, Ўзбекистон Республикасини ҳимоя қилиш бурчи ва қонунда белгиланган тартибда ҳарбий хизматни ўташ мажбуриятидир. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 64-моддасида Ўзбекистон Республикасини ҳимоя қилиш Ўзбекистон Республикаси ҳар бир фуқаросининг бурчи деб эълон қилинган. Бу нафақат қонуний мажбурият, балки маънавий талаб, ҳар бир фуқаронинг ўз ватанига нисбатан виждонан бажариладиган ахлоқий бурчидир, унга риоя қилмаслик нафақат жазо, балки жамоатчилик танбеҳига ҳам олиб келади. Ватанни ҳимоя қилиш, ҳарбий ва муқобил хизматни ўташ битта бурч деб қаралади. Аслида, улар фарқланади. Масалан, Ватанни ҳимоя қилиш барча фуқароларга тегишли ва давомий бўлса, ҳарбий хизматни ўташ шу ишга яроқли фуқароларга тегишли бўлиб, у маълум вақт доираси билан чегараланади. Ватанни ҳимоя қилиш муқаддас бурч бўлиб, у фуқароларнинг жинси, ёши ва бошқа хусусиятларидан қатъи назар барча фуқароларга тааллуқли бўлиб унинг амал қилиш вақти чегараланмаган, токи ватан борки у доимий амалда бўлади. Бундан ташқари, шуни таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Конституциясида “бурч” тоифасининг қўлланилиши фуқаронинг бошқа ҳуқуқий мажбуриятлари қаторида ватанни ҳимоя қилиш мажбуриятининг алоҳида ўрин тутишини кўрсатади. Бурч тоифаси ватанни ҳимоя қилишнинг конституциявий мажбуриятида ҳуқуқий ва ахлоқий тамойилларнинг бирлигини акс эттиради, ватанни ҳимоя қилиш бурчининг маънавий мазмуни эса Асосий қонуннинг қонуний талаблари билан мустаҳкамланади.

2. Фуқаро ва чет эл фуқаросининг мажбуриятлари ўртасида қандай фарқлар мавжуд?

Мажбуриятлар табиатан ҳар хил. Улардан баъзилари шахснинг давлат фуқаролигига мансублигидан келиб чиқса, бошқалари эса бундай мақом билан боғлиқ эмас ва ҳамма учун бирдир. Агар конституциявий мажбуриятлар барча тоифадаги шахсларга, шу жумладан, аниқ давлатнинг фуқаролигига мансуб бўлмаган шахсларга ҳам тааллуқли бўлса, баъзилари фақат конкрет фуқароликга эга шахсга тегишли ҳисобланади. Ҳар бир давлатда фуқаролар ва хорижий фуқароларнинг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари алоҳида белгиланган бўлиб, уларнинг давлат олдидаги масъулиятлари ҳам фарқ қилади. Масалан, Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси 24-моддасида “Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, қонунлари ва халқаро шартномалари билан белгиланган бурчларни адо этадилар” деб белгиланган. Бундай норма Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбекистон Республикасида чет эл фуқароларининг ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг ҳуқуқий ҳолати тўғрисида”ги қонунинг 5-моддасида ҳам ўрнатилган. Ушбу Қонуннинг 25-моддасида эса Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг конституциявий бурчлари чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга ҳам таалуқли эканлигини кўрса бўлади. Йъани, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида турган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар ҳам Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига, қонунларига ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларига риоя этиши, бошқа шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари, шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилиши, шунингдек, Ўзбекистон халқининг тарихий, маънавий ва маданий меросини асраб-авайлаши ҳамда атроф табиий муҳитга эҳтиёткорона муносабатда бўлиши шартлиги белгиланган. Ушбу асосий мажбуриятларни ўрганишда, Қонунда Ўзбекистон фуқароларининг чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар бурчлари ўртасида фарқлар ҳам мавжудлигига гувоҳ бўлиш мумкун. Масалан, Қонуннинг 26-моддасида умумий ҳарбий мажбурият Ўзбекистон Республикаси ҳудудида доимий ёки вақтинча яшаётган чет эл фуқароларига ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга нисбатан татбиқ этилмаслиги, 27-моддасида эса чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексида белгиланган солиқларни ва унда назарда тутилган йиғимларни Ўзбекистон Республикасининг қонунчилигига ва халқаро шартномаларига мувофиқ тўлашлиги белгиланган. Фуқаролар ва чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг мажбуриятлари бир-биридан фарқ қиласа ҳам, лекин улар яшаб турган мамлакат қонунларига ҳурмат билан ёндашиши, давлатнинг тинчлиги, тараққиёти ва барқарорлиги учун ўз мажбуриятларини тўлиқ бажариши лозим.

