Янги таҳрирдаги Конституцияда хотин-қизлар ҳуқуқларининг кафолати

Бугунги кунда инсон қадр-қиммати, унинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш ғояси Янги Ўзбекистондаги демократик ислоҳотларнинг энг муҳим ҳаракатлантирувчи кучига айланди. Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, Асосий Қонунимиз халқимиз узоқ йиллар орзу қилган миллий мустақиллигимиз ва ривожланиш йўлимиз, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатларини белгилаб берди.

Мамлакатимизда жамият ва давлат ҳаётида хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар яратилишига эришиш, жамият ва давлат ишларини бошқаришда уларнинг тенг иштирок этишини таъминлаш, хотин-қизларни ижтимоий-ҳуқуқий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, тазйиқ ва зўравонликлардан ҳимоя қилишга қаратилган изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бинобарин, янги таҳрирдаги Конституциянинг 58-моддасида “Давлат хотин-қизлар ва эркакларга жамият ҳамда давлат ишларини бошқаришда, шунингдек давлат ва жамият ҳаётининг бошқа соҳаларида тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни таъминлайди”, деб белгиланган.
Бу, конституциявий норма, Ўзбекистон Президенти таъбири билан айтганда, ҳар бир аёлни оддий кузатувчи эмас, балки мамлакатда амалга оширилаётган демократик ўзгаришларнинг фаол ва ташаббускор иштирокчиси сифатида кўришимизга имконият беради.

Аёлларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда гендер тенглик масаласи барча давлатларда муҳим масалалардан бири бўлиб келган. Зеро, хотин-қизларнинг жамият ҳаётининг барча соҳаларидаги фаол иштироки мамлакат барқарорлиги ва фаровонлигининг кафолати ҳисобланади.

Янги таҳрирдаги Конституциямизда Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси ва бошқа халқаро ҳужжатларда белгиланган инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги халқаро стандартлар, хусусан, гендер тенглик қоидалари акс этган. Жумладан, Бош қомусимизда Ўзбекистон Республикасида барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга эканлиги, хотин-қизлар ва эркаклар тенг ҳуқуқлилиги, никоҳ томонларнинг ихтиёрий розилиги ва тенг ҳуқуқлилигига асосланиши ҳақидаги нормалар белгиланиши гендер тенгликнинг конституциявий ҳуқуқий асоси кафолатланганидан далолат беради.

Ўз навбатида, «Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида»ги қонун қабул қилиниши бу соҳадаги муҳим қадамлардан бири бўлди. Ушбу қонун мамлакатимизда гендер тенгликни таъминлашга қаратилган яхлит ва асосий қонун ҳужжати ҳисобланиб, унда илк бор миллий қонунчилигимизда «гендер» тушунчасига таъриф берилди.

Эътиборлиси, хотин-қизларнинг гендер камситилишига йўл қўймаслик мақсадида Ўзбекистон Республикасида Гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича комиссия, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатида Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси, шунингдек, Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси ташкил этилди.

Хотин-қизларнинг жамиятдаги ролини ошириш соҳасидаги ислоҳотлар ўз натижаларини бермоқда. Хусусан, 190 та давлат парламентларини бирлаштирган Парламентлараро Иттифоқ маълумотига кўра, Ўзбекистон парламентида аёллар иштироки кўрсаткичи бўйича 128-ўриндан 45-ўринга кўтарилди. Бу эса АҚШ, Канада ва Австралиядан юқори, деганидир.

Шу билан бирга, амалга оширилган ислоҳотлар қаторида айрим камчиликларни ҳам кузатиш мумкин, хотин-қизларнинг давлат ва жамият қурилишидаги иштироки ҳали ҳам паст даражада, десак, хато қилмаган бўламиз. Давлат ва жамият бошқарувига оид долзарб масалалар юзасидан қарорлар қабул қилишда ҳамда ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга доир ишларга жалб қилишда хотин-қизларнинг иштироки эркаклар билан тенг даражада таъминланмасдан, улар кўпинча четда қолиб кетмоқда.

Хотин-қизларнинг давлат ҳокимияти ва бошқарувидаги фаолияти тўғрисида жамиятдаги салбий қарашлар эса уларнинг сиёсий жараёнларда ўз ғояларини илгари суришига тўсқинлик қилмоқда. Аксарият ҳолларда хотин-қизларга иқтисодий аҳамиятга эга бўлмаган ва ҳақ тўланмайдиган уй хўжалиги ишлари юклатилмоқда.
Мамлакатимизда хотин-қизларнинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларни ҳар тарафлама қўллаб-қувватлаш ҳамда интеллектуал ва ижодий салоҳиятини мустаҳкамлаш борасида олиб борилаётган ишларга қармасдан, ҳомиладор ва 3 ёшга тўлмаган болалари бор аёлларнинг меҳнат ҳуқуқлари бузилиши ва улар ўзларига берилган имтиёзлардан тўлиқ фойдалана олмаётганлиги ҳолатлари ҳали ҳам учраб турибди.

