Конституциянинг амалий аҳамияти
Баҳриддин Ғиёсов ю.ф.б.ф.д. (PhD), доцент
Жаҳон ҳамжамиятида Ўзбекистоннинг роли ва ўрни тобора ошиб бораётган шароитларда мамлакат Конститутцияси маънавий тараққиётни таъминлаш ишида, асосийси, мамлакатнинг изчил иқтисодий ривожланиши ва халқ фаровонлиги ошишида реал ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда. Ўзбекистон Конституцияси мустақиллик қўлга киритилгандан кейин жуда қисқа муддатларда ишлаб чиқилгани ва қабул қилинганини алоҳида таъкидлаш жоиз.
“Конституция” деганда биз онгу тафаккуримизнинг муайян мустаҳкам принципларидан келиб чиқадиган ва ижтимоий фаровонлик мақсадларига йўналтирилган, жамият риоя қиладиган аниқ ва ягона тизимига солинган қонунларнинг, қоида ва одатларнинг мужассамлигини тушунамиз. Халқимиз конституциявий ислоҳотлардан катта ўзгаришларни кутаётганлиги сир эмас, албатта. Бунинг исботи сифатида лойиҳа бўйича ўтказилган умумхалқ муҳокамаси жараёнида аҳолидан 220 мингдан зиёд таклифлар келиб тушганлиги ҳам фуқароларимиз ушбу масалага жуда катта қизиқиш ва эътибор билан ёндашганлигидан яққол далолат беради. Конституциявий қонун лойиҳаси устида ишлашда сенаторларимиз ҳам фаол иштирок этдилар.
Хусусан, 19 нафар сенаторларимиз Конституциявий комиссия таркибида Конституциявий қонун лойиҳаси устидаги ишларда бевосита қатнашдилар. Хабарингиз бор, Конституциявий қонун лойиҳаси умумхалқ муҳокамасида, этук олимлар, жамоатчилик, халқаро ва хорижий экспертлар иштирокидаги муҳокамаларда ҳар томонлама таҳлил қилинди ва маромига этказилди.
Хусусан, лойиҳани тайёрлашда ва такомиллаштиришда 400 дан ортиқ халқаро ҳужжатлар, 190 га яқин мамлакатлар конституциялари пухта ўрганилди, халқаро эксперт ва мутахассислар иштирокида бир неча бор муҳокама қилинди, шунингдек республиканинг турли ҳудудларида кенг жамоатчилик вакиллари иштирокида жами 20 мингга яқин муҳокамалар ташкил этилди. Лойиҳа 10 га яқин хорижий ва халқаро, шу жумладан лингвистик, юридик, гендер-ҳуқуқий, коррупцияга қарши, жамоатчилик ҳамда инсон ҳуқуқлари бўйича нормаларга мувофиқлиги юзасидан экспертизалардан ўтказилди. Халқаро экспертлар ҳам мазкур лойиҳа халқаро ҳуқуқнинг умумеътироф этилган барча қоидаларини ўзида мужассам этганлигини кўрсатди. Жорий йил 10-март куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси томонидан Конституциявий қонун лойиҳаси бўйича референдумни тайинлаш ва уни ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилинди. Қарорда мазкур қарорнинг Конституцияга мувофиқлигини аниқлаш учун уни Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судига юбориш тартиби ҳам белгиланган эди. Шунга мувофиқ, Конституциявий суд жорий йил 13-март куни ўз мажлисини ўтказиб, юқоридаги қарорни Конституцияга мувофиқ деб топди.
Конституциявий қонун лойиҳасида мамлакатимизнинг узоқ муддатли тараққиёт стратегиялари, юртимиз ва халқимизнинг эртанги фаровон ҳаёти учун мустаҳкам ҳуқуқий асос ҳамда ишончли кафолатлар ўз ифодасини топмоқда. Ўзбекистон “ҳуқуқий давлат” деган конституциявий тамойил муҳрланмоқда.
