​Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари

Инсоният ўз ҳаёти давомида давлат ҳокимияти, индивидуал манфаат ва эҳтиёжнинг уйғунлигини мақсадга мувофиқ тарзда тўла равишда ҳисобга олиб бориш усулларини доим излаб келган. Давлат қанчалик кучли, қудратли ва уюшган бўлмасин, кишилар манфаати ва эҳтиёжларини мамлакат миқёсида мувофиқлаштиришни унинг кучи билангина деярли амалга ошириб бўлмайди.

Ижтимоий соҳага оид масалаларни ҳал этиш, инсон ҳуқуқи ва эркинликларини таъминлаш, муттасил равишда ўзгариб турадиган манфаатларни ҳисобга олиш учун энг кўп имкониятлар маҳаллий шароитларда мавжуд бўлади. Давлат ўз фуқароларининг манфаати ва эҳтиёжларини муайян тарихий, маданий, географик ва бошқа ўзига хос томонларни ҳисобга олган ҳолда айнан маҳаллий шароитларда таъминлаб бориши мумкин. Бунда давлат ҳокимияти органлари тизими билан қонуний жиҳатдан мувофиқлаштирилган фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш тизими ёрдамга келади.

Юриспруденция тарихида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш институтига кўплаб таъриф ва изоҳлар берилган. Масалан, Германиялик машҳур давлатшунос Г.Эллинек маҳаллий ўзини ўзи бошқариш деганда “давлатнинг профессионал мансабдор лавозимига эга бўлмаган шахслар орқали бошқарилишини, бунда бошқарувдан манфаатдор шахслар воситасида давлатнинг бюрократик бошқарув тизимига қарама-қарши бўлган бошқарувни” тушунади.

Н.Лазаревский маҳаллий ўзини ўзи бошқаришни “маҳаллий органлар мустақиллиги юридик кафолат тизими билан таъминланган, шу билан бирга реал номарказлаштиришга асосланган ҳолда, давлат бошқарув органларининг муайян ҳудуд ва унинг аҳолиси билан жорий алоқасини таъминлайдиган номарказлашган давлат бошқаруви” дейди.

Англиялик И.Редлих маҳаллий ўзини ўзи бошқариш деганда “маҳаллий аҳоли ёки унинг сайланган вакилларига қонунчилик ҳокимияти томонидан тақдим этилган ёхуд умумий ҳуқуқлар (cоммон лаw) доирасида уларга тегишли бўлган вазифа ва ваколатларни амалга оширилиши”ни тушунади.

Маҳаллий ўзини ўзи бошқариш бўйича россиялик назариётчилардан бири Л.Велиховнинг қарашлари ушбу қарашлар асосида шаклланган. Унинг таърифига кўра, маҳаллий ўзини ўзи бошқариш – “маҳаллий аҳолининг ҳукмрон қатлами ичидан вакилларни сайлаш воситасида вужудга келган, маълум бир ҳудудда муайян масалалар доирасидаги давлат бошқаруви”дир.

Бизнинг фикримизча, фуқаролар ўзини ўзи бошқарувининг моҳияти маҳаллий даражада ижтимоий ҳокимият манбаи бўлиш, кундалик ҳаётдаги барча масалалар бўйича мустақил қарор қабул қилиш ва унинг оқибати учун шахсан жавобгар бўлиш каби фуқаролик ҳуқуқларини тан олиш демакдир.

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқаруви билан давлат бошқаруви фаолиятини ўзаро мувофиқлаштириш, ушбу институтни ривожлантириш, унинг нуфузини ошириш ҳар қандай давлатни, агар унинг асосий мақсади ҳуқуқий давлат ва фуқаролик жамиятини қуриш бўлса, қудратли, барқарор, уюшган ва ҳақиқий демократик давлатга айланишига имкон яратади.

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш институти мавжуд бўлган мамлакатда шахс манфаати, давлат манфаати, шу билан бирга маҳаллий манфаатлар эътироф этилади ва кафолатланади.

