“Инсон қадри учун” тамойили: шахс шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилишнинг янги конституциявий механизмлари

Янги Ўзбекистон тараққиётининг ҳозирги босқичида қонун устуворлигини таъминлаш ва инсон ҳуқуқларини кафолатлаш давлат сиёсатининг энг устувор вазифаси сифатида белгиланди. Шу маънода, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлисга ва Ўзбекистон халқига йўллаган Мурожаатномасида: «Ўзбекистонда – фуқароларимиз, тадбиркорларимиз ва инвесторларни ҳар қандай вазиятда ҳам ишончли ҳимоя қиладиган давлат бор, Конституция бор, қонунлар бор!» – дея қатъий таъкидлангани бежиз эмас. Давлат раҳбарининг ушбу сиёсий иродаси инсон шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш масаласи шунчаки ҳуқуқий кафолат эмас, балки озод ва эркин инсонлар диёрига айланаётган Янги Ўзбекистонда ҳар бир фуқаронинг хавфсизлигини таъминлашга қаратилган давлат сиёсатининг устувор йўналиши эканини яққол намоён этади.

Инсон шаъни ва қадр-қимматининг дахлсизлиги замонавий ҳуқуқий давлат ва демократик жамиятнинг асосий пойдеворларидан бири ҳисобланади.

Ушбу тушунча инсонни давлат сиёсати ва ҳуқуқий тартибга солиш марказига қўювчи конститусиявий ёндашувнинг мазмунини ифодалайди. Зеро, демократик жамиятда давлат органлари инсонга хизмат қилади, аксинча эмас.

Шу боис, инсон қадр-қимматига ҳурмат нафақат ҳуқуқий мажбурият, балки жамиятнинг ҳуқуқий онги, давлат ҳокимияти органлари фаолияти ва ҳуқуқни қўллаш амалиётининг сифат кўрсаткичидир. Назарий жиҳатдан инсон шаъни ва қадр-қиммати ҳар бир шахсга туғилганидан бошлаб хос бўлган, ажралмас ва мутлақ қадриятдир. Бу тушунча инсоннинг ирқи, миллати, дини, жинси, ёши ёки ижтимоий ҳолатидан қатъи назар, барча шахслар тенг ҳурмат ва эътирофга лойиқ эканини англатади.

Айнан шу ёндашув инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликлар тизимининг асоси бўлиб, бошқа барча ҳуқуқларни тан олиш ва ҳимоя қилиш учун замин яратади. Шахснинг шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш нафақат миллий, балки халқаро ҳуқуқнинг ҳам асосий тамойилларидан бири ҳисобланади.

Жаҳон конститусиявий тажрибаси шуни кўрсатадики, инсон қадри устуворлиги – демократик давлатчиликнинг “ташриф қоғози”дир. Бир қатор давлатлар (Болгария, Венгрия, Руминия) конститусиялари 1948 йилги Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларасияси қоидаларини имплементация қилган.

Айниқса, Германия Федератив Республикаси Асосий қонунининг 1-моддасидаги “Инсон қадр-қиммати дахлсиздир. Уни ҳурмат қилиш ва ҳимоя қилиш барча давлат ҳокимияти органларининг бурчидир” деган норма бутун ҳуқуқий тизимнинг марказий қадрияти сифатида қаралади.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси инсон ҳуқуқлари бўйича 80 дан ортиқ халқаро ҳужжатларга, жумладан, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг 6 та асосий шартномаси ва 4 та факултатив протоколига қўшилган. Ушбу мажбуриятларнинг ижроси юзасидан БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши ҳамда шартномавий қўмиталарга мунтазам равишда миллий маърузалар тақдим этиб келинмоқда.