Бу барчанинг қонун олдида тенглигини ва қонундан хеч ким устун эмаслигини таъминлаш, судлар томонидан адолатли қарорлар қабул қилиш, умуман олганда давлат органларининг халққа хизмат қилиши учун мустаҳкам пойдевор бўлади.
Янги таҳрирдаги Конституция лойиҳасида илгариги “давлат-жамият-инсон” тамойилини “инсон-жамият-давлат” деб ўзгартириш, яъни энг аввало инсон манфаатини ҳар нарсадан устун қўйишни мақсад қилган.
Хусусан, унда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш–давлатнинг олий мажбурияти этиб белгиланмоқда ва шу муносабат билан инсон ҳуқуқлари кафолатлари жиддий равишда кучайтирилмоқда. Лойиҳага асосан инсоннинг шаъни ва қадр-қиммати дахлсиздир, ҳеч нарса уларни камситиш учун асос бўлиши мумкин эмас. Инсонннинг ҳуқуқ ва эркинликлари бевосита амал қилади ҳамда қонунлар, давлат органлари ва мансабдор шахслар фаолиятининг мазмун-моҳиятини белгилаб беради.
Инсон ва давлат органлари ўртасидаги юзага келган ноаниқликлар инсон фойдасига талқин қилиниши, ҳуқуқий таъсир чоралари мақсадга эришиш учун этарли ва мутаносиб бўлиши кераклиги белгиланмоқда. Бу нормалар ҳуқуқни қўллаш фаолиятида инсон манфаатлари устувор бўлишини амалда таъминлашга хизмат қилади.
Жорий йилнинг 4 апрел куни Навоий шахридаги Навоий вилоят Маънавият ва маърифат марказида “Аёли эъзозланган юрт” маънавий-маърифий тадбири ўтказилди.
Мазкур тадбирда Навоий вилоят суди судяси Г.Худайбердиева қатнашиб, янги таҳрирдаги Конституция лойиҳасида инсон-жамият -давлат энг аввало инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш давлатнинг олий мажбурияти этиб белгиланаётганлиги ва шу муносабат билан инсон ҳуқуқлари кафолатлари кучайтиралаётганлиги, инсон ва давлат ўртасидаги юзага келган ноаниқликлар инсон фойдасига талқин қилиниши, ҳуқуқий таъсир чоралари мақсадга эришиш учун этарли ва мутаносиб бўлиши кераклиги белгиланаётганлиги ҳақида фикр билдирди.
Конституциявий қонун лойиҳаси ҳуқуқий демократик кучли фуқаролик жамиятини барпо этиш, эркин бозор муносабатлари ва хусусий мулк устуворлигига асосланган иқтисодиётни қуриш, халқимизнинг тинч, обод ва фаровон ҳаётини таъминлаш, Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги обрў-еътиборини юксалтириш, миллий қонунчилик тизимини шакллантириш ҳамда мамлакатимиз ҳаётининг барча соҳаларида ислоҳотларни муваффақиятли амалга оширишда мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилади.[1] Ўзбекистон Конституцияси халқимизнинг эркинлик сари узоқ йўлдаги изланишлари натижасидир.
Ўтган давр мобайнида мамлакатимиз парламенти Конституция нормаларига мувофиқ 7 та конституциявий қонун, 15 та кодекс, 600 дан зиёд қонунни қабул қилди, 200 дан ортиқ кўп томонлама халқаро шартномани ратификация қилди ва шу тариқа Асосий Қонунимизни амалга оширишнинг яхлит ҳуқуқий механизми яратилди. Унинг самарадорлигини вақт ўзи кўрсатиб турибди ва бу бугун жаҳон ҳамжамияти томонидан эътироф этилмоқда. Ўзбекистонда “Кучли давлатдан – кучли фуқаролик жамияти сари” принципига мувофиқ, юксак демократик талаблар ва халқаро ҳуқуқ стандартларига мос миллий сайлов тизими яратилгани таъкидланди.