Ҳар биримиз у ёки бу даражада фуқароларнинг ўзини ўзи бошқаруви, унинг тузилмалари билан боғлиқмиз, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари учун муҳим қарорларни қабул қилишда фаол ёки нофаол даражада иштирок этамиз, яъни ҳар биримиз у ёки бу даражада уни бошқаришга алоқадормиз. Инсон фаолиятининг айнан шу тури энг мураккаб ва турфа бўлиб, бир умр давом этади. Мамлакатимизни ҳақиқий демократик, ҳуқуқий давлат сари етакловчи, амалга оширилаётган туб ислоҳотларнинг муваффақияти фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш фаолиятининг самарадорлигига боғлиқ бўлгани боис ҳам Ўзбекистонда маҳаллага бўлган қизиқиш тобора кучайиб бормоқда.

Демак, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқаруви кенг маънода, давлат бошқарувининг жойлардаги давомидир. Яъни, унинг фаолият функцияларида давлат илдизлари мавжуд. Уларни парчаламоқ, ажратмоқ, узиб ташламоқ жуда мушкулдир. Мазкур жараён давлат бошқарувини узвий тўлдириб, уни янада чуқурлаштиради.

Давлатнинг ҳал бўлмаган муаммолари ечимини таъминлашда, шунингдек, инсон ва фуқаронинг ҳуқуқ ва эркинлигини таъминлаш бўйича давлат вазифаларини амалга оширишда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари воситачи бўлиб хизмат қилади. Қолаверса, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш ғояси, умуман, давлатни жамиятдан ҳуқуқий жиҳатдан узоқлашувига йўл қўймайди. Мазкур масала асрлар бўйи – давлат пайдо бўлганидан буён кун тартибидан тушмай келмоқда, бизнинг давримизда ҳам унинг долзарблиги йўқолган эмас.

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқаруви одамларни масъулиятли бўлишга чорлайди. Бу эса анъанавий патернализмни бартараф этиш имкониятини беради, фуқароларнинг ҳуқуқий маданиятини оширади, фаол, ташаббускор, бутун оғирлигини давлатга ташламайдиган янги типдаги шахсни шакллантиради, эркинлик қадриятларига садоқатли кишини тарбиялайди.

Фуқаролар ўзини ўзи бошқарувининг ўзига хос томони икки томонлама сиёсат юритиш табиати билан изоҳланади. Бир томондан, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ягона давлат бошқаруви механизмига ўзаро боғлиқ ҳолда ривожланади. У мавжуд қонун ва бошқа меъёрий ҳужжатлар асосида ўз бошқарув аппаратига эга, қонуний маблағларидан фойдаланиш ҳуқуқи бор, мустақил равишда бюджетини шакллантириши мумкин. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 20-моддасига асосан инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш масаласида давлат органлари билан бир қаторда тенг масъулиятга эга; 40-моддага кўра фуқароларнинг ариза, таклиф ва шикоятларини кўриб чиқиб, ҳал қилиш мажбуриятини зиммасига олган.

Иккинчи томондан, фуқаролар ўзини ўзи бошқариши фуқаролик жамиятининг муҳим таркибий қисмидир. Бу ҳолат конституциямизнинг 69-моддасида мустаҳкамланган. Шу билан бир қаторда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариши бевосита демократия механизми ҳисобланган маҳаллий уюшмани ташкил этишнинг ҳуқуқий шаклидир.
Шу билан бирга унинг алоҳида жиҳатлари ҳам мавжуд:
1) давлат ҳокимияти органларига нисбатан мустақил;
2) ўз манфаатларини ҳимоя қилиш ва унга эришиш бўйича коллектив акцияни амалга оширади (масалан, ҳашарларни уюштиради);
3) ҳуқуқий нормалар доирасида ҳаракат қилади.

Демак, фуқаролар ўзини ўзи бошқарувининг дуалистик табиатини тан олмай иложимиз йўқ (масаланинг амалий жиҳатига 3.2 параграфда батафсил тўхталамиз).
Баъзи олимларнинг фуқаролар ўзини ўзи бошқарувини маҳаллий бошқарувга қарама-қарши қўймаслик, аксинча, ўзаро муносабатда, бутуннинг бир қисми сифатида кўриш тўғрисидаги асосли қарашлари эътиборга сазовор. Масалан, Н.В.Постовой “ўзини ўзи бошқариш органлари...давлатнинг айрим ваколатларини амалга ошириш ҳуқуқига эга” эканлигини таъкидлаб, “кенг маънода жойларда давлат бошқарувини давом эттиради. Ўзини ўзи бошқарувнинг давлатчиликка хос табиати унинг томонидан бажариладиган функцияларда ўз ифодасини топади... Ўзини ўзи бошқаришнинг давлат назарияси реал ҳаётга энг яқин бўлган назария ҳисобланади. Жамиятда давлат мавжуд бўлган шароитда ўзини ўзи бошқариш давлатга тобе бўлиб қолади. Ҳаётнинг ўзи шундай хулоса чиқаришни тақозо этмоқда. Давлат ўзини ўзи бошқариш тўғрисида қонун қабул қилса – ўзини ўзи бошқариш тармоқ сифатида тартибга солинади, агар бундай қонун қабул қилинмаса – ўзини ўзи бошқариш ҳам бўлмайди”, дейди.