Шу жиҳатдан, ушбу мақолада конститусиявий қадрият сифатида еътироф етилган ва шахсий ҳуқуқлар сирасига кирувчи инсон шаъни ва қадр-қиммати дахлсизлиги ҳуқуқининг қонунчилик ва амалиётдаги ўрни ёритилади. Халқаро стандартларга тўлиқ уйғун ҳолда, Ўзбекистон Республикасининг янги таҳрирдаги Конститусиясида ҳам инсон ҳуқуқлари ва еркинликлари мустаҳкамланди. Конститусиянинг 19-моддасига мувофиқ, инсон ҳуқуқ ва еркинликлари ҳар кимга туғилганидан бошлаб тегишли бўлади. Янги таҳрирдаги Конститусиямизнинг мазмун-моҳиятида “давлат –жамият – инсон” парадигмасидан “инсон – жамият – давлат” тамойилига ўтилиши айнан ушбу нормаларда ўз аксини топган. Конститусиянинг 26-моддаси инсон шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш масаласида конститусиявий тизимнинг марказий устунларидан бири ҳисобланади. Ушбу модданинг моҳияти шунда намоён бўладики, унинг биринчи қисмида инсон шаъни ва қадр-қимматининг мутлақ дахлсизлиги ҳамда ҳеч нарса уларни камситиш учун асос бўла олмаслиги қатъий мустаҳкамланган. Мазкур норма инсон қадр-қимматини шахснинг ижтимоий мақоми, хулқ-атвори, айби ёки бошқа ҳолатларга боғлаб баҳолаш мумкин эмаслигини англатади.

Инсон шахсиятининг дахлсизлигини таъминлашнинг мантиқий давоми сифатида, модданинг иккинчи қисмида жисмоний ва руҳий дахлсизликка қарши қаратилган қийноқлар, зўравонлик ҳамда бошқа шафқациз муомала ва жазолар мутлақ тақиқланади. Бу тақиқ императив характерга эга бўлиб, ҳеч қандай фавқулодда ҳолат, ҳарбий вазият ёки буйруқ қийноқни оқлай олмаслигини кўрсатади. Зеро, амалий тажриба қийноқларга ҳатто истисно тариқасида йўл қўйилиши уларнинг тез тарқалишига олиб келишини тасдиқлайди.

Инсонни олий қадрият сифатида еътироф етиш ғояси модданинг учинчи қисмида янада чуқурлаштирилиб, унга кўра ҳеч кимнинг розилигисиз тиббий ёки илмий тажрибалар ўтказилишига йўл қўйилмайди. Мазкур қоида инсон манфаатларини ҳар қандай илмий ёки бошқа мақсадлардан устун қўйган ҳолда, унинг шахсиятига нисбатан юксак ғамхўрлик ваэҳтиром билан ёндашиш зарурлигини кафолатлайди.

Конститусиявий нормаларнинг ҳаётийлигини таъминлашда уларнинг соҳавий қонун ҳужжатларида ўз аксини топиши муҳим аҳамиятга эга. Шу маънода, шахснинг шаъни ва қадр-қимматини еъзозлаш ғояси қонунчилигимизнинг турли йўналишларига уйғунлашиб кетган. Хусусан, фуқаролик ҳуқуқий муносабатларида ҳар бир инсоннинг шаъни ва ишчанлик обрўсини асраш кафолатланиб, бу борада етказилган маънавий зарарни қоплашнинг таъсирчан механизмлари йўлга қўйилган. Инсон қадр-қимматининг дахлсизлиги жиноят қонунчилигида ҳам қатъий муҳофаза остига олинган. Унга кўра, шахсга нисбатан зўравонлик ишлатиш, қийноқ қўллаш, ҳақорат қилиш ёки инсонийликка зид бўлган бошқа ҳар қандай хатти-ҳаракатлар учун муқаррар жавобгарлик белгиланган. Бундай ёндашув давлат томонидан инсон шахсиятига нисбатан ҳар қандай тажовузга йўл қўйилмаслигини англатади. Бундан ташқари, просессуал қонунчиликда белгиланган кафолатлар тизими ҳам инсон ҳуқуқларини амалда таъминлашга хизмат қилади. Жиноят ишларини юритиш жараёнида суд назоратининг кучайтирилиши, хусусан, «Хабеас корпус» институтининг қўлланилиши, тергов судялари институтининг жорий етилиши ва мажбурлов чораларининг фақат суд рухсати билан амалга оширилиши шулар жумласидандир. Бу жараёнда эътиборга молик жиҳат шундаки, қийноқ ёки тазйиқ остида олинган далиллардан фойдаланишнинг қатъий тақиқланиши одил судловнинг “олтин қоидаси” сифатида қонунчилик амалиётимизга чуқур сингдирилмоқда.