Кўппартиявийлик асосида мунтазам ўтказилаётган сайловлар мамлакатимиз Конституциясида фуқароларнинг сайлаш ва сайланиш ҳуқуқи кафолатланганининг ёрқин ифодаси бўлиб, бу уларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини, жамият ва давлат бошқарувидаги ролини оширишга хизмат қилаётир. Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси сиёсий партиялар, жамоат бирлашмалари фаолияти учун ҳуқуқий шароит ҳамда кенг имкониятлар яратиб беради.
Бунга ҳақиқий демократиянинг муҳим асоси сифатида қаралади. Шунинг билан бирга, мамлакатимизда республиканинг суверенитети, яхлитлиги ва хавфсизлигига қарши чиқувчи, урушни, миллий ва диний адоватни тарғиб қилувчи жамоат бирлашмаларини тузилиши ман этилган. Суд-ҳуқуқ тизимини эркинлаштириш борасида амалга оширилаётган туб ислоҳотлар мамлакатимизнинг демократик қадриятлар тарафдори эканининг ёрқин ифодасидир. Суд ҳокимияти мустақиллиги таъминланди, судлар ихтисослашди, кассация институти ислоҳ қилинди, ишларни қайта кўриб чиқишнинг апелляция тартиби, ярашув институти жорий этилди, суд амалиётининг барча босқичларида томонлар тенглиги кафолатланди. Конституциямизда инсон, унинг ҳаёти, эрки, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа ажралмас табиий ҳуқуқ ҳамда эркинликлари муқаддас саналиб, улар ҳуқуқий жиҳатдан кафолатланган. Инсон ва фуқароларнинг ҳуқуқ ҳамда эркинликлари соҳасида Конституциямиз Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг барча асосий ғоя ва қоидаларини ўзига сингдирган.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг яшаш ҳуқуқи ҳар бир инсоннинг узвий ҳуқуқи тўғрисидаги моддасини бажариш доирасида 2008 йилнинг 1 январидан мамлакатимизда ўлим жазоси бекор қилинди, қамоққа олишга санкция бериш ҳуқуқи судларга ўтказилди. Жиноят ва жиноят-процессуал қонунчилигини янада либераллаштириш ва инсонпарварлик тамойилларига мувофиқлаштириш жараёни давом эттирилмоқда. Ўзбекистонда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, қўллаб-қувватлаш ҳамда ҳимоя қилиш борасида катта тажриба тўпланган. Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар тизими ташкил қилинди, бу борадаги ишлар самарадорлиги Асосий Қонунимиз нормаларининг сўзсиз бажарилишига асосланган. Мустақил бўлган бу институтлар бир-бирини такрорламасдан жамиятимизда қонун устуворлиги, фуқароларнинг шахсий, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқларини ҳимоя қилиш принципларига риоя этилишига хизмат қилаётир.
Мамлакатимизда ахборот соҳасини босқичма-босқич демократик ислоҳ этиш, бу жараённинг қонунчилик асосларини такомиллаштириш, фуқароларнинг фикрлаш, сўз ва эътиқод эркинлиги бўйича конституциявий ҳуқуқларини тўлиқ амалга ошириш, ислоҳотларнинг ошкоралиги, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш, оммавий ахборот воситаларининг эркинлиги ва иқтисодий мустақиллигини мустаҳкамлаш борасида аниқ мақсадли комплекс ишлар амалга оширилаётир. Натижада Ўзбекистонда фақат кейинги 10 йилнинг ўзида босма оммавий ахборот воситаларининг сони 1,5 баробар, электрон оммавий ахборот воситаларининг сони эса 7 баробар кўпайиб, бугунги кунда фаолият кўрсатаётган қарийб 1250 та оммавий ахборот воситаларининг аксарияти нодавлат ҳисобланади.
