Янги Ўзбекистон Конституцияси – ижтимоий давлат кафолати

Янги ривожланиш босқичига қадам қўйган мамлакатимиз бугун нафақат ички сиёсатда, балки ташқи майдонда ҳам ўзини қатъият билан намоён этмоқда. Бу юксалишни ҳар бир фуқаро қалбдан ҳис этмоқда.

Айнан шу тараққиёт сари интилишларимизга қомусий асос бўлиб хизмат қилаётган ҳужжат — бу Янги Ўзбекистон Конститутциясидир. Илк бор Бош қомусимизда “ижтимоий давлат” тушунчаси мукаммал ҳуқуқий мазмунда ўз ифодасини топди.

Ижтимоий давлат — аввало соғлиқни сақлаш, таълим, ижтимоий таъминот ва тенг имкониятлар каби соҳаларда барқарор, инсонпарвар сиёсат юритилишини назарда тутади. Бу каби давлат назаримизда фуқароларнинг фаровонлигини таъминлашга масъул, жамиятнинг ҳар бир заиф қатламини қўллаб-қувватлашни устувор вазифа деб билади.

Камбғаллар, ногиронлиги бўлган шахслар, кексалар манфаатини муҳофаза қилиш орқали адолатли ва барқарор жамият қурилади, давлат эса раиятга эмас, балки инсон шаънига хизмат қиладиган воситага айланади.

Мамлакатимизда инсон шаъни, қадр-қиммати ва қонуний манфаатлари олий қадрият мақомига кўтарилгани — Янги Ўзбекистон сиёсатининг бош ғоясини ташкил этади. Фуқароларнинг қонуний талаб ва истакларини рўёбга чиқариш борасида олиб борилаётган кенг қамровли ислоҳотлар ҳам шундан далолат.

Бахтимизнинг қомуси саналган Конститутция бугунги адолатли давлат сиёсатининг мустаҳкам асосига айланган. Қомусимиз инсонпарварлик, демократия, ижтимоий адолат ва сиёсий хилма-хиллик тамойилларини ўз ичига олган ҳолда, халқнинг эртанги кунига ишонч бағишламоқда.

Конститутцияга киритилган энг муҳим ўзгаришлардан бири — “давлат — жамият — шахс” тартибининг “инсон — жамият — давлат” тамойилига алмаштирилганидир. Бу бежиз эмас: энди барча давлат сиёсатининг марказида инсон турибди. Яна бир муҳим жиҳат — Бош қомусимизнинг 1-моддасида Ўзбекистон илк бор “суверен, демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлат” сифатида қатъий белгилаб қўйилди. Бу давлат сиёсатининг инсон манфаатига хизмат қилишини кафолатлайди.

Дунё амалиётида ижтимоий давлат деганда, биринчи навбатда бепул ёки арзон таълим, юқори сифатли тиббий хизмат, камбағалликка қарши кучли ҳимоя тизими тушунилади. Шунингдек, меҳнат бозорида ҳукумат, иш берувчилар ва касаба уюшмалари ҳамкорлигига асосланган “уч томонлама модел”, инклюзив жамият ва тенглик принципларига устувор эътибор қаратилган бўлади. Бундай давлатда ҳокимият “катта ака” эмас, балки фуқаронинг ишончли шериги сифатида фаолият юритади.
Янги таҳрирдаги Конститутциямизда ижтимоий-иқтисодий кафолатларга оид нормалар деярли уч баробарга кўпайди. Меҳнат, ижтимоий ҳимоя, уй-жой, тиббиёт, ижтимоий нафақа ва ёрдам каби қатор ҳуқуқлар аниқ белгилаб қўйилди. Нафақа ва ижтимоий таъминот олиш ҳуқуқи кафолатланди, камбағалликка қарши самарали чоралар кўриш давлат зиммасига юклатилди. Агар бу нормалар амалиётда тўлиқ ҳаётга татбиқ этилса, Ўзбекистонни ижтимоий давлат сифатида янги босқичга кўтарилажаги шубҳасиз.

Сўнгги йилларда ижтимоий соҳани ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар шундан далолат беради: ҳар бир йилга ном берилиши ва шу муносабат билан қабул қилинаётган дастурларда ижтимоий соҳани молиявий қўллаб-қувватлаш улуши тобора ортиб бормоқда. Бу эса Конститутцияда белгиланган нормаларнинг ҳаётдаги амалдаги тасдиғи ҳисобланади.

“Ўзбекистон – 2030” стратегияси ҳам айнан инсон қадрини юксалтиришга, жамият фаровонлигини оширишга қаратилган. Камбағалликни қисқартириш, келажакда уни бартараф этиш, бепул умумий ўрта таълим, малакали тиббий хизмат, аҳолини бандликка кенг жалб этиш, солиқ юкини адолатли қайта тақсимлаш каби вазифалар мамлакатни ижтимоий давлат сари интилаётганини яққол кўрсатади.

Юртимизда ижтимоий муаммоларни ҳал этишнинг мутлақо янги механизми — “темир дафтар”, “аёллар дафтари”, “ёшлар дафтари”, “маҳаллабай” ва “хонадонбай” ишлаш тизимлари жорий этилди. Бу тизимлар халқ розилигини қозонди ва амалиётда ўзини тўлиқ оқлади. Ушбу ёндашув ижтимоий сиёсатнинг марказига инсонни, унинг ҳар бир эҳтиёжи ва муаммосини қўйиш анъанасига айланди.

Давлатнинг асосий вазифаси фақат моддий ёрдам кўрсатиш эмас, балки одамларнинг ҳаёт сифатини ошириш, уларни жамият ва давлат ҳаётида тўлақонли иштирок этиши учун шарт-шароит яратишдан иборат бўлмоқда. Ногиронлиги бўлган шахслар учун инфратузилма ва хизматларнинг инклюзив бўлиши — эндиликда давлатнинг қатьий мажбуриятидир.

Хулоса ўрнида айтиш жоизки, Президент Шавкат Мирзиёев томонидан изчил амалга оширилаётган ижтимоий давлат сиёсати, аввало, юртдошларимизнинг бахти, муносиб ҳаёти ва фаровон келажагини таъминлашга қаратилгани билан қимматлидир. Янги Ўзбекистон Конститустияси эса ушбу эзгу мақсадларнинг ҳуқуқий кафолати сифатида барқарор тараққиёт пойдеворини мустаҳкамламоқда.

Сарвар Назарқосимов,Жиззах давлат педагогика университети, Маънавият асослари ва ҳуқуқ таълими кафедраси мудири, доцентЎзА

Қизиқарли маълумотлар
Гарчи Япония Конституциясининг 9-моддасига биноан, Япония келажакда уруш олиб бориш ҳуқуқидан ҳамда қуруқлик, денгиз ва ҳаво ҳарбий кучлар тузиш ҳуқуқидан абадий вос кечган бўлсада, бугунги кунда Япония ҳарбий ҳаражатлари бўйича дунёда 5-ўринда туради ($ 58, 97 млрд).