Янги Конституция – иқтисодий эркинлик ва инсон фаровонлигининг ҳуқуқий кафолати
Ҳар қандай мамлакатнинг иқтисодий тараққиёти нафақат табиий ресурслар, ишлаб чиқариш салоҳияти ёки инвестициялар ҳажмига, балки инсонларнинг ўз ҳуқуқлари ҳимояланганига бўлган ишончига ҳам бевосита боғлиқ. Мулкдор ўз мол-мулки дахлсизлигига, тадбиркор ўз фаолиятини эркин амалга ошириш имкониятига, инвестор киритган маблағлари ҳуқуқий ҳимоя қилинишига, истеъмолчи эса ҳуқуқлари бузилганда уларни самарали тиклаш воситалари мавжудлигига ишонган тақдирдагина барқарор иқтисодий муҳит шаклланади. Бундай ишончнинг энг муҳим ҳуқуқий асоси Конституция ҳисобланади.
2023 йил 30 апрелда умумхалқ референдумида қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг янги таҳрири мамлакатда инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш, иқтисодий муносабатларнинг конституциявий асосларини мустаҳкамлаш йўлида муҳим босқич бўлди. Унда хусусий мулк дахлсизлиги, тадбиркорлик ва иқтисодий фаолият эркинлиги, ҳалол рақобат, истеъмолчилар ҳуқуқларининг устуворлиги ҳамда ерга хусусий мулк ҳуқуқини қонунда белгиланган шартларда эътироф этиш каби кафолатлар янада аниқ ифодаланди.
Энг муҳими, янги Конституция иқтисодий эркинликни фақат тадбиркорлик субъектларининг манфаати сифатида эмас, балки инсоннинг муносиб ҳаёт кечириши, ўз салоҳиятини рўёбга чиқариши ва фаровонлигини оширишнинг муҳим шарти сифатида мустаҳкамлади. Бу ёндашув иқтисодий ислоҳотларнинг марказига инсон манфаатларини қўйишга хизмат қилади.
Конституциявий кафолатларнинг амалий аҳамияти уларнинг тўғридан-тўғри амал қилиши, давлат органлари фаолиятида ҳисобга олиниши ва суд орқали ҳимоя қилиниши билан белгиланади. Хусусан, Конституциянинг
15-моддасида Конституциянинг олий юридик кучга эгалиги ва тўғридан-тўғри амал қилиши белгиланган. 20-моддада инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг бевосита амал қилиши, улардан фойдаланишда мутаносиблик принципига риоя этилиши ҳамда қонунчиликдаги зиддият ва ноаниқликлар инсон фойдасига талқин қилиниши назарда тутилган. 55-модда эса ҳар кимга ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг қонунга хилоф қарорлари, ҳаракатлари ёки ҳаракатсизлиги устидан шикоят қилиш ҳамда қонунда белгиланган тартибда етказилган зарарнинг қопланишини талаб қилиш ҳуқуқини кафолатлайди.
Ушбу нормалар иқтисодий муносабатлар иштирокчилари учун ҳам муҳим аҳамиятга эга. Масалан, тадбиркор давлат органининг қонунга хилоф қарори ёки ҳаракати туфайли ҳуқуқлари бузилган деб ҳисобласа, судга мурожаат қилиш ва қонунда белгиланган асослар мавжуд бўлганда етказилган зарарни қоплашни талаб қилиш имкониятига эга. Демак, Конституция иқтисодий фаолият учун нафақат умумий эркинликни, балки бу эркинлик бузилган ҳолларда ҳуқуқий ҳимоя механизмларини ҳам белгилайди.
Хусусий мулк дахлсизлиги – иқтисодий ишонч ва инвестицияларнинг асоси
Хусусий мулк ҳуқуқининг кафолатланганлиги иқтисодий эркинликнинг энг муҳим шартларидан биридир. Конституциянинг 41-моддаси ҳар кимнинг мулкдор бўлиш ҳуқуқини, 65-моддаси хусусий мулк дахлсизлигини,
66-моддаси эса мулкдорнинг мол-мулкка эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф этиш ҳуқуқини мустаҳкамлайди.