Айни пайтда давлатимиз раҳбари томонидан қўйилган вазифаларга биноан мамлакатимиз парламенти янги қонунлар ишлаб чиқмоқда, амалдаги қонунларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритмоқда. Булар, ўз навбатида, ахборот соҳасини янада демократлаштириш, оммавий ахборот воситаларини одамлар ўз фикр ва ғояларини, содир бўлаётган воқеаларга ўз муносабати ва позициясини эркин ифода этадиган минбарга айлантиришга хизмат қилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқ, мамлакатимизда давлат жамоат бирлашмаларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига риоя этилишини таъминлайди, уларга тенг ҳуқуқий имкониятлар яратиб беради.
Бу принцип ҳаётда ҳам ўз ифодасини тўлиқ топмоқда. Бугунги кунда мамлакатимизда жамият ҳаётининг турли соҳаларида 6 мингдан зиёд нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолият юритмоқда. Уларга давлат томонидан субсидиялар, грантлар ва ижтимоий буюртмалар шаклида катта ёрдам кўрсатилмоқда. Биргина 2012 йилда ушбу мақсадларга Давлат бюджетидан 6 миллиард сўмажратилди. Ўзбекистонда Асосий Қонунга биноан ижтимоий ҳаётнинг барча жабҳаларини ислоҳ этиш ва демократлаштириш сиёсати миллий иқтисодиётимизни жадал, барқарор ривожлантириш, аҳоли фаровонлигини мунтазам ошириш учун мустаҳкам пойдевор яратди. Ҳаттоки, глобал молиявий-иқтисодий инқироз даврида ҳам ўтган йиллардаги каби Ўзбекистонда ялпи ички маҳсулотнинг ўсиш суръатлари камида ўртача 8,2 фоизни ташкил қилгани шундан далолат беради. Конституциянинг қатъий амал қилаётгани шарофати билан мамлакатимизда кучли, рақобатбардош, ижтимоий йўналтирилган бозор иқтисодиёти таркиб топди, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик соҳаси жадал ривожланмоқда. Бугунги кунда ушбу соҳанинг ялпи ички маҳсулотга қўшаётган ҳиссаси 54 фоиздан ортиб бораётир, ички ва ташқи бозорда харидоргир маҳсулотлар ишлаб чиқарадиган янги корхоналар барпо этилиб, янги иш ўринлари очилмоқда, аҳоли даромадлари ошмоқда. Тарихан қисқа муддат ичида бундай улкан иқтисодий муваффақиятларга мамлакатимиз Конституциясининг иқтисодий фаолият ва тадбиркорлик эркинлиги, барча мулк шаклларининг тенг ҳуқуқлиги ва ҳуқуқий жиҳатдан баб-баравар муҳофаза этилишини, хусусий мулк бошқа мулк шакллари каби дахлсиз ва устувор бўлиб, давлат ҳимоясида эканини кафолатлайдиган нормаларининг самарали амалга оширилиши туфайли эришдик. Хорижлик экспертлар мамлакатимизда тинчлик, барқарорлик, миллатлараро ва динлараро тотувликни сақлаш ҳамда мустаҳкамлаш истиқлол йилларида Ўзбекистон эришган энг муҳим ютуқ эканини якдиллик билан қайд этмоқда. Бу Конституциямизда Ўзбекистон Республикаси ўз ҳудудида истиқомат қилувчи барча миллат ва элатларнинг тиллари, урф-одатлари ва анъаналари ҳурмат қилинишини таъминлаши, уларнинг ривожланиши учун шароит яратиши борасида мустаҳкамланган принципга қатъий риоя этилаётганининг бевосита натижасидир.[2]
Шу ўринда айтишимиз мумкинки янги консититуциямиз давлатимизнинг ҳуқуқий пойдевори халқимизнинг демократик йўлидаги катта қадам ва аҳамиятли устувоқ қадам бўлиб хизмат қилади хусусан барча олиб борилаётган ислоҳотлар замирида халқимизнинг келажак авлодларимизнинг ҳаётидаги замин бўлиб хизмат қилади.
ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР
1. Гулнафис Худайбердиева Навоий вилоят суди судяси “Конституция-янги тамойиллар ва ислоҳотлар”.
2. www.meningkonstitutsiyam.uz интернет порталидан.