Ҳуқуқий давлатнинг мазмун-моҳияти конститусиявий тамойилларнинг қоғозда емас, балки реал ҳаётда қандай ишлаши билан белгиланади. Шу маънода, инсон шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилишда суд ҳокимиятининг фаоллиги ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлиб, бу жараён турли тоифадаги ишларда ўз аксини топмоқда. Бугунги кунда суд амалиётида кузатилаётган муҳим ўзгариш шундан иборатки, ижтимоий ҳаётнинг турли соҳаларидаги низоларни ҳал етиш жараёнида инсон шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш масаласи одил судловнинг устувор йўналиши сифатида мустаҳкамланмоқда.

Энг муҳим ўзгариш шундаки, суд амалиётида Конститусия нормалари бевосита қўлланилиб, улар бузилган ҳуқуқларни тиклашнинг мустақил ҳуқуқий асоси сифатида хизмат қилмоқда. Эндиликда судялар қарор қабул қилишда фақат қонуности ҳужжатларига эмас, балки тўғридан-тўғри Конституциянинг 26-моддаси ва бошқа нормаларига таяниши шарт.

Ушбу ёндашув Ўзбекистон Республикаси Олий судининг 2023-йил 23- июнда қабул қилинган 16-сонли “Одил судловни амалга оширишда Ўзбекистон Республикаси Конститусияси нормаларини тўғридан-тўғри қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида”ги Пленум қарорида ўзининг аниқ ҳуқуқий ифодасини топди. Мазкур қарор суд амалиётида Конституцияни мустақил ва бевосита амал қилувчи ҳуқуқий манба сифатида қўллашни қатъий белгилаб, инсон шаъни ва қадр-қимматига дахлдор низоларни ҳал етишда судларга қонуности ҳужжатлар мавжуд ёки мавжуд емаслигидан қатъи назар, Конституциянинг ўзига таяниб қарор қабул қилиш имконини яратди.

Натижада “инсон қадри учун” тамойили суд-ҳуқуқ тизимида абстракт ғоя эмас, балки амалда ишлаётган конститусиявий механизм сифатида мустаҳкамланмоқда.
Хулоса қилиб айтганда, шахснинг шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш конститусиявий қадрият сифатида нафақат ҳуқуқий тизимнинг мазмунини белгилайди, балки Ўзбекистон Республикасида инсонпарвар, адолатли ва очиқ жамиятни шакллантиришга қаратилган давлат сиёсатининг устувор йўналишидир.

Пировардида, инсон қадрини улуғлаш – бу шунчаки шиор емас, балки ҳар бир қонун ижодкори, ҳуқуқни қўллаш органи ходими ва оддий фуқаронинг кундалик фаолияти мезонига айланиши лозим. Зеро, давлатнинг қудрати унинг чегаралари ёки иқтисодиёти билан эмас, балки ўз фуқароларининг шаъни ва қадр-қимматини қанчалик ҳимоя қила олиши билан ўлчанади.

Эштурдиева Фарангиз Баходир қизи
Президент ҳузуридаги Қонунчилик ва ҳуқуқий
сиёсат институти етакчи илмий ходими

Қизиқарли маълумотлар
Ҳиндистон Конституцияси АҚШ Конституциясидан фарқли ўлароқ дунёдаги энг катта ва мураккаб Конституция ҳисобланади