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқаруви давлат ҳокимиятнинг вертикал бўлинишида, шунингдек, бир-бирини тийиб туриш ва мувозанатда сақлаш тизимида (масалан, жамоатчилик назорати) ҳам ўз таъсир кучига эга. Шунинг учун ушбу органни давлат ҳокимиятини амалга ошириш механизмидаги энг қуйи босқичда туради, дейиш анча камтарлик бўларди.

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш пойдевори устида оммавий ҳокимиятнинг давлат аҳамиятига эга ва, шу билан бирга, маҳаллий аҳамиятга молик вертикали ўз қаддини ростлаши мумкин. Ҳозирги шароитда фуқаролар ўзини ўзи бошқариш институтининг муҳим вазифаси Ўзбекистон давлат бошқарув тизимини жипслаштириш, миллий давлатчилик асосларини мустаҳкамлашдан иборатдир.

Фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларига давлат ҳокимияти органлари томонидан айрим ваколатларнинг ўтказилиши мазкур органларга билдирилаётган жиддий муносабатни ифодалайди.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 69-моддаси фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларини фуқаролик жамиятининг институти сифатида эътироф этганлигига қарамай, конституциямизнинг ХХИ боби “Маҳаллий давлат бошқаруви. Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари” деб номланган. Қолаверса, “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги Қонунининг 8-моддаси мазкур органни давлат ҳокимияти органлари тизимига кирмаслигини алоҳида таъкидлайди.

Хўш, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқаруви давлат ҳокимияти тизимига кирмаслиги тўғрисидаги тезис амалда нимани билдиради?
Мазкур тезис тарафдорларининг энг асосий ва салмоқли далили фуқароларнинг ўзини ўзи бошқаруви – фуқаролик жамиятининг асосий принципларини тобора кўпроқ даражада амалга ошириш учун зарур бўлган соҳа ҳисобланади, деган хулосага олиб келади. Аммо бунда замонавий давлат институти (айниқса, бозор иқтисодиётига ижтимоий йўналтирилган ва оммавий ҳокимият нафақат давлат ҳокимияти, балки ўзини ўзи бошқаришни ҳам ўз таркибига оладиган мамлакатларда) ижтимоий функцияларнинг барчасини амалга оширишни ўз зиммасига олганлиги факти эътиборга олинмайди.

Ушбу масалани ҳал қилиш шакли (аниқроғи, уни ҳал қилишга ҳаракат) ҳамиша тортишувга сабаб бўлади. Чунки, кўриб чиқилаётган ҳолатнинг мазмуни охиригача ишлаб чиқилмаган: фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг аҳволи оғир бўлган, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига трансфертлар бериш ва молиявий ёрдамнинг бошқа шакллари билан таъминлашнинг ижтимоий-иқтисодий механизми мавжуд бўлмаган, инфраструктуранинг бошқа мамлакатларга нисбатан ривожланмаган, маҳаллий даражадаги ижтимоий муаммолар мавжуд бўлган бир шароитда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларини давлатдан ажратиб қўйиш бу институтни ривожлантириш ғоясини хаспўшлашдан бошқа нарса эмас, деб ҳисоблаймиз.

Хорижий мамлакатлар конституциясини ўрганиш шуни кўрсатадики, ўзини ўзи бошқариш органининг давлат ҳокимияти органларидан ажратилганлиги тўғрисидаги норма бирор бир мамлакат қонунчилигида (Россия Федерациясидан ташқари) кузатилмайди. Ҳаттоки, маҳаллий ўзини ўзи бошқаришнинг Европа Хартиясида ҳам, маҳаллий ўзини ўзи бошқариш органлари давлат ҳокимияти органлари тизимига кирмайди, деган бирорта жумла йўқ. Маҳаллий ўзини ўзи бошқаришнинг Европа Хартиясида маҳаллий ўзини ўзи бошқариш концепцияси деганда “оммавий ҳокимиятни режалаштириш ва унинг ишини йўлга қўйишга кўмаклашиш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва ваколатларининг белгиланиши; Қонун доирасида маҳаллий аҳоли манфаатларидан келиб чиқиб, барча маҳаллий жамоат ишларини бошқариши ва ўзининг тараққиётини таъминлаш учун ташаббускорлик ҳуқуқлари мажбуриятини ўз зиммасига олиши” тушунилади.