Янги таҳрирдаги Конституцияда мулкдорнинг мол-мулкидан маҳрум этилишига нисбатан муҳим кафолат аниқ белгиланди: мулкдор қонунда назарда тутилган ҳоллар ва тартибдан ташқари ҳамда суднинг қарорига асосланмаган ҳолда мол-мулкидан маҳрум этилиши мумкин эмас. Шунингдек, 47-моддада уй-жойидан маҳрум этилиши мумкин бўлган шахсларга нисбатан алоҳида кафолатлар, жумладан, қонунда назарда тутилган ҳолларда ва тартибда уй-жойнинг қиймати ҳамда етказилган зарарнинг олдиндан ва тенг қийматда қопланиши белгиланган.
Бу кафолатлар фуқароларнинг уй-жойи ва бошқа мол-мулкини ҳимоя қилиш билан чекланмайди. Улар тадбиркорликни бошлаш, ишлаб чиқаришни кенгайтириш, кредит олиш, инвестиция киритиш ва узоқ муддатли иқтисодий лойиҳаларни амалга ошириш учун ҳам ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилади. Мулк ҳуқуқининг барқарорлиги тадбиркор ва инвесторга ўз маблағларини ишонч билан иқтисодий фаолиятга йўналтириш имконини беради.
Хусусий мулк дахлсизлиги халқаро тажрибада ҳам иқтисодий тизимнинг асосий принципларидан бири сифатида эътироф этилади. Масалан, Германия Асосий қонунининг 14-моддаси мулк ва мерос ҳуқуқини кафолатлаш билан бирга, мулкдан фойдаланиш жамият манфаатларига ҳам хизмат қилиши лозимлигини белгилайди. Мулкни давлат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш жамоат манфаатлари йўлида, қонун асосида ва адолатли товон тўлаш шарти билан амалга оширилиши мумкин. Товон миқдори юзасидан келиб чиқадиган низолар эса суд тартибида ҳал этилади.
Ўзбекистонда ҳам мулк ҳуқуқига оид конституциявий кафолатлар соҳавий қонунчилик, компенсация механизмлари ва суд назорати орқали амалга оширилади. Хусусан, уй-жой ва ер участкаларини қонунда белгиланган асосларда олиб қўйишда компенсация миқдорини аниқлаш, мулкдорнинг манфаатларини ҳисобга олиш ва қарорлар устидан судга шикоят қилиш имконияти муҳим аҳамиятга эга.
Шу тариқа, хусусий мулк дахлсизлигининг конституциявий кафолати мулкдорнинг шахсий манфаатларини ҳимоя қилиш билан бирга, инвестициявий муҳитнинг барқарорлиги ва иқтисодиётга узоқ муддатли капитал жалб этиш учун ҳам хизмат қилади.
Тадбиркорлик эркинлиги ва ҳалол рақобат – тенг иқтисодий имкониятлар
Конституциянинг 65-моддаси давлатнинг бозор муносабатларини ривожлантириш ва ҳалол рақобат учун шарт-шароитлар яратиш мажбуриятини белгилайди. Унда иқтисодий фаолият, тадбиркорлик ва меҳнат қилиш эркинлиги истеъмолчилар ҳуқуқларининг устуворлигини ҳисобга олган ҳолда кафолатланиши назарда тутилган. 67-модда эса Ўзбекистон ҳудудида ягона иқтисодий макон, товарлар, хизматлар, меҳнат ресурслари ва молиявий маблағларнинг эркин ҳаракатланиши учун конституциявий асос яратади.
Бу нормалар тадбиркорлик эркинлигини фақат корхона ташкил этиш ёки давлат рўйхатидан ўтиш имконияти билан чекламайди. У тадбиркорнинг бозорга эркин кириши, асоссиз маъмурий аралашувлардан ҳимояланиши, бошқа иштирокчилар билан тенг шароитларда рақобатлашиши ва шартномавий муносабатларда ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиши имкониятини ҳам қамраб олади.
Жаҳон банкининг Business Ready (B-READY) 2025 баҳолаши Ўзбекистонда бизнес муҳитининг турли жиҳатларини қиёсий баҳолаш имконини беради. Ҳисоботда тадбиркорлик фаолиятини бошлаш йўналиши 100 баллдан 91 балл билан баҳоланган. Шу билан бирга, бозор рақобати бўйича 53 балл, тижорат низоларини ҳал қилиш бўйича 61 балл ва корхоналарнинг тўловга қобилиятсизлиги масалалари бўйича 50 балл қайд этилган.