Шундай ҳолатларни бартараф этиш мақсадида янги таҳрирдаги Конституциянинг 42-моддасида: “Ҳомиладорлиги ёки боласи борлиги сабабли аёлларни ишга қабул қилишни рад этиш, ишдан бўшатиш ва уларнинг иш ҳақини камайтириш тақиқланади”, деб белгиланди. Ушбу масалага давлатимиз раҳбари эътибор қаратар экан, янги авлодни дунёга келтираётган, фарзандлар тарбияси билан шуғулланаётган аёлларга азал-азалдан халқимиз алоҳида ғамхўрлик кўрсатиб келганини таъкидлагани бежиз эмас.

Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясининг 85-мақсади доирасида ҳам аёллар орасидаги ишсизлик даражасини 2 баравар камайтириш, иш билан банд бўлмаган хотин-қизларни тадбиркорликка жалб қилиш ва ўзини ўзи банд қилиш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш ишлари белгиланган. Тараққиёт стратегиясининг 69-мақсади доирасида хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг жамият ҳаётидаги фаол иштирокини таъминлаш, муносиб иш топишларига ҳар томонлама кўмаклашиш, тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш, турмуш ва меҳнат шароитларини яхшилаш, даромадларини кўпайтириш борасида тизимли чора-тадбирларни белгилаш масаласи қўйилган.

Лекин, шунга қарамай, жамиятимиз ҳаётининг у ёки бу соҳасида аёллар ҳуқуқлари яширин тарзда бўлса ҳам чекланаётган ҳолатлар баъзан кўзга ташланиб қолмоқда. Айниқса, ҳомиладор ва ёш боласи бор аёлларнинг меҳнат ҳуқуқларини амалга оширишда тўсқинлиқ қилиш ва айрим ҳолларда қўпол равишда бузилиши амалиётда кўп учрайди.