Бинобарин, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан боғлиқ муаммолар кўлами давлат ҳокимияти органларига қарама-қарши қўйилиб эмас, балки оммавий ҳокимият концепциясини ривожлантириш доирасида кўрилиши (ва тадқиқ қилиниши) зарур.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 127-моддасига асосан фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари «шаҳарчалар, қишлоқлар ва овулларда, шунингдек шаҳарлар, шаҳарчалар, қишлоқлар ва овуллардаги маҳаллаларда» тузилади деб белгиланди. Ушбу норманинг мазмунидан фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари нафақат ҳудудий бирлик (маҳалла), балки маъмурий-ҳудудий бирлик (қишлоқ, овул, шаҳарча) даражасида ҳам шаклланиши назарда тутилди. Бир сўз билан айтганда, шаҳарчалар, қишлоқлар, овуллар, шунингдек шаҳарлардаги, шаҳарчалардаги, қишлоқлардаги ҳамда овуллардаги маҳаллалар фуқаролар ўзини ўзи бошқаришининг ҳудудий бирликларидир. Демак, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариши Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида амалга оширилади.

Юқоридаги параграфда биз «маҳаллий ўзини ўзи бошқариш» ва «фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариши» тушунчаларини ишлатдик. Уларнинг орасида қндай фарқ бор?
Гап шундаки, «фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариши» тушунчаси Ўзбекистон Республикасига хос бўлиб, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг энг қуйи маъмурий-ҳудудий бирликларда (шаҳарча, қишлоқ, овул) ва ҳудудий бирлик – маҳаллаларда тузилишини эътиборга олиб шундай номланган, яъни ўзини ўзи бошқаришга доир ҳуқуқни амалга оширишда фуқароларнинг бирлашуви назарда тутилган.

«Маҳаллий ўзини ўзи бошқариш» эса хорижий ва МДҲ мамлакатларига ҳос тушунча бўлиб, аксарият давлатларда ўзини ўзи бошқариш тузилмалари туман, шаҳар ёки вилоят даражасида тузилганлиги билан фарқланади. Шу сабабли маҳаллий даражада амалга ошириладиган барча муносабатлар кўламини назарда тутган.

Шу ўринда асосли савол туғилади, «маҳалла ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари», «қишлоқ ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари», «овул ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари», «шаҳарча ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари» тушунчалари орасида тенглик белгисини қўйсак бўладими? Йўқ, албатта. Қишлоқ, овул, шаҳарча (маъмурий ҳудудий бирликлар) ва маҳалла (ҳудудий бирлик) – фуқароларнинг ўзини ўзи бошқаруви амалга ошириладиган ҳудуд сифатида қонунчилигимизда талқин қилинишини унутмаслигимиз зарур.

Тенглик белгисини қўйиш масаласига келсак, уни «фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари» ва «фуқаролар йиғини» тушунчалари орасида қўйишимиз тўғри бўлади. Сабаби фуқароларнинг ўзини ўзи бошқаришини амалга оширишга нисбатан белгиланган конституциявий ҳуқуқ айнан тегишли ҳудудларда истиқомат қиладиган маҳаллий аҳолининг сайланадиган вакиллари орқалигина амалга оширилади. Мазкур вакиллар йиғилишини қонун фуқаролар йиғини сифатида талқин этади.

