Қонунларни кенг муҳокама қилиш тизими такомиллаштирилмоқда

Муҳтарам Президентимиз Ш.Мирзиёев жорий йил 12 июль куни Олий Мажлис палаталари, сиёсий партиялар ҳамда Ўзбекистон экологик ҳаракати вакиллари билан бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида “Қонунларни қабул қилишда жамоатчилигимиз, сайловчиларнинг кенг иштироки сезилмаяпти. Қонунлар қабул қилиниши билан халқимизнинг оғири енгил бўлдими, унинг ҳаётидаги муаммолар ҳал бўлдими, деган саволлар билан, афсуски, ҳеч ким қизиқмаяпти” деб таъкидлаб ўтган эди.

Дарҳақиқат, қабул қилинадиган қонунлар халқимиз фикрига ҳамоҳанг, реал ҳаётга, бугунги кун талабига мос бўлишига кўпроқ эътибор қаратишимиз зарур. Эътироф этишимиз керак, айрим қонунлар биринчи ўқишда қабул қилингандан кейин жойларда учрашувлар ўтказилиб, партия, унинг электорати, давлат органлари, тадбиркорлар ва бошқалар билан учрашилганда қатор асосли таклифлар билдирилган. Бироқ, бундай усулдан самарали ва кенгроқ фойдаланиш, энг асосийси доимий асосда тизимли ташкил этиш орқалигина биз кутилган натижага эришишимиз мумкин.

Шу мақсадда, Президентимизнинг маърузаларидан сўнг, Қонунчилик палатасига келиб тушган қонун лойиҳалари бўйича асослантирилган таклифлар тайёрлаш ва шу орқали қонунларни пухта бўлишини таъминлашда партия ташкилотларининг иштирокини кенгайтириш механизми ишлаб чиқилмоқда. Эндиликда Қонунчилик палатасига келиб тушган қонун лойиҳаларини сиёсий партияларга, сиёсий партиялар томонидан энг қуйидаги партия ташкилотларигача етказилиш амалиёти жорий этилади. Бунда, барча даражадаги партия ташкилотлари биринчидан, парламентда кўрилаётган масалалар, қонунлар бўйича маълумотга ва тушунчага эга бўлса, иккинчидан, партияга мақсад ва вазифаларидан келиб чиқиб, ўзининг аниқ таклифларини ишлаб чиқиш ва тақдим этиш имконияти яратилади.

Энг асосийси, бундай амалиётнинг жорий этилиши тегишли партия фракциясининг қабул қилинаётган қонун лойиҳаси бўйича умумий позициясини шакллантиришда ҳисобга олинади ва қонун лойиҳасини такомииллаштиришга хизмат қилади. Бундан ташқари, муҳим ижимоий-иқтисодий аҳамиятга эга бўлган қонун лойиҳаларини иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёнида жойларда фуқаролар билан кенг муҳокама қилиш, уларнинг таклиф ва мулоҳазаларини ўрганиш тизимини йўлга қўйиш бўйича амалий ишлар олиб борилмоқда.

Бугун парламентнинг қонун ижодкорлиги борасидаги фаолияти янги босқичга чиқмоқда. Депутатларнинг ҳар ойда 10-12 кун давомида ўзлари сайланган вилоятга ташриф буюриб, одамлар турмуш тарзи билан танишаётганлиги қонунларнинг энг қуйи тизимда қандай бажарилаётганлиги, фуқароларимиз қонунларимиздан қанчалик хабардор эканлиги билан танишиш имконини бермоқда.

Ўйлаймизки, қонунларни муҳокамаси доирасини қанчалик кенгайтирсак, улар шунча пухта ишлаб чиқилади. Фуқароларимиз, кенг жамоатчиликнинг давлат ва жамият ишларини бошқаришдаги фуқаролик позицияси ҳам юксалиб боради.

Ўткир Турсунов,
Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати.

Қизиқарли маълумотлар
Буюк Британия ва Шимолий Ирландия Бирлашган Қироллиги давлатининг конситуцияси 300га яқин қонун ҳужжатларидан иборатдир, яъни бу давлатда ягона конституция ҳужжати мавжуд эмас.