Совринли викторина, “Конституция тарихи” бурчаги ва фотокўргазмаси. “Конституция кўчаси”да байрам қандай ўтди?

2023 йил 30 апрель куни бўлиб ўтган умумхалқ референдумида халқимиз ўзининг юксак сиёсий онги, ҳуқуқий маданияти ва дунёқарашини намоён этиб, янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясини қабул қилди.

Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси давлатчилик, ижтимоий-сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ва суд-ҳуқуқ соҳаларини бундан кейин ҳам барқарор ривожлантириш учун мустаҳкам замин яратди.

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси кунини муносиб кутиб олиш ва юксак савияда нишонлаш мақсадида жойларда ташкилий-амалий ҳамда маънавий-маърифий тадбирлар самарали ташкил этилмоқда.

Жорий йилнинг 5 декабрь куни Тошкент шаҳрининг Сайилгоҳ кўчасида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси куни байрами муносабати билан Адлия вазирлиги томонидан ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда “Конституция кўчаси” ташкил қилинди.

Тадбир Адлия вазири А. Ташкулов томонидан байрам табриги билан очиб берилди. Адлия вазири юртдошларимизни байрам билан табриклар экан, янги таҳрирдаги Конституциямиз Ўзбекистон жамиятининг эволюцион ривожланишидан келиб чиққан ҳаётий зарурат бўлиб, бу иш мамлакат, миллат ва халқ сифатида кейинги қадамларимизни аниқлаб олишимиз учун ғоят аҳамиятли масала, адолатли жамият қуриш йўлидаги улкан қадам эканлигини таъкидлади.

Тадбир доирасида фуқароларнинг ҳуқуқий билим ва кўникмаларини янада мустаҳкамлаш мақсадида суд, адлия, прокуратура, солиқ, божхона ва бошқа ўнлаб давлат органлари томонидан “Конституция бурчаклари” ташкил этилди.

Давлат органлари ва ташкилотлари томонидан ўз соҳа йўналишлари бўйича Конституция нормалари ва аҳолига қизиқарли бошқа қонунчилик ҳужжатлари бўйича ҳуқуқий маслаҳат ва тушунтиришлар берилди.

Тадбир доирасида аҳолига қулайлик яратиш мақсадида давлат хизматлари марказлари, ФХДЁ органлари ва нотариуслар томонидан сайёр хизматлар кўрсатилди.
Шунингдек, болалар ва ёшларга Конституцияда белгиланган нормаларнинг мазмун-моҳиятини очиб берувчи кўргазмали материаллар бурчаги, Конституциянинг яратилиши, такомиллаштириш босқичларини ифода этадиган “Конституция тарихи” бурчаги ва фотокўргазмаси ташкил қилинди.

Таниқли санъаткорлар иштирокидаги гала-концерт, талаба-ёшлар томонидан Конституция нормаларини акс эттирувчи саҳна кўринишлари ва мусиқий чиқишлари, флешмоблар, ҳарбийларнинг жанг санъатини акс эттирган чиқишлари тадбирларнинг янада жонли ва мароқли ўтказилишини таъминлади.

Шунингдек, Конституцияга эҳтиромни намойиш қилувчи “Адлиядан – адлиягача” шиори остида бўлиб ўтган адлия ҳуқуқий марши тадбирга алоҳида руҳ бахш этди.
Фуқароларнинг конституциявий билимларини оширишга бўлган қизиқишларини рағбатлантириш ва уларни синовдан ўтказиш мақсадида совринли викториналар ўтказилди.

Шунингдек, байрам тадбирида “Ҳуқуқий тарғибот ишлари аълочиси” кўкрак нишони ва “Умуммиллий Конституция имтиҳони” ғолибларини тақдирлаш маросими ҳам бўлиб ўтди.

Мазкур тадбирлар Асосий қонунимизда белгиланган демократия, эркинлик ва тенглик, ижтимоий адолат ва бирдамлик ғоялари атрофида фуқароларни жипслаштириш, “Конституция – халқчил давлат, барқарор тараққиёт ва фаровон ҳаёт асоси!” деган бош ғояни ўзида мужассам этгани билан ҳам аҳамиятлидир.

Конституция байрами муносабати билан ташкил қилинадиган тадбирлар давом этмоқда.

Қизиқарли маълумотлар
Ҳиндистон Конституцияси АҚШ Конституциясидан фарқли ўлароқ дунёдаги энг катта ва мураккаб Конституция ҳисобланади