Фуқаролар йиғининг ҳуқуқий мақоми қандай?
Фуқаролар йиғинини маҳаллий давлат ҳокимиятининг вакиллик органларига, яъни маҳаллий Кенгашларга тенглаштирсак бўлади. Сабаби фуқаролар йиғини ҳам худди вакиллик органлари каби:
1) маҳаллий аҳоли томонидан сайловлар натижасида шакллантирилади;
2) тегишли ҳудудда истиқомат қиладган аҳоли манфаатларини ифодалайди;
3) аҳоли номидан тегишли ҳудуд доирасида амал қиладиган қарорлар қабул қилади.
Фуқаролар йиғини жамоа фикрини ифодалашга, ўз фаолиятини оммавий равишда йўналтиришга, назорат қилиш ва баҳолашга хизмат қилади.
Фуқаролар йиғини ўз ишчи органларига эга, бунда маҳаллий аҳамиятга молик масалаларни ҳал қилиш ваколатига эга бўлган органларни назарда тутамиз. Унинг структураси қуйидагича:
фуқаролар йиғини кенгаши (ижро органи);
тафтиш комиссияси;
фуқаролар йиғини кенгашининг девони.

Ҳар бири хусусида алоҳида тўхталиб ўтамиз. Фуқаролар йиғини кенгаши фуқаролар йиғинининг қарорларини бажариш ва фуқаролар йиғинлари оралиғидаги даврда фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг жорий фаолиятини амалга ошириш учун шакллантирилади. Демак, тегишли ҳудуд доирасидаги кундалик фаолият айнан фуқаролар йиғини кенгашига бевосита боғлиқ. Мазкур орган ҳуқуқни тадбиқ этувчи, ижрочи ва бошқариб турувчи махсус орган ҳисобланади. Уни тузишдан мақсад иқтисодий, ижтимоий-маданий ва маъмурий-сиёсий ҳамда тартибга солиб туриш жараёнида фуқаролар йиғини қабул қилган қарор ва умуммажбурий қоидаларни ҳаётга жорий этишдан иборат Тафтиш комиссияси фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг молия маблағлари, маҳалла мулкининг, шунингдек уни бошқариш бўйича белгиланган қоидага риоя этиш назоратини амалга оширади. Шунингдек, маҳалла мулкининг бошқа турларидан фойдаланиш масалаларини, ажратилган бюджет маблағларининг қонунийлиги ва ўз вақтида ажратилганлигини назорат қилади, фуқаролар йиғинининг хўжалик-молия фаолиятининг назоратини ташкил этади ва амалга оширади, хўжалик фаолиятидан олинган бюджет маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланишни назорат қилиб боради.
Тегишли ҳудуддаги муаммоларнинг долзарблигига қараб, фуқаролар йиғини томонидан фуқаролар йиғини фаолиятининг асосий йўналишлари бўйича бошқа комиссиялар ҳам тузилиши мумкин.

Фуқаролар йиғинининг ўз иш юритиш органи мавжуд, бу орган - фуқаролар йиғини кенгашининг девони. Унинг асосий функцияси фуқаролар вакилларининг йиғилишини, фуқаролар йиғини кенгаши мажлисини ўтказишга доир материалларни тайёрлаш, фуқаролар йиғинининг, фуқаролар йиғини кенгашининг ва фуқаролар йиғини раисининг қарорларини ижрочиларга ўз вақтида етказилишини таъминлашдан иборат.

Фуқаролар йиғинига раҳбарликни раис (оқсоқол) амалга оширади. У фуқаролар йиғини томонидан уч йил муддатга сайланадиган орган ҳисобланади. Фуқаролар йиғини раисини сайлаш тартиби «Фуқаролар йиғини раиси сайлови тўғрисида»ги 16 октябрь 2018 йилда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Қонуни билан тартибга солинади.

Фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари ваколатларини кенгайтириш, давлат ва мазкур органлар ўртасида тўғридан-тўғри алоқани таъминлаш, аҳолининг маҳалладан туриб барча давлат идораларига мурожаат қилиш тизимини яратиш, давлат ва ижтимоий хизматларни бевосита маҳаллада кўрсатиш ва маҳаллаларнинг жойлардаги вакиллик органлари билан, халқ депутатлари Кенгашларининг Олий Мажлис Сенати билан, ҳокимликларнинг вазирликлар ва уларнинг ҳудудий бўлинмалари билан алоқаларини мустаҳкамлаш мақсадида ҳар бир маҳаллада ҳоким ёрдамчиси, ёшлар етакчиси, хотин қизлар фаоли лавозимлари ташкил этилди (бу ҳақда батафсил 3.2. параграфда тўхталамиз).

Қизиқарли маълумотлар
Буюк Британия ва Шимолий Ирландия Бирлашган Қироллиги давлатининг конситуцияси 300га яқин қонун ҳужжатларидан иборатдир, яъни бу давлатда ягона конституция ҳужжати мавжуд эмас.