Излаш натижалари

116-модда.

Вазирлар Маҳкамаси конституциявий нормалар доирасида ва қонунчиликка мувофиқ Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудидаги барча органлар, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, мансабдор шахслар ва фуқаролар томонидан бажарилиши мажбурий бўлган қарорлар ва фармойишлар чиқаради.

Вазирлар Маҳкамаси ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ва Ўзбекистон Республикаси Президенти олдида жавобгардир.

Амалдаги Вазирлар Маҳкамаси янги сайланган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси олдида ўз ваколатларини зиммасидан соқит қилади, бироқ Вазирлар Маҳкамасининг янги таркиби шакллантирилгунига қадар Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорига мувофиқ ўз фаолиятини давом эттириб туради.

115-модда.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

1) самарали иқтисодий, ижтимоий, солиқ ва бюджет сиёсати амалга оширилиши, илм-фан, маданият, таълим, соғлиқни сақлашни ҳамда иқтисодиётнинг ва ижтимоий соҳанинг бошқа тармоқларини ривожлантиришга доир дастурларнинг ишлаб чиқилиши ҳамда бажарилиши учун жавобгар бўлади;

2) барқарор иқтисодий ўсишни, макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш, камбағалликни қисқартириш, аҳоли учун муносиб турмуш шароитларини яратиш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, қулай инвестициявий муҳитни яратиш, ҳудудларни комплекс ва барқарор ривожлантириш бўйича чоралар кўради;

3) аҳолини, шу жумладан ногиронлиги бўлган шахсларни ижтимоий ҳимоя қилиш тизимининг самарали фаолият кўрсатишини таъминлайди;

4) атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиий бойликларни ва биологик хилма-хилликни сақлаш, иқлим ўзгаришига, эпидемияларга, пандемияларга қарши курашиш ҳамда уларнинг оқибатларини юмшатиш соҳаларида ягона давлат сиёсати амалга оширилишини таъминлайди;

5) ёшларга оид давлат сиёсатининг амалга оширилишини таъминлайди, оилани қўллаб-қувватлаш, мустаҳкамлаш ва ҳимоя қилиш, анъанавий оилавий қадриятларни сақлаш бўйича чоралар кўради;

6) фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш чора-тадбирларини амалга оширади, ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ҳамда ижтимоий шериклик дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга оширишда уларнинг иштирок этишини таъминлайди;

7) фуқароларнинг иқтисодий, ижтимоий ҳамда бошқа ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича чора-тадбирларни амалга оширади;

8) Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунлари, Олий Мажлис палаталари қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонлари, қарорлари ва фармойишлари ижросини таъминлайди;

9) ижро этувчи ҳокимият органлари ишини мувофиқлаштиради ва йўналтиради, уларнинг фаолияти устидан қонунда белгиланган тартибда назоратни амалга оширади;

10) ижро этувчи ҳокимият органларининг ишида очиқлик ва шаффофликни, қонунийлик ва самарадорликни таъминлаш, уларнинг фаолиятида коррупция ҳолатларига қарши курашиш, давлат хизматларининг сифатини ошириш ва улардан фойдаланиш имкониятини кенгайтириш бўйича чоралар кўради;

11) Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига мамлакат ижтимоий-иқтисодий ҳаётининг энг муҳим масалалари юзасидан ҳар йилги маърузаларни тақдим этади;

12) ушбу Конституция ва қонунларда назарда тутилган бошқа ваколатларни амалга оширади.

114-модда.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ижро этувчи ҳокимиятни амалга оширади. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Ўзбекистон Республикаси Бош вазири, унинг ўринбосарлари ва вазирлардан иборат. Қорақалпоғистон Республикаси ҳукуматининг бошлиғи Вазирлар Маҳкамаси таркибига ўз лавозими бўйича киради.

Вазирлар Маҳкамаси ўз фаолиятини ижро этувчи ҳокимият фаолиятининг Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан белгиланадиган асосий йўналишлари доирасида амалга оширади.