Ушбу кўрсаткичлар Ўзбекистонда бизнесни ташкил этиш учун ҳуқуқий ва институционал шароитлар нисбатан юқори баҳоланганини, айни пайтда рақобат муҳити, тижорат низоларини ҳал қилиш ва тўловга қобилиятсизлик механизмларини ривожлантириш борасида вазифалар мавжудлигини кўрсатади. Бунда B-READY баҳолаши корхоналарнинг сони ёки уларнинг иқтисодий муваффақиятини эмас, балки бизнес муҳитининг тартибга солиш, давлат хизматлари ва амалиётдаги самарадорлик каби жиҳатларини ўлчайди.
Демак, тадбиркорликни рўйхатдан ўтказишнинг соддалаштирилиши муҳим натижа бўлса-да, барқарор бизнес муҳити учун корхоналарнинг бозорда тенг шароитларда фаолият юритиши, шартномавий низоларни самарали ҳал қилиши ва молиявий қийинчиликка учраган тақдирда фаолиятини қайта тиклаш ёки қонуний тартибда тугатиш имконияти ҳам муҳимдир.
Бу борада халқаро тажрибада давлат корхоналари ва хусусий сектор ўртасида рақобат нейтраллигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилади. Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилотининг (OECD) 2024 йилги давлат корхоналарининг корпоратив бошқарувига оид йўриқномаларида давлатнинг мулкдор сифатидаги вазифаларини бозорни тартибга солиш функцияларидан ажратиш, давлат корхоналарига нисбатан хусусий корхоналар билан тенг бозор талабларини қўллаш муҳим принцип сифатида белгиланган.
Мазкур ёндашув давлат иштирокидаги корхоналар ва хусусий бизнес ўртасида тенг рақобат шароитларини шакллантириш, бозорга киришдаги тўсиқларни камайтириш ва инвестициявий жозибадорликни оширишга хизмат қилади. Зеро, ҳақиқий рақобат муҳитида тадбиркорнинг муваффақияти унинг давлат билан алоқаларига эмас, балки маҳсулот ва хизматларининг сифати, самарадорлиги ва рақобатбардошлигига боғлиқ бўлиши керак.
Ерга хусусий мулк ҳуқуқи: иқтисодий ресурсдан инвестиция имкониятигача
Янги Конституциядаги муҳим янгиликлардан бири ерга хусусий мулк ҳуқуқини қонунда белгиланган шартлар асосида эътироф этишдир. Конституциянинг 68-моддасига мувофиқ, ер, ер ости бойликлари, сув, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси ҳамда бошқа табиий ресурслар умуммиллий бойлик ҳисобланади. Шу билан бирга, ер қонунда назарда тутилган, ундан оқилона фойдаланиш ва уни умуммиллий бойлик сифатида муҳофаза қилишни таъминлайдиган шартлар ҳамда тартиб асосида хусусий мулк бўлиши мумкин.
Мазкур қоида барча ер участкалари автоматик равишда хусусий мулкка айланишини англатмайди. У ерга хусусий мулк ҳуқуқини қонунчиликда белгиланган асослар, чекловлар ва тартиблар доирасида амалга оширишнинг конституциявий имкониятини мустаҳкамлайди.
Ерга бўлган ҳуқуқнинг аниқ ва барқарор бўлиши иқтисодий муносабатларнинг кўплаб соҳалари учун муҳимдир. Ер қишлоқ хўжалиги, саноат, қурилиш, хизмат кўрсатиш ва инфратузилма лойиҳаларининг асосий ресурсларидан бири ҳисобланади. Унга нисбатан ҳуқуқнинг ишончлилиги кўчмас мулк бозорини ривожлантириш, инвестицияларни жалб қилиш ва ер участкаларини иқтисодий муомалага киритиш имкониятларини кенгайтиради.
Хорижий тажриба ҳам ерга хусусий мулк ҳуқуқи ва ундан фойдаланишни давлат томонидан тартибга солиш ўзаро зид тушунчалар эмаслигини кўрсатади. Германияда ер хусусий мулк бўлиши мумкин, бироқ ундан фойдаланиш жамоат манфаатлари ва шаҳарсозлик талаблари билан мувофиқлаштирилади. Японияда ҳам ерга хусусий мулк ҳуқуқи тан олинган ҳолда, шаҳарсозлик зоналари, қурилиш ва ердан фойдаланиш бўйича режалаштириш қоидалари амал қилади.