Бу каби муаммоларнинг асосий сабаби – айни тоифадаги хотин-қизларга меҳнат соҳасида қонунчилик билан иш берувчилар ҳисобидан жуда кўп имтиёз ва қулайликларни яратилганидадир. Жумладан, амалдаги меҳнат қонунчилигида ҳомиладор аёллар ва уч ёшга тўлмаган болалари бор аёлларга қуйидаги имтиёзлар берилган;
биринчидан, уларнинг ҳомиладорлиги ёки ёш боласи борлигини важ қилиб ишга қабул қилмаслик ишга қабул қилишни ғайриқонуний равишда рад этиш, деб ҳисобланади. Мазкур қоида Халқаро меҳнат ташкилотининг Оналикни муҳофаза қилиш тўғрисидаги конвенциясида мустаҳкамланган бўлиб, Ўзбекистон мазкур халқаро ҳужжатга қўшилган. Конвенциянинг 6-моддасига мувофиқ, “Аёл ушбу Конвенциянинг қоидаларига мувофиқ унга берилган оналик таътили асосида ишда бўлмаса ва шу пайтда иш берувчи томонидан ушбу аёлни ишдан бўшатиш тўғрисида буйруқ қабул қилинса ёки ушбу аёлнинг бундай таътили пайтида муддати тугайдиган буйруқ қабул қилинса, бундай буйруқ ноқонуний ҳисобланади”;
иккинчидан, улар билан олти ойгача муддатга меҳнат шартномаси тузилиб, ишга қабул қилинганда дастлабки синов белгиланмайди;
учинчидан, умумий қоидага кўра, йиллик асосий таътил биринчи иш йили учун олти ой ишлангандан кейин берилади. Иш йили меҳнат шартномасига биноан иш бошланган кундан эътиборан ҳисобланади. Аёлларга – йиллик асосий таътил ҳомиладорлик ва туғиш таътили олдидан ёки ундан кейин уларнинг хоҳиши бўйича олти ой ўтмасдан олдин берилади;
тўртинчидан, қонунчиликда нафақат ҳомиладор аёллар, балки уларнинг турмуш ўртоқларига ҳам айрим имтиёзлар берилган. Жумладан, ишлаётган эркакларга йиллик таътил уларнинг хоҳишларига биноан хотинларининг ҳомиладорлик ва туғиш таътили даврида берилади;
бешинчидан, тиббий хулосага мувофиқ ҳомиладор аёлларнинг ишлаб чиқариш нормалари, хизмат кўрсатиш нормалари камайтирилади ёки улар аввалги ишларидаги ўртача ойлик иш ҳақи сақланган ҳолда енгилроқ ёхуд ноқулай ишлаб чиқариш омилларининг таъсиридан холи бўлган ишга ўтказилади. Ҳомиладор аёлга енгилроқ ёки ноқулай ишлаб чиқариш омиллари таъсиридан холи бўлган иш бериш масаласи ҳал этилгунга қадар, у ана шу сабабдан ишга чиқмаган барча иш кунлари учун ўртача ойлик иш ҳақи сақланган ҳолда ишдан озод этилиши лозим;
олтинчидан, ҳомиладор аёлларни ва ўн тўрт ёшга тўлмаган боласи ёки ўн олти ёшга тўлмаган ногиронлиги бўлган боласи бор аёлларни уларнинг розилигисиз тунги ишларга, иш вақтидан ташқари ишларга, дам олиш кунларидаги ишларга жалб қилишга ва хизмат сафарига юборишга йўл қўйилмайди. Истисно тариқасида, ҳомиладор аёлларни ва уч ёшга тўлмаган боласи бор аёлларни тунги ишларга жалб қилишга бундай иш она ва боланинг соғлиғи учун хавф туғдирмаслигини тасдиқловчи тиббий хулоса бўлган тақдирдагина йўл қўйилиши мумкин;
еттинчидан, аёлларга туққунга қадар етмиш календарь кун ва туққанидан кейин эллик олти календарь кун (туғиш қийин кечган ёки икки ва ундан ортиқ бола туғилган ҳолларда – етмиш календарь кун) муддати билан ҳомиладорлик ва туғиш таътиллари берилиб, давлат ижтимоий суғуртаси бўйича нафақа тўланади. Ҳомиладорлик ва туғиш таътили жамланган ҳолда ҳисоблаб чиқилиб, туғишга қадар амалда бундай таътилнинг неча кунидан фойдаланилганидан қатъи назар аёлга тўлиқ берилади;
саккизинчидан, ҳомиладорлик ва туғиш таътили тугаганидан кейин аёлнинг хоҳишига кўра, унга боласи икки ёшга тўлгунга қадар болани парваришлаш учун таътил берилиб, бу даврда қонунчиликда белгиланган тартибда нафақа тўланади. Аёлга, унинг хоҳишига кўра, боласи уч ёшга тўлгунга қадар болани парваришлаш учун иш ҳақи сақланмайдиган қўшимча таътил ҳам берилади. Болани парваришлаш таътиллари даврида аёлнинг иш жойи ва лавозими сақланади. Бу таътиллар меҳнат стажига, лекин ҳаммасини жамлаганда кўпи билан олти йил, шу жумладан мутахассислиги бўйича иш стажига ҳам қўшилади;
тўққизинчидан, ҳомиладор аёллар ва уч ёшга тўлмаган боласи бор аёллар билан тузилган меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилишга йўл қўйилмайди, корхонанинг бутунлай тугатилиши ҳоллари бундан мустасно, бундай ҳолларда меҳнат шартномаси уларни албатта ишга жойлаштириш шарти билан бекор қилинади. Мазкур аёлларни ишга жойлаштиришни маҳаллий меҳнат органи уларни ишга жойлаштириш даврида қонунчиликда белгиланган тегишли ижтимоий тўловлар билан таъминлаган ҳолда амалга оширади.

Хулоса қилиб айтганда, янги таҳрирдаги Конституциямизда ҳомиладорлиги ёки ёш боласи борлиги сабабли аёлларни ишга қабул қилишни рад этиш, ишдан бўшатиш ва уларнинг иш ҳақини камайтириш тақиқланишини белгилангани, шубҳасиз, аёлларнинг меҳнат соҳасидаги ҳуқуқлари камситилишини бартараф этиш, бу борада ҳам гендер тенгликка эришишга қаратилгандир. Қолаверса, Асосий Қонунимиз нормалари хотин-қизларнинг жамият ҳаётидаги фаоллигини ошириш, турмуш ва меҳнат шароитларини яхшилаш, даромадларини кўпайтириш, уларнинг норасмий меҳнат муносабатларини қонунийлаштириш жараёнларига хизмат қилади.

Саодат Ахмеджанова,
Ўзбекистон Республикаси
Конституциявий суди эксперти.
ЎзА

Қизиқарли маълумотлар
Бразилия Федератив Республикасининг конституциясида "Ҳиндулар тўғрисида" деб номланган махсус боб (VII боб) мавжуд бўлиб, ушбу боб Бразилияда яшаб келган туб аҳолига тақдим этилган алоҳида устунлик ва имтиёзларга бағишланган.