113-модда.

Ваколати тугаши муносабати билан истеъфога чиққан Ўзбекистон Республикаси Президенти умрбод Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси лавозимини эгаллайди.

112-модда.

Ўзбекистон Республикасининг амалдаги Президенти ўз вазифаларини бажара олмайдиган ҳолатларда унинг вазифа ва ваколатлари вақтинча Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раисининг зиммасига юклатилади, бунда уч ой муддат ичида қонунга тўлиқ мувофиқ ҳолда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови ўтказилади.

111-модда.

Қонунчилик палатаси ёки Сенат таркибида уларнинг нормал фаолиятига таҳдид солувчи ҳал қилиб бўлмайдиган ихтилофлар юз берганда ёхуд улар бир неча марта Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига зид қарорлар қабул қилган тақдирда, шунингдек Қонунчилик палатаси билан Сенат ўртасида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг нормал фаолиятига таҳдид солувчи ҳал қилиб бўлмайдиган ихтилофлар юз берганда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди билан бамаслаҳат қабул қилган қарори асосида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси, Сенати тарқатиб юборилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси, Сенати тарқатиб юборилган тақдирда янги сайлов уч ой мобайнида ўтказилади.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси ва Сенати фавқулодда ҳолат амал қилиши даврида тарқатиб юборилиши мумкин эмас.

110-модда.

Ўзбекистон Республикасининг Президенти Конституцияга ва қонунларга асосланиб ҳамда уларни ижро этиш юзасидан республиканинг бутун ҳудудида мажбурий кучга эга бўлган фармонлар, қарорлар ва фармойишлар чиқаради.

109-модда.

Ўзбекистон Республикасининг Президенти:

1) фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларига, Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларига риоя этилишининг, Ўзбекистон Республикаси суверенитети, хавфсизлиги ва ҳудудий яхлитлигининг кафилидир, миллий-давлат тузилиши масалаларига доир қарорларни амалга ошириш юзасидан зарур чора-тадбирлар кўради;

2) мамлакат ичкарисида ва халқаро муносабатларда Ўзбекистон Республикаси номидан иш кўради;

3) музокаралар олиб боради ҳамда Ўзбекистон Республикасининг шартнома ва битимларини имзолайди, республика томонидан тузилган шартномаларга, битимларга ва унинг қабул қилинган мажбуриятларига риоя этилишини таъминлайди;

4) ўз ҳузурида аккредитациядан ўтган дипломатик ҳамда бошқа вакилларнинг ишонч ва чақирув ёрлиқларини қабул қилади;

5) Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги ва халқаро ташкилотлар ҳузуридаги дипломатик ҳамда бошқа ваколатхоналарининг раҳбарларини тайинлаш учун номзодларни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенатига тақдим этади;

6) Ўзбекистон Республикаси халқига ҳамда Олий Мажлисига мамлакат ички ва ташқи сиёсатини амалга оширишнинг энг муҳим масалалари юзасидан мурожаат қилиш ҳуқуқига эга;

7) вазирликларни ва бошқа республика ижро этувчи ҳокимият органларини тузади ҳамда тугатади, шу масалаларга доир фармонларни кейинчалик Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати тасдиғига киритади;

8) Сенат Раиси лавозимига сайлаш учун номзодни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенатига тақдим этади;

9) Ўзбекистон Республикаси Бош вазирини, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси аъзоларини Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси маъқуллаганидан кейин лавозимга тайинлайди ва уларни лавозимидан озод этади;

10) қўмиталар, агентликлар ва бошқа республика давлат органлари раҳбарларини қонунчиликка мувофиқ лавозимга тайинлайди ва лавозимидан озод этади;

11) Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорини, Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси раисини Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати маъқуллаганидан кейин лавозимга тайинлайди ва уларни лавозимидан озод этади;

12) Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати билан маслаҳатлашувлардан кейин Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати раисини лавозимга тайинлайди ва уни лавозимидан озод этади;

13) Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенатига Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди, Ўзбекистон Республикаси Олий суди, Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши таркибларига номзодларни, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқарувининг раиси, республика коррупцияга қарши курашиш органининг раҳбари ва республика монополияга қарши органининг раҳбари лавозимларига номзодларни тақдим этади;

14) Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашининг тақдимига биноан вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари раисларини ва раис ўринбосарларини, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди раисини тайинлайди ва лавозимидан озод этади;

15) вилоятлар ҳокимларини ва Тошкент шаҳар ҳокимини тайинлайди ҳамда лавозимидан озод этади. Конституцияни, қонунларни бузган ёки ҳоким шаъни ва қадр-қимматига доғ туширадиган хатти-ҳаракат содир этган туман ва шаҳар ҳокимларини Ўзбекистон Республикаси Президенти ўз қарори билан лавозимидан озод этишга ҳақли;

16) республика ижро этувчи ҳокимият органларининг ва ҳокимларнинг ҳужжатларини тўхтатади, бекор қилади; Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси мажлисларида раислик қилишга ҳақли;

17) Ўзбекистон Республикасининг қонунларини имзолайди ва эълон қилади; қонунни ўз эътирозлари билан такроран муҳокама қилиш ва овозга қўйиш учун Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига қайтаришга ҳақли;

18) Ўзбекистон Республикасига ҳужум қилинганда ёки тажовуздан бир-бирини мудофаа қилиш юзасидан тузилган шартнома мажбуриятларини бажариш зарурияти туғилганда уруш ҳолати, умумий ёки қисман сафарбарлик эълон қилади ва қабул қилган қарорини уч кун ичида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг тасдиғига киритади;

19) алоҳида ҳолларда (реал ташқи хавф, оммавий тартибсизликлар, йирик ҳалокат, табиий офат, эпидемиялар) фуқароларнинг хавфсизлигини таъминлашни кўзлаб, Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида ёки унинг айрим жойларида фавқулодда ҳолат жорий этади ва қабул қилган қарорини уч кун ичида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг палаталари тасдиғига киритади. Фавқулодда ҳолат жорий этиш шартлари ва тартиби қонун билан белгиланади;

20) Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг Олий Бош қўмондони ҳисобланади, Қуролли Кучларнинг олий қўмондонларини тайинлайди ва лавозимидан озод этади, олий ҳарбий унвонлар беради;

21) Ўзбекистон Республикасининг орденлари, медаллари ва ёрлиғи билан мукофотлайди, Ўзбекистон Республикасининг малакавий ва фахрий унвонларини беради;

22) Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигига ва сиёсий бошпана беришга оид масалаларни ҳал этади;

23) амнистия тўғрисидаги ҳужжатларни қабул қилиш ҳақида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенатига тақдимномалар киритади ва Ўзбекистон Республикасининг судлари томонидан ҳукм қилинган шахсларни афв этади;

24) Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгашини тузади ва унга бошчилик қилади, ўз ваколатлари амалга оширилишини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясини, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги маслаҳат-кенгаш органларини ва бошқа органларни шакллантиради;

25) ушбу Конституция ва қонунларда назарда тутилган бошқа ваколатларни амалга оширади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти ўз ваколатларини бажаришни давлат органларига ёки мансабдор шахсларга топширишга ҳақли эмас.

87-модда.

Ўзбекистон Республикаси қонунлари Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудида ҳам мажбурийдир.

108-модда.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси йиғилишида қуйидаги қасамёдни қабул қилган пайтдан бошлаб ўз лавозимига киришган ҳисобланади:

«Ўзбекистон халқига садоқат билан хизмат қилишга, республиканинг Конституцияси ва қонунларига қатъий риоя этишга, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларига кафолат беришга, Ўзбекистон Республикаси Президенти зиммасига юклатилган вазифаларни виждонан бажаришга тантанали қасамёд қиламан».

86-модда.

Қорақалпоғистон Республикаси ўз Конституциясига эга.