Шу маънода, ерга хусусий мулк ҳуқуқининг конституциявий кафолати мулкдорнинг ҳуқуқини тан олиш билангина чекланмасдан, уни давлат рўйхатидан ўтказиш, тасарруф этиш, ҳимоя қилиш ва иқтисодий муомалага киритишнинг аниқ механизмлари билан таъминланиши лозим.
Истеъмолчилар ҳуқуқларининг устуворлиги – иқтисодий тараққиётнинг инсон манфаатларига йўналтирилганлиги
Янги Конституциянинг муҳим хусусиятларидан бири иқтисодий фаолият ва тадбиркорлик эркинлигини истеъмолчилар ҳуқуқларининг устуворлигини ҳисобга олган ҳолда кафолатлашидир. Бу қоида бозор иқтисодиётининг мақсади фақат товар ва хизматлар ҳажмини ошириш эмас, балки инсонларнинг эҳтиёжларини қондириш, ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва фаровонлигини юксалтиришдан иборат эканини ифодалайди.
Рақамли иқтисодиётнинг ривожланиши истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга доир янги масалаларни юзага келтирмоқда. Электрон савдо платформалари, ижтимоий тармоқлар орқали савдо, трансчегаравий харидлар ва бўлиб тўлаш хизматлари истеъмолчи билан сотувчи ўртасидаги муносабатларни мураккаблаштирмоқда. Бундай шароитда истеъмолчи учун сотувчи ҳақида ишончли маълумот олиш, товарнинг ҳақиқий хусусиятларини билиш, шартнома шартларини тушуниш ва ҳуқуқлари бузилганда самарали ҳимоя воситаларидан фойдаланиш муҳим аҳамият касб этади.
Европа Иттифоқининг Digital Services Act (2022/2065-сон Регламент) ҳужжати онлайн платформалар орқали масофавий шартномалар тузиш имкониятини берувчи хизматлар учун савдогарларни идентификация қилишга доир талабларни белгилайди. 2023/2225-сон истеъмол кредити тўғрисидаги Директива эса истеъмол кредитининг айрим янги шаклларини, жумладан, «ҳозир харид қил, кейин тўла» (Buy Now, Pay Later) хизматларини ҳам ҳуқуқий тартибга солиш доирасини кенгайтиради. Бу ҳужжатлар рақамли савдода шаффофликни таъминлаш ва истеъмолчининг молиявий манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган.
Ўзбекистонда ҳам электрон тижорат муносабатларини тартибга солишнинг ҳуқуқий асослари янгиланмоқда. Хусусан, 2026 йил 10 сентябрдаги ЎРҚ-1173-сон Қонун билан электрон тижорат соҳасидаги қонунчиликка ўзгартиришлар киритилди. Ушбу ўзгартишлар электрон савдо платформалари ва электрон тижорат операторларининг ҳуқуқ ҳамда мажбуриятларини аниқлаштириш, рақамли маҳсулотлар билан боғлиқ муносабатларни тартибга солиш ва трансчегаравий электрон тижоратнинг ҳуқуқий асосларини белгилашга қаратилган.
Мазкур қонунчилик янгиликларининг аҳамияти шундаки, электрон савдо муносабатларида иштирок этувчи субъектларнинг ҳуқуқий мақоми ва мажбуриятларини аниқ белгилаш орқали истеъмолчилар учун янада шаффоф ва ишончли муҳит яратишга ҳуқуқий замин шакллантирилмоқда. Бу эса рақамли иқтисодиётга бўлган ишончни мустаҳкамлаш ва электрон савдо бозорининг барқарор ривожланиши учун муҳимдир.
Шу билан бирга, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг самарадорлиги фақат янги қоидалар қабул қилинишига эмас, балки уларнинг амалда бажарилишига ҳам боғлиқ. Товарнинг нуқсонли чиқиши, кафолатли таъмирлаш ёки алмаштириш мажбуриятлари бажарилмаслиги, етказиб беришда товарнинг шикастланиши, кредит асосида харид қилинган товар қайтарилганидан кейин ҳам тўловларни ундириш давом этиши каби ҳолатлар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишда амалий механизмлар муҳимлигини кўрсатади.
