Излаш натижалари
Ҳар ким фикрлаш, сўз ва эътиқод эркинлиги ҳуқуқига эга. Ҳар ким исталган ахборотни излаш, олиш ва тарқатиш ҳуқуқига эга. Давлат Интернет жаҳон ахборот тармоғидан фойдаланишни таъминлаш учун шарт-шароитлар яратади. Ахборотни излаш, олиш ва тарқатишга бўлган ҳуқуқни чеклашга фақат қонунга мувофиқ ҳамда фақат конституциявий тузумни, аҳолининг соғлиғини, ижтимоий ахлоқни, бошқа шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, жамоат хавфсизлигини ҳамда жамоат тартибини таъминлаш, шунингдек давлат сирлари ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сир ошкор этилишининг олдини олиш мақсадида зарур бўлган доирада йўл қўйилади. |
Ҳар кимга малакали юридик ёрдам олиш ҳуқуқи кафолатланади. Қонунда назарда тутилган ҳолларда юридик ёрдам давлат ҳисобидан кўрсатилади. Ҳар бир шахс жиноят процессининг ҳар қандай босқичида, шахс ушланганида эса унинг ҳаракатланиш эркинлиги ҳуқуқи амалда чекланган пайтдан эътиборан ўз танловига кўра адвокат ёрдамидан фойдаланиш ҳуқуқига эга. Гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчи айбловнинг моҳияти ва асослари тўғрисида хабардор қилиниш, унга қарши ёки унинг фойдасига гувоҳлик бераётган шахсларнинг сўроқ қилинишини талаб этиш, таржимон ёрдамидан фойдаланиш ҳуқуқига эга. Қонунни бузган ҳолда олинган далиллардан одил судловни амалга ошириш чоғида фойдаланишга йўл қўйилмайди. Жиноят учун ҳукм қилинган ҳар ким қонунда белгиланган тартибда ҳукмнинг юқори турувчи суд томонидан қайта кўриб чиқилиши ҳуқуқига, шунингдек афв этиш ёки жазони енгиллаштириш тўғрисида илтимос қилиш ҳуқуқига эга. Ҳуқуқбузарликлардан жабрланганларнинг ҳуқуқлари қонун билан муҳофаза қилинади. Давлат жабрланганларга ҳимояланишни ва одил судловдан фойдаланишни таъминлайди, уларга етказилган зарарнинг ўрни қопланиши учун шарт-шароитлар яратади. |
Қонуний асосларда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида бўлиб турган ҳар ким мамлакат бўйлаб эркин ҳаракатланиш, турар ва яшаш жойини танлаш ҳуқуқига эга, бундан қонунда белгиланган чекловлар мустасно. Ҳар ким Ўзбекистондан ташқарига эркин чиқиш ҳуқуқига эга, бундан қонунда белгиланган чекловлар мустасно. Ўзбекистон Республикаси фуқароси Ўзбекистонга тўсқинликсиз қайтиш ҳуқуқига эга. |
Ҳар ким эркинлик ва шахсий дахлсизлик ҳуқуқига эга. Ҳеч ким қонунга асосланмаган ҳолда ҳибсга олиниши, ушлаб турилиши, қамоққа олиниши, қамоқда сақланиши ёки унинг озодлиги бошқача тарзда чекланиши мумкин эмас. Ҳибсга олишга, қамоққа олишга ва қамоқда сақлашга фақат суднинг қарорига кўра йўл қўйилади. Шахс суднинг қарорисиз қирқ саккиз соатдан ортиқ муддат ушлаб турилиши мумкин эмас. Шахсни ушлаш чоғида унга тушунарли тилда унинг ҳуқуқлари ва ушлаб турилиши асослари тушунтирилиши шарт. |
Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги чет эл фуқароларининг ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари халқаро ҳуқуқ нормаларига мувофиқ таъминланади. Улар Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, қонунлари ва халқаро шартномалари билан белгиланган бурчларни адо этадилар. |
Ўзбекистон Республикаси фуқароси ва давлат бир-бирига нисбатан ўзаро ҳуқуқ ва мажбуриятлар билан боғлиқдир. Инсоннинг Конституция ва қонунларда мустаҳкамлаб қўйилган ҳуқуқ ва эркинликлари дахлсиздир ҳамда улардан суд қарорисиз маҳрум этишга ёки уларни чеклаб қўйишга ҳеч ким ҳақли эмас. Инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликлари бевосита амал қилади. Инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликлари қонунларнинг, давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, уларнинг мансабдор шахслари фаолиятининг моҳияти ва мазмунини белгилайди. Давлат органлари томонидан инсонга нисбатан қўлланиладиган ҳуқуқий таъсир чоралари мутаносиблик принципига асосланиши ва қонунларда назарда тутилган мақсадларга эришиш учун етарли бўлиши керак. Инсон билан давлат органларининг ўзаро муносабатларида юзага келадиган қонунчиликдаги барча зиддиятлар ва ноаниқликлар инсон фойдасига талқин этилади. |
Ўзбекистон Республикасида инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликлари халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган нормаларига биноан ҳамда ушбу Конституцияга мувофиқ эътироф этилади ва кафолатланади. Инсон ҳуқуқ ва эркинликлари ҳар кимга туғилганидан бошлаб тегишли бўлади. Ўзбекистон Республикасида барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, эътиқоди, ижтимоий келиб чиқиши, ижтимоий мавқеидан қатъи назар, қонун олдида тенгдирлар. Имтиёзлар фақат қонунга мувофиқ белгиланади ва ижтимоий адолат принципларига мос бўлиши шарт. |
Ҳар бир инсон ўз шахсини эркин камол топтириш ҳуқуқига эга. Ҳеч кимга унинг розилигисиз қонунчиликда белгиланмаган мажбурият юклатилиши мумкин эмас. Инсон ўз ҳуқуқ ва эркинликларини амалга оширишда бошқа шахсларнинг, жамият ҳамда давлатнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига путур етказмаслиги шарт. Инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликлари фақат қонунга мувофиқ ва фақат конституциявий тузумни, аҳолининг соғлиғини, ижтимоий ахлоқни, бошқа шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, жамоат хавфсизлигини ҳамда жамоат тартибини таъминлаш мақсадида зарур бўлган доирада чекланиши мумкин. |
Ўзбекистон Республикасида демократия умуминсоний принципларга асосланади, уларга кўра инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа ажралмас ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланади. Демократик ҳуқуқ ва эркинликлар Конституция ва қонунлар билан ҳимоя қилинади. |