Гулистонда Конституциямизнинг ҳаётимиздаги ўрни ва аҳамиятига бағишланган тадбир ўтказилди

Сирдарё вилояти прокуратураси, вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси, хотин-қизлар қўмитаси ва бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида Президентимизнинг жорий йил 20 июндаги «Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг йигирма беш йиллигини нишонлашга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармойиши ижроси доирасида ташкил этилган тадбирда Гулистон давлат университети профессор-ўқитувчилари, талабалар, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Иштирокчиларга Конституциямизнинг яратилиш тарихи, унинг демократик ҳуқуқий давлат барпо этиш ва инсон манфаатларини таъминлашдаги аҳамияти, Бош қомусимизнинг халқчиллиги, халқаро ҳуқуқ нормаларига мослиги ҳақида атрофлича маълумот берилди. “Конституция – ҳуқуқ ва эркинликларимиз, фаровонлигимиз кафолати”, “Ўзбекистон Конституцияси – барқарор Конституция” мавзуларида маърузалар тингланди.

– Бош қомусимиз инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, жамият ҳаётининг барча соҳаларини изчил либераллаштириш ва модернизация қилиш, таълим, фан, маданият ҳамда маънавият ривожида муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилаётир, – дейди Гулистон шаҳар прокурори С.Бозоров. – Бугунги тадбирда мазкур ҳужжатда мамлакатимизда истиқомат қилаётган миллати, тили, дини ва ижтимоий келиб чиқишидан қатъи назар, барча фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатлангани, ёшларнинг онги ва қалбида Конституциямизга ҳурмат, Ватан тақдирига дахлдорлик, масъулият ҳиссини янада кучайтириш масалалари хусусида эркин суҳбат қилинди. Ана шу ғояларни ёшларимизга сингдириш баробарида уларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш ҳар биримизнинг бурчимиз бўлмоғи лозим.


Абдужалол Қаюмов, ЎзА

Қизиқарли маълумотлар
АҚШ Конституцияси дунёдаги энг кичик ва энг ўзгармас Конституция ҳисобланади.