Конституциявий комиссиянинг биринчи йиғилиши бўлиб ўтди
Конституцияга ўзгартиришлар киритиш бўйича таклифларни шакллантириш ва ташкилий чора-тадбирларни амалга ошириш юзасидан Конституциявий комиссиянинг биринчи йиғилиши бўлиб ўтди.
Унда Конституциявий комиссия аъзолари, экспертлар гуруҳи ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Йиғилишда Конституциявий комиссия олдига қўйилган мақсад ва вазифалар, тамойиллар, конституциявий ислоҳотларни амалга оширишга оид чораларни кўриш масалалари муҳокама қилинди.
Бугун халқимиз ва давлат органлари, фуқаролик жамияти институтлари ҳаётнинг барча жабҳаларини эркинлаштириш, Тараққиёт стратегиясида белгиланган олижаноб мақсадларга эришиш ғояси атрофида жипслашмоқда. Халқимиз барча ислоҳотлар марказида инсон омили биринчи ўринга қўйилган бир шароитда яшаш қанчалик бахт ва саодат эканини ўз тақдири мисолида ҳис қилаётир.
Кўп миллатли мамлакатимиз тараққиётининг ҳозирги босқичида илгари сурилаётган моҳиятан мутлақо янги вазифалар, Янги Ўзбекистоннинг Тараққиёт стратегиясида акс этган эзгу мақсадлар, умидбахш интилишлар шунга мос конституциявий-ҳуқуқий макон яратилишини зарурат қилиб қўймоқда.
Президентимиз томонидан Ўзбекистонда конституциявий ислоҳотнинг бош ғоявий илҳомлантирувчиси, асосий ташаббускори халқимиз эканлигини таъкидлаб ўтилган.
Бош қомусимиздаги ўзгаришлар “Инсон қадри учун”, “Янги Ўзбекистон – ижтимоий давлат” тамойили асосида халқимизнинг фаровонлигини янада юксалтириш, мамлакатимиз иқтисодиёти тармоқларини трансформация қилиш ва тадбиркорликни жадал ривожлантириш, инсон ҳуқуқлари ва манфаатларини сўзсиз таъминлашга қаратилган ислоҳотларни қатъий давом эттириш учун мустаҳкам пойдевор бўлиши муҳим аҳамият касб этади. Зеро, Янги Ўзбекистонни бунёд этиш асносида конституциявий ислоҳотларни амалга ошириш Ватанимиз тараққиёти, халқимиз фаровонлигини янги босқичга кўтаришга хизмат қилади.
Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш бўйича таклифларни шакллантириш ҳамда тегишли таклифларни ишлаб чиқиш борасида бошланган ишлар муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, конституциявий ислоҳотларни амалга оширишда “инсон – жамият – давлат”, “Янги Ўзбекистон – ижтимоий давлат” тамойилларини, “Инсон манфаатлари – иқтисодий ислоҳотларнинг бош мезони”, “Жамият – ислоҳотлар ташаббускори” сингари эзгу ғояларни Бош Қомусимизда акс эттириш лозим.
Ўтган давр мобайнида Комиссияга фан, таълим, маданият, соғлиқни сақлаш, туризм, қишлоқ хўжалиги, экология, хусусий мулк ҳимояси, суд-ҳуқуқ ва бошқа масалаларга оид кўплаб таклифлар келиб тушгани қайд этилди.
Конституцияга ўзгартиш ва қўшимчалар киритишга оид таклифларни олиш, умумлаштириш, уларни қайта ишлаш ҳамда белгиланган тадбирларни ўз вақтида амалга ошириш ишларининг муҳимлиги, долзарблиги ва кўламини инобатга олган ҳолда Комиссия йиғилишида гуруҳлар фаолияти ҳам кўриб чиқилди.
Йиғилишда Комиссия ишини ташкил этиш, унинг ҳузуридаги ишчи гуруҳлар таркиби ва уларнинг вазифалари тақсимоти, Конституциямизга ўзгартиш ва қўшимчалар киритишга қаратилган таклифларни олиш, умумлаштириш ва уларга жавоб қайтариш бўйича ишни ташкил этиш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Комиссия матбуот хизматининг медиа-режаси муҳокама қилинди.
Айни дамда Конституциявий комиссия матбуот хизмати, Комиссиянинг таклифлар билан ишлаш гуруҳи олдида муҳим вазифалар тургани айтилиб, илмий-тадқиқот ташкилотларининг, олимлар ҳамда мутахассисларнинг тавсиялари, экспертларнинг хулосалари, кенг жамоатчиликдан тушаётган таклифларнинг умумлаштирилиши бўйича устувор вазифалар белгилаб олинди.
Шунингдек, Конституциявий комиссия ишига кенг жамоатчиликни жалб этиш, ушбу жараёнда барча аҳоли қатламининг иштирокини таъминлаш, фуқаролардан келиб тушаётган таклифларни шакллантириш ва ташкилий чора-тадбирларни амалга ошириш масаласига алоҳида эътибор қаратилди.
Шу билан бирга, комиссия Матбуот хизмати конституциявий ислоҳотларнинг, конституциявий янгиликларнинг зарурияти, устуворликлари ва асосий йўналишларини оддий фуқаро учун содда ва тушунарли тилда етказиш бўйича зарур чораларни кўриши лозимлиги қайд этилди. Қолаверса, қисқа муддатда “Жамият – ислоҳотлар ташаббускори” бош ғояси асосида фаолият кўрсатувчи махсус ахборот платформаси ҳақида маълумот берилди.
Йиғилиш якунида Комиссия фаолиятини самарали йўлга қўйиш бўйича тегишли қарор қабул қилинди. Шунингдек, Конституциявий комиссиянинг оммавий ахборот воситалари вакиллари ва блогерлар учун брифинги бўлиб ўтди.