Шу нуқтаи назардан, истеъмолчига товар ва хизматлар ҳақида тўлиқ ва ишончли ахборот бериш, шартнома шартларининг адолатлилигини таъминлаш, товарни қайтариш ва маблағни қайтариш тартибини аниқ белгилаш, шунингдек, онлайн платформалар фаолиятининг шаффофлигини ошириш иқтисодий муносабатларда инсон манфаатларини таъминлашнинг муҳим шартларидир.
Конституциявий кафолатларнинг иқтисодий самараси: қонундан амалий натижагача
Юқоридаги йўналишлар янги Конституцияда мустаҳкамланган иқтисодий кафолатлар ўзаро боғлиқ ягона тизимни ташкил этишини кўрсатади. Хусусий мулк дахлсизлиги мулкдор ва инвесторнинг ишончини мустаҳкамлайди. Ерга хусусий мулк ҳуқуқининг қонунда белгиланган шартларда эътироф этилиши иқтисодий ресурслардан самарали фойдаланиш имкониятларини кенгайтиради. Тадбиркорлик эркинлиги ва ҳалол рақобат бозор иштирокчилари учун тенг имкониятлар яратади. Истеъмолчилар ҳуқуқларининг устуворлиги эса иқтисодий тараққиётнинг якуний мақсади инсон фаровонлиги эканини намоён этади.
Бу кафолатларнинг самарадорлиги уларнинг қонунчиликдаги ифодаси билан бирга, давлат органлари фаолиятида қўлланилиши ва суд орқали ҳимоя қилинишига ҳам боғлиқ. Шу сабабли иқтисодий соҳадаги конституциявий нормалар ижросини баҳолашда фақат қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар сонига эмас, балки уларнинг фуқаролар ва тадбиркорлар ҳаётига кўрсатаётган таъсирига ҳам эътибор қаратиш лозим.
Бундай таъсирни мулк ҳуқуқи бузилиши билан боғлиқ суд ишлари, давлат эҳтиёжлари учун олиб қўйилган мол-мулк бўйича компенсацияларнинг ўз вақтида тўланиши, тадбиркорларнинг давлат органлари қарорлари устидан шикоятларини кўриб чиқиш натижалари, тижорат низоларини ҳал этиш самарадорлиги ва истеъмолчилар мурожаатларининг ҳал этилиши каби кўрсаткичлар орқали баҳолаш мумкин.
Шунингдек, иқтисодий соҳадаги қонунчиликни ишлаб чиқиш ва такомиллаштиришда хусусий мулк дахлсизлиги, тадбиркорлик эркинлиги, ҳалол рақобат ва истеъмолчилар ҳуқуқларининг устуворлиги каби конституциявий принципларга мувофиқликни таъминлаш муҳим аҳамиятга эга. Бу жараёнда қонун лойиҳаларининг тартибга солиш таъсирини баҳолаш, тадбиркорлар ва фуқаролар билан очиқ мулоқот ўтказиш, қабул қилинган нормаларнинг амалий натижаларини таҳлил қилиш каби механизмлардан самарали фойдаланиш зарур.
Янги Конституциянинг иқтисодий соҳадаги аҳамияти, энг аввало, инсоннинг мулкдор, тадбиркор, инвестор ёки истеъмолчи сифатидаги ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ягона конституциявий тизим асосида ҳимоя қилишга қаратилганида намоён бўлади. Ушбу ҳуқуқларнинг ишончли кафолатланиши иқтисодий фаолликни рағбатлантиради, инвестициявий муҳитни мустаҳкамлайди, бозор муносабатларида адолат ва тенгликни таъминлашга хизмат қилади.
Зеро, конституциявий ислоҳотларнинг ҳақиқий натижаси фақат янги ҳуқуқий нормаларнинг қабул қилиниши билан эмас, балки уларнинг инсонлар ҳаётидаги аниқ ўзгаришларда намоён бўлиши билан ўлчанади. Мулкдорнинг ўз мулки дахлсизлигига ишончи, тадбиркорнинг тенг шароитларда фаолият юритиши ва истеъмолчининг бузилган ҳуқуқини самарали тиклай олиши иқтисодий эркинликни реал фаровонликка айлантиради.
Сафарова Адиба Шухрат қизи
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги
Қонунчилик ва ҳуқуқий сиёсат институти
бош илмий ходими