Ўзбекистонда мурожаат қилишга бўлган конституциявий ҳуқуқнинг амалий ижроси.

35-модда. Ҳар бир шахс бевосита ўзи ва бошқалар билан биргаликда ваколатли давлат органларига, муассасаларига ёки халқ вакилларига ариза, таклиф ва шикоятлар билан мурожаат қилиш ҳуқуқига эга. Аризалар, таклифлар ва шикоятлар қонунда белгиланган тартибда ва муддатларда кўриб чиқилиши шарт.

Ўзбекистон Республикасида ҳар бир шахснинг давлат органларига, муассасаларига ёки халқ вакилларига мурожаат қилиш ҳуқуқи конституциявий норма асосида шаклланди. Конституцияда шахсларнинг ариза, таклиф ва шикоятлар билан мурожаат қилиш турлари мустаҳкамлаб қўйилди. Ўз навбатида, ҳар бир шахс ушбу конституциявий ҳуқуқини бевосита ўзи ва бошқалар билан биргаликда амалга оширишлари мумкин. Аризалар, таклифлар ва шикоятлар қонунда белгиланган тартибда ва муддатларда кўриб чиқилиши шарт.

Мустақиллик йилларида Конституцияда мустаҳкамланган шахсларнинг мурожаат қилиш ҳуқуқи “Фуқароларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги, “Фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини бузадиган хатти-ҳаракатлар ва қарорлар устидан судга шикоят қилиш тўғрисида”ги, “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги каби қонунлар орқали амалга оширилди.

Хусусан, 2017 йил 11 сентябрдаги “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Қонунида фуқароларнинг мурожаат қилиш ҳуқуқини амалга оширишларининг тартиби кенг ёритиб берилган. Шунингдек, аҳолининг давлат органлари муносабатга киришларининг ҳуқуқий тартиби ушбу қонун билан тартибга солинган бўлиб, кўзда тутилган қоидалар барча давлат органлари, давлат иштирокидаги ташкилотларга ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари учун бирдек амал қилади.

Ушбу Қонун давлат органлари ва давлат муассасаларига, шунингдек уларнинг мансабдор шахсларига жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари соҳасидаги муносабатларни тартибга солувчи асосий норматив-ҳуқуқий ҳужжат ҳисобланади.

Қонунга мувофиқ, бугунги кунда шахсларнинг мурожаатлари қонунийлик, ўз вақтида ва тўлиқ кўриб чиқиш, мурожаатларга нисбатан талабларнинг бир хиллиги, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига риоя этилиши, мурожаатларни кўриб чиқишда бюрократизм ва сансалорликка йўл қўйилмаслиги, мурожаатларни кўриб чиқишда давлат органлари, ташкилотлар ва улар мансабдор шахслари фаолиятининг шаффофлиги тамойиллари асосида амалга оширилмоқда.

Қонунчиликда ҳар бир шахснинг давлат органларига, муассасаларига ёки халқ вакилларига мурожаат қилиш ҳуқуқини амалга ошириш бошқа шахслар ва жамият ва давлатнинг манфаатлари ҳам ҳисобга олинган бўлиб, жавобгарлик масалалари ҳам мустаҳкамлаб қўйилган.

Мамлакатимизда “мурожаат”нинг оғзаки, ёзма ёки электрон шакллари бўлиб, буни амалга ошириш учун ҳуқуқий асослар билан биргаликда, зарур шарт-шароитлар, жиҳоз ва технологиялар мавжуд. Мурожаатлар ариза, таклиф ёки шикоят тарзида берилади.

ариза - ҳуқуқларни, эркинликларни ва қонуний манфаатларни амалга оширишда ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги илтимос баён этилган мурожаат;

таклиф - давлат ва жамият фаолиятини такомиллаштиришга доир тавсияларни ўз ичига олган мурожаат;

шикоят - бузилган ҳуқуқларни, эркинликларни тиклаш ва қонуний манфаатларни ҳимоя қилиш тўғрисидаги талаб баён этилган мурожаат.

Мурожаатларнинг шакли, туридан қатъи назар ҳуқуқий жиҳатдан тенг ҳисобланади. Келиб тушган мурожаатлар тегишли давлат органи томонидан ёки мурожаатларни кўриб чиқиш бўйича маъсул шахс томонидан кўриб чиқилади. Давлат органлари ва ташкилотларнинг ваколатли шахслари томонидан жойларда сайёр қабуллар ташкил этилиши ҳам мумкин.

Мурожаатларни кўриб чиқиш ва ижобий ҳал этиш қонунчиликда белгиланган тегишли ҳуқуқий асослар, тартиб ва муддатларда амалга оширилади. Жумладан, ариза ёки шикоят 15 кун ичида, қўшимча ўрганиш, текшириш, ёки қўшимча ҳужжатларни сўраб олиш талаб этилган ҳолларда бир ойгача муддатда кўриб чиқилиши мумкин. Қонунчиликка мувофиқ, муддат тегишли давлат органининг раҳбари томонидан кўпи билан бир ой муддатга узайтирилиши назарда тутилган. Таклиф бир ойгача бўлган муддатда ўрганилиб, кўриб чиқилади. Ушбу тартиб-таомилларни ишлаб чиқишда халқ манфаатлари ҳисобга олинди.

2016 йил 28 декабрдаги “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Президенти Фармони жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш бўйича самарали механизмлари татбиқ этилишига асос бўлиб, ушбу ҳуқуқий ҳужжат асосида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонаси ва Халқ
қабулхоналари ташкил этилди. Ушбу Фармон асосида Президент девонида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхонаси, шунингдек Қорақалпоғистон Республикасида, вилоятларда ва Тошкент шаҳрида, республиканинг ҳар бир тумани ва шаҳарида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналари ташкил этилди.

Бунинг узвий давоми сифатида, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёевнинг томонидан 2017 йил “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” деб эълон қилинди. Ушбу йил давомида мурожаатлар билан ишлаш тизими янада ривожланиб, халқ билан давлат органлари ўртасида очиқ мулоқот йўлга қўйилди.

Хулоса ўрнида қайд этиш керакки, мурожаат қилишга оид мазкур конституциявий ҳуқуқдан ҳар бир шахснинг тенг фойдаланиш имконияти тўлиқ йўлга қўйилди. Бугунги кунга келиб, “Халқ давлат органларига эмас, давлат органлари халққа хизмат қилиши керак” деган тамойил давлат ва жамият ҳаётига татбиқ этилди. Мурожаатлар билан ишлашнинг замонавий ўзбек моделини яратишга эришилди. Республикамизнинг барча ҳудудида мурожаатлар билан ишлаш бўйича тенг
имкониятлар, очиқ ва шаффоф механизм ишламоқда. Амалга оширилаётган мазкур ишларни кучли фуқаролик жамиятига эришиш йўлидаги улкан қадам сифатида тушунишимиз лозим. Зеро, инсонларни мурожаат қилишга бўлган конституциявий ҳуқуқ билан таъминлаш демократик жамиятда олий қадрият сифатида эътироф этилади.


Б.Қобулов

Қизиқарли маълумотлар
Ҳиндистон Конституцияси АҚШ Конституциясидан фарқли ўлароқ дунёдаги энг катта ва мураккаб Конституция ҳисобланади