Ўзбекистон Республикаси Конституцияси – ислоҳотларнинг муҳим пойдевори

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида Бош қомусимизнинг йигирма беш йиллигига бағишлаб «Ўзбекистон Республикаси Конституцияси – ислоҳотларнинг муҳим пойдевори» мавзуида талаба ва магистрларнинг илмий-амалий анжумани ташкил этилди.

Тадбирда сўзга чиққанлар 8 декабрь халқимиз учун мустақил тараққиёт йўлини белгилаб, миллий давлатчилик, янги сиёсий-ижтимоий тизим барпо этиш, демократик давлат ва фуқаролик жамияти қуришнинг ҳуқуқий пойдеворини яратиб берган муҳим саналардан бири эканлигини таъкидлади. Конституция ўтган йиллар мобайнида мамлакатимизнинг инсон, унинг ҳуқуқлари, манфаат ва эркинликларини ҳақиқий қадрият деб биладиган мустақил ва суверен давлатга айланишида асосий дастуриламал бўлди.

Юртимизда юз бераётган сиёсий янгиланишлар, улкан ислоҳотлар амалга оширилиши ҳамда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини ҳаётга татбиқ этишда ушбу ҳужжат муҳим аҳамият касб этаётир.

Анжуманда қайд этилганидек, қонун устуворлигини таъминлаш, фуқаролар, айниқса, ёш авлодни уларга ҳурмат руҳида тарбиялаш инсон манфаати, ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатлайди, ҳаётимизнинг эркин ва обод, турмушимизнинг янада фаровон бўлишига хизмат қилади.

Моҳигул Қосимова,

ЎзА

Қизиқарли маълумотлар
Ҳиндистон Конституцияси АҚШ Конституциясидан фарқли ўлароқ дунёдаги энг катта ва мураккаб Конституция ҳисобланади