Қорақалпоғистон Республикасининг Конституцияси Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига зид бўлиши мумкин эмас.

107-модда.

Ўзбекистон Республикаси Президенти ўз вазифасини бажариб турган даврда бошқа ҳақ тўланадиган лавозимни эгаллаши, вакиллик органининг депутати бўлиши, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиши мумкин эмас. Ўзбекистон Республикаси Президентининг шахси дахлсиздир ва қонун билан муҳофаза этилади.

85-модда.

Суверен Қорақалпоғистон Республикаси Ўзбекистон Республикаси таркибига киради.

Қорақалпоғистон Республикасининг суверенитети Ўзбекистон Республикаси томонидан муҳофаза этилади.

106-модда.

Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига ўттиз беш ёшдан кичик бўлмаган, давлат тилини яхши биладиган, бевосита сайловгача камида 10 йил Ўзбекистон ҳудудида муқим яшаётган Ўзбекистон Республикаси фуқароси сайланиши мумкин. Айни бир шахс сурункасига икки муддатдан ортиқ Ўзбекистон Республикасининг Президенти бўлиши мумкин эмас.

Ўзбекистон Республикасининг Президенти Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари томонидан умумий, тенг ва тўғридан-тўғри сайлов ҳуқуқи асосида яширин овоз бериш йўли билан етти йил муддатга сайланади. Ўзбекистон Республикасининг Президентини сайлаш тартиби қонун билан белгиланади.

84-модда.

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳрининг чегараларини ўзгартириш, шунингдек вилоятлар, шаҳарлар, туманлар ташкил қилиш ва уларни тугатиш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг розилиги билан амалга оширилади.

105-модда.

Ўзбекистон Республикасининг Президенти давлат бошлиғидир ва давлат ҳокимияти органларининг келишилган ҳолда фаолият юритишини ҳамда ҳамкорлигини таъминлайди.

104-модда.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси депутатларига ва Сенати аъзоларига уларнинг депутатлик ёки сенаторлик фаолияти билан боғлиқ харажатлар белгиланган тартибда қопланади.

Қонунчилик палатаси депутатлари ҳамда Сенатда доимий асосда ишловчи Сенат аъзолари ўз ваколатлари даврида илмий, ижодий ва педагогик фаолиятдан ташқари ҳақ тўланадиган бошқа турдаги фаолият билан шуғулланишлари мумкин эмас.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси депутати ва Сенати аъзоси дахлсизлик ҳуқуқидан фойдаланадилар. Улар тегишинча Қонунчилик палатаси ёки Сенатнинг розилигисиз жиноий жавобгарликка тортилиши, ушлаб турилиши, қамоққа олиниши ёки суд тартибида бериладиган маъмурий жазо чораларига тортилиши мумкин эмас.

83-модда.

Ўзбекистон Республикаси вилоятлар, туманлар, шаҳарлар, шаҳарчалар, қишлоқлар, овуллар, шунингдек Қорақалпоғистон Республикасидан иборат.

103-модда.

Мамлакатнинг хавфсизлиги, барқарор ривожланиши асосларига салбий таъсир кўрсатиши мумкин бўлган, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига, жамият ва давлат манфаатларига таҳдид соладиган фактлар ва воқеаларни ўрганиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма қарори билан парламент текшируви ўтказилиши мумкин.

Парламент текширувини ўтказиш учун Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзолари орасидан тенглик асосида махсус комиссия тузилиб, у ўз фаолиятини қонунга мувофиқ амалга оширади.

82-модда.

Цензурага йўл қўйилмайди.

Оммавий ахборот воситаларининг фаолиятига тўсқинлик қилиш ёки аралашиш қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади.

Қизиқарли маълумотлар
Буюк Британия ва Шимолий Ирландия Бирлашган Қироллиги давлатининг конситуцияси 300га яқин қонун ҳужжатларидан иборатдир, яъни бу давлатда ягона конституция ҳужжати мавжуд эмас.