3. Фуқаролар ва чет эл фуқаролари мажбуриятларини бажармаса қандай ҳуқуқий оқибатлар келиб чиқади?

Ҳар бир шахс, фуқаро ёки чет эл фуқароси бўлишидан қатъи назар, мамлакат қонунлари ва мажбуриятларига амал қилиши шарт. Агар мажбуриятлар бажарилмаса, бу жуда жиддий оқибатларга, маъмурий ёки жиноий жазога олиб келиши мумкин.

Мажбуриятнинг бузилиши давлатни ўз фаолиятининг барча соҳаларида заифлаштиради, ижтимоий муносабатлар тизимида тартибсизликни келтириб чиқаради, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва бошқа жараёнларни бошқаришни имконсиз қилади. Ушбу нормаларнинг ҳар қандай бузилиши давлат, жамият, фуқаролар манфаатларига тажовуз қилиш билан боғлиқ. Конституцияда ўрнатилган бурчларни бажармаслик хавфсизликка, фуқаролар манфаатига, давлат бошқарувига, умуман, конституциявий тузумга жиддий зарар етказади. Шунинг учун конституциявий бурчларни бажармаслик, уларни ҳар қандай йўллар билан бузиш ҳолатларига нисбатан турли жазо белгиланади. Қонунларда Конституция ва қонунлардаги бурчларни бажармаганлик учун жазо чораларининг белгиланиши конституциявий бурчлар таъминланишининг кафолати ҳисобланади. Мазкур конституциявий талаб замирида мамлакатда қатъий қонунийлик режимини таъминлаш ётади. Шунинг учун мажбуриятини бажармаслик ёки лозим даражада бажармаслик айбдорларга нисбатан давлат-ҳуқуқий мажбурлов чораларини қўллаш имкониятини келтириб чиқаради. Ҳуқуқбузарларга нисбатан жазо чораларини қўллаш ўрнатилган тартибни ҳимоя қилишдан иборат асосий вазифадир. Бундан ташқари, у муайян ҳуқуқбузарларга нисбатан жазоловчи таъсир кўрсатади ва барча фуқаролар ва мансабдор шахслар учун тарбиявий аҳамиятга эга.

Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбекистон Республикасида чет эл фуқароларининг ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг ҳуқуқий ҳолати тўғрисида”ги қонунинг 34-моддасида Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жиноятлар, шунингдек маъмурий ҳуқуқбузарликлар содир этган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар Ўзбекистон Республикаси фуқаролари билан умумий асосларда жавобгарликка тортилади, бундан Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларида белгиланган ҳоллар мустасно деб белгиланган. Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикасида вақтинча ёки доимий яшайдиган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар туриш қоидаларини бузганлик ҳамда Ўзбекистон Республикасининг қонунчилигида назарда тутилган бошқа ҳуқуқбузарликлар учун маъмурий жавобгарликка тортилиши мумкин деган норма мавжуд. Уларга нисбатан Ўзбекистон Республикасининг қонунчилигида белгиланган тартибда маъмурий тарзда чиқариб юбориш қўлланилиши, Ўзбекистон Республикаси ҳудудига кириши учун тақиқ қўйилиши, шунингдек уларнинг туриш муддати қисқартирилиши ҳам мумкин.

Қизиқарли маълумотлар
Бразилия Федератив Республикасининг конституциясида "Ҳиндулар тўғрисида" деб номланган махсус боб (VII боб) мавжуд бўлиб, ушбу боб Бразилияда яшаб келган туб аҳолига тақдим этилган алоҳида устунлик ва имтиёзларга бағишланган.