Конституцияни ўрганамиз
Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Самарқанд вилояти кенгаши ташаббуси билан “Конституция – адолат мезони” кўрик-танлови ўтказилди.
Вилоят адлия, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими бошқармалари, Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти вилоят ҳудудий бўлими билан ҳамкорликда ташкил этилган тадбирда академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари ўқувчиларидан иборат жамоалар ўзаро баҳслашди.
– Жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш, қонун устуворлигини таъминлаш борасида партиямиз томонидан аниқ дастурлар асосида иш олиб борилмоқда, – дейди Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси вилоят кенгаши ахборот хизмати раҳбари Зубайдулла Иброҳимов. – Бу жараёнда, айниқса, ёшларнинг Конституция ва қонунларимизга оид билимини ошириш, улар ўртасида ҳуқуқий, сиёсий таълим-тарбияни янада такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Мазкур танлов ҳам ушбу мақсаддан келиб чиқиб ташкил этилди ва унда вилоятимиздаги ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларининг олти жамоаси қатнашди.
Танлов шартларига кўра, ўқувчилар мамлакатимиз Конституцияси ва қонунлари, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, сиёсий партиялар фаолияти, Ўзбекистонда ёшларга оид давлат сиёсатининг асослари ҳақидаги билимларини савол-жавоблар, саҳна кўринишлари ҳамда кўргазмали воситалар орқали ифодалаб берди.
Пастдарғом политехника коллежининг “Дарғом ёшлари” жамоаси ғолибликни қўлга киритди. Иштихон педагогика коллежининг “Ёш ҳуқуқшунослар”, Булунғур педагогика ва спорт коллежининг “Қонун ҳимоячилари” ва Самарқанд ҳуқуқшунослик коллежининг “Девиантус” жамоалари кейинги ўринларга сазовор бўлди.